1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Маҳрни эълон этмай ҳам никоҳ қилса бўладими?

Келин-куёвга никоҳ ўқилаётганида баъзан маҳрни эълон қилиш эсдан чиқиб қолади. Шундай ҳолатларда қилинган никоҳ шариатга хилоф бўлиб қолмайдими?

ЖАВОБ: Маҳрни зикр қилмасдан, уни нафйи қилиб, мол бўла олмайдиган нарса билан, жинси ёки сифати номаълум нарса ила қилинган никоҳ дурустдир.
Бу жумлада маҳрга боғлиқ беш хил ҳолат ҳақида сўз бормоқда;
1. Маҳрни зирк қилмай, у ҳақда бирор оғиз ҳам гапирмай тузилган никоҳ жорий бўлавериши. Чунки Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Бас, ўзингиз хуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани», деган (3 оят).
2. Маҳрни нафйи қилиб, яъни, орада маҳр йўқ дея келишилган никоҳ бўлавериши. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Агар хотинларга қўл теккизмай туриб ёки уларнинг маҳрини аниқламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ бўлмас», деган (236-оят). Маҳр аталмагандаги талоқ жоиз бўлганидан кейин, маҳр аталмай қилинган никоҳ ҳам жоиз бўлади.
3. Маҳрга мол бўла олмайдиган нарсани атаб қилинган никоҳ ҳам жоизлиги. Мисол учун, бир мусулмон бир муслимага уйланаётиб маҳрга хамр ёки чўчқа бераман деган бўлса ҳам никоҳлари ўтаверади. Улар маҳрга аташ мумкин бўлмаган нарсани аташди, бу эса худди ҳеч нарса атамаганга ўхшайди.
4. Маҳрга жинси номаълум нарсани атаб қилинган никоҳ ҳам жоизлиги. Мисол учун, куёв келиннинг маҳрига кийим ёки тақинчоқ бераман, деди, қай турдаги кийим ёки тақинчоқлиги эса номаълум. Бу ҳам ҳеч нарса атамаганга ўхшаш бўлаверади.
5. Маҳрга сифати номаълум нарсани атаб қилинган никоҳ ҳам жоизлиги. Мисол учун, куёв маҳрга сигир бераман деди-ю, қай сифатдаги сигир беришини айтмади.
Бу ҳолатларда аввал ўтганидек, ўша нарсаларнинг ўртачаси ёки қиймати миқдорида маҳри мисл вожиб бўлади. Бунда нарсанинг ўзини ёки қийматини бериш куёвнинг ўз ихтиёрида, келин эса унинг берганини олишга мажбур. Агар қул эрнинг хизмати аталган бўлса, ўша нарса вожиб бўлади. Яъни, маҳрга қул эрнинг хизмат қилиб бериши аталган бўлса, ўша хизматни қилиб бериш вожиб бўлади. Агар “анави қул" ёки “манави қул” деб аталган бўлса ва маҳри мисл иккисининг ўртасида бўлса, маҳри мислни беради. Агар маҳри мисл арзон қулдан озроқ бўлса, арзон қулни бериш вожиб бўлади. Агар маҳри мисл қиммат қулдан юқори бўлса, қиммат қулни бериш вожиб бўлади. Агар хилватдан олдин талоқ қилса, арзон қулнинг ярмини беради. Албатта, бу масала ўтган замонга хос. Ҳозир қулчилик битирилган. Аммо бу масаладан бошқа нарсаларга таққослаганда фойдаланиш мумкин. Мисол учун, у уловни ёки бу уловни бераман деган бўлса.
Агар аёлни юртидан чиқармаслик шарти ила, айтайлик, минг сўмни атаб никоҳлаб олган бўлса ёки муқим турса минг, олиб чиқса икки минг дейилган бўлса, айтганига вафо қилса ёки муқим турса, мингни бериши вожиб бўлади. Акс ҳолда маҳри мислни беради. У икки мингдан ошмайди ва мингдан кам бўлмайди.
Агар, ушбу икки қулни бераман деб никоҳлаб олган бўлсаю, икковидан бири ҳур бўлса, аёлга фақат қул берилади, агар у ўн дирҳамга тенг бўлса. Бордию унинг қиймати ўн дирҳамдан кам бўлса, ками қўшиб берилади.
Агар бокираликни шарт қилган бўлсаю, жувон чиқиб қолса, маҳрнинг ҳаммасини бериш лозим бўлади. Чунки қизлиги зинодан бошқа сабабларга кўра кетган бўлиши мумкин. Бу ҳолда яхши гумон қилган афзал.
Фосид никоҳда агар яқинлик қилмаган бўлса, ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Агар яқинлик қилса, яқинлик қилган вақтидан бошлаб насаб ва аталгандан зиёда бўлмаган маҳри мисл вожиб бўлади. Фосид никоҳга опа-сингилга бирданига уйланиш, гувоҳларсиз уйланиш, опасининг иддасида синглисига уйланиш, бош-қанинг иддасида ўтирган аёлга уйланиш ва тўртинчи хотиннинг иддасида бешинчисига уйланишлар киради.  
Келиннинг маҳри мисли отасининг қавми эътиборидан ёшга, жамолга, молга, ақлга, диёнатга, юртга, замонга, бокиралик ёки жувонликка қараб бўлади. Шунингдек, одоб ва ахлоқига қараб бўлади. Маҳри мислни белгилашда мазкур омилларни ҳисобга олиб, келиннинг маҳри ўзига энг ўхшаш ота томонидан бўлган келинники миқдорида белгиланади. Агар уларда - ота тараф қариндошларда бўлмаса, ажнабийлардан олинади. Яъни, маҳри мисли аниқланиши лозим келинга ўхшаш келин отасининг қариндошлари ичидан топилмаса, бегоналардан изланади ва топилади. Онаси тарафдан ва унинг қавмидан эмас. Агар она отанинг қавмидан бўлмаса.
Маҳри мисли аниқланиши лозим келин қайси келинга тенг эканини белгилаш учун икки эр киши ёки бир эр ва икки аёл киши тайинланади. Агар келин кичкина бўлса ҳам валийси унинг маҳрига зомин бўлиши тўғридир. Чунки кичик ёшдагиларнинг бу каби ишларини валийси амалга ошириши маълум ва машҳур. Маҳрнинг эрта ва кечини икковлари тайин қилган бўлсалар, ўшандай бўлади. Агар тайин қилишмаган бўлса, урфдагига қараб бўлади.
Маҳрни иккига бўлиб тўлаш ҳам мумкин. Дастлабкиси аввал берилади ва “маҳри муъажжал” (эрта маҳр) деб аталади. Кейингиси сўнгроқ берилади ва “маҳри муажжал” (кечиктирилган маҳр) деб аталади. Агар икки тараф ақди никоҳ пайтида эрта маҳр қанча ва қачон берилади, кеч маҳр қанча ва қачон берилади, бу ҳақда келишиб олишган бўлса, ўша келишувга биноан иш тутишади. Ақди никоҳ пайтида бундай келишув бўлмаса, ўз қавмларида мазкур миқдордаги маҳрни келинга ўхшаш келинларга қай тарзда беришга одатланилган бўлса, ўша тарзда берилади.
Эрта маҳрни олишдан аввал аёл жинсий яқинликни ва ўзини сафарга олиб чиқилишини ман қилишга ҳақли. Агар ўз розилиги билан бўлган яқинликдан кейин ман қилса ҳам жоиз. Бу ҳолатда унинг нафақаси соқит бўлмайди. Яъни, маҳри ўз вақтида берилмаганига норози бўлиб куёвни ўзига яқинлаштирмаётган келиннинг нафақаси эрга вожиб бўлиб тураверади. Эр: “хотиним мени ўзига яқинлаштирмаяпти, шунинг учун унинг нафақасини бермайман”, дейишга ҳақли эмас. Шунингдек, у эрнинг изнисиз ҳожат юзасидан сафар қилишга ва ташқарига чиқишга ҳақли. Маҳрни вақтида бермаган эр аёлни бу нарсалардан ман қилишга ҳақли эмас. Аёл эрта маҳрни олганидан кейин уни бошқа ёққа олиб кетса бўлади. Уни сафарга олиб кетмайди, деганлар ҳам бор ва фатво шунга берилган.
Уламолар орасида эрта маҳрни ёки тўла маҳрни бергандан кейин эр хотинининг розилигисиз уни бошқа юртга олиб кетса бўладими-йўқми деган масалада турли гаплар айтилган. Олиб кетиши мумкин эмас, деганлар кўпроқ замоннинг фасодини эътиборга олишган. Олиб кетиши мумкин деганлар Аллоҳ таолонинг «У (аёл)ларга ўзингизга маскан бўлган жойдан маскан беринг», деган қавлини далил қилиб келтиришган. Мана шуниси тўғри (Аллоҳ билувчидир).