1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Кимлар маҳрам бўлади?

 Бир масалани кўп дўстларимиз ҳам яхши билишмас экан. Савол: аёл киши кимларнинг олдида рўмолсиз юриши мумкин, қайнсингил маҳрам бўлса поччасининг олдида рўмолсиз юриши жоизми, қайнота олдида келин рўмолсиз юриши ва ўгай ўғил олдида ўгай она рўмолсиз юриши-чи?

 ЖАВОБ: Маҳрамлиги вақтинчалик шахслар ҳам бўлади. Мисол учун, опа-сингилларининг эрлари вақтинчалик маҳрам саналади, яъни, опа билан никоҳда турган эркакка унинг синглисига уйланиши ҳаром саналади. Опа билан ажрашгандан кейингина сингилни никоҳига олиш ҳалол бўлади.
Уларга нисбатан қандай муомалада бўлиш керак? Бу ҳукм шариатда чегаралаб қўйилмаган. Уламоларимизнинг айтишларича, буни чегаралашнинг имкони ҳам йўқ. Чунки бундай қариндошлик алоқалари турлича бўлади. Шунинг учун ҳукми ҳам турлича. Бунда қариндошлик нисбати, ёш, ҳолатлар, бир жойда яшайдиларми ёки айричами ва бошқа омиллар ҳам эътиборга олинади.
Мисол учун, Оиша онамизнинг опалари Асмаъ бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайнсингиллари бўлади ва у зотдан қочмаганлар. Уйларига бемалол кириб юрганлар. Ҳолбуки, икковлари орасидаги никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчалик бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг қизлари Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан қочмаганлар. Ҳолбуки, икковларининг ораларида никоҳ дуруст бўлган.
Шу билан бирга, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида Фазл ибн Аббосдан қочганлар. Ҳолбуки, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Фазл ибн Аббос аммаларининг қизи бўлган. Шунга ўхшаш ҳолатларни ўрганган уламоларимиз, юқорида айтилганидек, бундай ишларда шароитга қараб ҳукм чиқарилади, деганлар. Шунингдек, қариндошлигида шубҳа бўлган эркаклардан ҳам мўмина аёллар ўзларини ҳижобда тутганлари яхши, дейилади.
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларни бегона эркак билан, ҳатто эркак қариндоши билан ҳам ёлғиз қолишини ман қилганлар. Фақат ёнида маҳрами бўлсагина, бошқалар билан бир жойда турса бўлади.
Имом Термизий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри йўқ (ғойиб) аёлларнинг олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қонингизда юради», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, маҳрами йўқ аёл билан холи қолмасин, аксинчада, учинчилари шайтон бўлади», деганлар.
Агар номаҳрам эркак ва аёл бирга қолсалар, ҳеч бўлмаганда, бошқаларда шубҳа туғилади, турли гап-сўзлар кўпаяди. Бу эса, Ифк ҳодисаси каби мусибатларга олиб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу масалада жуда ҳушёр бўлганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлнинг ёлғиз ўзи ёки номаҳрам эркак билан сафар қилишини қаттиқ ман этганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб: «Ҳаргиз бир эркак бир аёл киши билан холи қолмасин, агар аёлнинг маҳрами бўлса, майли, аёл киши зинҳор сафарга маҳрамсиз чиқмасин», дедилар. Шунда бир киши ўрнидан туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг аёлим ҳажга чиқди, мен эса фалон жойда бўладиган ғазотга ёзилдим», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен бориб аёлинг билан бирга ҳаж қил!» дедилар.
 Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркак-аёлларнинг бир-бирига аралашиб кетишини жуда қаттиқ ман қилганлар. Бевосита саволга келсак, поччанинг олдида бегонанинг олдидагидек юрилади. Қайнота ва ўгай ўғил абадий маҳрамлар бўлади (Аллоҳ билувчидир).