1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Тушунмовчиликлар келтириб чиқармайдими?

Очиғини айтсам, оиламиз у қадар тақводор, исломий оила эмас. Оилада фақат ўзим имкон қадар динимиз буйруқларига амал қилишга интилиб келаман. Уйдагилар беш вақт намоз ўқишмайди, рўзани ҳам ҳар доим тутишмайди, умуман тақво сустроқ. Мен намозларимда Аллоҳдан уларга тавфиқ сўраб дуо қиламан. Энди муаммо шуки, мен суннатларни маҳкам ушлаган, ота-онаси ҳам тақводор бўлган бир қизни, иншоаллоҳ, жуфти ҳалолликка олиш ниятидаман. Лекин мени ўйлантираётган муаммо – бу оилалар ўртасидаги тафовут. Яъни, ота-онамнинг кўпроқ дунёвий эканлари кейин қудалар ўртасида ҳар хил тушунмовчиликлар ва келишмовчиликлар келтириб чиқармасмикиин, деган хавотирдаман, балки бу хавотирим ўринсиздир. Шунга сиз нима маслаҳат берасиз, қандай йўл тутганим маъқул бўлади?

ЖАВОБ: Ислом динида бўлажак келиннинг асосан солиҳа, тақволи бўлишига эътибор қаратиш  талаб этилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлни тўрт нарса учун никоҳланур; моли учун, насаби учун, жамоли учун ва дини учун. Демак, сен диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий).
 Бирор аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда никоҳига рағбат қилинадиган ўша аёлда бўлиши лозим яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда. Агар ушбу тўрт сифатнинг ҳаммаси бир келинликка номзодда топилса, жуда яхши бўлади. Мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб бир қизни музайян қилиб турса, албатта нур устига нур бўлади.
Аммо мазкур тўрт сифатни бир-бири билан солиштирганда диндорликка тенг келадиган сифат йўқ. Балки қолганлари ҳаммаси қўшилса ҳам, уларга бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайди.
Чунки молдорлик, бойлик вақтинчалик сифат. Қолаверса, келин мол-мулкининг кўплиги унинг ҳовлиқиб кетишига, куёвни ва унинг яқинларини назарга илмаслигига, менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда кўпинча дунёдорлик ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.
Ҳасаби-насаби яхши келин, албатта, яхши. Лекин фақат ҳасаби-насабига ишонишнинг бир ўзи яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар яхши, лекин улар уйларида қолишади. Куёвникига фақат келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб, куёвни ва унинг яқинларини хижолатга қўйиши мумкин.
Ҳусн-жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин, бу ҳам ўткинчи ҳолат. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Чунки, диндорлик ҳақиқий ва бардавом, энг яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишади.
Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича, ўз бурчи ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди. Диндорлик – ҳақиқий бойликдир! Диндорлик – ҳақиқий ҳасаб ва насабдир! Диндорлик – ҳақиқий гўзалликдир! Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз керак.
Насаий ва Муслим ривоятида: «Дунёнинг ҳаммаси матоъдир (ҳузурланишдир) ва дунёнинг энг яхши матоъси солиҳа аёлдир», дейилган.
“Матоъ” сўзи “ҳузурбахш” маъносини англатади. Ушбу ҳадиси шарифда бу дунёдаги нарсалар матоъ экани, уларнинг ичида энг яхшиси солиҳа аёл экани ҳақида сўз кетмоқда. Бу солиҳа, художўй, тақволи бўлишнинг нақадар яхши фазилат эканини билдиради.
“Солиҳ инсон” дегани эса, шариат томонидан буюрилган амрни бажариб, қайтариқдан қайтадиган ва ўз ихтиёри ила қўшимча, нафл, амаллар қиладиган деганидир. Солиҳлик – фасод ва ёмонликнинг тескарисидир. Солиҳлик банданинг тузилишида ҳам, қиладиган амалида ҳам бўлади. Сулҳ сўзи ҳам “салоҳ”дан олинган бўлиб, кишилар орасидаги бузилган муомалаларни тузатишга айтилади. Солиҳлик ҳам дунё, ҳам охират ишларида яхши бўлишни англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёнинг энг яхши матоъси солиҳа аёлдир, деганлари юқорида зикр этилган маъноларни ўз ичига олган.
Демак, келин танлаш вақтида, келиннинг солиҳа бўлишига қараш керак экан. Бу эса унинг ҳам халқи-яратилишида ҳам, хулқи-одобида ҳам етук бўлишидир (Аллоҳ билувчидир).