1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Бола кимда қолиши керак?

Менинг тўрт нафар фарзандим бор. Иккита каттаси балоғат ёшига етган. Учинчиси икки ёшда, тўртинчиси олти ойлик. Эр-хотин ўртасига талоқ тушиб ажралишадиган бўлса, фарзандлар шариат бўйича ким билан қолади?

ЖАВОБ: Бу иш араб тилида «ҳизона» дейилиб, луғатда «қучоғига олиш» маъносини англатади. Шариат истилоҳида эса ота-она ажрашгандан кейин болани ўз қарамоғига олиш ва тарбия қилиш “қучоғига олиш” дейилади.
Бола онага мажбурламасдан берилади. Талоқ қилинганми ёки бошқача бўлганми, барибир. Яъни, қай тарзда бўлсин, ота-она ажрашганда кичик ёшдаги бола онаси истаб турса, унга берилади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят: «Бир аёл: «Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, икки кўкрагим сув идиш бўлган эди, қучоғим муҳофазачи бўлган эди. Энди эса отаси мени талоқ қилиб, уни мендан тортиб олмоқчи», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Модомики никоҳланмасанг, сен унга ҳақлироқсан», дедилар» (Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳоким).
Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» номли китобида Саъид ибн Мусаййабдан ривоят қилади: «Умар Умму Осимни талоқ қилди. Кейин унинг олдига борди. Осим унинг қучоғида турган эди. Болани ундан тортиб олмоқчи бўлди. Икковлари уни тортишиб кетишди. Бола йиғлаб юборди. Икков Абу Бакрнинг ҳузурига боришди. Шунда Абу Бакр унга: «Аёлнинг силаши, қучоғи ва ҳиди унинг учун сендан кўра яхшироқ. Бола улғайса, ўзи танлаб олади», деди».
Агар аёл болани олишни истамаса, у мажбурланмайди. Фақат ундан бошқа шахс бўлмаса ёки бола ундан ўзгага кўнмаса, мажбурланади.
Қарамоғига олишга ҳақдорларнинг онадан кейинги турадиган тартиби кейинги жумлада зикр қилинади: сўнг онанинг онаси, агар юқориласа ҳам. Кейин отасининг онаси, ота ва она бир опаси, она бир опаси, ота бир опаси. Сўнгра шу тартибда холаси ва аммаси. Улар ҳур бўлишлари шарти ила.
Бу ҳукмга далил: Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Зайд ибн Ҳориса Маккага бориб, Ҳамзанинг қизини олиб келди. Шунда Жаъфар: «Уни мен ўз қарамоғимга оламан. Унга мен ҳақлиман. Чунки у амакимнинг қизи. Унинг холаси менинг қўлимда. Хола она билан баробар», деди. Али эса: «Унга мен ҳақлироқман. У амакимнинг қизи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари менинг қўлимда. У бу қизга ҳақлироқ», деди. Зайд эса: «Унга мен ҳақлиман. Уни олиб келгани мен бордим, мен сафар қилдим, мен олиб келдим», деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига чиқдилар, уни Жаъфарга беришга ҳукм қилдилар ва: «У холаси билан бўлади. Хола она билан баробардир», дедилар» (Абу Довуд, Бухорий ва Муслим).
 Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг Иммора исмли қизи Маккада қолиб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиз Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қарамоғига берилиши ҳақида ҳукм чиқардилар. Чунки, Жаъфар розияллоҳу анҳунинг хотини қизнинг холаси эди. Хола эса она ўрнидадир. Демак, кичкина болаларни қарамоққа олишда аёл кишиларга қаралар экан.
Чўри ва умму валаднинг ҳақи йўқ. Зиммия худди муслима каби. Чунки оналик меҳри шахсга қараб бўлади, динга қараб эмас.
Энди бу хилдаги қарамоғига олиш қачонгача давом этиши баён қилинади. Бу ҳол бола то дин жиҳатидан ақлини танигунича бўлади. Уни мусулмон қилиб тарбиялаш керак. Имом Шофеъий, Аҳмад ва Молик: зиммияга қарамоғига олиш ҳақи берилмайди, дейишган.
Болага маҳрам бўлмаганга никоҳланиши ила аёлнинг ҳақи соқит бўлади. Чунки бу ҳолатда болага зарар етиши муқаррар бўлиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида келтирилган ҳадисда аёлга «Модомики никоҳланмасанг, сен унга ҳақлироқсан», дедилар.
Боланинг онаси амакисига ёки бувиси бобосига никоҳлангани каби маҳрамга бўлса, соқит бўлмайди.
Агар болани қарамоғига олган аёл болага маҳрам бўлган кишига эрга тегса, ўша одам ҳам қариндошлик юзасидан болага меҳр кўрсатишининг эътиборидан аёлнинг қарамоғига олиш ҳақи соқит бўлмайди. Мисол учун, болани онаси қарамоғига олиб туриб унинг амакисига никоҳланиши ёки она томонидан бўлган момоси қарамоғига олиб туриб ота томонидан бўлган бобосига никоҳланиши каби.
Қарамоққа олиш ҳақи уни соқит қилган никоҳнинг зоил бўлиши билан қайтади. Мисол учун, онаси бегона кишига эрга тегиши билан болани қарамоғига олиш ҳақидан маҳрум бўлади. Аммо она ўша эрдан ажрашса, қарамоққа олиш ҳақи яна унга қайтади. Кейин асабалар ўз тартибларига қараб ҳақли бўладилар. «Асаба» сўзи луғатда «яқин турган», «ёпишган», деган маъноларни англатади. Киши бошини маҳкам боғлаб олишига ишлатган боғичга ҳам шу сўз ишлатилади.
Шу маънода кишининг яқин эркак қариндошлари ҳам «асаба» дейилади. Чунки, унга нисбатан бирор хавф-хатар туғилганда ўша қариндошлар келиб, уни ўраб туриб ҳимоя қиладилар. Ундан душманни даф қиладилар. Ўзларининг ҳаётларини хавф остига қўядилар. Шунингдек, молиявий тўловларга ожиз бўлиб қолса ҳам, ўшалар тўлайдилар. Шунинг учун ҳам, улар меросга ҳақли бўлганлар.
Асабага ота, бобо, ўғил, ўғилнинг ўғли, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, туғишган ака-уканинг ўғиллари, туғишган амакилар, уларнинг ўғиллари ва бошқалар киради. Ана ўшалар аёллардан қарамоққа оладиган шахс топилмаганда болани ўз қарамоғига олишга ҳақлилар. Уларнинг ҳақлари тартиблари асосида бўлади.
Лекин қиз бола озод қилиш туфайли мавло бўлган, амакининг ўғли каби маҳрам бўлмаган асабага ва шармсиз фосиққа берилмайди. Улар қиз болани ўз қарамоғига олсалар, фитна бўлишидан қўрқилади (Аллоҳ билувчидир).