1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Талоққа нега рухсат берилган?

Талоқнинг жуда масъулиятли иш эканини биламиз, ҳатто “талоқ” сўзи тилга олинганида Арш ларзага келади, деб эшитганмиз. Бу шунчалик муҳим нраса экан, унга нега талоққа рухсат берилган?

ЖАВОБ: Исломда эр-хотинни яраштириш, оилани асраб қолиш борасида шариат буюрган барча ишлар қилиниб, чора-тадбирлардан бирор натижа чиқмай, эр-хотиннинг бирга яшаши улар учун амри маҳол бўлиб қолгандагина талоққа рухсат берилган. Айни чоқда, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом талоқнинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мақомини қуйидагича изоҳлаганлар: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол нарса талоқдир», дедилар» (Абу Довуд ва Ҳоким).
Демак, ҳалол билан ҳалолнинг ҳам фарқи бор экан. Аллоҳ таоло энг ёқтирмаган ҳалол талоқ экан. Шундан, Ислом динида талоқ фақат ноилож қолгандагина ишлатиш учун берилган рухсат экани англанади.
Бошқа ривоятларда, талоқ тушганда Аллоҳнинг Арши ларзага келади, дейилган.
Ўзга ҳукмлар қатори талоқ масаласида ҳам Ислом дини инсон табиатини эъти-борга олиб иш тутади. Чунки инсонни Аллоҳ яратган, унга нима мос келишини ҳам Аллоҳнинг Ўзи яхши билади.
Исломдан олдинги тузумларда бошқа масалалар қатори талоқ масаласида ҳам аёллар хорланар эди. Уларни инсон ўрнида кўришмасди. Баъзилар хотинини хоҳламай қолса, бошқага уйланиб, уни қаровсиз қолдирар, на ўзи хотин қилар ва на бошқага эрга тегиб кетишига имкон берар эди. Ёки талоқ қилиб, иддаси яқин қолганда яна қайтиб, уни ўйинчоқ қиларди. Шу ва бунга ўхшаш усуллар билан аёлларни ҳайвондан баттар ҳолга солишар эди. Ислом бунақа хорликларга чек қўйди. Эр кишига фақат уч талоқнинг ҳаққини берди. Аёлни қийнамасликка буюрди. Айни чоқда аёлга «хулуъ» ҳаққини берди. Яъни, аёл киши эри билан яшашни хоҳламаса, қозига арз қилиб, ажраб кетишига имкон берди. 
Талоқнинг шариатда рухсат берилганига сабаблар кўп. Шулардан иккитасини зикр қилиб ўтайлик:
1. Фараз қилайлик, бир кишининг хотини туғмас касалига мубтало. У киши бошқаларга ўхшаб ортидан зурриёт қолдиришни хоҳлайди. Икки хотинни ушлаб туришга эса имкони йўқ. Шунда аввалга хотинини талоқ қилиб, фарзанд кўришга лаёқати бор аёлга уйланиши мумкин.
2. Эру хотининг феъл-атворлари бир-бирларига тўғри келмай қолиб, бир-бирларига нафратлари кучайганида, бирга яшашнинг сира иложи қолмаганида талоқ ёрдамга келади. Икковини бир-биридан қутқаради.
Ҳозирда талоқни Исломга айб қилиб тақайдиганларнинг кўпида ўз динларининг аҳкомларига қарши чиқиб, талоққа рухсат берилган. Баъзилар эр кишининг бир оғиз сўзи билан талоқ тушишини жуда ҳам енгил ҳукм, ҳаётга жиддий қарамаслик деб тушунади. Аслини олганда, бундай хавотирга асос йўқ. Ислом ҳаётга жиддий қарайди. Инсон каттами-кичикми ҳар бир киши ўз сўзига жавобгардир.
Исломда инсон ҳар бир сўзининг қадри улуғдир. Умуман, бизнинг динимизда сўзнинг вазни юқори қўйилган. Киши шаҳодат калимасини айтиш билан мўминга айланади. Шунингдек, Аллоҳ кўрсатмасин, бир оғиз куфр калимасини айтиш билан кофир бўлиб диндан чиқади. Ота-онадан туғилиб, униб-ўсиб вояга етган икки жинсдаги, бир-бирлари билан ёлғиз қолишлари ҳаром шахсларнинг никоҳ пайтидаги «розиман» ва «қабул қилдим» деган сўзлари уларнинг эр-хотин бўлишларини таъминлайди.
Шундай экан, инсоний алоқалар ичида энг муқаддаси бўлган никоҳ алоқасига ўта масъулият билан қараш керак бўлади. Демак, ҳаётга жиддият билан қараш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Жумладан, талоқ масаласида эҳтиёт бўлиш ҳам ҳар бир мусулмон эрнинг вазифасидир. Бўлар-бўлмас сабабларга кўра аёлни талоқ қилавериш мусулмончиликка тўғри келмайди. Бу улкан ҳақиқатни бугунги кун эркаклари зинҳор эсдан чиқармасликлари лозим (Аллоҳ билувчидир).