1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Орамизга талоқ тушганми?

Яқинда ҳаётимда бир кўнгилсиз воқеа содир бўлди. Менга бир инсон кўнгил қўйиб қолди, у бир танишимга мен билан таништириб қўйишини илтимос қилди. У танишим менга у инсонни мақтаб, бизни таништириб қўйди (ўртадаги одам билан ўн беш йилдан бери таниш эдик ва унга жуда ишонар эдим). Бир ҳафта учрашиб юрдик. У одам мени иккинчи хотинликка никоҳига олишни таклиф қилди (мен олдинги эримдан ажрашганман, икки фарзандим бор). Мен рози бўлдим: гаплашганимда у одам менга жуда ёққан эди. Беш вақт намоз ўқийдиган, эҳсонли инсон, савоб учун қиляпти, деб рози бўлдим. Никоҳ ўқитдик, лекин никоҳдан кейин бир-биримизни умуман тушунмай қолдик. Менга у одамнинг муносабатлари умуман ёқмади. Икки ҳафтадан сўнг унга муносабатингизни ўзгартиринг, десам, бўлмасам бир-биримизга тўғри келмадик, бошингиз очиқ, жавобингизни бердим, энди мени безовта қилманг, деб телефонни қўйиб қўйдилар. Шундан кейин у одам билан умуман кўришмадик. Бундай ҳолда: талоқ тушдими ёки ҳалиям у кишининг никоҳларидаманми?

ЖАВОБ: Бу бўлиб ўтган гаплар ила талоқ тушган. Аммо шу ўринда муҳтарама аёлларимизга бир-икки оғиз насиҳат сўзлари айтишга ижозат бергайсизлар. Албатта, оиласиз қолиш енгил иш эмас. Аммо кўринган ҳар қандай одам “сенга уйланаман, у қилиб бераман, бу қилиб бераман”, деса, дарҳол ишониб қолавермаслик керак. Ҳозир аёлларни диндорлик, ҳажга олиб бориш каби жозибали гап ва ишлар билан алдайдиган қаллоблар кўпайиб кетган. Сизнинг можаронгиз икки ҳафтагина давом этибди ва талоқ аниқ бўлиб турибди. Аммо турли ваъдаларни бериб, бир кундан кейин кетиб юборган, талоқ ҳам қилмаган, ўзининг кимлиги ва қаердалигини ҳозиргача билиб бўлмайдиган кимсалар ҳам бор. Бундайларга алданган бечора аёл нима қилишини билмайди. Шунинг учун бу каби умр савдоси ишларида шошилмай, сўраб-суриштириб, етти ўлчаб бир кесиш керак (Аллоҳ билувчидир).