Сайт бўлимлари
Аёлнинг ҳақлари тугайдими?
- Подробности
- Бўлим: Фатволар
- Чиққан санаси: 30 Август 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Бир дугонамнинг оила қурганига йигирма саккиз йилдан ошди, қизини ҳам узатди. Турмуш ўртоғи билан ҳаж ибодатини қилиб қайтишди. Турмуш ўртоғи: «Ҳамма нарсангдан қутулдим, фарзандлардан ҳам. Энди, сан манга ҳеч кимсан», деб беҳурмат қилишни бошлабди. Моддий эҳтиёжларини ҳам олиб бермай қўйибди. Бундай ҳолатда аёлнинг эрида ҳаққи қоладими?
ЖАВОБ: Бу диний ҳукмлардан бехабар илмсиз кишининг гапи. Шариатда хотиннинг умрининг охиригача эрида нафақа ҳаққи ва яна бошқа ҳақлари бўлади. бу ҳақлар маълум муддат билан чегараланмаган. Уламоларимиз хотиннинг эрдаги ҳақлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар:
Хотиннинг эрдаги ҳақлари икки қисмга бўлинади:
1. Молиявий ҳуқуқлар.
2. Муомалавий ҳуқуқлар.
Молиявий ҳуқуқлар маҳр ва нафақадан иборат.
1. Маҳр ҳақи.
«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр-хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериш лозим бўлган молдир. Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Аёлларга маҳрларини чин дилдан чиқариб беринглар. Агар улар ундан бирор нарсани ўз розиликлари ила берсалар. Бас, уни енглар, ош бўлсин», деган (4-оят).
Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта оятдан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Гарчи қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин маҳрни бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо олди-берди кейинроқ бўлса ҳам бўлаверади.
2. Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл билан собит бўлган.
Қуръонда келган далиллар:
Аллоҳ таоло Талоқ сурасида: «Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур», деган (7-оят); Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», деган (233-оят); Аллоҳ таоло Талоқ сурасида: «У(аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг», деган (6-оят).
Суннатда келган далиллар:
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида шундай дедилар: «Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маҳруф йўл билан ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бор» (Имом Муслим, Абу Довуд ва Молик ривоят қилишган).
Ҳаким ибн Муовия Қушайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, менда хотинимнинг нима ҳақи бор?» дедим. «Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан, қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», дедилар у зот» (Имом Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳинд бинти Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат унга билдирмай олсамгина бўлур», деди. «Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилишган. Аёл киши эрнинг хизматларини қилганидан кейин, унинг измида бўлганидан кейин, албатта, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади.
Шунингдек, аёлнинг эридаги муомалавий ҳуқуқлари, яъни, эрнинг зиммасидаги, хотини олдидаги одоблари ҳам бор:
1. Эр тўй қилиши мустаҳабдир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ рангли аломат кўриб: «Бу нима?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллога бир аёлга уйландим», деди у. «Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қилгин», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоийлар ривоят қилишган).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига Зайнабга валийма қилгандек валийма қилмадилар. Унга бир қўй билан валийма қилдилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган).
Муҳаммад ибн Ҳотиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳда ҳаром билан ҳалолнинг орасини ажралиши чилдирма ва овозадир», дедилар» (Имом Насоий ва Термизий ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу никоҳни эълон қилингиз, уни масжидларда ўтказингиз, унинг учун чилдирмалар чалингиз», дедилар» (Имом Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган).
Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қуразата ибн Каъб ва Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳумонинг олдиларига бир никоҳ тўйида кирдим. Қарасам, жориялар қўшиқ айтишмоқда. «Икковингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлсангиз, Бадр аҳлларидан бўлсангиз, ҳузурингизда шундай ишнинг бўлиши нимаси?» дедим. «Хоҳласанг, бизлар билан ўтириб эшит. Хоҳласанг, кетавер. Батаҳқиқ, бизга никоҳ тўйида кўнгилхушликка рухсат берилган», дейишди иккови (Имом Насоий ва Ҳоким ривоят қилишган).
2. Эр хотинига чиройли муомалада бўлиши ва унинг озорларига чидаши лозим. Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Ва улар билан яхшиликда яшанг», деган (19-оят).
Ислом таълимотларига биноан, эр-хотин орасидаги муомала муҳаббат, севги, раҳм-шафқат ва унсу улфатлик алоқаси бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам орага тушган баъзи ноқулай ҳолат туфайли дарҳол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолгани учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: «Шўринг қурсин! Оилалар муҳаббат учун қурилганми?! Риоя қани?! Масъулият қани?!» деганлар. Аллома Ибн Касир: «Уларга ширинсуханлик қилинг, яхши муомалада бўлинг, иложи борича кўринишингизни гўзал қилинг», деган.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Ва улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку!» деган (21-оят). Ояти каримадаги «аҳду паймон»нинг маъноси ҳақида Суфён Саврий: «Яхшилик билан тутиб туриш ёки яхшилик билан ажрашиш ҳақидаги аҳд», деган. Робеъ ибн Анас эса: «Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олдингиз ва фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ўзингизга ҳалол этдингиз», деган ҳадисларидан иборатдир», деган.
Никоҳ туфайли эр-хотин нафақат жисман, балки руҳан ҳам қўшилади. Уларнинг ҳис-туйғулари, орзу-умидлари, виждонлари, сир-асрорлари, дарду ғамлари, бахт-саодатлари – барча-барчаси қўшилади, қовушади. Исломда никоҳ ва оила Аллоҳнинг исми ҳамда Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари билан қуриладиган муқаддас робита ва ошёндир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилинг! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман, деб уринсанг синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!» дедилар» (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган).
Бошқа бир ривоятда: «Албатта, аёл киши қовурғадан яратилгандир. У сен учун бир йўлда мустақим турмайди. Агар сен ундан эгрилиги бўйича ҳузурлансанг, ҳузурланиб қолдинг. Агар уни тўғрилайман десанг, синдирасан. Уни синдиришинг талоқ қилишингдир», дейилган.
Айбсиз инсон, жумладан, хато қилмайдиган аёл киши ҳам йўқ. Беайб ёлғиз Парвардигорнинг Ўзи. Аёл кишини Аллоҳ таоло ўзига хос табиат билан яратган. У хотин бўлиши, она бўлиши ва бу вазифаларга тегишли масъулиятларни адо этиши лозим. Шунинг учун ҳам аёл кишида тез ва таъсирли меҳр кўрсатиш қобилияти бўлиши зарур. Бунинг акси улароқ унда тез аччиқ чиқиш ва оғир нарсани кўтара олмаслик сифати ҳам юзага келган. Аёл киши ўз жинсига мос келадиган машаққатлардан юз ва ундан ҳам ортиқ эркак киши кўтара олмайдиган нарсани кўтариши мумкин, аммо ўзига хос бўлмаган қийинчилик, салгина қўпол муомала, бир оғиз ноқулай сўзни кўтара олмаслиги аниқ. Эр ушбу ҳолатларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда хотинига яхши муомалада бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда: «Аёлларга доимо яхшилик қилинг!» демоқдалар.
Халқимизда ушбу маъно «аёл киши яхши сўзнинг гадоси», деган ҳикматли сўз билан ифода қилинган. Бундан аёл кишига нисбатан унинг муомаласига қараб эмас, доимо яхши муносабатда бўлиш кераклиги келиб чиқади. Чунки аёл кишининг яратилиш фитрати шуни тақозо қилади. Аллоҳ таоло аёл кишини аввал айтиб ўтилган ҳикматларга биноан шундай қилиб яратган.
Шунинг учун аёлдан содир бўладиган ҳар бир нарсани тафтиш қилиб, унинг бошқача бўлиши учун уриниш маслаҳат берилмайди. Балки аёл табиатига мансуб нарсаларни ўз ҳолида қолдириб, сабр қилиш афзал бўлади. Ана ўшанда уруш-жанжаллар озаяди, оиланинг бузилиш ҳавфи йўқолади. Бу нарса ҳадисда «уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан», дейилмоқда. Аёл кишида содир бўлган ҳар бир эгриликни тўғрилаш учун уриниш яхши натижага олиб келмайди, балки оила бузилиши мумкин бўлади. Демак, аёл кишидан содир бўладиган камчиликларга сабр қилиб, у билан яхши яшашга уриниш эрнинг вазифасидир.
Аёл кишининг эридаги ҳақларидан энг муҳими бўлмиш яхши яшаш, унга гўзал муомала қилиш ҳақида шариатимизнинг тавсиялари жуда ҳам кўпдир. Аллоҳ таоло эрларга хитоб қилиб: «Ва у(аёл)лар ила яхшиликда яшангиз!» деган. Бу эса яхши муомала, озор бермаслик, ҳақини поймол қилмаслик, ёмон кўришни изҳор қилмаслик, ширинсуханлик, қилган яхшиликларини миннат қилмаслик каби ишларда намоён бўлади.
3. Эр ҳазил-мутойиба ва кўнгилхуши билан аёлини эркалатиб туради.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари аёлларига гўзал муомалали бўлиб, доимо хурсанд, уларни эркалаган, лутф кўрсатган ва нафақаларини кўпайтирган ҳолда яшаганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан ҳазиллашиб кулишар эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом улар билан жуда яхши муомалада бўлар эдилар.
Оиша онамиз: «У зот аёллари билан холи қолганларида энг мулойим, карамли, серкулги ва сертабассум киши бўлардилар», деб ривоят қилганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг мени гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва: “Ҳалиги билан биру бир», дедилар» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси пайтида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган кейинги югуриш мусобақасида эса у зотнинг ёшлари ундан улуғ бўлган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ийд куни эди. Қоратанлилар қалқон ва найзаларни ўйнатишар эди. Ё мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим, ёки у зот: «Томоша қилишни хоҳлайсанми?» дедилар. «Ҳа», дедим. У киши мени орқаларига турғиздилар. Юзим у кишини юзларига тегиб турарди. У зот бўлсалар: «Эй Бани Арфидалар, давом этаверинглар», дердилар. Бу ҳол, то мен малол олгунимча давом этди. Кейин: «Бўлдингми?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Кетавер», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Шовқин ва болаларнинг овозини эшитдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турдилар. Қарасак, бир ҳабашия чилдирма чалиб, ўйин тушмоқда, атрофида болалар. «Эй Оиша, бу ёққа кел, қарагин», дедилар у зот. Бориб, жағимни Расулуллоҳнинг елкаларига қўйиб, у(ҳабашия)га назар сола бошладим. У зот: «Тўймадингми? Тўймадингми?» дер эдилар. Мен у зотнинг ҳузурларида ўз манзиламни билиш учун “йўқ” дер эдим. Бирдан Умар пайдо бўлди. Одамлар у(ҳабашия)нинг атрофидан қочиб кетишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен инсу жиннинг шайтонлари Умардан қочганларини кўрмоқдаман», дедилар. Шунда мен қайтдим» (Имом Термизий ривоят қилган).
Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо авваллари ҳам кези келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг бу сифатлари маъқул келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳазил-мутойибаларига ўзига яраша лутф билан муомала қилар эдилар.
Ибн Саъд ўзининг «Тобақот» номли машҳур китобида бу борада қуйидаги ривоятни келтиради: «Савда розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, кеча ортингиздан намоз ўқидим. Шунчалар рукуъ қилдингизки, қон оқиб кетмасин деб бурнимни ушлаб турдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. У аҳёнда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эди».
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир куни Савда бизникига зиёратга келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан унинг ўртамизда ўтирдилар. У зот бир оёқларини менинг қўйнимга, иккинчи оёқларини унинг қўйнига ташлаб ўтирар эдилар. Мен ҳарийра пишириб келдим ва Савдага: «Егин», дедим. У кўнмади. «Агар емасанг, юзингга суртаман», дедим. У яна кўнмади. Мен лагандан бир оз нарсани олдим-да, унинг юзига суртдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини унинг қўйнидан олдилар. Унга мендан ўч олишга шароит яратдилар ва: «Сен ҳам унинг юзига сурт!» дедилар. У лагандан бир оз нарса олиб, менинг юзимга суртди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулар эдилар…» (Имом Насаий ривоят қилган).
4. Ҳазил-мутойиба ва кўнгилхушликка ўхшаш ишларда мўътадил бўлиши шарт.
Бу масалада эрлар аёлларига жуда эрк бериб юбориб, одоб доирасидан чиқиб кетишларига йўл қўймайди, шариатга хилоф ва мункар ишларга зинҳор рухсат бермайди, нотўғри гап ёки иш содир бўлса, уни тўғрилайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, оғирлашиб қолдилар. Шунда у зот: «Абу Бакрга амр қилинглар одамларга намозга ўтсин», дедилар. «У (кўнгли) юмшоқ одам, агар сизнинг мақомингизга турса одамларга намоз ўқиб бера олмайди», деди Оиша. «Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», дедилар. У яна ўз гапини қайтарди. «Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин. Албатта, сиз(аёл)лар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар». Шунда унга хабар қилинди ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида одамларга намозга ўтди» (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган).
5. Рашк қилишда мўътадил бўлиши керак, бўлар-бўлмасга беҳуда рашк қилавермайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилишидан келади», дедилар» (Имом Термизий ва Бухорий ривоят қилишган).
Рашк аслида шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ҳақ эгасининг ғазаби қўзишини англатади. Кўпроқ эр-хотиннинг бир-бирини бошқалардан қизғанишига рашк деб одатланилган.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рашк Аллоҳ таолога ҳам мос нарса эканини айтиш билан бирга, мўмин кишида рашк бўлиши зарурлигини таъкидламоқдалар. Аллоҳнинг рашки Ўзи қилмасликни амр этган ҳаром ишлар мўмин киши томонидан қилиниши туфайли келиши ҳам баён қилинмоқда. Яъни, Аллоҳ учун тарк қилиниши лозим бўлган ишни содир қилиниши, Аллоҳнинг амрини эмас, бошқанинг амрини тутилиши Аллоҳнинг рашкини, яъни ғазабини келтириши айтилмоқда. Ожиз инсон ўзига тобеъ шахс бошқанинг айтганини қилса, қанчалар аччиғи чиқади? Аммо ҳамма нарсага қодир Аллоҳнинг айтганини қилмай, бошқанинг айтганини қилишни ўзига эп кўради. Аллоҳ таоло рашк қиладиган бўлганидан кейин, мўмин киши ҳам рашк қилиши лозим. Мўътадил, васваса даражасига ўтмаган рашк яхши сифатдир. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мўътадил рашк яхши нарса. Бу сифат Аллоҳнинг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг сифатидир.
6. Нафақада мўътадил бўлиши зарур. Аҳли оиласини жуда қисиб ҳам қўймайди, исрофга йўл ҳам қўймайди.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида: «Еб-ичинг ва исроф қилманг», деган (31-оят). Яна Исро сурасида: «Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма», деган (29-оят).
Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Назирнинг хурмосидан сотиб, ўз аҳилларига бир йиллик қутларини сақлаб қўяр эдилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилган диноринг, қул озод қилиш учун инфоқ қилган диноринг, мискинга садақа қилган диноринг ва аҳлингга нафақа қилиб берган диноринг ичида энг ажри улуғи аҳлингга нафақа қилганингдир», дедилар» (Имом Муслим, Термизий, Аҳмад ривоят қилишган). Чунки аҳлига нафақа қилиш вожиб бўлса, Аллоҳнинг йўлида, қул озод қилиш учун ва мискинга пул сарфлаш ихтиёрийдир.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одамга гуноҳ ўлароқ, ўзи молик бўлган одамларнинг қутини тутиб туриши етарлидир», дедилар» (Имом Муслим, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилишган. Абу Довуднинг лафзида: «Бир одамга гуноҳ ўлароқ ўзи қутини берадиган шахсни зое қилиши етарли», дейилган).
Мусулмон одам ўз қарамоғидаги шахсларнинг турмуши учун зарур «қути лаа ямути» (етарли озуқаси)ни ўз вақтида етказиб бериши лозим. Агар шуни ўз вақтида қилмаса, бу дунё ва охират азобини тортаверади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон гуноҳкор бўлмай деса, ўз қарамоғидаги кишиларни вақтида нафақасини таъминлаб туриши лозим. Бу ишни асло кечга қолдирмаслик керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа қилишга амр қилдилар. Шунда, бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, менда динор бор», деди. «Ўзингга инфоқ қил», дедилар. «Менда бошқаси ҳам бор», деди. «Хотинингга нафақа қил», дедилар. «Менда яна бошқаси бор», деди. «Болангга нафақа қил», дедилар. «Менда яна бошқаси бор», деди. «Ўзинг биласан», дедилар» (Имом Абу Довуд, Насаий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган).
Энг муҳими, нафақанинг ҳалолдан бўлишини таъминлашдир. Эр аёлига ортиб қолган ва тез бузилиб қоладиган таомларни садақа қилиб туришга амр қилади. Бу эҳсоннинг энг паст даражасидир. Бу каби ишларни аёл эри буюрмаса ҳам қилавериши керак. Эр ўзи учун аҳли-аёлидан ўзгача яхши таомни ихтиёр қилмаслиги керак. Оила аъзоларининг жам бўлиб, бир хил таом тановул қилишлари яхшидир.
7. Эр ҳайз, нифос ва истиҳозага ўхшаш нарсаларнинг шаръий ҳукмларини ва бошқа диний илмларни ўзи ўрганиб, аёлига ҳам ўргатиши керак.
Аллоҳ таоло Таҳрим сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг», деган (6- оят).
Аҳли-аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй» деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда бу борада ҳам Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради. Хотинга диний таълим бериш ва одоб ўргатиш ҳам эрнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Агар хотиндан баъзи одобсизликлар ўтса, эр яхшилик билан уни тарбия қилади ва одобнинг шаръий чораларини қўллайди. Эр хотинига Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ақийдасидан яхшилаб таълим беради. Унинг қалбидаги бидъат-хурофотларни кетказади. Ибодатларни ўз вақтида ихлос билан адо этишга одатлантиради. Ҳайз, нифос ва истиҳоза каби аёлларга хос масалаларни пухта ўрганиб олишини таъминлайди.
8. Эр хотини билан бўладиган жинсий алоқанинг барча ҳукм ва одобларини яхшилаб ўрганиб, уларга амал қилиши керак. Жинсий тарбия муҳим масалалардан бўлгани учун Аллоҳ таоло уни Қуръонда зикр қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида бу тарбияга аҳамият берганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирингиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода қилган пайтида, «Бисмиллаҳи. Аллоҳим, биздан шайтонни четда қилгин, шайтондан бизни ризқлантирган нарсангдан четда қилгин», деса, ўшандан уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон абадий зарар етказа олмайди» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган).
Жуфти ҳалолига жинсий яқинлик қилаётган киши ушбу дуони ўқиши лозим. Ўшанда шайтоннинг шарридан покланган бўлади. Мабодо ўша яқинликдан ораларида фарзанд пайдо бўладиган бўлса, у болага ҳеч қачон шайтон зарар етказа олмайдиган бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар», дедилар» (Имом Термизий “одоб боби”да ривоят қилган).
Бу ривоятда фақат икки ҳолатдан бошқа пайтда одамдан ажралмайдиганлар деб айтилаётган шахслар фаришталардир. Фаришталарнинг баъзилари кишини турли бало-офатлардан қўриқлаб турса, баъзилари одамнинг қилган амалларини ёзиб туради. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар ўша фаришталар риоясини қилиб туришлари керак. Шариат рухсат бермаган ҳолатларда авратларини сира очмасликлари лозим. Токи бу фаришталарга озор бўлиб тушмасин. Шунингдек, уламоларимиз бу ишни қиблага қараб қилмасликни маслаҳат беришган.
«Сунан» эгалари ривоятида: «Ким аёл кишининг орқасига яқинлик қилса, малъундир» дейилган. Хотинииннг олдини қўйиб орқасига яқинлик қилиш катта гуноҳдир. Бундай қилган одам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. Чунки бу шаръан ҳаром қилинган ишдир.
Эр-хотиннинг орасидаги шариат иши фақат иккисининг сири бўлиб қолиши керак. Эр ҳам, хотин ҳам жинсий алоқа пайтида бўладиган нарсаларни бошқаларга айтмаслиги лозим. Мазкур сирни бошқаларга айтиб юриш беодоблик, шарму хаёсизлик ва гуноҳ иш ҳисобланади. Жамиятда фаҳш гап-сўз ва ишларнинг кўпайишига сабаб бўлади.
9. Орада чиққан келишмовчиликларни иложи борича яхшилик билан ҳал қилиш ҳаракатида бўлиш лозим (Аллоҳ билувчидир).
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар