1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Маҳрнинг шартлари нималардан иборат?

Ўтмишда динимиз таълимотларидан узоқлашиб кетганимиз боис кўпгина масалалар унут бўлиб кетибди. Масалан, маҳр нима, маҳр учун нималарни бериш мумкин, маҳр билан қалин пулининг нима фарқи бор деган тушунчалар кўпчилик учун қоронғулигича қоляпти. Шайх ҳазратлари, илтимос, шу масалаларни бироз ойдинлаштириб берсангиз.
Динимиз талабларига кўра, маҳрнинг шартлари қуйидагилардан иборат:
1. Қийматга эга, мол деса бўлгудек нарса бўлиши керак. Кўпчилик уламолар Ҳанафий мазҳабининг маҳрнинг энг ози ўн дирҳам бўлиши керак, деган ижтиҳодини маъқул топган. Жобир розияллоҳу анҳу қилган ривоятда: «Агар эркак киши аёлга маҳрни ҳовучини тўлдириб таом бериш билан адо этса, аёл унга ҳалол бўлур», дейилган. Бунда маҳр уйланишдаги асосий қасд эмас, балки эрнинг хотиннинг нафақасини доимий равишда қилиб туришини ўз бўйнига олганига ишора эканини кўрсатади.
2. Маҳрга бериладиган мол ҳалол ва пок бўлиши керак. Чўчқа, ароқ, ўлимтик каби шариат ҳаром қилган нарсалар маҳр ўрнига ўтмайди.
3. Маҳрга бериладиган мол бировдан тортиб олинган бўлмаслиги шарт.
4. Маҳрга аталган мол ноаниқ бўлмаслиги шарт.
Маҳр фақат пул бўлиши шарт эмас. Ҳовли-жой, ер, ҳайвон, тижорат молига ўхшаш молиявий қийматга эга нарса бўлса, бўлаверади. 
Яна маҳрга тегишли қуйидаги маълумотларни билиб қўйилса, фойдадан холи бўлмас эди:
– Маҳрнинг ҳаммаси аёлнинг мулки бўлади. У уни ўзи хоҳлаганича тасарруф қилади.
– Маҳрни олдиндан бериб қўйиш ёки беришни кейинга суриш ҳам мумкин. Шунингдек, бир қисмини олдиндан бериб, бир қисмини кейинга суриш ҳам мумкин. Аммо бериш муддати ноаниқ бўлмаслиги керак. Узоқми- яқинми, барибир муддатни аниқ белгилаш керак.
– Аёл киши маҳрни олмагани учун эр билан бирга бўлишдан бош тортишга, ўзига яқинлаштирмасликка ҳақли.
– Агар эр маҳрнинг бошланғич қисмини бера олмаса, аёл никоҳни бузишни талаб қилишга ҳақли.
– Эр хотинини ўзи билан бошқа юртларга олиб кетишга ҳақли. Бунда аёл учун хавф-хатар бўлмаслиги шарт.
Шунингдек, баъзи мазҳаблар эътиборга олган, баъзилари олмаган шартлар ҳам бор. Эру хотин тайинли бўлиши, ҳаж ва умра эҳромида бўлмасликлари, никоҳ маҳр билан бўлиши, эр гувоҳлар билан никоҳни сир тутишни келишиб олмаслиги, эр ёки хотин хавфли касалга чалинган бўлмаслги каби шартлар ана шулар жумласидандир (Аллоҳ билувчидир).