1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Етимхонадан тарбияга бола олсак бўладими?

Шайх ҳазратлари, етимхонадан бола олиб боқмоқчи эдик, иккиланиб қолдик. Бола никоҳсиз туғилган бўлса, уни боқишга олса бўладими?  Ёки опа-сингилларим туғиб берса, шуни боққан афзалроқми?

ЖАВОБ: Никоҳсиз туғилганмикин, деган андишада етимхонадан бола олиб боқишдан чўчимаслик керак. Бу иш жуда савобли ҳисобланади. Барча шаръий китобларимизда агар ўзи аҳли солиҳ бўлса, иймон-эътиқодли бўлса, Аллоҳга ўз вақтида ибодатини қилиб юрса, валади зинонинг ҳоли яхши бўлиши қайта-қайта таъкидланган.
Етимларга ёрдам бериш ҳам ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Бунга мисол келтириб ўтириш шарт эмас. Атрофимизга ақл кўзи билан бир назар солсак, бас.
Ҳар бир жамиятда етимлар мавжуд ва улар алоҳида эътиборни талаб этади. Чунки улар боқувчилари ва тарбиячиларини йўқотган, кичик ёшдаги, ёрдамга муҳтож инсонлардир. Аллоҳ таоло ҳам уларга яхшилик қилиш, меҳр-шафқат кўрсатишга амр этган. Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида, хусусан, Нисо сурасининг аввалидаги оятларда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қилинган. Етимпарварликнинг афзаллиги ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам келган.
Араб тилида «етим» деб отаси вафот этгану ўзи вояга етмаган болага айтилади. Вояга етиб, балоғат ёшига кирса, етимликдан чиқади. Етим одатда ожиз ва заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни ҳақиқий диндор деб бўлмайди. Шу ва бошқа бир қанча ҳикматлар асосида Исломда етимга яхшилик қилиш қаттиқ тарғиб қилинган. Етимга яхшилик қилувчиларга катта ваъдалар эълон қилинган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида айтади: «Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши ҳамда аҳд қилганда, аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганларникидир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир» (177-оят).
 Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда. Шулардан бири молу дунёсидан нафақа қилиш. «Яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса». Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга, боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни, боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга ва шулар каби муҳтож кишиларга бериш савобли иш саналади. Ояти каримада ёрдам берилиши керак бўлган тоифалар қатори етимларнинг ҳам тилга олиниши бежизга эмас. 
Аллоҳ таоло Бақара сурасида айтади: «...Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиздир. Аллоҳ буз¬ғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» (220-оят).
Боқувчисиз қолган етим болалар жамиятда алоҳида эътиборга сазовор аъзолардир, ояти каримада ана ўшалар ҳақида савол берилмоқда. «Сендан етимлар ҳақида сўрарлар», деяпти Аллоҳ таоло. Ва жавобдан савол етимларга бўладиган муомала, уларнинг мерос олган молларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида экани маълум бўлади. Чунки оятда: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир, деб айт», дейиляпти. Етимларга ислоҳ (яхшилик) қилишда хайр-барака бор. Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир.
Шунинг учун ҳам Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Қуръони Каримда ушбу масала бўйича бир қанча оятлар келган. Жумладан, Анъом сурасидаги: «Етимларнинг молига яқин келманг...» ояти ва Нисо сурасидаги: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еювчилар қоринларига оловдан бошқани емайдилар ва тезда дўзахга кирадилар» ояти ва бошқалар шулар жумласидандир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, ушбу икки оят нозил бўлганидан кейин етимларни ўз кафолатига олган кишилар етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан ўзи емаган бирор овқат ортиб қолса, бузилиб кетса ҳам биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло: «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар» оятини нозил қилган экан. Бу оятда етимнинг молини унинг тарбиясини зиммасига олган одам ўз молига аралаштириб юборишига рухсат берилмоқда: «Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиздир». Яъни, етимларнинг молларини ўз молингизга аралаштириб юборсангиз бўлаверади, чунки улар ҳам сизларнинг биродарингиз. Сизлар уларга раҳм-шафқат қилиб, ўз тарбиянгизга олдингиз. Энди уларнинг молини еб қўйиб, азобга дучор бўлмайлик, деб ўзингизни машаққатга солишнинг ҳожати йўқ. Сизда уларнинг молини ейиш нияти бўлмаса бўлгани.
«Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади». Етимларнинг молини еб бузғунчилик қилганларни Ўзи билиб жазолайди. Уларнинг молини ўз молига аралаштирса ҳам, емай тақво қилганларни эса, мукофотлайди.
Тушунтириш учун айтиш керакки, етим – отасидан айрилган, балоғат ёшига етмаган ёш ўғил-қизлардир. Бу оятда гап ўша етимнинг отасидан ёки бошқа қариндошларидан мерос қолган моли, бошқа кишилардан ҳадя, садақа ёки бошқа мақсадда берилган моллар ҳақида кетяпти. Етимга қараб туришни ўз зиммасига олган одам ўша молларни еб юбормаслик шарти билан ўз молига аралаштириб юборишига енгиллик яратиш мақсадида рухсат бериляпти. Бу ҳам Аллоҳнинг меҳрибончилиги, бўлмаса, «Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка солар эди». Бундай рухсатни бермаса, етимнинг молидан хавотирда қийналиб юраверар эдингиз.
 Аллоҳ таоло Нисо сурасида айтади: «Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлур» (2-оят).
Ушбу оятдаги хитоб умуман мусулмонлар оммасига, хусусан етимларнинг кафилларига қаратилган. Балоғатга етмаган ёш болалар отаси ўлиб қолса, етим бўлади. Уларни ота томонидан ёки улар бўлмаса, бошқа томондан бўлган қариндошлар ёхуд умуман бошқа бирорта мусулмон ўз кафолатига олади. Етимга кафил бўлган киши унинг барча ишларига, шу жумладан, молу мулкига ҳам раҳбарлик қилади. Етим бола ёш бўлиб, молу мулкни тўғри тасарруф қилишга салоҳияти етмагани учун кафил унинг мол-мулкини муҳофаза этишга масъул бўлади. Бола балоғатга етиши билан етимлиги тугайди. Энди уни ўз ҳолича тасарруф қилишга ўтади. Вояга етган инсон сифатида ўз мол-мулкини тасарруф қилиш имконига эга бўлади. Шунинг учун ҳам оятдаги: «Ва етимларга ўз молларини беринг», деган жумлани «вояга етганларида» деган қўшимча билан англатиш керак бўлади. Жоҳилиятда, яъни, исломий низомдан бошқа тузумларда етимларнинг ҳаққига эътибор берилмайди, бу ҳақ доимо поймол қилинади, етим ҳаққига хиёнат авж олган. Исломда эса, уларнинг ҳақлари тўла муҳофаза қилинган.
«Нопокни покка алмаштирманг» жумласида бировнинг молини ўз молига алмаштирмаслик, хусусан, етимларнинг молини ўз молига аралаштириб, уни алмаштирмаслик лозим. Бу ҳол турлича кўринишларда бўлиши мумкин. Биз мол деганда фақат пулни тушуниб қолганмиз. Чунки узоқ давом этган худосиз тузум  бошқа мулкка эгаликни ман қилган эди. Юқоридаги жумлани уларнинг яхши молларини ўзингизнинг сифатсиз молингизга алмаштириб қўйманг, деб тушунса бўлади. Мисол учун, етимнинг яхши уйи, ери, чорваси, улуши ва бошқа мулклари бўлиши мумкин. Кафил етимнинг ўша яхши, сифатли молларини ўзиники қилиб, ўрнига ўзининг сифатсиз молини берса, нопокни покка алмаштирган ҳисобланади. 
Умму Саъид бинти Мурра Фиҳрийдан, у отасидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз етимини ёки бегонанинг  етимни кафолатига олган, агар Аллоҳга таво қилса, мен билан жаннатда мана бундай бўлади», деб икки бармоқларига ишора қилдилар».
Етимни ўз қарамоғига олиб, уни кийдириб, едириб-ичириб, тарбиялаб, вояга етказган одам жаннатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга туришга мушарраф бўлади. Бу жуда олий мақомдир. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар етимларнинг ҳолидан хабар олишга, уларга ёрдам бериш, тарбиялашга катта аҳамият беришлари керак.
Мана шундай буюк шараф ваъда қилинган ҳадисларга амал қилган ҳолда бу масала мусулмон умматида қадимдан жуда яхши йўлга қўйилган эди – етимларга вақфлар қилинган, уларга тарбия берилган. Ҳозирги кунда ҳам мўмин-мусулмонлар ўз динини қаттиқ тутган жойларда бу нарсага катта аҳамият берилади. Айниқса, араб ўлкаларидаги хайрия жамиятлари ўзларидаги етимларнинг аҳволи яхши бўлганидан бошқа ўлкалардаги етимларга ёрдам беришни яхши йўлга қўйишади. Масалан, истаган давлатлар билан ҳамкорликда етимларни аниқлаб, уларни суратга олиб, ҳужжатларини тўғрилаб, юртга қайтиб боришади. «Мана бу бола етим, исми, отасининг исми, мана сурати, унинг йиллик сарфиёти мана шунча, ким уни ўз қарамоғига олмоқчи бўлса, бизга боғлансин» деб эълон қилишади. Шунда бой, имконияти бор одамлар «Мен бешта, мен учта, мен ўнта, мен юзта етимни ўз қарамоғимга оламан», деб ўзлари рағбат билдиришади. Сўнг ўша йиллик сарфиётни хайрия жамиятининг ҳисобига бир марта, ёки бир неча марта ўтказиб туради. Хайрия жамияти бу маблағларни ўша етимларнинг эҳтиёжларига сарфлаб боради, доимий егулигини, ҳар мавсумда кийим-кечагини, таълимини, ўқув қуроллари олишини маблағ билан таъминлаб туради.
 Амр ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ота-онадан етим қолган қизчани у беҳожат бўлгунича ўзига қўшса, унга албатта жаннат вожиб бўлади», дедилар». Аллоҳ таоло етим қизни тарбиялаб-вояга етказган кишини жаннатга киришни вожиб қилмоқда. Ким жаннатга кираман деса, жаннатга киришим вожиб бўлсин деса, етим қизчаларни боқиб, вояга етказсин. Одатда, етим боқишга қарор қилган кишилар унинг ўғил бола бўлишини истайдилар. Шунинг учун бўлса керак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида етим қиз боққанларга жаннат вожиб бўлишини ваъда қилмоқдалар. Сиз билан биз бу нозик нуқтага алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлади.
 Умму Саъид бинти Мурра Фиҳрийдан, у отасидан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз етимини ёки ўзганинг етимини кафолатига олган киши агар Аллоҳга тақво қилса, мен билан у жаннатда мана бу иккиси каби ёки мана бу ва мана бу каби бўлади», дедилар. Суфён бош ва ўрта бармоқларига ишора қилди». Бу ривоятга ўхшаш ривоят аввал ҳам ўтди.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан» деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар».
Етимга яхшилик қилиш, етимнинг бошини силаш, унга хайр-эҳсон қилишнинг нақадар улуғ бир мақом экани, қанчалик буюк бир мартаба эканини ана шу сўзлардан билиб олсак бўлади. Албатта, одамнинг бошидаги сочнинг саноғига етиш қийин. Бироқ етим болага бошқа ҳеч қандай ёрдам бермаса ҳам унинг бошини меҳр билан силаб қўйишнинг ўзи беҳисоб савобга муносиб амал экан. Энди етимнинг бошини силаш билан бирга уни тарбиялаган, едириб-ичирган, кийинтирган, бошпана берган, иймон-эътиқодни, тақво, ибодатни ўргатган кишига ёзиладиган ҳасанотларнинг миқдорини ўзингиз чамалаб кўраверинг...
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхшиси ундаги етимга яхшилик қиланадиган уйдир. Мусулмонларнинг уйлари ичида энг ёмони ундаги етимга ёмонлик қилинадиган уйдир», дедилар. Сўнгра икки бармоқларига ишора қилиб: «Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз», дедилар».
Замонамизда турли-туман танловлар ўтказиш одат тусига кириб қолди. Уларда турли қобилият ва афзалликларни аниқлаш, уларга кишиларнинг эътиборини тортиш нияти ҳам бор. Айтайлик, мусулмонлар жамиятида энг яхши хонадон танлови ўтказиладиган бўлди. Умумий маънода ўтказиладиган бу танловнинг ғолибини аниқлашга асосий ҳакам ушбу ҳадиси шариф бўлади. Мазкур танловда яхшилик қилинаётган етими бор хонадон ғолиб бўлади. Агар салбий маънода танлов ўтказиб, энг ёмон хонадонни аниқлаш керак бўлса ҳам, ушбу ҳадиси шариф ҳакам бўлади. Мазкур танловда  ёмонлик қилинаётган етими бор хонадон ғолиб бўлади.
 Ҳасандан ривоят қилинади: «Бир етим Абдуллоҳ ибн Умарнинг таомига ҳозир бўлар эди. Бир кун таомини сўради ва етимни чақирди. Бас, уни топмади. Бас, у Ибн Умар фориғ бўлганда келди. Унга ҳам таом келтиришни сўради. Ҳузурларида таом йўқ эди. Шунда унга асал билан талқон олиб келишни сўради. Сўнг: «Ма, буни ол. Аллоҳга қасам, кам бўлмадинг», деди». Ҳасан айтади: «Аллоҳга қасам, Ибн Умар ҳам кам бўлмади».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо қачон таом еса, олдига бир етимни таклиф қилиб, у билан бирга таом ер эди. Ёлғиз ўзи сира таом емасди. Ҳар таомда дастурхонга албатта бева-бечоралар, фақир-мискинлар ҳам таклиф қилинарди. Бир кун одатича «Овқат тайёрми?» деб сўради ва уни олиб келишни буюриб, таклиф қилинган етимни чақиришни сўради. Қараса, етим бола йўқ экан. Бироз қараб туриб, сўнг таомни ўзи еди. Таклиф қилинган етим бола эса овқат тугаганда келиб қолди. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу унга ҳам овқат келтиришни буюрди. Бироқ овқат қолмаган экан. Шунда у киши болага асал билан толқон олиб келишни буюрди. Сўнг болага: «Ма, буни ол. Аллоҳга қасамки, кам бўлмадинг» деб чиройли муомала қилди.
Кўриб турибмизки, Ибн Умар розияллоҳу анҳу овқатга кечикиб келган етим болани қаровсиз қолдирмаслик учун ҳаракат қилди. Унинг кўнглини олишга уринди. Аввало у билан овқатни бирга ейишни истади. Бироқ бола ўйинқароқлик қилиб, овқатдан кеч қолгач, овқат қолмагани маълум бўлгач ҳам, уни қайтариб юбормай, бошқа овқат келтиришни буюрибди. Буюк саҳобийнинг болани олдига ўтқазиб таомни едиргани, кўнглини кўтаргани Исломнинг етимларга бўлган муносабатининг, етимнинг ҳаққидан қўрқишнинг ҳақиқий намунасидир (Аллоҳ билувчидир).