Сайт бўлимлари
Талоқда ҳам гувоҳ керакми?
- Подробности
- Бўлим: Фатволар
- Чиққан санаси: 04 Сентябрь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Қуръони Каримда «Агар талоқ қилсангизлар, иккита гувоҳ келтиринглар» деган мазмундаги оят бор экан, шиа мазҳабидагилар бу оятни ҳукм учун олишган экан ва уларда талоқ пайтида иккита гувоҳ бўлиши шарт экан, бизнинг мазҳабда эса шарт эмас экан. Бизнинг уламолар гувоҳ масаласида бирон-бир бошқа оятни олишганми?
ЖАВОБ: Қуръони Каримдаги оятда сиз айтган жумла йўқ, сиз айтган масала Талоқ сурасида келган. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Набий, агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангиз, иддаларида талоқ қилинг ва иддани ҳисобланг ва Роббингиз Аллоҳга тақво қилинг. Уларни уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқмасинлар, очиқ фаҳш иш қилган бўлсалар, мустасно. Ана шулар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳнинг чегараларидан чиқса, ҳақиқатан, ўзига ўзи зулм қилибди. Сен билмассан, шоядки, Аллоҳ ундан кейин бирор ишни пайдо қилса” (1-оят); “Улар муддатларига етсалар, уларни маъруф билан ушланглар ёки улар билан маъруф ила ажрашинглар ва ўзингиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Бундан ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса, ваъзланур. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўяди” (2-оят); “Унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир” (3-оят).
Биринчи оятда эридан ажраган аёл идда ўтириши лозимлиги ҳақида ва яна иддага тегишли баъзи гаплар ҳақида сўз кетган эди. Ушбу икки оятда эса, идда тугагандан кейин нималар қилиш тўғрисида гап кетади: «Улар муддатларига етсалар, уларни маъруф билан ушланглар ёки улар билан маъруф ила ажрашинглар ва ўзингиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар».
Ушбу жумладаги «Улар муддатларига етсалар» дегани «иддалари тугашига яқин қолса» деганидир. Мисол учун, бир аёл талоқ қилинади. У уч марта ҳайз кўриб, яна поклангунча муддатда идда ўтирмоғи лозим. Демак, учинчи поклик охирлаб қолганда, эр ражъат қилиб қайтариб олса, оилавий ҳаётлари давом этиб кетаверади: «…маъруф билан ушланглар…».
Лекин ушбу қайтариб олиш яхшилик билан, яъни, аёлга қаттиқ тегмасдан, таъна қилмасдан, турли зарарлар етказмасдан бўлиши зарур. Аксинча, узр сўраб, яхши гапириб, совғалар бериб ярашиш лозим. Аллоҳ кўрсатмасин-у, мабодо идда тугашига яқин қолганда ҳам ажралиш фикридан қайтмаган бўлса, унда ҳам яхшилик билан ажралиш керак: «...ёки маъруф ила ажрашинглар...»
Тушунмаган кишилар бундай пайтда бир-бирларини дунёдаги барча ёмонликлар билан айблай бошлайдилар. Бунақа бўлмаслиги керак. Ўтган солиҳ кимсалардан бирлари ўз хотинларини талоқ қилганларида кишилар нима айби учун бу аёл талоқ қилинганини сўрашибди. Шунда ҳалиги зот: «Нима учун айбини очишим керак? Агар қайта ярашиб кетсам, ўз хотинимни ёмонлаган бўламан, ярашмасам, бировнинг хотинини ёмонлаган бўламан», деган эканлар.
Шариат бўйича ажрашаётган аёлга эр томонидан совғалар бериш ҳам жорий қилинган. Бу нарса бошига мушкул тушган аёлнинг кўнглини кўтаради ва одамларда ҳам турли ёмон фикрлар туғилишидан қайтаради. Улар: «Фалончи хотини билан яхшиликча, совғалар бериб ажрашибди. Демак, бошқа бир узрли сабабга кўра ажрашяптилар экан», дейишади. Исломда ҳар бир нарса, ҳатто ажрашиш ҳам яхшилик билан амалга ошиши керак.
Хотинга ражъат қилиб ярашадиган бўлса ҳам ёки бирйўла ажраб кетадиган бўлса ҳам мусулмонлардан икки кишини гувоҳ қилиш керак: «…ва сиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар».
Аввало, адолатли шоҳидлар яхши амалли кишилар бўлади, улар доимо яхшиликни хоҳлайдилар, эр-хотиннинг ярашиб кетишига ҳаракат қиладилар. Энг муҳими, булар шак-шубҳа ва ҳар хил миш-мишларнинг олдини олишга керак бўлади. Мисол учун, биров талоқ ҳақидаги хабарни эшитгану, яраш ҳақидагисини эшитмаган бўлса, ҳар хил гумонларга бориши мумкин. Гувоҳлар ўша гумонларни кўтаради. Шунингдек, улар ҳақ-ҳуқуқларни аниқлашда ҳам ёрдам беришади. Гувоҳларнинг адолатли бўлишини ҳам Аллоҳ таоло шарт қилиб қўймоқда. Яъни, улар комил мусулмон бўлиб, бирор ибодатни тарк қилмаган, динимиз манъ қилган нарсаларга қўл урмаган, ҳеч ёлғон гапирмаган, тақводор кишилар бўлишлари шарт. Гувоҳлик катта масъулият, у кишиларнинг тақдирини белгилайди. Ким гувоҳлик берса, ҳушёр бўлиши, қасддан ёлғон гувоҳлик беришдан тийилган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам оятда: «Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар», дейилмоқда.
Оятнинг давомида Аллоҳга тақво қилишнинг фойдалари ҳақида сўз юритилади: «Кимнинг Аллоҳга ва қиёмат кунига иймони бўлса, бу ишингиздан ваъзланур. Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўяди ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ беради». Яъни, ким Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳ таолонинг Ўзи унга кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳ таолонинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб-хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради. Одатда, кишилар «ризқу рўзим сероб бўлсин» деган мақсадда тақводан воз кечишади. Бу эса, аксинча натижага олиб келади. Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.
Одатда талоқ масаласида билиб-билмай ҳийла-найранг кўп ишлатилади. Ҳийладан қўрқишнинг ўзи янги ҳийлага олиб боради. Шунинг учун Қуръони Карим мусулмонларни Аллоҳга таваккал қилишга ундаб: «Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатда, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир», дейди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Қуръондаги энг катта умидбахш оят ушбу: «ва ман яттақиллаҳа яжҳал лаҳу махражан ва арзуқҳу мин ҳайсу лаа яхтасиб», деган эканлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёда қила олмайди», деганлар.
«Ким Аллоҳга таваккал қилса, унга У зотнинг Ўзи кифоядир» жумласи тафсирига уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Набий алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Масъудга қилган насиҳатларида, жумладан: «...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб, сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар», деганлар. Шиа мазҳабида гувоҳликни «талоққа» деб тушунишган, Аҳли суннада «қайта ярашишга» деб тушунилган (Аллоҳ билувчидир).
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар