Сайт бўлимлари
Уканинг акада қандай ҳақлари бор?
- Подробности
- Бўлим: Фатволар
- Чиққан санаси: 06 Сентябрь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Ҳурматли Шайх ҳазратлари, биз ота-онанинг ҳақлари, фарзандлик ҳақлари, эрнинг хотин устидаги ҳақлари, хотиннинг ҳақлари, қўшнининг ҳақлари тўғрисида эшитганмиз. Шу қаторда уканинг акасининг устидаги ҳақлари бор бўлса, шу тўғрида тушунча берсангиз.
ЖАВОБ: Бу масала динимиздаги қариндошлик ҳақлари жумласига киради. Исломда қариндошлик алоқаларини боғлаб туриш ҳар бир мусулмон учун фарзу вожиб қилинган. Бу алоқани узиш эса ҳаромдир. Аллоҳ таоло Исро сурасида: «Яқин қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва йўқсил йўлчига ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма!» деган ( 26-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло қариндошларнинг ҳам бир-бирларида ҳақлари борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларнинг ҳаққи бор. Бу ҳақ уларга Аллоҳ томонидан берилган. Бой-бадавлат киши ўз қариндошларига ёрдам берганида миннат ёки фазлини кўрсатиш учун эмас, балки Аллоҳнинг амрини адо этиш, Аллоҳ белгилаган ҳақни бериш учун иш қилган бўлади. Шунингдек, ночор қариндош ўзининг бой-бадавлат қариндошидан бирор нарса олганда унинг олдида хору зор бўлиб эмас, Аллоҳ унга белгилаган ҳақни олаётганини тушуниб, ўзини эркин тутиб олади.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида яхшилик ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, қуйидаги васфни ҳам айтган: «Ва молини яхши кўра туриб, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган...» деган (177-оят). Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга; боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш яхшиликдир.
Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни ризқининг кенгайтирилиши ва ажалининг ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган). Бухорий, Абу Довуд ва Термизийларнинг ривоятида: «Силаи раҳм қилувчи берганга яраша қайтарган эмас. Балки силаи раҳм қилувчи – ўзининг силаи раҳми кесилганда, уни боғлагандир», дедилар». Фалончи менга яхшилик қилган эди, мен ҳам унга яхшилигини қайтариб қўйишим керак, деган маънода иш қилган одам силаи раҳм қилувчи ҳисобланмас экан. Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи қариндошлик алоқасини узиб қўйганга яхшилик қилувчи шахс экан.
Яна бир ҳадиси шарифда «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм Роҳмандан олингандир. Бас, Аллоҳ: «Ким сени боғласа, Мен ҳам боғлайман. Ким сени узса, Мен ҳам уни узаман», деди», дедилар» ( Имом Бухорий ва Термизий ривоят қилишган).
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ махлуқотларни халқ қилди. Бас, ундан фориғ бўлганида раҳм (қариндошлик): «Мана шу алоқани узадигандан паноҳ сўрагувчининг тутадиган жойими?» деди. «Ҳа. Сени боғлайдиганни боғлаб, узадиганни узишимга рози бўласанми?» деди. «Худди шундай, эй Роббим!» деди. «Ана шундай!» деди У Зот». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар истасангиз, «Эҳтимол, юз ўгирсангиз, ер юзида бузғунчилик қилиб, қардошлик ришталарингизни узарсиз?! Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, ўзларини кар қилди ва кўзларини кўр қилди»ни қироат қилинглар», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм Аршга осилиб олиб: «Ким мени уласа, Аллоҳ ҳам уни улайди. Ким мени узса, Аллоҳ ҳам уни узади», дейди», дедилар» (Имом Муслим ривоят қилган). Бу ҳадиси шарифдан силаи раҳмнинг ҳаққи қанчалар улуғ эканини англаб оламиз. Ким қариндошларига силаи раҳм қилса, Аллоҳ таоло ҳам унга раҳм қилар экан. Ким қариндошларини ўз ҳолига ташлаб қўйса, Аллоҳ таоло ҳам уни ўз ҳолига ташлаб қўяр экан.
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қариндошлик алоқасини узувчи жаннатга кирмайди», дедилар». Қариндошлик алоқасини узишни ҳалол санаган киши жаннатга кирмас экан. Ёки бу ишни қилган одам жаннатга кечикиб кирар экан. Бу ҳадиси шарифда қариндошлик алоқасини узишга нисбатан зажр бордир. Демак, шундай экан, қариндошлик алоқаларини мустаҳкам ва бардавом қилишга ҳаракат қилиш лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Насабларингиздан силаи раҳм қиладиган нарсангизни ўрганинг. Чунки силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатидир, молу мулкнинг кўплигидир ва умрнинг зиёдалигидир», дедилар» (Имом Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган). Силаи раҳм – қариндошлик алоқаларини яхшилаш кишига бу дунёнинг ўзида ҳам бир қанча фойдаларни берар экан. Улардан бу ҳадиси шарифда саналгани қуйидагилардир: 1. Аҳлнинг муҳаббати. Ким аҳлининг муҳаббатига сазовор бўлмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин. 2. Мол-мулкнинг кўплиги. Ким кўп мол-мулкка сазовор бўлмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин. 3. Умрнинг зиёдалиги. Ким умрининг зиёдалигига сазовор бўлмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшилик қилай?» дейилди. «Онангга, отангга, опа-синглингга, ака-укангга. Сўнгра уларга яқин бўлган яқинингга. Бу вожиб ҳақдир ва силаи раҳмдир», дедилар» (Имом Абу Довуд ривоят қилган). Демак, онага, отага, ака-ука, опа-сингилларга, бошқа қариндошларга силаи раҳм, яхшилик қилиш, муҳтож бўлса, ёрдам бериш, ҳожатини чиқариш, нафақа бериш ҳар бир мўмин-мусулмон учун вожиб амал ҳисобланар экан, буни қилмоғи лозим ва лобуд экан (Аллоҳ билувчидир).
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар