1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Насаб ажратиш тўғрими?

Халқимиз орасида одамларни «қорача», «хўжа» деб ажратиш кенг тарқалган. Илтимос, менга улар орасидаги қуда-андачилик, яъни қиз бериш ва қиз олиш масаласини ёритиб берсангиз, фақат аниқ далилларга асосланиб....

ЖАВОБ: Шариатда бу каби гаплар йўқ. Одам болалари орасидаги тенгликнинг бузилишига сабаб бўладиган нарсалардан бири – баъзи кишиларнинг ўз насаблари, ота-боболари, она-момоларининг ўтмиши ила фахрланишларидир. Менинг отам фалончи ўтган, сенинг отанг ким бўлибди, деб даъво қилиш бундай фахрланишнинг энг оддий бир кўринишидир.
Насаб ва ҳасаб билан, ўзининг ўтган ота-боболари билан фахрланиб, бошқаларни ерга уриш, уларни ҳақоратлаш ҳамма вақтларда, ҳамма юртларда бўлиб келган ва келмоқда. Бу нотўғри ўлчов ўликлар ҳисобидан тириклар ўртасида тенгликнинг бузилишига сабаб бўладиган нарсадир. Насаб ва ҳасаб олий бўлгани яхши. Лекин насаб ва ҳасабни ўтган қариндошларнинг хислатини, ундан кейин келган шахслар қийматини ўлчайдиган мезон қилиб олиш нотўғридир. Бир киши ўзи ҳеч нарса қилмай туриб, ота-боболарнинг казо-казо бўлганлари учунгина қадр-қиймат топиши, бошқалардан ўзини устун қўйиши, имтиёзли саналиши ва ўзгаларга паст назар билан қараши, уларни ҳақир санаши исломий ўлчовга мутлақо тўғри келмайди.
Насабу ҳасаб билан фахрланиш бошқа халқлардан ҳам кўра арабларда қаттиқ авж олган эди. Улар арабларни бошқа халқлардан кўра олий насабли ҳисоблаганлари ҳам етмагандек, араб қабилалари ичида, қабилалардаги уруғлар ичида ҳам насаб суриштирар, бирларини устун қўйиб, бошқаларни пастга урар эдилар. Инсонпарварлик ғояларига асосланган Ислом дини одамлар орасида насаби ва ҳасабига қараб тенгсизликка йўл қўйишга ҳам қарши чиқди ва бундай нотўғри ишни йўқ қилиш учун кураш бошлади.        
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла сиздан жоҳилиятнинг кибрини ва ота-боболар ила мағрурланишни кетказди. (Киши) тақводор мўмин ёки бадбахт фожирдир. Инсонлар Одам болаларидир, Одам эса тупроқдандир», дедилар» (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).
Демак, ким насаби ила киборлик қилса, ўзида ҳеч нарса йўқ бўла туриб, ота-бобоси ила фахрланса, жоҳилиятнинг ишини қилган бўлади. Насаби қанчалар олий бўлмасин, ота-боболари қанчалик улуғ бўлмасинлар, кишининг ўзида бир нарса бўлмаса, фойдаси йўқ. Ҳар ким ўзи яхши хислатларга эга бўлиши керак, ҳар ким ўзи амал қилиши лозим.   Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Бану Абдулмуттолиб, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима, ўзингни дўзахдан қутқар! Албатта, мен сизларга Аллоҳдан (келадиган) ҳеч нарси(ни даф қилиш)га қодир эмасман», деганлар».
Аллоҳнинг энг севимли ва охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг яқин қариндошларига, ўз жигаргўшалари – қизларига насаб йўли билан бирор фойда бера олмасликларини, Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳеч нарса қила олмасликларини айтиб турганларидан кейин, у ёғини тушуниб олавериш керак. Ҳа, ҳар ким нимага эришадиган бўлса, ўз амали билан эришади. Ўтиб кетган шахслардаги хислатлар туфайли биров кўкларга кўтарилиб, бошқалар ерга урилмайди. Барча баробар Аллоҳнинг бандаси, Одамнинг боласидир.
Бу борада халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг «Кимнинг амали камлик қилса, уни насаби тезлата олмайди», деган гаплари қоида ўрнига ўтиб қолган. Ислом шу тариқа одамларни насабу ҳасабга эмас, ўз амалига қараб, ўз шахсига қараб баҳоланиши зарурлигига аста-секин ўргатиб борди. Гоҳида эски одат ҳам ўзини кўрсатиб қолса, мусулмонлар дарҳол бир-бирларини огоҳлантиришар, ўзларига келишар эди.
Бир куни саҳобалар гаплашиб ўтириб, ўтганларни эслаб қолишди. Гап ота-боболарга бориб тақалди. Ўтирганлар менинг отам ундоқ бўлган эди, бобом бундоқ бўлган экан, деб ота-боболари ила фахрлана бошлашди. Мен фалончининг ўғлиман, дейишга ўтишди. Навбат асли араб бўлмаган саҳобийлардан бирига келганда, у киши: «Мен Ислом ўғлиман», деди. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб: «Мен ҳам Ислом ўғлиман», деб йиғлаб юборди. Мажлисда ўтирганлар бирдан ўзларига келиб, Умар розияллоҳу анҳуга қўшилиб йиғлашди ва ўзларидан ўтган нуқсонга афсус қилишди.
Араб қабилалари қиз беришдан олдин ҳам роса насабу ҳасабини суриштирар эдилар. Ўз оиласига тенг насабга эга бўлмаган кишига қиз бермас эдилар. Бу эса насаб асосида айирмачилик қилиш, кишиларни камситиш, сен бизга тенг эмассан, дейишнинг кенг тарқалган тури эди. Шунинг учун Ислом бу муаммога ҳам алоҳида эътибор берди.
Имом Абу Довуд ва Ҳокимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Абу Ҳинд Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларининг қоқ устидан қон олди. Шунда у зот: «Эй Бану Баёза, Абу Ҳиндга қиз бериб, ундан қиз олинглар», дедилар», дейилган.
Абу Довуд «Маросил»да деди: «Зуҳрий ушбу қиссада шундай сўзлаб берди: «(Бану баёзаликлар) эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб қизларимизни озод қилган қулларимизга берамиз?!» дейишди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир»(ояти)ни нозил қилди».
Бану Баёза аслзода араб қабиласи эди. Абу Ҳинд эса уларнинг озод қилган қули бўлиб, қон олувчилик қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги амрни эшитиб, Бану баёзаликлар ҳайратга тушишди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб қизларимизни озод қилган қулларимизга берамиз?!» дейишди. Шунда Аллоҳ таоло мазкур оятни нозил қилди. Шундан сўнг бу ҳукмга мусулмонлар оғишмай амал қила бошладилар.
Демак, одамларни улар мансуб бўлган халқ, қабила, насаб-ҳасаб асосида фарқлаш, яхши-ёмон, дейиш дуруст эмас. Ҳабашистонлик собиқ қора қул Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу энг олий насаб аёлга – Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудек улкан саҳобийнинг синглисига уйланди. Бошқа бир Қурайш қабиласилик аёл Фотима бинт Қайс розияллоҳу анҳога аслзода араблардан Абу Жаҳм ва Муовия розияллоҳу анҳулар совчилик қилган бўлсалар ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга собиқ қулнинг ўғли – қора танли Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумога эрга тегишни тавсия қилдилар.
Ибн Саъд ривоят қилишларича, Билол розияллоҳу анҳу укаси билан бир араб қабиласига совчи бўлиб бориб: «Мен Билолман, манави укам Абдон, Ҳабашистонданмиз. Залолатда эдик, Аллоҳ ҳидоят қилди. Қул эдик, Аллоҳ озод қилди. Агар қиз берсангиз, алҳамдулиллаҳ, бермасангиз, Аллоҳу акбар!» деган. Шунда ҳалиги араблар: «Сен акаси бўлганингдан кейин албатта унга қиз берамиз-да», дейишган (Аллоҳ билувчидир).