1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Маҳрга нима берган маъқул?

Келин-куёвга никоҳ ўқиш чоғида “маҳрига нима белгилайсизлар” деган савол берилса, “бир уйни даҳлизи билан” деган жавобни эшитиб қоламиз. Маҳрга нима берса яхши бўлади, уй-даҳлизни маҳр қилиб берса бўладими?

ЖАВОБ: Агар шу нарсалар келин номига расмийлаштириб берилса, маҳрга ўтади, шунчаки гап бўлса, ўтмайди. Чунки маҳр келиннинг дахлсиз шахсий мулки ҳисобланади. Уй-жойни маҳрга аталмагани яхши, чунки эрнинг хотинини маскан билан таъминлаши, нафақасини қилиши вожибдир.
Имом Бухорий, Муслим ва Аҳмадлар Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмоқчи бўлган кишига «Агар бир темир узук бўлса ҳам топ», деганлар». У зот бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганлари собитдир. Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилишган. Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир. Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Имом Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотимлар қилган ривоятда: «Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ», дейилган. Агар ўндан озни айтган бўлса ҳам ўн дирҳам вожиб бўлади (Аллоҳ билувчидир).
Имом Аъзам мазҳабида маҳрнинг энг ози 28 грамм кумуш миқдорида белгиланган. Шу миқдордаги пул, тилла тақинчоқлар, кийим-кечак ва бошқа зийнат молларини маҳр қилиб берса бўлади.
Маҳрнинг пул бўлиши ҳам шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса, бари бир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади.