1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Энди нима қилай?

 Мен онамнинг дилини оғритдим, мен ҳақман, онам истаган йўлдан бормадим, шунинг учун бир йилдан бери гаплашмайман, шу йўлим тўғрими, нима қилай?

 ЖАВОБ: Тўғри эмас. Ким ва нима бўлганда ҳам онага бундай муомала қилиб бўлмайди. Сиз ҳаққ ва онангиз ноҳаққ бўлса ҳам, барибир, у кишига яхшилик қилиш сизнинг бурчингиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши: «Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшик очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунча, Аллоҳ таоло рози бўлмайди», деди. «Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?» дейилди. «Зулм қилган бўлса ҳам», деди».
Бу ҳадиси шарифда ҳам ота-онага яхшилик қилишнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Унда бу ишнинг охиратда берадиган самараси баён қилинмоқда. Ота-онасига савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирган мусулмонга Аллоҳ таоло жаннатнинг икки эшигини очиб қўйиши таъкидланмоқда.  Онасига яхшилик қилгани учун бир эшикни ва отасига яхшилик қилгани учун яна бир эшикни очиши эслатилмоқда. Ота-онанинг иккиси бўлмай, фақат биттаси қолган бўлса ва фарзанд ўша қолганига савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ таолога унга жаннатдан бир эшик очар экан.
Фарзанд зинҳор ота-онанинг ғазабини чиқармаслиги керак. Чунки: «Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунча, Аллоҳ таоло рози бўлмайди». Демак, Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Ҳатто ота-она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги талаб этилади.
Ота-она зулм қилиб турибди, лекин фарзанд ўша зулм қилган ота-онанинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ғазабланар экан. Менга зулм қиляпти, деб ота-онасини норози қилса, Аллоҳ таоло ҳам ўша бандадан норози бўлар экан. Аммо ота-онанинг розилиги ва норозилиги Аллоҳ таолонинг ҳукмидан ташқарига чиқмаслиги шарт. Яъни, Аллоҳнинг амрига мувофиқ ишларда ота-онага итоат қилинади. Аммо ота-онанинг гапи Аллоҳнинг амрига хилоф бўлса, уларга итоат қилиш вожиб бўлмайди.
Машҳур ҳанафий олимлардан Мулло Алийюл Қори ота-онага зулм қилсалар ҳам яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасида: «Бу айни камолдир. Аммо жоизликнинг асли эътиборидан, хотини билан ажраш ҳақида амр бўлса уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам», деган.
Имом Таҳовий: «Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади. Наҳйи қилинган нарсаларда эмас», деган.
Тоҳир Фатаний: «Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилсалар, охират ишларида эмас», деган.
Иззуддин Абдуссалом: «Фарзандга иккисининг итоати ҳар бир амрда ва ҳар бир наҳйида вожиб бўлмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар», деган.
Имом Ғаззолий: «Кўпчилик уламолар ота-онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди. Чунки шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота-онанинг итоати эса мажбурийдир», деганлар.
Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар: «Агар ота-онанинг ҳаққига баробарига риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун кўйилади. Чунки насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса, онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради. 
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар: 1. Ота-онага яхшилик қилиш зарур эканлиги; 2. Ота-онага яхшилик қилган киши охиратда мукофот олиши; 3. Ота-онага яхшилик қилган кишига жаннат эшикларидан икки эшик очилиши; 4. Ота-онадан бирига яхшилик қилган кишига жаннатдан бир эшик очилиши; 5.  Ота-онанинг ғазабини чиқарган одамдан Аллоҳ таолонинг ғазаби чиқиши; 6. Ота-онанинг розилигини топган одам Аллоҳ таолонинг розилигини топиши; 7. Ота-она зулм қилган бўлса ҳам, фарзанд уларга бари бир яхшилик қилавериши лозимлиги (Аллоҳ билувчидир).