1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Хотиннинг нафақаси эрга вожибдир

CАВОЛ: Ҳурматли шайх ҳазратлари!
Ҳозирда эр-хотин ўртасидаги кўпгина муаммолар, ажралишларнинг сабаби молиявий муносабатлардаги билимсизлик оқибатида бўляпти, десак адашмаган бўламиз. Аёлларнинг аксарияти эрининг бераётган нафақасига қониқмайми ёки бошқа сабабларга кўрами, ҳар хил ишлар билан шуғулланмоқда. Ўз навбатида кўплаб эркаклар ҳам аёлининг нафақаси хусусида маълумотга эга эмаслар.
Илтимос, хотиннинг эрдаги молиявий хуқуқларидан ҳисобланмиш «нафақа» ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз. Маҳр ҳақида Сиз ҳазратнинг ёрдамингиз ила кўпгина илмга эга бўлдик, Аллоҳ Сиздан рози бўлсин!
Аллоҳ ишларингизга хайру барака берсин!
 
 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
- Хотиннинг нафақаси эрга вожибдир.
Никоҳдан сўнг хотиннинг нафақаси эрга вожиб бўлади. «Нафақа» сўзи «яхшиликка маблағ чиқариш» маъносини англатади. Шариатда эса, ўз қарамоғидаги шахсни етарли кийим, таом ва маскан билан таъминлашдир.
Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган.

Қуръондан далиллар:

Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида марҳамат қилади:
«Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур», - (7-оят).
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида марҳамат қилади:
«Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», - (233-оят).
Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида марҳамат қилади:
«У(аёл)ларга имконингиз борича, ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг», - (6-оят).

Суннатда келган далиллар:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида дедилар:
«Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки, сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бор».
Муслим, Абу Довуд ва Молик ривоят қилишган.

Ҳаким ибн Муовия Қушайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Расулуллоҳ, бизнинг биримизда хотинининг нима ҳаққи бор?» – дедим.
«Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан, қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», – дедилар у зот».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳинд бинти Утба:
«Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Магар, унга билдирмай олсамгина бўлур», – деди.
«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», – дедилар у зот.
Икки Шайх ривоят қилишган.
Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар.
Аёл киши эрнинг хизматларини қилганидан кейин, унинг измида бўлгандан кейин, албатта унинг нафақаси эрга вожиб бўлади.

Нафақа ҳақида қуйидаги масалаларни билиб олиш ва уларга ихлос билан амал қилиш оила ва унинг аъзолари учун ўта муҳимдир:
1. Нафақанинг миқдори иккисининг ҳолига қараб бўлади. Иккиси бой бўлса, бойники, камбағал бўлса, камбағалники бўлади. Эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, икки ҳолнинг ўртасида бўлади. Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам.
Ҳар бир оила ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб хотиннинг нафақасини белгилаши керак. Эрлар мумсиклик қилмасликлари, хотинлар ҳаддан ташқари талабни кучайтирмасликлари лозим.
Ҳозирги кунимизда баъзи ҳолатларда хотинларга нафақа масаласида зулм бўлаётгани ҳақида шикоятлар кўп. Эркакларнинг кўплари аёлларининг нафақа билан таъминлаш борасидаги бурчларини шараф билан адо этаётганлари қувончли ҳолат. Аммо баъзилар хотинини нафақа билан таъминламагани ҳам етмагандек, бошқаларнинг хотини ишлаб пул топаётибди, сен ҳам мени боқ, деб телевизор кўриб ётишибди. Бу чидаб бўлмас ҳолдир.
Фақиҳ уламолардан нақл қилинган “Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам”, деган жумла ҳам бугунги кунимизда алоҳида эътиборга лойиқ бўлиб қолди. Кўпчилик хонадонларда келин бемор бўлиб қолса, отасиникига олиб бориб қўйишни фарз ёки вожиб деб англаётганлар ҳам йўқ эмас. Ота-она, қариндошлар ёки таниш билишлар хотини бемор бўлган эркакка, аёлининг бемор бўлибди, отасиникига олиб бор, дейишни ўзларига фахр деб билишади. Яна келин тузалган кунининг ўзидаёқ уни қайтариб олиб келишга амр қилишдан хижолат ҳам бўлишмайди. Чунки, бу одатга айланиб қолди.
Аслида, бу ўзини билган ҳар шахс учун ор-номус бўлиши керак. Келин отасиникидан бемор бўлиб қолса ҳам, эр уни ўз уйига келтириб даволаши лозим.

Эрга хотини учун вожиб нафақалар беш қисмдир:
а). Таом.
Бунга озиқ-овқат, ичимлик ва овқатга қўшиб ейиладиган нарсалар (сирка, ёғ ва шунга ўхшаш) ҳамда овқат пишириш учун кетадиган барча нарсалар киради. Таомнинг миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.
б). Кийим.
Етарли даражада, бир сидра кийим-бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабларида «Ҳар олти ойда бир сидра янги кийим олиб берилади», дейилган.
в). Маскан.
Эр ўз хотинини маскан билан таъминлаши вожиб. Маскан эрнинг молиявий имконияти даражасида бўлади. Шу билан бирга, маскан тўлиқ жиҳозланган бўлиши шарт. Унда яшаш учун керакли ҳар бир нарса бўлиши лозим.
г). Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор солиб бериш ҳам унинг нафақасига киради.
д). Тозалик асбоб-анжомлари ва уйнинг керакли матоҳлари.

2. Агар эр моли бўла туриб нафақа бермаса, қози уни қамашга ҳукм чиқаради. Хотин талаб қилса, бошқа мулклари сотилиб, унинг нафақаси берилади. Эр ноиложликдан нафақа бера олмаса қамалмайди.
3. Ўзбошимчалик билан уйидан чиқиб кетган, қарз учун ҳибсга олинган, касаллиги туфайли куёвнинг уйига келтирилмаган, куч ила зўрланган ва эрисиз ҳаж қилган аёлга нафақа йўқ. Агар эри билан ҳаж қилса, у сафар ва киранинг эмас, ҳазар-сафарсиҳ турганнинг нафақасига ҳақли.
4. Бой эрга хотин учун бир ходимнинг нафақаси ҳам вожиб бўлади. Саҳиҳ қавлга биноан, камбағал эрга бу нарса вожиб бўлмайди.
5. Эрнинг нафақадан ожизлиги учун оралари ажратилмайди. Аёлга эрнинг ҳисобидан қарз олиш амр қилинади.
Эр нафақа беришга ожиз бўлса ҳам хотинидан ажратилмаслигининг ҳужжати қуйидагича.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида марҳамат қилади:
«Агар ночор бўлса, бойигунча интизор қилинг» (280-оят).
Демак, ночор одамни кутиш керак. Ночорлиги учун бошқа чора кўриш дуруст эмас.
Аллоҳ таоло “Нур” сурасида марҳамат қилади:
«Ва ўзингиздан оиласизларни ва қул ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақийр бўлсалар, Аллоҳ ўз фазлидан уларни бой қилур. Аллоҳ қамрови кенг ва ўта билимдон зотдир» (32-оят).
Бу ерда фақирлик никоҳга тўсиқ бўла олмаслиги таъкидланмоқда.
6. Кимга камбағаллигига қараб нафақа юкланган бўлса-ю, кейин бойиса, агар хотин талаб қилса, бойлигига мос нафақа ила тўлатилади.
Аксинча, бойлигида нафақа белгиланса-ю, кейин камбағал бўлиб қолса, камбағаллигига қараб нафақа қисқартирилади.
7. Ўтган муддатнинг нафақаси соқит бўлади.
Маълум муддат эр нафақа бермай юрган бўлса, кейин уни тўлаши лозим бўлмайди.
8. Илло, қози тайинлаган ёки икковлари бир нарсага келишган бўлсалар, ўтган муддатникини ҳам бериш вожиб бўлади. Бунда икковлари ҳам тирик бўлиши шарт. Агар бири вафот этган ёки аёлни нафақани олишидан аввал талоқ қилган бўлса, тайинланган нарса соқит бўлади. Фақатгина, аёл қозининг амри ила қарз олган бўлса, соқит бўлмайди.
9. Муддатидан олдин берилган нафақани, икковларидан бири муддатдан олдин вафот этса, қайтариб олинмайди.
Мисол учун, бир киши хотинининг бир йиллик нафақасини олдиндан бериб қўйди. Аммо бир йил ўтмасдан икковларидан бири вафот этди. Шунда нафақа қайтариб олинмайди.
10. Хотиннинг маскани ҳам эрнинг аҳлидан бирор киши бўлмаган уйда бўлиши шарти ила эрга вожиб бўлади. Ҳаттоки, эрнинг бошқа хотинидан бўлган боласи ҳам бўлмаслиги керак. Илло, аёл рози бўлса, майли.
Агар эр хотинни ҳеч ким йўқ уйга жойлаган бўлса-ю, хотин эр ураётгани ва озор бераётгани ҳақида қозига шикоят қилса ва ўзини солиҳ қавмлар орасида жойлаштиришда ёрдам сўраса, қози хотиннинг гапи тўғрилигига амин бўлса, эрни зажр қилади ва хотинга тажовуз қилишдан қайтаради. Агар одамлар эр хотинга озор бермаслигини айтсалар, тек қўяди. Агар атрофда ишончли кишилар бўлмаса ёки эрга тарафдор бўлсалар, қози эрга хотинни солиҳ қавмлар орасига кўчиришга амр қилади.
11. Эрнинг ҳовлисидаги алоҳида қулфи бор уй аёлга кифоя қилади.
Яъни, бир ҳовлида бошқа уйлар ва кишилар бўлса ҳам алоҳида яшашга лозим қулайликлари бор уй бўлса, етади.
12. Эр хотиннинг олдига унинг ота-онасини ва бошқа эрдан бўлган боласини киритмасликка ҳақли.
Чунки, уй уники ва унда ўзи хоҳлаганича тасарруф қилиш ҳаққига эга.
13. Хотинга истаган пайтда назар солишларидан ва гапиришларидан манъ қилишга ҳаққи йўқ.
Чунки, силаи раҳмни кесишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
14. «Эр ҳафтада бир марта аёлни ота-онасининг олдига чиқишидан ва уларни аёлнинг олдига киришларидан манъ қила олмайди» деган гап бор. Ота-онадан бошқа маҳрамлар йилига бир марта. Ва шуниси тўғри.
Маҳрамлар зиёратига оид гаплар ичида «Мазкур муддат бир ойдан ошмаслиги лозим» деган ва «бир ҳафтадан ошмаслиги лозим» деган уламолар ҳам бор.
15. Fойибнинг хотинининг, боласининг ва ота-онасининг нафақаси унинг молидан фақат уларнинг ҳақи бўлган жинсдан тайин қилинади.
Fойиб–йўқолиб қолган одам. Унинг молидан фақат хотини, боласи ва ота-онасининг нафақасини қози белгилаб беради. Бошқа қариндошларнинг нафақаси соқит бўлади. «Уларнинг ҳақи бўлган жинсдан» дегани «уларга зарур бўлган нарсалардан» деганидир. «Мана буни сотиб ишлатарсизлар», деб бошқа нарсаларни бериб бўлмайди.
16. Бунда мол омонатга қўйилган, музорабада қатнашган бўлмаслиги ёки қарзга олган кишининг ҳузурида бўлиши ва у эҳтироф қилиши шарт. Шунингдек, никоҳнинг эҳтирофи ҳам бўлиши ёки қози буларни билиши лозим.
Яъни, қози мол, никоҳ ва насабни билса нафақа ҳақидаги ҳукмни чиқараверади. Чунки, қозининг билими ҳам ҳужжат ҳисобланади ва ўз ерида у билан ҳукм чиқариш ҳаққига эга.
17. Қози аёлга эр унинг нафақасини бермагани ҳақида қасам ичиради ва ундан кафил олади.
Аёлнинг қасам ичиши эр ғойиб бўлишидан олдин унга нафақасини берган бўлиши ва аёл қозини алдаётган бўлиши эҳтимоли борлиги учун бўлади. Кафил эса мабодо эр келиб, аёлга нафақасини кераклигича қолдириб кетганини исбот қилиб қолса, тўлаб бериши учун талаб қилинади.
18. Fойибга нафақани юклаш учун ҳужжат келтиришни талаб қилмайди ва аёлга эр номидан қарз олишни амр қилади. Никоҳ ҳақида ҳукм чиқармайди. Зуфар «Нафақа ҳақида ҳукм чиқаради, никоҳ ҳақида чиқармайди», деган. Бугунги кунда қозилар ҳожат учун шунга амал қиладилар.
Чунки, бунда одамларга енгиллик бор.
19. Ражъий ва боин талоқ қилинган, озод бўлгандаги ва балоғатга етгандаги каби маъсиятсиз хиёр туфайли ёки куфуҳ бўлмагани учун ажрашган аёлга нафақа ва маскан берилади.
Бу ҳукмга қуйидаги далиллар мавжуд:
Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида марҳамат қилади:
 «У(аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг» (6-оят).
Қуйидаги ҳадисда ҳам шу маънода:
Абу Исҳоқдан ривоят қилинади:
«Асвад ибн Язийд билан катта масжидда ўтирган эдим. Биз билан Шаҳбий ҳам бирга эди. Шаҳбий Фотима бинти Қайснинг ҳадисини айтиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга маскан ҳам, нафақа ҳам ҳам буюрмаганлар», – деди.
Шунда Асвад бир кафт майда тошни олиб унга отди-да:
«Шўринг қурсин! Шунга ўхшаш гапни айтасанми?! Умар:
«Ёд олгани ёки унутганини билмаганимиз бир аёлнинг гапи деб Аллоҳнинг китобини ва Набийимиз соллаллоҳуалайҳи васалламнинг суннатини тарк қилмаймиз. Ундоқ аёлга маскан ҳам, нафақа ҳам берилади. Аллоҳ азза ва жалла: «Уларни уйларидан чиқарманг ва ўзлари ҳам чиқмасинлар. Магар, очиқ-ойдин фоҳиша иш келтирсалар», деган», – деди».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
20. Вафотдан ва ридда ҳамда эрнинг ўғлини ўпиш каби маъсият туфайли ажрашдан кейин идда сақловчига нафақа берилмайди.
Чунки, вафотдан кейинги идда эрнинг ҳаққи учун эмас, балки шариатнинг ҳаққи учундир. Маъсият қилганда эса, айб хотинда бўлгани учундир. Айбдорга яхшилик қилинмайди.
21. Уч талоқ қилинганнинг муртад бўлиши нафақани соқит қилади, эрнинг ўғлига имкон бериши эмас.
Чунки, муртад бўлган аёл тавба қилиши учун қамалади. Қамалган аёлга нафақа берилмайди. Эрининг ўғлига ўзига яқинлашишга имкон беришда эса, бу ҳолат йўқ.