1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Уйларни безатиш

САВОЛ: Ҳурматли Шайх ҳазратлари, мен қуйидаги мазмундаги ҳадисларни эшитдим:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: «Биз, пайғамбарлар авлоди деворларни кийинтиришга буюрилганмиз», дедилар.
Ҳозирги кундаги шпатлевка, хапёр, ва шунга ўхшаш иморатларнинг ичи ва ташқарисини безаш учун ишлатиладиган моддаларнинг ҳукми бу ҳадис асосида қандай бўлади?
2. Иккинчи ҳадиснинг мазмуни шундайки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима онамизнинг уйларига борганларида, уйларига парда сифатида бир матони осиб қўйганларини кўриб, кирмай, орқаларига қайтиб кетган эканлар ва улардан бориб сўрашганда, «Бунақа нарсалар осилган уйга пайғамбарлар кирмайди», деган мазмундаги гапни айтган эканлар.
Ҳозирги уйларга осилаётган пардаларнинг ҳукми қандай бўлади?
Сўраётганимнинг сабаби, аёлим уй бекаси, ҳозирда менга моддий жиҳатдан ёрдам бериш мақсадида буюртма асосида пардалар тикмоқчи. Аммо мен иккиланиб қолдим. Шу икки ҳадисни шарҳлаб берсангиз.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
1. Биринчи саволингизга «Яхшилик ва силаи раҳм» деб номланган китобимиздан келтирадиган иқтибос ила жавоб беришга ижозат бергайсиз.

БИНОГА НАФАҚА ҚИЛИШ ҲАҚИДАГИ БОБ

Шуъайб ибн Ҳабҳобдан ривоят қилинади:
«Аббос ибн Абдулмуттолиб ўзига болохона қурди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Уни пастлат», дедилар.
«Унинг баҳосича(маблағи)ни Аллоҳнинг йўлига сарфлайман», деди.
«Уни пастлат», дедилар.
«Унинг баҳосича(маблағи)ни Аллоҳнинг йўлига сарфлайман», деди. Уч марта».
Байҳақий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг матнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун амакилари Аббос ибн Абдулмуттолибдан у қурган болохонани бузишни талаб қилганларининг иккита сабаби бўлиши мумкин.
Улардан бири – болохона қўшнига озор етказиши мумкин (қўшнининг ҳовлисига назар тушиши ва ҳоказо). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу сабабдан уни бузишни талаб қилган бўлишлари мумкин.
Иккинчи сабаб – умуман, бундай қурилиш қилиш мумкин эмаслигидан мазкур ман қилиш содир бўлган бўлиши мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу мавзудаги бошқа ҳадиси шарифларига назар соладиган бўлсак, айтиб ўтилган икки маънони ҳам кўрамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар бинода кимўзарга киришмагунча, қиёмат қоим бўлмайди», дедилар».

Нофеъ ибн Абдулҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб кишининг саодатидандир», дедилар».
Икковини Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.
Бунга ўхшаш ривоятларни яна келтириш мумкин. Уларнинг барчасини жамлаб, солиштириб, таҳлил қилиб кўрсак, бино қуриш ҳақида салбий гаплар келган ривоятларда уни фахр учун, кимўзарга қуриш маъноси борлиги келиб чиқади. Бино қуриш ҳақида ижобий гаплар мавжуд бўлган ривоятларда манманлик ва риёдан узоқ бўлиш маъноси бор.
Имом Тоҳавий биз ўрганаётган Аббос ибн Абдулмуттоллибнинг ҳадисидан пайдо бўладиган мушкулни ўзининг «Мушкулул Осор» номли китобида таҳлил қилиб, бу борадаги ривоят ва мулоҳазаларни жамлаш давомида Саҳл ибн Муъоз Жуҳанийдан, у отасидан қилган қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам келтирадилар:

«Набий алайҳиссалом:
«Ким зулмсиз ва тажовузсиз бино қурса ёки зулмсиз ва тажовузсиз кўчат экса, модомики ундан Раҳмон таборака ва таолонинг халқ қилган нарсаларидан бирортаси манфаат олиб турса, ажру савоби унга бориб туради».
Имом Тоҳавий ўз таҳлилларининг сўнгида бу борадаги мушкулни ечиб, қуйидагиларни ёзадилар:
«Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда бир-бирига зидлик йўқ. Болохоналар тутиш ва ундан бошқа нарсалар қуриш зулмсиз ҳамда тажовузсиз бўлса ва манфаат берадиган бўлса, мубоҳдир, ман қилинмагандир».
2. Иккинчи саволингизга келсак, бу масала «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг «Либос китоби» деб номланган ўн тўққизинчи жузида батафсил баён қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёқтирмаган ва ман қилган пардаларда жонли ҳайвонларнинг тўлиқ суратлари бўлган. Ҳайвон сурати бўлмаган пардаларга у зот рухсат берганлар. Шунинг учун турмуш ўртоғингиз ишларини бемалол қилаверсалар бўлади. Фақат жонли нарсаларнинг сурати бор парда тикмасалар бўлди.
Сизга берадиган маслаҳат шуки, баъзи оят ва ҳадисларнинг таржимасини ўқиб, ўзингизча ҳукм чиқаришга шошилманг. Ушбу саволингизга ўхшаш саволлар билан аҳли илмларга мурожаат қилинг. Валлоҳу аълам.