1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳурмати мусоҳарат!

Барча фиқҳий китобларимизда эркак кишига никоҳи жоиз ва ножоиз бўлган аёлларни батафсил айтиб ўтилган. Буларга асл Аллоҳ таолонинг:

 حُرِّمَتْ عَلَيْكُمْ أُمَّهَاتُكُمْ وَبَنَاتُكُمْ وَأَخَوَاتُكُمْ وَعَمَّاتُكُمْ وَخَالاَتُكُمْ وَبَنَاتُ الأَخِ وَبَنَاتُ الأُخْتِ وَأُمَّهَاتُكُمُ اللاَّتِي أَرْضَعْنَكُمْ وَأَخَوَاتُكُم مِّنَ الرَّضَاعَةِوَأُمَّهَاتُ نِسَآئِكُمْ وَرَبَائِبُكُمُ اللاَّتِي فِي حُجُورِكُم مِّن نِّسَآئِكُمُ اللاَّتِي دَخَلْتُم بِهِنَّ فَإِن لَّمْ تَكُونُواْ دَخَلْتُم بِهِنَّ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ وَحَلاَئِلُ أَبْنَائِكُمُ الَّذِينَ مِنْ أَصْلاَبِكُمْ وَأَن تَجْمَعُواْ بَيْنَ الأُخْتَيْنِ إَلاَّ مَا قَدْ سَلَفَ إِنَّ اللّهَ كَانَ غَفُورًا رَّحِيمًا

Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.                         (Нисо сураси 23-оят)

Ушбу аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлишига сабаб баъзилари онаси, момоси, синглиси, қизи, келини эканлигидир. Шу сабаблардан яна бири, мусохарат туфайли ҳаромлигидир. Мусохарат – деб, никоҳ туфайли никоҳи ҳаром бўлганларга айтилади. Масалан: кишига отасининг уйланган аёллари, уйланган аёлининг онаси, яъни қайнонаси ва момолари, қизлари киради. Шулар қаторида ўзи зино қилган, зинога олиб борувчи амалларни қилган аёлнинг онаси, қизи ҳаром бўлади. Шу ўринда нозик бир масала бор, у ҳам бўлса, агар шу зино ёки унга олиб борувчи ишларни бир киши аёлининг онаси билан ёки ўғлининг аёли яъни келини билан, ўзининг қизи билан қилиб қўйса нима бўлади?

Қуйида фатво китобларимиздаги матнларни келтириб ўтамиз.

Мисол учун: Бир киши тунда аёли ва балоғатга етган қизи ухлаб ётган хонага кириб, эҳтиёжини қондириш учун аёлини уйғотиш мақсадида адашиб балоғатга етган қизини аёли деб ўйлаб шаҳват билан ушласа, ўпса, силаса ёки чимчиласа аёли унга абадий ҳаром бўлади. (Фатавои Ҳиндия).

Савол. Бир киши қайнонаси билан қўл бериб кўришаётганида шаҳвати қўзғалиб кетса, шу ҳам ҳурмати мусохара остига кирадими?

Жавоб. Ким ўз аёлининг онасига яқинлик қилса ёки шаҳват билан ўпса ёки аёлининг онаси куёвини ўпганда иккисидан бирортасини шаҳвати қўзғаса, ўша куёвнинг аёли абадий ҳаром бўлади.

(قَبَّلَ أُمَّ امْرَأَتِهِ تَحْرُمُ ) امْرَأَتُهُ ( مَا لَمْ يَظْهَرْ عَدَمُ الشَّهْوَةِ، وَفِي الْمَسِّ ) أَيْ إذَا مَسَّ أُمَّ امْرَأَتِهِ ( لَا ) تَحْرُمُ ( مَا لَمْ تَعْلَمْ الشَّهْوَةَ ) ؛ لِأَنَّ تَقْبِيلَ النِّسَاءِ غَالِبًا يَكُونُ عَنْ شَهْوَةٍ وَالْمُعَانَقَةُ بِمَنْزِلَةِ التَّقْبِيلِ

Агар аёлининг онасини шаҳватсиз ўпгани аён бўлмаган ҳолатда ўпса, аёли унга ҳаром бўлади. Ушлашда эса яъни қайнонаси шаҳват билан ушлагани аниқ бўлмаса, ҳаром бўлмайди. Ўпганда ҳаром бўлишига келсак, одатда аёлларни ўпиш шаҳват билан бўлгани сабабидандир. Қучоқлаш ҳам ўпиш кабидир. (Дуррул Мухтор)

Савол. Фиқҳий китобларда "зино ёки эр аёлига қиладиган ишларни бирортасини қилиш билан ҳурмати мусохарат собит бўлади” дейилган. Агар шу нарсаларни ҳаёлиги келтириб тасаввур қилсачи?

Жавоб. Бундай ишларни ҳаёлида тасаввур қилиш билан ҳурмати мусохарат собит бўлмайди.

عَن أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ

r: «إنّ اللَّهَ تَجاوَزَ لي عن أُمَّتِي ما وَسْوَسَتْ بِهِ صُدُورُها ما لم تَعْمَلْ أوْ تَتَكَلَّمْ»

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ умматимдан қалблари васваса қилган нарсаларни ўтиб юборди. Модомики ўшани қилмас экан ёки сўзламас экан»

Эҳтироман аёл киши билан қўл бериб кўришиш

Савол. Гоҳида амма-холалар билан жиянлар қўл бериб сўрашиб юришибди. Уларнинг ёшлари катта, сўрашишлари албатта эҳтироми билан бўлади. Гоҳида у аёллар жиянларини пешоналаридан ўпиб ҳам кўришади. Мабодо жиян ўз амма-холаларини қизларига уйланса бўладими?

Жавоб. Ҳурмати мусохарат собит бўлиши учун аёл ёки эркакнинг биридан шаҳватни топилган бўлиши шарт. Агар эҳтиром жиҳатидан сўрашганлиги аниқ, шаҳват билан эканлигига ҳужжат ҳам, ғолиби гумон ҳам бўлмаса, ҳурмати мусохарат собит бўлмайди.

Савол. Бир келин қайнотасини хизмати ёки эрининг ҳурмати юзасидан белларини ёки оёқларини уқалаб массаж қилиб қўйишлигида зарар йўқми?

Жавоб. Келинлар қайнона ва қайноталарининг хизматларини қилишлик албатта яхши, уларнинг дуоларини олишлик ҳам яхши. Лекин баъзи бир хизматлар эр билан аёлнинг ўртасидаги никоҳни узилиб кетишига олиб бориши мумкин. Агар келин массаж қилаётганда ўзининг ёки қайнотанинг шаҳвати қўзғаб кетса, ўша келин ўз эрига ҳаром бўлади.

 (وشُرِطَ) في (حِلِّ) النظر (الأَمْنُ عَنِ الشَّهْوَةِ) فإنّ مَنْ لم يأمن لم يحل النظر احترازاً عن الوقوع في الحرام

Маҳрамларидан қарашлиги ҳалол бўлган жойларига қарашда, (ушлашда) шаҳватдан холий бўлишлик шарт қилинган. Кимни ўзини тийишига ишончи бўлмаса, ҳаромга қўл уришдан сақланиш мақсадида унга қараши (ушлаши) ҳалол бўлмайди.

Зино қилинган аёлнинг онаси, момолари, қиз набиралари ҳаром бўлишлиги тўғрисидаги мазҳаб

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Нисо” сураси 22-оятида

وَلاَ تَنكِحُواْ مَا نَكَحَ آبَاؤُكُم مِّنَ النِّسَاء إِلاَّ مَا قَدْ سَلَفَ إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَمَقْتًا وَسَاء سَبِيلاً

«Оталарингиз ўз никоҳларига олган аёлларни никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, у фаҳш иш, жирканч ва жуда ҳам ёмон йўлдир!»

Ояти каримадаги никоҳдан мурод, яқинлик қилишдир. Никоҳ лафзи яқинлик қилишга нисбатан ҳақиқат саналиб, оят ота яқинлик қилган аёл ўғилга ҳаром бўлишлиги тўғрисида далилдир. Ояти каримада ҳалол қилинган аёлларни санаб ўтиб, уларга яқинлик қилиш ҳалолдагина ҳақиқат деб қайдлашлик оятга зиёда қилишлик ҳисобланади. Бу зиёдалик хабари воҳидлар билан собит бўлмайди. Имоми Шофиъий роҳимаҳуллоҳ далил қилиб келтирган гап хабари воҳид бўлиб, у билан Қуръони Каримга зиёда қилиш собит бўлмайди. Ҳанафий мазҳабидаги қовл Умар, ибни Масъуд, ибн Аббос, Имрон ибн Хусойн, Жобир, Убайъ ибни Каъаб ва Ойша роизяллоҳу анҳумларнинг ҳамда Ҳасан Басрий, Нахаъий, Авзоъий, Товус, Мужоҳид, Аъто, Саъид ибни Мусаййиб, Сулаймон ибни Ясор, Аммор, Саврий, Исҳоқ ибни Роҳавиййа(Роҳувайҳ)дек тобеъинлар жумҳурининг қовлидир. “Ал-ғояту Самъаниййаҳ” китобида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: “Ким шаҳват билан бирор аёлнинг фаржига назар солса унга аёлнинг она ва қизи ҳаром бўлади”.

Ибн Журайждан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёлга уйланиб унга қўл текказишдан бошқа нарса қилмаган киши ҳақида: “У киши ўша аёлнинг қизига уйлана олмайди” дедилар.

Имом Байҳақий “Ас-Сунанул Кубро”китобида ҳам ушбу ҳадисни келтирган. Абдуллоҳ ибни Умар роизяллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши бирор аёлга яқинлик қилса ёки ўпса ёки шаҳват билан ушласа ёки шаҳват билан ички фаржига қараса, аёл у кишининг отаси ва фарзандларига ҳаром бўлади. Ҳамда у кишига аёлнинг она ва қизлари ҳаром бўлади”. Шунингдек имом Молик машҳур ривоятда ҳанафийлар мазҳаби кабидир ва имом Молик “ўпиш ушлаш яқинлик қилиш ўрнига ўтади” деганлар. Яқинлик қилиш билан ҳурмати мусохарат собит бўлганидек, ички фаржига қараш, ушлаш, ўпиш билан ҳам у собит бўлади. Агар ички фаржига ойна ортидан ёки аёл киши сувни ичида бўлса қараса ҳам мусохарат собит бўлади. Ойнадаги аксига, суратдагига қараса собит бўлмайди. Чунки у фаржни айнан ўзи бўлмай, балки унинг аксидир. Аёл эркак кишининг фаржига қараши ҳам, эркакнинг аёлникига қараши кабидир. Шаҳватнинг чегараси қалби иштиҳо қилиб ундан лаззатланиш ва яқинлик қилишга мойил бўлишдир. Баъзиларнинг наздида кишининг закари қўзғалиш шарт эмас, баъзилар эса шарт дейишган. Фатво шунга берилган. Қараган, ушлаган вақтда шаҳват топилмай, кейин ҳаёлига келганда шаҳват қўзғаса ҳурмати мусохарат собит бўлмайди. Ушлаш, қараш, ўпиш вақтида маний тўкилса, ҳурмати мусохарат собит бўлмайди. Чунки тўкилиши билан яқинликка бўлган иштиёқ тугайди. Аёл ва ёши кексайганларнинг шаҳват чегараси қалбида яқинлик қилишга ҳиссиёти уйғонишидир. Балоғатга етмаган қизлар билан ҳурмати мусохарат собит бўлмайди. Ёши кексайган аёлларга нисбатан шаҳватни уйғониши ҳурмати мусохаратни собит қилади.

Бир аёл киши шаҳват билан балоғатга етмаган болани қучоқлаб ўпса ёки акси бўлса ҳурмати мусохарат собит бўлмайди. Лекин балоғат ёшига яқинлашган ёки балоғатга етган бола бирор аёлга шу ишни қилса, ўртада ҳурмати мусохарат собит бўлади. Мабодо ундай аҳмақона иш онасига нисбатан содир бўлса, онаси отасига абадий ҳаром бўлади.

Ота ўғлининг аёлига яқинлик ёки яқинликка олиб борувчи ишлардан бирини қилса

Савол. Бир киши ўзининг келинига тегажоқлик қилиб, унга яқинлик ёки унга олиб борувчи амаллардан бирортасини қилса, келин ўғилга ҳаром бўладими?

Жавоб. Агар саволдаги ҳолат рост бўлиб, шу ишлардан бирортаси содир бўлганлиги аниқ бўлса, келин ўғилга абадий ҳаром бўлади.

Савол. Куёв ўз қайнонасига яқинлик қилганига иқрор бўлиб, бир қанча муддатдан кейин уни инкор қилса, нима бўлади?

Жавоб. Куёв бир бор бўлса ҳам қайнонасига яқинлик қилганига иқрор бўлса, сўнг ўша гапни инкор қилса уни инкори ўтмайди ва аёли абадий ҳаром бўлади.

وَفِي الْخُلَاصَةِ قِيلَ لَهُ مَا فَعَلْت بِأُمِّ امْرَأَتِك فَقَالَ : جَامَعْتهَا تَثْبُتُ الْحُرْمَةُ ؛ وَلَا يُصَدَّقُ أَنَّهُ كَذِبٌ وَلَوْ هَازِلًا

Хулоса китобида шундай дейилган: «Унга аёлингни онаси билан нима қилдинг», дейилганиди, у «Жимоъ қилдим» деса, аёли унга ҳаром бўлади. Агар у «Ёлғон айтгандим ёки ҳазиллашгандим» деса ҳам тасдиқланмайди» (Роддул Мухтор)

Савол. Қайин синглиси билан яқинлик қилса ўша эрга аёли ҳаром бўладими?

Жавоб. Аёлининг синглиси ёки опаси билан зино қилишлик қатъий ҳаромдир. Агар зинога олиб борувчи ишларни қилса ҳам у ҳам ҳаром. Лекин ўзининг аёли билан орасидаги никоҳга таъсири йўқ.

Савол: Хурмати мусоҳаратнинг собит бўлиши учун тўртта эркак бўлиши шартми ёки икки эркак ёки бир эркак икки аёл бўлиши кифоя қиладми?

Жавоб: Зинодан ташқари даъволарни исботлаш учун икки эркак ёки бир эркак ва икки аёлнинг гувоҳ бўлиши кифоя қилади. “Роддул  Муҳтор” китобида зинодан бошқа ҳақлар учун ҳоҳ у молиявий бўлсин ёки никоҳ, талоқ  ва ваколат каби молиявий ҳақдан бошқалари бўлсин, икки киши ёки бир киши ва икки аёлнинг гувоҳлиги кифоя қилади.

Савол:  Ҳурмати мусохарат собит бўладиган ишлардан бирортаси собит бўлса, лекин уларнинг бу ишга гувоҳи бўлмаса аёл томонидан шундай иш содир бўлгани даъво қилинса бунинг ҳукми нима бўлади?

Жавоб: Бундай суратда қоида бўйича гувоҳ топилмагани учун ҳаромликни собит бўлиши эркакнинг тасдиқ қилишига боғлиқ бўлади.            

Савол: Ҳанафий мазҳабидаги кишига фақат юқоридаги масаланинг ўзидагина шофиъий мазҳабига биноан фатво берса бўладими?

Бу ҳолатга тушган инсонлар етук олимлардан сўрашлиги вожиб бўлади.

Абдуманнон Қосимий