1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Амалсиз амаллар

Танишим лафз, орият ҳақида ёзибди. Ғашим келди. Йўқ, ҳасаддан эмас...…
Келинг, даставвал, уни сизга таништирай. Умуман олганда, ўзи ёмон одам эмас. Ҳамма қатори. Вақти келса, жаҳл қилади, уришади, сўкади. Буларни тушунса бўлади. Аммо... Бир “аммо”си бор-да: айтган гапида турмайди, ваъда берса, бажармайди. Яъники, ёзганларига ўзи амал қилмайди. Шунисига чидай олмадим. Тарбия –оғир, машаққатли жараён. Айниқса, ўзини ўзи тарбия қилиш. Нафсимиз ҳамиша тарбияга муҳтож эканлигини ҳисобга олсак, бу жараёнда ўзимиздан орта олишимиз жуда катта гап. Ўзгалар тарбияси ҳақида-ку, айтмаса ҳам бўлар.
Танишимни, унинг ёзганларини бежизга эсламадим. У ўзи амал қилмайдиган фазилатлар ҳақида гапирди. Шу орқали кимгадир “тарбия бермоқчи” бўлди. Шуни “ҳазм” қилишга қийналдим. Уни ўқиганлар нима деб ўйлади экан?
Тарбиянинг боши амал ҳисобланади. Афсуски, кўпчилигимиз буни унутиб қўйяпмиз. Шунинг учун бўлса керак, айтганларимиз қуруқ гап бўлиб қолаверяпти. Бу ҳолда бошқаларга қандай таъсир қилиш мумкин?
Кекса бир журналистнинг гапларига бир қулоқ тутиб кўрайлик: «Тўғрисини айтай, ҳар гал қўлимга қалам олишдан олдин жуда кўп ўйлайман. У хоҳ кичик бир мақола бўлсин, хоҳ каттароғи, анча пайтгача дунё юзини кўрсатгим келмайди. Гўё кимдир тепамда туриб кузатаётгандай. Ёзганларимга ёлғон аралашса, “Ўзингга боқ” деб устимдан кулаётгандай бўлаверади. Шундай бўлса ҳам,  баъзи “асар”ларимиз ҳеч қийинчиликсиз чиқиб кетди. Ўқисам, ҳозир ҳам уяламан».
Айтилган ҳар бир сўзнинг жавоби бор. Демак, нони сўз бўлган ижодкорларнинг зиммасидаги масъулиятнинг залворини тасаввур қилиш қийин эмас. Сўзларнинг ўзи огоҳлантиради: ўта ҳазир бўлиш керак. Баъзан қалам ҳам ёзишни “истамай” қолади. Демак, аҳвол чатоқ. Ўзимизни тўғрилашимиз керакка ўхшайди. Аксарият гапларнинг қоғоздагина қолиб кетаётганига ҳам сабабчи, эҳтимол, “тарбияли” муаллифнинг ўзидир.  Ким билсин, фақат ўзимиз амал қиладиганлар ҳақида ёзсак, қоғозни тўлдира олармиканмиз?
Ўқитувчи – ўқувчи, тарбиячи – тарбияланувчи. Инсон ўқитишни, тарбиялашни, аввало, ўзидан бошлаши кераклиги ҳар бир ишда аён бўлмоқда. “Домланинг айтганини қилинг-у” қабилидаги гаплар ҳақиқий ўқитувчига тегишли эмас. Чинакам устоз тарбияда, энг аввало, ўзи ўрнак бўлади. Ҳалоллик ҳақида оғиз кўпиртириб гапирган домланинг ўзи эртага баҳосини “кўтариб” бериш эвазига ўқувчисидан пул сўраса, ароқнинг ҳаром эканлигини қайта-қайта уқтирган муаллим даврада маст-аласт “томоша” кўрсатса, унинг амали қаерда қолади? Бундай “тарбия” тарбияланувчига қандай таъсир этади?
Аслида, танишимни айблайверишим ҳам нотўғри. Унга раҳмат: менга яхшигина тарбия берди. Бўлди, яна бир оз ёзсам, ўзимга қийин бўлади...

Беҳзод Фазлиддин