1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Никоҳ одоби. Муқаддима

Барча ҳамдлар Ўз Китобида: «Унинг оят (мўжиза)ларидан (яна бири) – У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир»[1] каби очиқ-равшан оятларни нозил қилган Якка-ю Ёлғиз Аллоҳ учундир.

Ва саҳиҳ ҳадисда «Қиёмат кунида умматимнинг кўплиги билан бошқа пайғамбарлардан ажралиб туришим учун севимли ва (серпушт) туғадиган (аёл)ларга уйланинглар»,[2]- деб марҳамат қилган Муҳаммад (с.а.в)га Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин.

Аммо баъд...

Исломда ҳар бир турмуш қилувчи киши амал қилиши керак бўлган маълум одоблар бор. Ҳозирда кўпчилик, ҳатто айрим исломий ибодатда бўлганлар ҳам бундай одобларга эътиборсиз қарамоқдалар ёки умуман хабарлари ҳам йўқ. Шунинг учун ушбу қўлланмани ёзишга қарор қилдим ва у мусулмон биродарларимга шариат кўрсатмаларига ўз ўрнида амал қилишларига ёрдам беради деб умид қиламан.

Ушбу рисолада мен уйланаётган ҳар бир киши учун муҳим бўлган масалаларни ёритиб беришга ҳаракат қилдим. Унда келтирилган ҳадиси шарифларнинг лафзи ва маъноси жиҳатидан ҳар қандай шубҳадан холи бўлган ҳадислар бўлишига алоҳида эътибор қаратдим. Ким бу маълумотларни ўқиб амал қилса, оилавий ҳаётини соф диний асос устига қурган бўлади. Аллоҳ таъоло унинг ҳаётига ҳақиқий бахт муҳрини босишини, никоҳ ҳаётини Суннатга амал қилиш билан бошлагани учун ажр беришини ва уни Қуръонда зикр қилган бандалари қаторига қўшишини умид қиламан:

«Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга (кўзларимизни қувонтирадиган жуфти-ҳалоллар ва зурриётлар ато қилгин) жуфти-ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин»,- дейдиган кишилардир».[3]

 «Тақводор зотлар эса (у Кунда) албатта соя-салқинларда, чашмалар ва кўнгиллари тусаган мева-чевалар устидадирлар. (Уларга дейилур): «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли (ушбу жаннат ноз-неъматларини) пок билиб еб ичаверинглар». Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз».[4]

Аллоҳ таъолодан ушбу қўлланмани фойдали қилишини ва Ёлғиз Унинг ризоси учун қилинган бир иш сифатида қабул қилишини сўрайман. Албатта У Ҳақ ва Раҳмлидир.

[1] «Рум», 21

[2] Аҳмад ваТабароний ҳасаниснодбиланривоят қилган. Ибн Ҳиббон Анас (р.а)дан ривоят қилиб саҳиҳ деган.

[3] «Фурқон», 74

[4] «Мурсалот», 41-44