1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Никоҳдаги мубоҳ қўшиқлари ва ўйин­кулгилар.

Никоҳ кунида шодлик ва тўй хурсандчилигини изҳор қилган ҳолда одобсиз ва бузуқ сўзлари бўлмаган қўшиқлар жонни роҳатлантириш ва уни зарарсиз ўйин­кулгу билан жонлантириш мақсадида мубоҳ қилинди.

Қўшиқ – дейишимиздан мурод, уятсиз, бебош, суюқ, фаҳш ва беадаб сўзлари бўлмаган шарафли ва тоза қўшиқларни назарда тутмоқдамиз. 

Аёллар никоҳ тўйларида баъзи ашулалар ва қўшиқларни айтишади. Буларда турмуш қуришга тарғиб бўлиб, ифлос ва фаҳш сўзлар бўлмайди. Чиройли қўшиқлар куйлаб, даф чаладилар. Бундай қўшиқларни куйлашда гуноҳ йўқ, балки у қуйидаги далилларга кўра суннат ва матлубдир.

Биринчи: Оиша (р.а.) бир аёл Ансорий эркакка турмушга чиқаётганларида борганлар, шунда Набий (с.а.в.): «Эй Оиша, орангизда ўйин­кулги бўлмадими? Ансорларга ўйин­кулги ёқади», дедилар («Фатҳул Борий ала Саҳиҳул Бухорий») 

Ибн Ҳажар айтдилар: Шунга ўхшаш ривоятда Набий (с.а.в.) айтганлар: «Келин билан бирга бир жорияни дуф чалдириб ва ашула айттириб жўнатдингизми?»

Оиша айтдилар: «Нима деб айтиш керак, ё Расулуллоҳ?» айтдилар: 

«Сизга келдик, сизга келдик,

Хуш келдик ва хушвақт бўлинг.

Тилларанг буғдой бўлмаса,

Қизингиз тўлишмас эди,

Қизил отинлар бўлмаса,

Бу водийда қолмас эди»

(Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»)

Бу ҳадиси шариф тўй­томошаларда дуф уриб қўшиқ айтишнинг мубоҳлигига очиқ далолат қилади. Ҳатто Расулуллоҳ (с.а.в.) жонни роҳатлантирадиган, қалбга сурур бағишлайдиган иффатли ва тоза­пок қўшиқ қандай бўлишни ҳам кўрсатиб бердилар. Бу қўшиқлар уятсиз ва фаҳш сўзлардан ҳоли бўлмоғи лозим.

Иккинчи: Ибн Аббос (р.а.) ривоят қилганлар: «Оиша (р.а.) бир қариндош аёлни ансорий бир кишига узатаётганларида Расулуллоҳ (с.а.в.) келиб қолдилар ва: «Қизни эрга бердингизми?» деб сўрадилар. «Ҳа», дейишди. «У билан бирга қўшиқ айтадиган қизни юбордингизми?» дедилар. Оиша (р.а.): «Йўқ», деганларида: «Ансорлар ғазали бор қавмдир, келин билан бирга: «Сизга келдик, сизга келдик. Хуш келдик ва хушвақт бўлинг», деб куйлайдиган қизни жўнатсангиз яхши бўлар эди», деб айтдилар. (Ибн Можа ривоятлари)

Учинчи: Насоий Омир ибн Саъддан ривоят қилдилар. «Қараза ибн Каъб ва Абу Масъуд Ансорийларнинг олдларига тўйда кириб қолгандим, жориялар, ёш қизлар ашула айтишаётган экан, айтдим: «Эй Расулуллоҳ саҳобийлари ва Бадр жангизда қатнашганлар, сизларнинг олдингизда шу иш қилиняптими?» У кишилар: «Ўтир хоҳласанг, биз билан тингла, хоҳласанг кет. Бизга тўйда ўйин­кулги қилиш рухсат берилган», деб жавоб қилишди. (Насоий ривояти)

Тўртинчи: Бухорий, Ар­Рубаййаъ бинту Муъаввиздан ривоят қилинади: «Эрга текканимда Набий (с.а.в.) келиб кўрпамга ўтирганларида жорияларимиз дуфга уриб Бадр жанги куни ўлдирилган қариндошларимизга марсия айта бошлади. Жориялардан: «Орамизда Набий (с.а.в.) борлар, эртага нима бўлишини биладилар», деганди. Набий (с.а.в.): «Буни қўй, аввалги айтаётганингни айт», дедилар (Бухорий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари).

Ибн Можанинг ривоятларида: «Аммо буни айтманглар, эртага нима бўлишини Аллоҳ азза ва жалладан бошқа ҳеч ким билмайди», дейилган.

Бешинчи: Анас ибн Молик ривоят қиладилар: «Набий (с.а.в.) Мадина кўчаларидан ўтаётганларида, жориялар дуфларга уриб, ашула айтишар эди: 

Биз Бани Нажжор жорияларимиз,

Қандай яхшиликдир Муҳаммад қўшнимиз.

Шунда Набий (с.а.в.): «Аллоҳ билади, мен сизларни албатта, яхши кўраман», дедилар (Ибн Можа «Сунан»лари, «Қўшиқ ва дуф» боби)

Олтинчи: Бухорий Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қиладилар: «Набий (с.а.в.) бир тўда аёллар ва болаларни тўйдан келишаётганини кўриб, мамнун ҳолда ўринларидан туриб, шундай дедилар. «Худо ҳаққи, сизлар менга инсонларнинг энг суюклироғисиз» 

Еттинчи: Оишадан (р.а.) ривоят қилганлар: «Олдимга Абу Бакр кирганларида, олдимда ансорий қизлардан иккита ёш жориялар «Буъас» кунида ансорлар гапирган сўзларни қўшиқ қилиб айтишаётган эди. «Буъас» – Авс ва Ҳазраж қабилалари орасида бўлган уруш. Бу ийд куни бўлаётган эди. Абу Бакр: «Набийнинг (с.а.в.) уйларида шайтон куйи бўляптими?» деб койиганлар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ҳамма қавмнинг байрами бор ва бу бизнинг байрамимиз», дедилар (Ибн Можа ривоятлари) Бошқа ривоятда: «Қўй уларни, ҳамма қавмнинг ийди бор…», деб ривоят қилинган.

Шу ҳадисларнинг ҳаммаси тўйда қўшиқ ва ўйин­кулги мубоҳлигига далолат қилади. Лекин шу шарт биланки, улар Ислом одобларига, фазилат ва поклигига тўғри келиши ва одобсизлик, бузуқликлардан узоқ бўлиши керак.