1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Аёлини уриш... (Эрни ким уради?)

ЙЎЛДАН ОЗГАН НАФСЛАРНИ ТУЗАТИШ УЧУН ЖАЗОЛАШ УСУЛИ

Динимиз раҳмат дини. Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) раҳмат пайгамбари, барча оламларга раҳмат этиб юборилгандирлар. Китобимиз Қуръон - ҳидоят, нур, ҳузур, шифо ва тарбия манбаидир, лекин инсон нафсини тарбия этаркан, бадхулқини яхшисига ўзгартирар экан, роҳати ҳеч бузилмайди, жони изтироб чекмайди, нафси қийналмайди дейиш хатодир.

Динимиз не амр этган, нима буюрган бўлса, оқибатда ҳаммаси инсон ва инсоният учун бир раҳмат, шифо ва ҳузур сабабидир. Инкор кири билан қорайган қалблар англамаса, Илоҳий ишқни тотмаган ва тарбия олмаган нафслар қабул қилмаса, ҳам аҳвол шудир. Бу дин ақл билан ўртага қўйиб тартибланган бир тизим (система) эмас, балки барча ақлларни (оқилларни) яратган Аллоҳнинг тарбия (этиш) воситасидир.

Ва кейин динимизда инкор ва исён кирларидан пок(ланган), пок бўлган оқиллар қабул қилолмайдиган бирор нарса йўқ.

Очиқ-яширин, катта-кичик барча гуноҳларнинг ҳар бири қалбни кирлатиб, қорайтирувчи, ақлни хиралаштирувчи ва маънавий ҳисларни ўлдирувчи ҳасталикдир. Инсоннинг бу хасталиклардан покланиши тарбия дейилади. Инсон покланар-тарбияланар экан, тамизланар экан, даво зарурати (шифо тақозасига) кўра нафсга огир келувчи, оғритувчи баъзи тадбиқотлар ҳам қилиниши мумкин.

Оқибат сиҳат ва офият бўлса, бир неча кун аччиқ дори ичмоққа эътироз этиларми?

Қорасон (гангрена) билан оғриган беморнинг оёғи кесилишига ачиниб кестирмаслик, хасталикнинг бутун вужудга ёйилишини кутиб туриш эмасми?! Бу тавр (ҳол) касал учун марҳаматми ёки жиноятми?

Динимиз йўлдан чиққан (озган), атроф-зарар берувчи ҳолга келиб қолган нафсларни тузатиш учун иложи - дори (чора-тадбир) ва даволаш ҳукмида таёқ билан жазолашни машру кўради, албатта, усулига кўра ва ҳуқуқига риоя этмоқ шарти билан...

Инсоннинг ҳақиқати бўлган қалбнинг ҳузури Аллоҳ таоло (зикри) биландир.

Аллоҳ таолодан ташқари ҳеч нарса қалбни доимий бир ҳузурга, сукунга, севгига ва амниятга етказолмайди.

ИШНИНГ АСЛИ

Таёқ икки хил. Бири зулм, иккинчиси лозимдир. Лозим бўлгани доридир.
Зулм бўлган таёқ, ҳақсиз (ўринда) урилган таёқ. Бундай таёқ инсон бу ёқда турсин, ҳайвонга ҳам тадбиқ этилмайди. Урилса -ҳаром. Ҳисоби сўралади. Жазоси ҳам бор.
Бу зулм тарихда жуда кўп шахслар ва давлатлар томонидан тадбиқ этилган ва ҳануз тадбиқ этилмоқда. Бу зулмни ҳам бир диндан ва миллатдан қолганлар қилувчилар бор. Маданият номидан, маданият мусобақасида золимлар бу ишни танк ва тўплар билан амалга оширмоқдалар. Ишнинг ғалати жойи шундаки, золимлар бу зулмларини қаҳрамонлик, илғорлик, демократия ва ҳақ мужодаласи дея ниқоблайдилар, яширмоқчи бўладилар.
Ислом тарбиясини олган киши инсон тугул, зарари тегмайдиган ҳайвонни ҳам урмайди, қўрқитмайди, маконини бузмайди. Усулича сўйиладиган ва овланадиган ҳайвонлардан ташқари зарарсиз барча ҳайвонлар ҳимоя остидадир. Лекин, бир ҳайвон инсонларга ва атрофга зарар бера бошласа, унга энг қулай йўл билан тўсқинлик қилинади, зарур, мажбур бўлса ўлдирилади.
Киши ёнидаги хизматчисини тили ёки қўли билан ранжитмайди, ҳақсиз ўринда урмайди. Ҳеч ким шогирдини, ишчисини, амри остидаги кишини айби бўлмаган ҳолда озор бермайди, қийнамайди, хўрламайди, урмайди (яъни шундай азиятлар етказмаслиги керак).
Динимизда урмоқ ҳаром бўлганидек, бировни асбоб, қурол, таёқ, пичоқ ёки темир каби нарсалар билан қўрқитмоқ ҳам маън этилган.
Бир кишини ҳақсиз ҳолда қўл билан ранжитмоқ ҳаром бўлганидек, тил билан хафа қилмоқ, ҳақорат қилмоқ, камситмоқ, ҳазил-мазах, эрмак қилмоқ, орқасидан ғийбатини қилмоқ ҳам ҳаром. Ҳатто қаршисидаги инсонга кўзи билан олайиб қараш каби қўпол ҳаракатлар билан тинчини бузмоқ, безовта қилмоқ ҳам таъқиқланган.
Аллоҳнинг динида инсон шу қадар муҳтарам, атрофли ва ҳимоя остидадир. Раҳмат дини бу; бу динда меъёрий шартларда ҳеч кимга заҳмат бермоқ йўкдир.
Динимизда ҳатто ўлган одам ҳурмат қилинади, ҳақорат қилинмайди. Биз билан жанг қилиб, жанг майдонида ўлган душманимизнинг ўлигига ҳам зулм, ҳар хил ҳақоратлар қилинмайди. Вужуди тўғралиб, майдаланмайди, ёқилмайди, ерларда судраб юриб, интиқом олинмайди...
Оламларга раҳмат Пайғамбар (с.а.в.) юзига тамға босилган бир ҳайвонни кўриб, инсонларни огоҳлантирдилар:
“Ҳайвонларнинг юзига тамға босган ва уларни (юз-бошига) урган кимсаларни лаънатлаганим сизга етмадими? Бу ишдан тийилинг!”. (Абу Довуд, Никоҳ, 52).
Қалб покланиши ва нафс тарбияси учун энг таъсирли дори Аллоҳни зикр этишдир.
“Ҳеч бир хотин эридан рухсатсиз нафл рўза тутмасин”. (Ҳадиси шариф).

АСЛИ РАҲМАТ БЎЛГАН ҒАЗОЛАР

Ислом динида айбларга бериладиган барча жазолар моҳир бир табиб тамонидан жуда оғир хасталикни тузатиш учун ҳозирланган дори кабидир. Ўзи яратган инсоннинг ички дунёсини яхши билган Аллоҳ уларнинг ёмон сифатларини тузатмоқ ва ҳаром ишларга майлларини сўндирмоқ учун бу жазоларни белгилаган.
Бу жазолар бутун инсониятнинг ислоҳ ва хузури учун қатъий ечимдир. Ёмон ишлар қилганлар учун ҳам, қилмаганлар учун ҳам бир раҳматдир. Илоҳий жазолар усулига тадбиқ этилганда қилганни гуноҳ киридан поклайди, қилмаганни гуноҳга майлдан қўрийди.

Айбларга бериладиган жазодаги фойдани кура билиш керак. Пайгамбар (с.а.в.) ёмон ишга бериладиган жазо бутун инсоният учун фойдасини шундай ифода этадилар:

“Ер юзида бир ҳадни (Аллоҳ белгилаган жазони) тадбиқ этмоқ-инсоният учун қуриган қурғоқ ерларга қирқ кеча ёмғир ёққанидан яхшироқдир”. (Насоий, Қатъус - Сорик, 7; Ибн Можа, Ҳудуд, 3).

Аллоҳ таолонинг: “Эй, ақл соҳиблари! Қасосда сиз учун ҳаёт бор”. (Бақара, 2/179) ояти Илоҳий жазолар инсоният учун раҳмат эканини энг важиз -    ҳикматли бир тарзда ифода этмоқда. Бундан гўзал таъриф топилмас.
Зикр - кўнгилнинг Парвардигорни эслаши, Унга боғланиши, ҳар он Унинг раҳмати ичида яшаётганини билишидир.

ТАЁҚ - БИР ЖАЗО УСУЛИ

Динимизда баъзи ҳолларда уриш рухсат этилган, бу таёқ бир дори ҳукмидаги жазо туридир.

Таёқ дейилганда хаёлга бола, хотин, хизматчи келади, бу тўғри эмас. Таёқни ҳақ этганга урилади. Бу ишда эркак-аёл, шоҳ-гадо, султон-хизматчи, амир-маъмур, бой-камбағал, шаҳарли-қишлоқли, жинс, синф, табақа айириш йўқ.
Ҳаддан ошган, зулм қилган, жонни қийнаган, оилани, уйни бузган, пок номуслиларга доғ туширган эркак-аёл, амир-маъмур ҳар кимга бу доридан берилади, берилиши керак. Бу борини берувчи қўл ва мақом ўзгарса ҳам натижа (ҳукм, оқибат) ўзгармайди.

Аллоҳ таоло иффатли аёлга зино туҳматида бўлса ва буни исботлай олмаган эркак туҳматчи сифатида саксон таёқ урилиши билан жазоланади. (Нур, 24/4).

Зино қилган бўйдоқ, бева эркак ва бева хотин 100 таёқ урилиши амир этилган. (Нур, 24/2).

Аслида оғир кўринган бу жазода катта яхшилик, ҳикмат бор. Чунки, бошига бу жазо қатьиян келишини билганлар иффатларини оёқ остига ташлаб, бу ифлос иш билан булғанмайдилар. Шу тариқа ҳам ўзи, ҳам қаршисидаги киши офатдан қутилади, оилалар вайрон бўлмокдан, иффат ва номуслар кирлатилмоқдан кўринган бўлур.

Бундай жазо озган нафсларга ҳам тўсқинлик қилади.

Адолатни тадбиқ этадиган ва халқ осойишталигини сақлайдиган ҳокимларга ва масъулларга ҳавола этиладиган жазолар ҳам бор. Буларга динимизда “таъзир жазоси” дейилади. Булар ичида озорлаш, қўрқитиш, керак бўлса таёқ уриш ва ҳибс этиш каби тузатиш турлари бор.

ОИЛАНИ БУЗИШДАН САҚЛОВЧИ ЖАЗО

Динимизда шартлари мувофиқ келса, оила бузилишига олиб келган хотинини оила бошлиғи ҳисобланган эри ортиқча озор бермасдан уриб жазолашга ҳаққи бор.
Буни мана бу оятдан билиб оламиз:
“Итоатсизлик қилувчи хотинларингизга насиҳат беринг, кор қилмаса, тўшагини тарк этинг, шунда ҳам бўйинсунмаса, уринг. Итоат этса, бошқа йўл ахтарманг”. (Нисо, 4/34).
Оят ҳар қандай хотинни эмас, эрига қарши ноҳақ исён этувчи, йўлдан озган бир хотинни усулича (қоидасига кўра) уришдан хабар бермоқда. Бу завқ, ҳирс учун эмас, хотинни ислоҳ этиш (тузатиш) учун жазолаш усулидир.

Бу ислоҳни бажарадиган эр - оила бошлиғидир. У уйда Аллоҳнинг ҳукмларини тадбиқ этишга бурчдор бир ҳокимдир. Бу ҳоким ақлли, дироятли, вазмин, оилада раҳбар бўлиш хусусиятларига эга, оилани тутиб турувчи, тирикчилик юкини тортувчи, хотинини, болаларини ҳаромлардан қўрувчи, уларни севган ва ҳаққа йўналтирувчи бошлиқдир.

Уй раҳбари Аллоҳга жавоб берувчи бир маъмурдир. Бўлган мақоми ва олган вазифаси эътибори билан унга ҳақ доирасида (оила аъзолари) итоат этмоқларини Аллоҳ талаб этмоқда. Ота вазифасида ҳақсизлик қилса, унинг ҳам ҳисобини кўрадиган бошқа мақом бор.

Вазифасини бажарган, итоатга лойиқ бу ота оиласи учун ўзини фидо этар экан, хотини алоқа ва муносабат бузуқлигига тушиб қолиши мумкин. Яъни эрининг меъёрдаги (нормал) талабларига жавоб бер(ол)майди. Сўзини тингламайди. Уйдаги вазифаларини ўрнига қўймайди. Эрининг ҳаққи бўлган покликка эътибор этмайди. Уйга бекалик қилмайди. Болалари билан машғул бўлмайди. Эридан ижозат сўраши керак бўлган ишларда сўрамайди. Рухсатсиз ва кераксиз, заруратсиз уйдан ташқарига чиқиб кетади, хоҳишига, кайфига қараб яшайди. Эрига қарши чиқади, гап қайтаради, ёмон сўзлар айтади, ҳақорат қилади ва ҳоказо шунга ўхшаш ҳоллар ичида бўлади.

Бу ҳолда аёл адабини ва мувозанатини йўқотади. Бу аёл хастадир. Бу хотин бегона эмаски, уй раҳбари уни уйдан қувса ёки ундан қочиб қутулса. У шу уйнинг бекаси ва болаларининг онасидир.
Эр унга вафо кўрсатиши зарурдир.

АЁЛ ИСЛОҲИДА ТАРТИБ НАВБАТИ

(Бундай) ҳаддан ошган хотин ислоҳи учун Аллоҳ эрга қуйидаги йўлларни тавсия этмоқда:
Насиҳат:
Эр билганига самимият ва шафқат билан хотинини огоҳ этади, унга хатоларини айтади, лозим бўлган тўғри йўлни, тўғриликни кўрсатади, тузалишини кутади. Унга Аллоҳдан қўрқишини, бундай иш ва йўл тутиши ҳалол эмаслигини, ҳақни топтаётганини, гуноҳга кирганини сўзлайди.

Эр хотинининг ўзига эмас, Аллоҳга исён этаётганидан қайғуриши керак. Нафс хоҳишини эмас, аёл адабини ўйлаши лозмм. Шунинг учун сабр билан насиҳатда давом этиш мақсадга мувофиқдир.

Эр Аллоҳга юзланиши, илоҳий ёрдам бўлмасдан бу йўлдан озган нафс ислоҳ бўлмаслигини билиши керак. Бунинг учун эҳгиёж (ҳожат) намози ўқиши, ўзи билан хотинининг ислоҳи учун дуо қилиши лозим. Уйига раҳматни тортмоқ учун имкони бўлса садақа бериб, фақирларни севинтириши, солиҳларнинг дуосини олиши керак. Бу тариқа шайтон ўйинини бузиши ва шайтон билан ҳамкорлик - иш бирлиги қилаётган хотинини бу гирдобдан қутқармоққа ҳаракат қилиши даркор.

Ояти жалиланинг сал аввалида гўзал ахлоқли аёллар сифатидан сўз очилиб, улар Аллоҳнинг ҳимоясида экани билдирилади. (Қаранг: Қуртубий,Ал-Жомий, Жуз 5, с. 149. Нисо,3-оят тафсири).

Демак, Аллоҳнинг ёрдами, ҳимояси бўлмасдан хушхулқ бўлмоқ, нафсни тарбия этмоқ мумкин эмас.

Эр айни вақтда ўз нафсига қараб “Мен қандай қусурлар қилдимки, хотинимдан изтироб чекяпман. Ёки менинг хатоларим унда акс этяптими?” дея ўз камчиликларини текшириши, тавба қилиши, кўрган хатоларини тузатиб, Аллоҳнинг раҳматини сўраши керак.

Аёллар ҳаққини Аллоҳ таъйин этган ва ҳаромдан буларни қўримоқни амр этган.

Феълий тадбир:

Сўз, ўгит - панд-насиҳат фойда бермаса, феълий бошқа бир йўл танланади. Бу хотинини ётоғида ёлғиз қолдирмоқ, вақтинча алоқани узмоқ, тўшагини тарк этмоқдир.

Баъзи аёллар сўздан англаб ололмайди, лекин ётоғида ёлгиз қолдирилса, бироз ўйлайди, юмшайди, тузалади, тартибга тушади.

Бу ҳам кор қилмаса, демакки хотин оиланинг эмас, баднафсининг дардида. Унга бошқа бир дори зарур. Бу йўлдан озган хотинни қўйиб оилани тарқатмасдан аввал уй ичида ислоҳ этмоқ учун эрга тавсия этиладиган бу дори билан уни қўрқитмоқ ва усулига мувофиқ (ортиқча озор бермасдан) урмоқдир.

Усулига уйғун жазо:

Аёлни уриб жазолаш жуда ҳассос бир иш. Бу оғир хастага (акс) таъсири кўп бўлган дори беришга ўхшашдир. Бу дори ўринли ва меъёрида бўлмаса, берилмаса, фойда ўрнига зарар келтиради, зулмга айланади, ҳаром бўлади. Золимнинг ҳисобини Аллоҳ кўради. Ҳазрат Пайгамбар (с.а.в.) ишнинг нозиклигига диққатни тортмоқ учун, бир гал ғазабни келтирадиган бир иш қилган хизматчисига марҳамат этганлар:

“Агар охиратда қасос хавфи бўлмаса эди, шу мисвок билан сенинг жонингни бир оз озорлар эдим!” (Бухорий, ал-Адабул -Муфрад, № 182-184; Ибн Саъд, Табақот, 1/289. Абу Яъло, Муснад, № 6901,6944; Ибн Ҳажар, ал-Матолибул - Олия, 2/124; Ҳайсамий, Мажмауз - Завоид, 10/353).

Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) ҳеч қачон бирор аёлни ёки хизматчини урмадилар. Саодатли хоналаридаги оила аъзолари ҳар доим ҳузур ичида бўлмадилар. Баъзан раҳмат Пайғамбарини (с.а.в.) хафа қиладиган, ғазабларини келтирадиган, сукут билан бир четга чекинишларига мажбур этадиган ҳоллар бўлди. Тил билан огоҳлантирдилар, қўл ёки таёқ билан урмадилар.

Пайғамбар (с.а.в.) нафси учун ҳеч кимдан интиқом олмадилар. Аллоҳ амр этган ўринлардан ташқари ҳеч кимни лаънатламадилар. Ўзлари ҳеч бундай йўл тутмаганлари билан бирга сўз ва ҳолдан англамаган, йўлдан тойган хотиннинг урилишига рухсат этарканлар, шу ўлчовни келтирадилар:
Юз-кўзга, бошга, қорин бўшлиғига, адаб жойига урилмайди.
Ҳеч бир тана аъзосига лат етказмайди, соч юлинмайди.
Лаънатламайди, куфр сўзлар айтмайди (сўкинмайди).
Таёқ, темир каби таҳликали нарсалар қўлламайди.
Урмоқ, халқ орасида эмас, махфий, ўз уйида бўлиши керак.
Аёл урилиб, эшикдан ташқарига ташланмайди.
Хотинни ургани ҳеч кимга айтилмайди.
Уруш-жанжал давомли бўлмаслиги лозим.
Уруш майда-чуйда тортишувларда эмас, жиддий қусурларни тузатишда энг сўнгги чора сифатида қўлланади.
Урмоқ илк чора эмас, насиҳат ва ётоқ ажратилгач, хотинда тузалиш бўлмаса, қўлланиладиган тадбир.
Хотин итоат этса, уруш тўхтатилади. (қаранг: Табарий, Жомиул -    Баён, 4/94-98; Қуртубий, ал-Жомий, жуз 5, с. 151-152; Суютий, ад-Дуррул - мансур, 2/251-254).

Ахлоқий жиҳатдан хаста бўлган бир хотинга бу дорини беролмайдиган эр, бу ишга ҳеч қўл силтамаслиги, хотинга қўл кўтармаслиги керак, чунки, ҳаддан ошса, Аллоҳ ҳузурида масъул бўлиб қолади, аёлининг бир аъзосига ёки вужудига талофат етказса, тазмийнот (зарарини) ўтайди. (Қуртубий, ал-Жомий, жуз 5, с. 151).

(Бужуда мураккаб. Ҳали бўлмаган ишини натижасини билиш, демак. Бунда хотиннинг феъл-атвори, ўзига хос табиати ва бошқа хулоса, тахмин-мўлжаллар, пўписалар ҳам ҳисобга олиниб, энди урсам фойда беради деб ишонч ҳосил қилингач, усулига биноан, ортиқча озор бермасдан урса керак деб тушинамиз.
Хотин завқни, ҳирсни қондириш учун урилмайди.
Урилгандан сўнг ҳам хотин тартибга тушмаса, ажрашишдан олдин(ги) сўнгги босқичга ўтилади. Эр ва хотиннинг оилаларидан биттасидан (яраштириш мақсадида - яраштирувчи) ҳакам танланади.

(Ҳакамлар пок дил, яхши ниятли, яъни мақсадлари фақат яраштиришдан иборат кишилар бўлиши, фақат мурод-мақсад билан кенгашишлари керак). Шунда ҳам фойда бермаса, яъни ҳакамларнинг маслаҳатлари ва насиҳатларидан сўнг ҳам хотин тўгри йўлга ва тартиб-интизомга келмаса, энди бу хотинни никоҳ остида тутиб туришнинг ҳеч қандай маъноси ҳам, фойдаси ҳам йўқ. Энди уни усулига уйгун ҳолда қўйиш керак бўлади.

Эр ажрашиш ҳуқуқига кўра хотинни қўйиб, ўзини ҳам, аёлни ҳам бу машаққатли турмушдан қутқаради. Бундай ажралишдан эркак жавобгар бўлмайди.

ХОТИН НЕЧУН ҲАДДАН ОШАДИ?

Хотиннинг ҳаддан ошиши бир неча сабабга кўрадир:
Баъзи хотинларнинг феъл-атвори (хулқи) бузуқ, бағри тош -    кўнгли қаттиқ, ахлоқи ёмон. Бузуқ ишлардан завқ олади, гўзал турмушдан зерикади, адабдан изтироб чекади. Бундай хотинни тузатиш, тартибга келтиришда эри ҳам қийналиб қолади. У маънавий тарбия раҳбарларига ёки руҳий табибларга, руҳшуносларга (психологларга) учраши керак.
Баъзи хотинлар эрини ҳеч севмайди, севолмайдм, оиласига илиқ муносабати йўқ, чунки ўзи (ёки ўзлари) истамасдан, қийин-қистов билан турмуш қурдирилган. Топган дуоси - эрига ўлим тилаш ёки бир йўлини топиб, бу уйдан кетиш. Эр жуда сабрли ва маҳоратли бўлса, бу аёлни йўлга солиши мумкин.
Худо сақласин, баъзи хотинларнинг кўзи бошқа эркакда. Бу бир васвасадан кўра, кескин қарор шаклида. Бундан воз кечолмайди, воз кечмоқни истамайди ҳам. Ҳар хил баҳона билан эридан қутулиш йўлини ахтаради. Бу учун давомли нохушликлар қилади, эрининг асабига тегади, ҳузурини бузади. Бунинг тузалиши қийин, лекин мумкин.
Баъзи аёллар жоҳил, заиф, ҳар кимдан таъсирланади, ёмонлардан ўрнак олади, билмасдан эрига изтироб беради. Бундай ўзи қатъиятли бўлмаган хотинларни баъзан ўз онаси, баъзан қайнонаси, баъзан дугоналари, опа-сингиллари эрига қарши қайраб, гиж-гижлаб оила ҳузурини бузади. Сабаби яхши ўрганилса, буни тузатиш унчалик қийин эмас.
Баъзи хотинларни ҳаддан ошишига эр сабабчи бўлади. Бадхулқ, дағал мизож, муомаласи қўпол, ҳаддини билмайдиган эр хотиннинг бошига битган балодир. Хотин бу ҳолдан сабри тугаганида ўзини ҳимоя қила бошлайди ва эрига қарши ҳаракатда бўлади. Демак, жанжал муқаррар.
Бу ҳолда эр ўзини тузата олса, хотин ўз-ўзидан тузалади.

Байт:
Юз туман нопок эрдан яхшироқ,
Пок хотинлар аёғининг изи.

Алишер Навоий

ҲАДДАН ОШГАН ЭРНИ КИМ ИСЛОҲ ЭТАДИ?

Бир уйда ҳаддан ошувчи, ҳузурни бузувчи доим ҳам аёл эмас, баъзан эркак ҳам бўлиши мумкин. Ҳақ еган, ҳаром билан машғул, уйга бепарво, асл вазифаларини унутган оила бошлиғининг ўзи шундай ёмон ҳолда бўлади ёки бундай ҳолга тушиб қолади. Бу одамнинг ислоҳи зарур. Аммо уни ким тузата олади?

Хотин қўлидан нон еган кишига қўл кўтариши тўғри эмас, бу мурувватга сиғмайди. Шунинг учун динимизда эрни уриш ҳаққи аёлга берилмаган.

Хотин эрининг ёмон ишларига розилик кўрсатмаса, жавобгар бўлмайди. Қўлидан келган хизматида давом этади, лекин эрнинг ҳаром истакларига итоат этмайди, жанжал ҳам қилмайди.

Хотин эрига насиҳат беради, ислоҳи учун дуо қилади, ёмон ҳолига қайғуради, лекин тузалсин деб эрини уриши мумкин эмас. Бу оила бошлиғига ва эрнинг ҳуқуқига ҳурмат юзасидан ва заруратидан. Лекин, эр уни ноҳақ урмоқчи бўлса, хотин кучи етса унга тўсқинлик қилиши мумкин.

Ҳаддан ошган, йўлдан тойган эр хотинига ва болаларига феълан зулм қилса, урса, қўрқитса - тахдид қилса, қийнаса, хотин чорасиз эмас, аввал икки тараф оилалардан иборат ҳакамларга мурожаат этади.

Хотин бадхулқ ва оиласига зулм қилувчи эрнинг қийнашини кўтаришга мажбур эмас. Бордию икки оила вакиллари аҳволни тартибга келтира олмаса, иш маҳкамага ўтади. Маҳкама уларга муддат-имкон бериши, агар берилган муддат давомида ҳам аҳвол ўнгланмаса, ажратиб қўйиши мумкин.

ЯХШИ ИНСОН ХОТИНИНИ УРМАЙДИ

Пайғамбар (с.а.в.) асҳобини:
“Аллоҳнинг аёл бандаларини урмангиз!” дея огоҳлантирдилар. Хотинини урувчилар уришишини тўхтатдилар.
Хотинлар буни қулай фурсат, имкон билиб, эрлари билан тортиша бошладилар.
Ҳазрат Умар (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг хузурларига келиб:
-    Хотинлар эрлари билан тортишадиган бўла бошладилар, -дедилар.
Бундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаддан ошган хотинларни енгилгина уришга рухсат бердилар. Бундай рухсат олган эрлар дарҳол ўша кечаёқ хотинларининг жонларини қийнашган бўлсалар керакки, кейинги кун кўп хотинлар Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг уйларига келиб, эрларидан шикоят этишди. Шундан сўнг Пайғамбар (с.а.в.) асҳобни тўплаб, уларни огоҳлантирдилар:
“Жуда кўп хотин эридан шикоят этиш учун уйимизгача келди. Шуни яхши билингизки, хотинларини урганлар сизларнинг яхшиларингиз эмас!”. (Абу Довуд, Никоҳ, 41; Ибн Можа, Никоҳ, 51; Доримий, Никоҳ, 24, Ибн Ҳиббон, Саҳиҳ, № 4189).

"Оила саодати" китобидан
Йўлдош Эшбек
Абдумурод Тилав