1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ражъий ва боин талоқ

Мусулмон жамиятининг аъзоси ҳисобланган ҳар бир оила—эр-хотинга талоқ мавзусига доир шаръий ҳукмларни билиш фарздир. Зотан, шаръий илм билан дин ва дунё ислоҳотлари мукаммал ва бекаму-кўст бўлади. Аччиқ бўлса-да тан олиб айтамизки, бугунги кунга келиб талоқ билан боғлиқ аксар шаръий ҳукмлар ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, гўё “талоқдан кейин аёл тўғри ўз отасининг уйига кетиши керак, шариатнинг буйруғи шу холос”, деган ботил тушунча кўпчиликнинг миясига ўрнашиб олди. Аксар эркаклар хотинни фақат ҳайдаб солишни биладилар холос. Талоқнинг вақтини, ундан кейин амал қилиниши керак бўлган масалалар ҳақида эса ҳеч қандай маълумотлари ҳам йўқ, билишга рағбат ҳам қилишмайди. Талоғини олган аёлларимизда ҳам шаръий саводсизлик ҳукмрон. Талоқ қилингач кўзида ёш билан, боласини кўтариб отасининг уйига жўнаб қолишдан бошқа ҳеч вақони билишмайди. Алида эса Ислом қонунлари эрга ҳам хотинга ҳам талоқдан кейин бир қанча фойдали ҳақ-ҳуқуқ ва масъулиятларни белгилаб қўйган.
Эр-хотин рисоладагидек ҳаёт кечириб турган бўлсалар, бу оилани талоқ билан бузиш бутун уммат уламоларининг иттифоқи ила макруҳдир. Ҳатто, мазҳаббошимиз улуғ имом Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳнинг “оила тинч-тотув бўлса, хотин эрнинг шаръий талабларига мос келса, уни талоқ қилиш ҳаромдир” деган қавллари ҳам бор. Мабодо бирон шаръий сабаб билан никоҳ риштасини узиш зарурати туғилса, бу ҳолатда ҳам шариатимиз қандай йўл тутишни атрофлича ўйлаб, мукаммал услубларни таълим берган. Ушбу кичик мақолада асосан талоқнинг икки тури—ражъий ва боин талоқ ва улар билан боғлиқ хос ҳукмлар ҳақида сўз юритамиз. Зора шу билан унутилган баъзи суннатлар қайта жонланса. Аллоҳ таоло барчамиз учун манфаатли қилсин!

Ражъий талоқ

Эр бир марта бўлсада жинсий яқинлик қилган аёлини, ёки жинсий алоқа қилмаган-у лекин у билан бир марта бўлсада яқинлик қилиш имконига эга бўлган аёлини, ҳайздан пок вақтида фақатгина никоҳни бузиш учун қўлланувчи сариҳ сўз яъни “талоқ” ёки унга ўзакдош сўзларни айтиб, боинлик сифати билан сифатламасдан, шунингдек мол-маблағ эваз қилмасдан бир, ёки икки талоқ қилса, орадаги никоҳ риштаси ражъий талоқ билан узилади. Эрнинг оғзидан сариҳ талоқ сўзи чиққанда у никоҳни бузишни ният қилганми ёки йўқ, буниси суриштирилмайди балки, талоқ воқе бўлган деб ҳукм қилинади.
Шу ўринда шуни ҳам қўшимча қилиш фойдадан ҳоли эмас: шайҳ ибн Обидин “Родд ул-мухтор”да келтиришича, туркий тилда “сен бўшсан” ёки “бўш бўл” деса боин эмас ражъий талоқ воқе бўлади.
Никоҳни бузишга зарурат туғилганда ражъий талоқ услуби боин талоққа нисбатан зарари кам, надоматдан йироқ, оилани тиклаш учун кенг имкониятли, икки томон учун ҳам қулай бўлган услубдир. Ражъий талоқ билан бузилган оилада никоҳ масъулиятлари ўз ўрнида қолади. Ражъий талоқнинг алоҳида хусусиятлари қуйидагилардир:
1.    Эр-хотинлик ўз кучида туради;
2.    Идда давомида хотиннинг озиқ-овқат ва турар жой таъминоти тўлиқ эрнинг зиммасида бўлади. Бу масала барча мужтаҳид аҳли илмлар ичида ижмоъий бўлиб, уларнинг барчаси ражъий талоқ қилинган аёлнинг озиқ-овқати ва турар жой таъминоти эрнинг зиммасига тушади деганлар;
3.    Ражъий талоқ қилинган аёл то идда тугагунга қадар идда сақлаётган манзилидан ташқарига зарурати бўлмаган юмушлар билан, мутлақо чиқмайди. Яъни манзилида ўтириши вожиб бўлади;
4.    Ражъий талоқнинг иддасида ўтирган аёлни эри уйдан мажбурлаб чиқариб юбориши мумкин эмас. Яъни ҳайдаб бирон юмуш билан чиқариши ҳаром бўлади;
5.    Эр-хотиндан қайси бири идда давомида ўлса, эр касаллик вақтида талоқ қилганми ёки соғлигида, бундан қатъий назар, тирик қолгани марҳумдан мерос олади;
6.    Эр хотинини идда давомида қайтариб олишни истаса, янгидан никоҳ ақди қилишга эҳтиёж бўлмайди;
7.    Ражъий талоқ иддасидаги аёлни қайтариб олишда гувоҳлар ҳам шарт эмас. Лекин гувоҳларга ошкор қилиб қўйишлик мустаҳаб саналади;
8.    Қайтариб олганини хотиннинг ўзига ҳам билдириб қўйиш мустаҳаб бўлади.
9.    Оилани тиклаш учун хотиннинг розилиги сўраб ўтирилмайди, эрнинг хоҳиши билан никоҳ қайта тикланаверади;
10.    Ражъий талоқ иддасидаги аёлни қайтариб олишни истаган эрга янгидан маҳр вожиб бўлмайди;
11.    Хотинига қарата: “сени қайтариб олдим” ва шунга ўхшаш сўз айтиши билан орада никоҳ қайта тикланади;
12.    Қайтариб олиш бирон шартга боғланмасдан, балки, тўғридан-тўғри амалга оширилиши шарт;
13.    Ражъий талоқнинг иддасида ўтирган аёл эрини ўзига жалб қилиш мақсадида безаниб, чиройли либосларини кийиб, турли атир-упалар сепиб, жозибадор кўринишда ўзини эрига кўз-кўз қилиб туриши мустаҳаб саналади;
14.    Идда муддати тамом бўлиши билан, ражъий талоқнинг имтиёзлари ҳам тамом бўлади ва талоқ боинга айланади;
15.    Эр маҳр молидан маълум муддатга насиа қилган бўлса, ражъий талоқнинг иддаси тамом бўлиши билан насиа қилинган миқдорни нақд тўлаши вожиб бўлади, хотин тўлиқ талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Боин талоқ

Никоҳ риштасини бузиш ниятидан айтилган сўзлар ражъий талоқни ифода этмайдиган сўзлар туркумидан бўлса, уларнинг ҳаммаси билан боин талоқ воқе бўлади.
Бир марта ҳам жинсий яқинлик қилмаган ва жинсий алоқа имкони мавжуд вазиятга эга бўлмаган эр сариҳ лафз билан талоқ қўйса ҳам боин талоқ воқе бўлади.
Фуқаҳоларимиз боин талоқнинг икки тури борлигини уқтирадилар: кичик ва катта боин талоқ. Кичик боин талоқ деб уч талоқдан бошқасига яъни бир ва икки боин талоққа, катта боин деб эса, уч талоққа айтилади. Никоҳ боин талоқ билан бузилган тақдирда, ражъий талоқдан фарқли ўлароқ эр-хотинлик алоқалари ҳам тамом бўлади.
Кичик боин талоқ
Ражъий талоқнинг иддаси тўлиқ ўталиши билан, орадаги талоқ ражъийликдан кичик боинга айланади. Унинг ўзига хос ҳукмлари қуйидагилар:
1.    Кичик боин талоқ никоҳ билан боғлиқ барча ҳукмларни кўтариб юборади. Шундай бўлсада янгидан никоҳ ақдига йўл қолади;
2.    Аёл эрнинг уйида идда ўтиради;
3.    Кичик боин талоқ қилинган аёл то иддаси тугагунга қадар идда сақлаётган манзилидан ташқарига заруратсиз юмушлар билан чиқмайди;
4.    Боин талоқнинг иддасида ўтирган аёл авратларини яшириб юради, ҳар доим ўзи ва эри орасида парда тутади;
5.    Эр-хотиндан бири аёлнинг иддаси давомида вафот этса, тирик қолгани марҳумнинг молидан мерос ололмайди;
6.    Эр хотинини қайтариб олмоқчи бўлса, бунга имкон бор. Бунда аёлнинг розилиги, янги никоҳ ақди (барча шарталри билан) ва тўлиқ маҳр лозим бўлади;
7.    Иддада ўтирган вақтида, эридан бошқаси билан никоҳланиб кетиши мумкин эмас.
Катта боин талоқ
Катта боин бу – саҳиҳ никоҳ билан никоҳланган ҳур аёлни учта талоқ қилишдир. Хоҳ у бир сўз билан айтилсин ёки ажратиб-ажратиб айтилсин, бир вақтда айтилсин ёки орада қайтиш билан учта бўлсин, ёки духул (биринчи марта жинсий яқинлик қилиш)дан олдин айтилсин ёки кейин айтилсин, булардан қатъий назар, аёл эрига ҳаром бўлади. Токи у бошқа эрга шаръий никоҳланиб у билан яқинлик қилиб ва ундан ажраб чиққанидан кейин, ёки эри ўлгач иддасини ўтаб бўлганидан кейин, шундагина собиқ эрига ҳалол бўлади.
1.    Катта боин талоқ эрнинг аёли устидаги эгадорлик ҳуқуқи ва орадаги ҳалолликни дарҳол зоил қилади. Эр унга эгалик қила олмайди ва бир-бирларига ҳалол бўлишмайди;
2.    Агар иккинчи эр яқинлик қилишдан олдин ўлиб қолса, аёл аввалги эрига ҳалол бўлмайди;
3.    Агар иккинчи эр ўлса ёки талоқ қилса, аёл иддасини ўтаб бўлгач янги саҳиҳ  никоҳ ва маҳр билан эрига қайтиши мумкин.
4.    Катта боин қилинган аёл ҳомиладор бўладими ёки йўқ бундан қатъий назар Ҳанафий мазҳабига кўра, эрининг уйида идда сақлайди. Шунингдек, Умар ибн Ҳаттоб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Суфён ас-Саврий ва Шурайҳ розияллоҳу анҳумларнинг мазҳаби ҳам шундай бўлган.

Ҳанафийлик манбалари асосида Ҳикматуллоҳ Иброҳим тайёрлади