Сайт бўлимлари
Оилавий саодат калити
- Подробности
- Бўлим: Исломий оила
- Чиққан санаси: 18 Ноябрь 2015
- (Нашр қилинган санаси)
(ЭРЛАРГА НАСИҲАТ)
Оиланинг саодатли бўлишида эрларнинг ўрни беқиёсдир. Эрларнинг энг ёмони аёли у билан бахтиёр бўла олмаган эрлардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан бирга ўтириб уларнинг шикоятларини тинглар эдилар. Ўта қийин ва машаққатли бўлган муаммоларни ҳам босиқлик ва хотиржамлик билан ҳал қилар эдилар. Биз барча соҳаларда, жумладан солиҳ эр сифатида ҳам пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни намуна қилиб олганмизда эди, оилавий муаммолар барҳам топган бўларди. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзимиз учун намуна қилиб олишга Роббимиз буюрган:
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
(Эй, иймон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир. (Аҳзоб;21)
Демак, гўзал намунанинг макони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зотнинг ҳаракату-саканотлари, қўллари, тиллари ва барча аъзолари биз учун тўлиғича намунадир.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَنَسٍ قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عِنْدَ بَعْضِ نِسَائِهِ فَأَرْسَلَتْ إِحْدَى أُمَّهَاتِ الْمُؤْمِنِينَ بِصَحْفَةٍ فِيهَا طَعَامٌ فَضَرَبَتْ الَّتِي النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي بَيْتِهَا يَدَ الْخَادِمِ فَسَقَطَتْ الصَّحْفَةُ فَانْفَلَقَتْ فَجَمَعَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِلَقَ الصَّحْفَةِ ثُمَّ جَعَلَ يَجْمَعُ فِيهَا الطَّعَامَ الَّذِي كَانَ فِي الصَّحْفَةِ وَيَقُولُ غَارَتْ أُمُّكُمْ ثُمَّ حَبَسَ الْخَادِمَ حَتَّى أُتِيَ بِصَحْفَةٍ مِنْ عِنْدِ الَّتِي هُوَ فِي بَيْتِهَا فَدَفَعَ الصَّحْفَةَ الصَّحِيحَةَ إِلَى الَّتِي كُسِرَتْ صَحْفَتُهَا وَأَمْسَكَ الْمَكْسُورَةَ فِي بَيْتِ الَّتِي كَسَرَتْ. رواه البخاري
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирининг уйида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бири (яъни, аёлларидан бири) товоқда таом юбордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг уйида бўлган аёллари хизматкорнинг қўлига урган эди, товоқ ерга тушиб, бўлиниб кетди. Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам товоқнинг бўлакларини бирлаштириб, тўкилган таомни унга солдилар ва: “Оналарингиз рашк қилди”, дедилар. Сўнг хизматкорни тўхтатиб туриб, у зот унинг уйида бўлган аёлларидан бутун товоқ олиб, идиши синдирилган аёлларига бериб юбордилар. Синган товоқни эса синдирган аёлининг уйида олиб қолдилар. Бухорий ривоят қилган.
Бу воқеа Оиша онамизнинг уйларида бўлган эди. Оиша онамиз София онамиз ҳақида: “Софиядан кўра ширин таом тайёрлайдиган аёлни кўрмаганман”, деганлар. Бир куни пайғамбар алайҳиссалом Оиша онамизнинг уйларида саҳобалар билан бирга эдилар. София онамиз бир идишда таом юбордилар. Оиша онамиз идишни олиб синдирдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам табассум билан саҳобаларга: “Оналарингиз рашк қилди”, дедилар. Сўнгра Оиша онамизнинг бутун идишларидан бирини олиб, София онамизга юбордилар ва “Таомга таом, идишга идиш”, дедилар.
Шу билан муаммо барҳам топиб, табассум билан ҳал бўлди.
Демак, оила тинч бўлиши учун эр-хотин бир бирининг феъл-атворини эътиборга олиши лозимдир. Масалан: аёл киши асабий бўлса, эр қайсарлик билан шошилиб, талоқ қилиб юбормаслиги, аксинча оғирроқ бўлиши керак. Чунки талоқ қилиш ҳуқуқи ундан ҳеч қачон тортиб олинмайди. Талоқ қилиш зарур бўлса, кейин ҳам талоқ қилиш имконияти бўлади. Шунинг учун эр жанжал вақтида ўзини босиб, кейинроқ муносиб вақт бўлганда ётиғи билан тушунтириши лозим бўлади.
Шу ўринда ўзимизга ўзимиз бир савол бериб кўрайлик. Бизнинг оиламизда ҳам шунга ўхшаш муаммолар юз берганда, уни суннатга мувофиқ вазминлик билан ҳал қиляпмизми ёки бунинг акси бўляптими? Ҳолбуки, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
“... Ва улар ила яхшиликда яшангиз. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса.” (Нисо;19)
Ушбу таржимадаги “яхшилик” сўзи оятнинг арабча матнида “маъруф”, деб келган. Араб тилида яхшилик қилишни ифодалайдиган бошқа калималар ҳам жуда кўпдир. Лекин “маъруф” сўзининг маъноси “яхшилик” маъносини ифодалайдиган бошқа сўзлардан кўра кенгроқ маънони қамрайди. Инсон ўзининг ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси ва қариндошлари каби ўзи ёқтирган инсонларга яхшилик қилиши табиий ҳолдир. Чунки ўртада қариндош-уруғлик ва ўзаро яқинлик ришталари бор бўлгани учун уларга яхшилик қилсагина унинг қалби хотиржам бўлади. Бу ҳам яхшилик қилиш дейилади. Аммо “Маъруф” сўзи эса умумий бўлиб, ўртада қариндошлик, ёки меҳр-муҳаббат бўлмаса ҳам, ўз ихтиёри билан қилинадиган яхшликни ифодалайди.
Шунинг учун “маъруф” сўзи билан бошқа “яхшилик қилиш” сўзлари орасида фарқ бор. Масалан бир киши ўзи ёқтирмаган кишига яхшилик қилса, бу яхшилиги маъруф дейилади.
Аллоҳ таоло бизларни оилавий ҳаётда маъруф ила яшашликка буюряпти. Оилалар бузулмаслиги, саодатли бўлиши учун барча мусулмонлар ушбу оятга риоя қилиши вожибдир.
Ғарб ўлкалари каби оилани фақатгина севги ва муҳаббат устига қурамиз деганлар катта хато қилишади. Чунки фақатгина севги-муҳаббат сабабидан қурилган оилада агар муҳаббат сўниб қолса, у оила хароб бўлади.
Шунинг учун Аллоҳ таоло “Улар ила маъруф (яъни, яхшилик)да яшангиз”, деб марҳамат қилди. Бу дегани ўртангизда муҳаббат бўлмай қолса ҳам, уларга яхшилик қилинг, талоқ қўйманг, улар билан яхшилик ила яшанг, деганидир. Баъзи эрларга аёлининг ёқмай қолишида биргина сабаб унинг кўриниши ўзгарганлиги бўлади. Аёлининг кўриниши унинг ҳис-туйғуларини қўзғатмаётган бўлади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бир киши келиб: “Эй мўминларнинг амири, мен хотинимини ёқтирмай қолдим. Шунинг учун уни талоқ қилмоқчиман”, деди. У зот: “Нима, оила фақатгина севги устига қуриладими, унда қадр-қиймати қаерда қолди?”, деб жавоб бердилар.
Мазкур киши аёлини худди ёшлигидагидек бир умр қалбини ром этади, деб ўйлаган эди. Умар розияллоҳу анҳу унга бу нарса аввалда бўлишини, кейин эса эр-хотинни бир бирига боғлаб турадиган бошқа нарсалар вужудга келишини тушунтирдилар.
وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
“Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратганлиги ҳамда ораларингизда муҳаббат ва меҳрибонликни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. ..” (Рум:21)
Оила қуришнинг асл сабабларидан бири аёл ва эр бир бирларидан сокинлик топишларидир. Эр кундузи меҳнат билан овора бўлиб, кунни кеч қилади ва уйига чарчаб келади. Шунда унга аёлидек сокинлик бера оладиган кимса бўлмайди. Мана шундай сокинлик сабабли у яна тетиклашади ва эртанги кунги касби учун янги ғайрат ҳосил қилади.
Шунингдек оиланинг оғир-енгилликларини бирга кўтаришлари учун Аллоҳ таоло уларнинг ўртасига муҳаббатни ҳам солиб қўйди. Эр уйдан ташқарида оиланинг зарур бўлган таъминоти учун машғул бўлса, аёл уйнинг тадбири ва фарзанд тарбияси билан машғул бўлади. Бу нарсалар уларнинг ўртасида ўзаро муҳаббатни ҳосил қилади.
Шунингдек уларни бир бирига меҳрибон қилиб қўйди. Оятда аввал муҳаббат, кейин эса меҳрибонлик зикр қилинди. Одам боласи борки, вақт ўтиши билан хилқати ўзгариши ва куч-қувватнинг кетиши ҳақиқатдир. Аёлнинг гўзаллигига ҳам кунларнинг ўтиши ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.
Бир нарсага эътибор қилишимиз лозим бўладики, инсон ёши ўтганидан сўнг аввалгидек сокинлик топа олмагани сабабли ўзаро муҳаббат йўқолиши мумкин. Чунки аёл эрининг хизматини аввалгидек қила олмайди. Эр ҳам аввалги ҳолидек касб қилиб бера олмай, камбағал бўлиб қолиши мумкин. Ана шунда улар бир бирига суянчиқ ҳамда меҳр-шафқатли бўлишга муҳтож бўлишади. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг орасига меҳрибонликни солиб қўйган. Қарилик етганда улар бир бири ҳақида: “Ёшлигини мен учун, менинг қувончларим учун фидо қилган эди, энди қариганда меҳрибон бўлишим керак” деб, бир бирига суянчиқ бўлишлари лозим.
Шунинг учун Аллоҳ таоло аввалги оятда: “Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса”, деб марҳамат қилди.
Яъни, эр ёқтирмай қолган томонидан Аллоҳ таоло унга кўплаб яхшиликлар эваз қилиб беради. “Шоядки” лафзи аслида умидни ифодалайди. Лекин Аллоҳ таоло томонидан айтилганда аниқ амалга ошишини ифодалайди.
Йигитнинг оила қуришдан мақсади уни кўриши биланоқ ҳис-туйғуларини қўзғатадиган аёлга уйланиш бўлмасин, балки ҳис-туйғулари қўзғалганда, унга сокинлик бахш этадиган аёлга уйланиш бўлсин. Чунки ҳис-туйғулари учунгина уйланса, фақат чиройи учун уйланган бўлади ва аёл билан фақат жинсий алоқа учунгина яшайди. Аёлнинг фақат биргина сифатини кўзда тутиб уйланмаслик керак. Балки бошқа томонларини, яъни, диндорлиги, илми, одоб-ахлоқи, насл-насаби каби муҳим томонларини ҳам ҳисобга олиш лозим бўлади.
Шуни унутмаслик керакки, Аллоҳ таоло фазилатларни барча халойиққа тақсим қилиб берган. Бирига гўзаллик, бирига ақл, яна бирига ҳикмат, бошқа бирига омонат, бирига вафо, бирига эса муваффақият берган. Бундай фазилатларни кўплаб санаш мумкин. Эр агар ҳикмат билан иш қилмоқчи бўлса, биргина томонига, яъни, ҳусни-жамолининг ўзигагина қараб қолмасдан, балки бошқа томонларини ҳам ҳисобга олиши лозим бўлади. Чунки аёлнинг қадр-қиймати унинг ҳусни-жамоли билангина ўлчанмайди.
Оятнинг нозик бир нуқтасига эътибор қаратайлик: “Агар уларни ёқтирмасангиз”, дейилмоқда. Бу ишда эр ҳақли бўлиши ҳам мумкин ёки ноҳақ бўлиши ҳам мумкин. Лекин шундай ҳолатларда ҳам аёлига маъруф ила муомала қилган эрларга: “Шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса”, деб марҳамат қилмоқда. Шунга кўра агар эрларга аёлларининг иймон-эътиқоди ва динига тегишли бўлмаган бошқа бир томони ёқмай қолса, сабр қилсинлар. Агар сабр қилсалар, Аллоҳ таоло аёлининг бошқа томонидан кўплаб яхшиликларни албатта инъом этади.
Аллоҳ таоло барчамизга оилавий ҳаётимизни Қуръони карим ва суннат асосида олиб бориб боришни муваффақ қилсин!
Қудратуллоҳ Сидиқметов
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар