Сайт бўлимлари
Маҳр ва ҳукмлари
- Подробности
- Бўлим: Исломий оила
- Чиққан санаси: 09 Март 2024
- (Нашр қилинган санаси)
Маҳр турмуш қуриш сабабли эрнинг хотинга бериши керак бўлган молидир. Маҳрнинг энг ками ўн дирҳамдир. Бу нисобга етган молнинг йигирмадан бирига тенг. Куёв тараф ўн дирҳам ёки бу қийматдан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтса ҳам, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим.
Агар ўн дирҳамдан ортиқ мол маҳр деб белгилангач, келин-куёвлардан бири вафот этиб қолса ёки саҳиҳ хилват юз берса, белгиланган маҳрнинг ҳаммасини бериш вожибдир. “Саҳиҳ хилват” деганда эру хотиннинг бир жойда қолиб, жинсий яқинлик қилишларига ҳиссий (турли касалликлар каби), шаръий (рўзадорлик каби) ёки табиий (ҳайз-нифос каби) тўсқинликлар бўлмаслиги тушунилади. Бироқ эркак жинсий аъзосининг кесилган бўлиши, жинсий заифлик ва бичилганлик саҳиҳ хилватга монелик қила олмайди. Бундай ҳолатларда келин-куёв ёлғиз қолсалар, саҳиҳ хилват юз берган деб ҳисобланаверади.
Маҳр ўн дирҳамдан ортиқ қилиб белгиланган-у, бироқ саҳиҳ хилватдан илгари талоқ тушган ҳолатда, белгиланган маҳрнинг ярмини бериш вожибдир.
Маҳр белгиланмай туриб, талоқ саҳиҳ хилватдан илгари содир бўлса, мутъа(Кўйлак-иштон, рўмол каби ҳадя.) бериш, кейин содир бўлса, маҳри мисл(Шу аёлга муносиб бўлган маҳр.) бериш вожибдир.
Маҳрни тилга олмай ёки маҳр бермаслик шарти билан ёхуд шариатда нопок деб ҳисобланадиган ароқ, чўчқа каби нарсалар ва жинси номаълум нарсалар эвазига, мисол учун куёв келинга “Маҳрингга кийим ёки тақинчоқлар бераман” деса-ю, қанақа кийим ёки қандай тақинчоқлигини айтмасдан никоҳланса, дуруст бўлаверади. Бироқ шу ҳолатда юқорида айтилгандек куёв ёки келин вафот этиб қолса ёхуд саҳиҳ хилват содир бўлса, аёлга муносиб маҳр (маҳри мисл) берилади. Аммо саҳиҳ хилватдан аввал талоқ юз берса, юқорида айтилганидек, мутъа берилади. Агар сифати номаълум нарса эвазига никоҳланса, мисол учун «Маҳрга от бераман» десаю унинг қанақа отлигини айтмаса, келинга ўртача отнинг ўзини ёки қиймати берилади.
Агар маҳр учун қул эрнинг хизмат қилиб бериши аталган бўлса, қул эр ўша хизматни қилиб бериши вожибдир.
Агар куёв маҳрга «Анави қулни ёки манави қулни бераман» деб аниқ бир қулни кўрсатмаса ва келинга муносиб бўлган маҳр, яъни маҳри мисл иккала қул баҳоси орасида бўлса, келинга ўша маҳри мисл берилади. Агар маҳри мисл арзон қулдан ҳам арзонроқ бўлса, келинга арзон қул берилади. Агар маҳри мислнинг баҳоси қиммат қулдан баланд бўлса, баҳоси қиммат қул берилади. Бу ҳолатда саҳиҳ хилватдан олдин талоқ юз берса, келинга арзон қулбаҳосининг ярми берилади. Бу масалага, яъни «Анави ёки манави қулни бераман» дейишга, «Анави ёки манави машинани бераман» деган масалани қиёслаш мумкин.
Агар куёв келинни ўз юртидан чиқармаслик шарти билан минг танга (сўм, доллар) маҳрга никоҳлаб олса ёки юртидан олиб кетса, икки минг танга, олиб кетмаса, минг танга маҳр бериш шарти билан никоҳлаб олса, сўнгра эр сўзида турса, хотинга минг танга бериши вожиб. Аммо сўзида турмаса, хотинга маҳри мисл берилади. Аммо берилган маҳри мисл икки минг тангадан ошмаслиги ва минг тангадан кам бўлмаслиги шарт.
Агар куёв келинни «Манави икки қулни бераман» деб никоҳлаб олган бўлса-ю, қуллардан бири аслида озод инсон чиқиб қолса, келинга уларнинг ҳақиқатда қул бўлгани берилади. Бироқ берилаётган қулнинг баҳоси ўн дирҳамдан оз бўлса, ками қўшиб берилади.
Куёв никоҳдан олдин қизнинг бокира бўлишини шарт қилиб, юз танга маҳр беришни айтган бўлса-ю, сўнгра келин жувон чиқиб қолса ҳам, маҳрнинг ҳаммасини бериш керак.
Фосид никоҳда(Фосид никоҳ - шариат қўйган талабларга тескари бўлган никоҳ, масалан, гувоҳларсиз уйланиш, опа-сингилга бирданига уйланиш каби.) келин-куёв жинсий яқинликка улгурмаган бўлсалар, келинга бирор нарса берилиши вожиб эмас. Агар ўртада яқинлик бўлган бўлса, келинга никоҳ пайтида тилга олинган маҳр миқдоридан кўп бўлмаган маҳри мисл берилади ва яқинлик қилинган кундан бошлаб олти ойдан кам бўлмаган ҳамда икки йилдан ортиқ бўлмаган муддатда бола туғилса, куёв чақалоқнинг отаси ҳисобланади.
Маҳри мисл - келин бўлаётган қизнинг ота уруғлари ичида шу қизга ёшда, ҳуснда, бойликда, ақлда, диёнатда, маълум бир шаҳарда туришда, замондошликда, бокиралик ёки жувонликда ўхшаш бўлган қизларнинг олган маҳрлари миқдоридир. Агар отасининг қариндошлари орасида ўхшаши топилмаса, она тарафдан эмас, балки бегоналардан изланади ва топилади. Онанинг отага қариндош бўлган ҳолати эса бундан мустасно.
Қизнинг валийси қизнинг маҳрига хоҳ у балоғатга етган ёки етмаган бўлсин, кафил бўлиши мумкин.
Никоҳ пайтида маҳрнинг қанчаси олдин (муъажжал) ва қанчаси кейин (муаххар) берилишига келишилган бўлса, ўша келишувга қараб иш юритилади. Агар бундай келишувга розилик бўлмаса, урф-одатдан келиб чиқиб иш юритиш вожиб бўлади.
Маҳрнинг олдинги (муъажжал) қисмини олишдан аввал, гарчи бошида ўз розилиги билан жинсий яқинлик қилган бўлса-да, келинни жинсий яқинлик қилмасликка, куёв билан бирга сафарга чиқмасликка ҳақи бор.
Бу ҳолатда келиннинг нафақаси куёвдан соқит бўлмайди, аммо келин куёвнинг рухсатисиз сафар қилишга ва зарурат туфайли уйдан чиқишга ҳақли бўлади. Маҳрнинг олдинги (муъажжал) қисмини олгач эса, эр уни бир шаҳардан иккинчи бир шаҳарга кўчириб олиб кетишга ҳақли бўлади.
Маҳрнинг олдинги қисмини бермаган куёв келинга бирор нарса юборса-ю, сўнгра келин: «Буни мен ҳадя деб қабул қилдим» деса, куёв эса: «Мен буни маҳр деб юборганман ёки берганман» деб даъволашиб қолсалар, куёвнинг сўзи эътиборга олинади. Бироқ юборилган ёки берилган нарса тез айнийдиган озиқ-овқат, масалан нон, гўшт кабилар бўлса, келиннинг сўзи ҳисобга олинади.
Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар