1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Муҳаррамот - никоҳланиш ҳаром бўлган аёллар

 

Динимиз биз мусулмон эркакларга бир неча аёлларга уйланишимизни, улардан баъзиларига абадий уйланишимизни, баъзиларига вақтинча уйланишимизни ҳаром қилган.

Бу Нисо сурасининг 23-оятида баён этилган: «Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёл)лар - бу, оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган "она"ларингиз, эмишган "опа-сингил"ларингиз, қайноналарингиз, жинсий яқинликда бўлган хотинларингизнинг қарамоғингизда бўлган қизлари - жинсий яқинликда бўлмаган бўлсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас - яна, ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларидир. Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ кечиримли ва марҳаматли зотдир».
Нисо сурасининг 24-оятида яна бундай марҳамат қилинади: "Яна, эрли хотинлар (никоҳи ҳам ҳаром қилинди), магар қарамоғингиздаги жориялар (бундан мустасно). Бу (мазкурларнинг ҳаммаси) Аллоҳнинг битиги (фарзи)дир. Ана шулардан бошқа аёлларга зинокорона эмас, (балки) молларингиз (маҳр) билан уйланишингиз сизларга ҳалол қилинди. Улар билан (никоҳ орқали) яқинлик қилишингиз биланоқ, белгиланган ҳақларини (маҳрларини) беринг. (Маҳр) белгилангандан кейин ўзаро келишсангиз (хотин ўз маҳридан кечса), сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир".
Ояти каримадаги "оналарингиз"дан мурод, ўзингизнинг туққан онангиз, отангизнинг барча аёллари, онангизнинг оналари, отангизнинг оналаридир. Яъни, ота ва она тарафидан бўлган эна ва бувиларингиздир. Уларга уйланиш абадий ҳаромдир.
"Қизларингиз"дан мурод ўзингизнинг пуштингиздан бўлган қизларингиз, ўғил ва қизларингизнинг, қиёматга қадар, қизларидир. Уларга уйланиш абадий ҳаромдир.
"Опа-сингилларингиз"дан мурод ота-она бир ё ота бир ёки она бир опа-сингиллардир. Уларга уйланиш ҳам абадий ҳаромдир.
"Аммаларингиз"дан мурод ота-она бир амма ё ота бир амма ё она бир аммадир. Шунингдек, ота-бобонинг аммалари ҳамда она-бувиларнинг аммалари ҳам "аммаларингиз"га киради. Улар билан турмуш қуриш ҳам абадий ҳаромдир.
"Холаларингиз"дан мурод ота-она бир хола ё ота бир хола ёки она бир холадир. Ота-онанинг холалари ҳам "холаларингиз" ҳисобланади. Холалар билан турмуш қуриш ҳам абадий ҳаромдир.
"Ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари"дан мурод ота-она бир ака-ука, опа-сингилларнинг ё ота бир ака-ука, опа-сингилларнинг ёки она бир ака-ука, опа-сингилларнинг қизларидир. Уларга уйланиш ҳам абадий ҳаромдир.
Шу ўринга қадар насаб жиҳатидан уйланиб бўлмайдиган аёллар айтилди. Насаб жиҳатидан қайси аёлларга уйланиш ҳаром бўлса, эмикдошлик сабабидан ҳам ана шундай аёлларга уйланиш ҳаромдир. Сут берган, яъни эмизган аёл ҳам она ҳукмига ўтади ва ўз онаси, ота-онасининг онаси, опа-сингиллари, аммалари, холалари ва уларнинг ҳамда ака-укаларнинг қизларига уйланиш абадий ҳаром бўлганидек, эмизган она ва унинг ана шундай аёл яқинларига уйланиш абадий ҳаромдир.
Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: "Сут оналик (эмикдошлик) - боланинг бегона аёлни бир бор эмиши билан собит бўлади". Бунга риоя ва эътибор қилиш керак. Айрим жойларда, хусусан, қишлоқларда қўшниларга қараб туриш учун қолдирилган гўдакни қўшни аёл овутиш мақсадида бир-икки эмизиб, сўнг уни эмизганини эсдан чиқариши ҳолати учраб туради. Ҳолбуки, гўдак икки ярим ёшига қадар бирор аёлнинг ақалли бир томчи сутини эмса ҳам, ўша аёл унга она ҳукмига ўтади. Аёллар жуда яхши билиши лозимки, уларнинг бир томчи сутини эмган бола уларнинг фарзанди ҳукмига ўтади. Эмизган аёлнинг ҳамма қариндошлари ҳам болага қариндош ҳукмига ўтади.
Боланинг қулоғига томизилган сут билан у ҳукм собит бўлмайди. Агар аёлнинг сути бирор егулик ёки овқатга қўшилса ва сути миқдори овқатдан кўп бўлса, қайнатилса-да, уни еган болага сути овқатига қўшилган аёл она ҳисобланади. Она сути бошқа ҳайвон сутлари билан аралаштирилиб берилса ҳам, шу ҳукм собит бўлади. Бунга катта аҳамият бериш керак.
Эр киши бир аёлга никоҳланиши билан у аёлнинг онаси, яъни эрнинг қайнонаси ва қайнона бувиси унга (эрга) абадий ҳаром бўлади. Ояти каримадаги "қайноналарингиз"ана шунга ишорадир. Ояти каримадаги баён қилинганидек, бир аёлга никоҳланиб у билан жинсий яқинлик қилган кишига у аёлнинг қизига ё у аёлнинг ўғлининг қизига уйланиш абадий ҳаром бўлади.
Зино қилган кимсага (зино катта гуноҳ) зино қилгани аёлнинг онаси ва қизи билан ҳам никоҳланиши абадий ҳаром бўлади. Бегона аёлни шаҳват билан қучган, жинсий аъзоларини ушлаган кишига ҳам шу ҳукм жорийдир. Буни ҳар ким билиши лозим.
Ояти каримада ўғилларнинг, ўғилнинг ўғлининг, қизнинг ўғлининг хотинларини никоҳга олиш ҳам абадий ҳаром экани таъкидланган. Ўғил хотинидан ажралса ёки ўлса, ота унинг хотинини олмайди, у абадий ҳаром қилинган. Бу ҳукм асранди ва ўгай ўғилларнинг хотинларига тааллуқли эмас.
Яна у ояти каримада икки опа-сингилни бир вақтда никохда сақлаш, бирини талоқ қилмай иккинчисини никоҳга олиш ҳаром экани баён қилинган. Киши опа-сингилнинг бирин талоқ қилгандан кейин уч ҳайз муддати ўтгач, иккинчисига никоҳланиши мум-кин, холос.
Бу масалалар ҳамма мусулмонлар яхши билиши лозим бўлган масалалардандир.
Амма-холаларнинг қизлари, қиз набиралари билан никоҳланиш жоиздир.

Муҳаммад Аҳмад Канъоннинг
"Эр-хотинлик асослари" китобидан