1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

«Исломда аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас!»

Оиланинг таъминоти, сарф-харажати эркакнинг зиммасидаги вожиб амал экани, у аҳли аёлининг ҳар тарафлама ҳожатини чиқариши лозимлигини юқорида бир неча ўринларда ўргандик. Энди нафақа нима экани, Исломда унинг ҳукми қандайлиги ҳақида «Ҳадис ва Ҳаёт» ҳамда «Яхшилик ва силаи раҳм» китоблари оқали маълумот оламиз:
«Нафақа» сўзи яхшиликка маблағ чиқариш деган маънони англатади. Шариатда эса ўз қарамоғидаги кишини етарли кийим, таом ва маскан билан таъминлашдир. Нафақа эру хотинлик ва қариндошлик йўли билан вожиб бўлади.
Эрга хотини учун вожиб нафақалар беш қисмдан иборатдир:
1. Таом.
Бунга озиқ-овқат, ичимлик ва овқатга қўшиб ейиладиган нарсалар (сирка, ёғ ва шунга ўхшаш) ҳамда овқат пишириш учун кетадиган барча нарсалар киради. Таомнинг миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.
2. Кийим.
Етарли даражада, бир сидра кийим-бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва шофеъий мазҳабларида ҳар олти ойда бир сидра янги кийим олиб берилади, дейилган.
3. Маскан.
Эр ўз хотинини маскан билан таъминлаши вожиб. Маскан эрнинг молиявий имконияти даражасида бўлади. Шу билан бирга, маскан тўлиқ жиҳозланган бўлиши шарт. Унда яшаш учун керакли ҳар бир нарса бўлиши лозим.
4. Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор олиб бериш ҳам унинг нафақасига киради.
5. Тозалик асбоб-анжомлари ва уйнинг керакли матоҳлари.
Агар эр моли бўла туриб нафақа бермаса, қози уни қамашга ҳукм чиқаради. Хотин талаб қилса, бошқа мулклари сотилиб, унинг нафақаси берилади. Эр ноиложликдан нафақа бера олмаса, қамалмайди.
Қариндошлик йўли билан ҳам нафақа вожиб бўлади. Болаларга, ота-оналарга ва маҳрам қариндошларга, улар ожиз бўлган такдирда, имкони бор қариндош нафақа беради.
Болаларнинг нафақаси отага вожиб бўлади. Ота йўқ ёки ожиз бўлса, унинг ўрнини босадиган кишига вожиб бўлади. Боланинг нафақаси у кичик ёшда бўлиши, қиз бўлиши, амалдан ман қилувчи беморлик билан оғриши каби сабабларга биноан, отага вожиб бўлади.
Шунга ўхшаш ота-она, бобо-момо ва бошқа қариндош-уруғларга нафақа масаласи ҳам аниқ шарт-шароитлари билан фиқҳ китобларимизда батафсил баён қилингандир.
Бу масалани ўрганар эканмиз, Ислом шариати қанчалар мукаммал, қанчалар инсонпарвар эканлигига яна бир бор амин бўламиз.
Мусулмонлар эса ушбу таълимотларга амал қилиб, саодатли ҳаёт кечиришлари лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақанинг афзали беҳожат қиладиганидир. Устун қўл остин қўлдан яхшидир. Ўз аҳли аёлингдан бошла. Хотин: «Таом бер ёки талоқ қил», дейди. Қул: «Аввал таом бериб, кейин ишлат», дейди. Ўғил: «Таом бер, мени кимга ташлайсан?» дейди», дедилар. Одамлар: «Эй Абу Ҳурайра, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдингми?» дейишди. «Иўқ! Бу Абу Ҳурайранинг халтасидан!» деди».
Бухорий ва Аҳмад ривоят қилган.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Садақа ёки нафақа берганда олган одамнинг ҳожати битадиган қилиб бериш кераклиги. Айниқса, нафақа вожиб бўлганидан кейин уни етарли қилиб бериш ҳам вожиб бўлади.
2. Нафақа энг аввал аҳли аёлдан бошланиши. Аҳли аёл деганда хотин, бола-чақа ва оиладаги бошқа кишилар тушунилади.
4. Хотиннинг нафақаси вожиблиги.
5. Болаларнинг нафақаси вожиблиги.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Назирнинг хурмосидан сотиб, ўз аҳлларига бир йиллик қутларини сақлаб қўяр эдилар».
Бану Назирнинг ўлжага тушган ерларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам улуш теккан эди. У зот ўша ердаги хурмо боғларининг мевасини сотар ва оналаримизнинг бир йиллик сарфларини жамғариб қўяр эдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига вожиб бўлган нафақага қанчалик эътибор беришларини кўрсатади».
Энди аҳлига нафақа қилишнинг фазилати ҳақида «Яхшилик ва силаи раҳм» китобида келган хабарлар билан танишамиз:
«Аҳли аёл, бола-чақага кетаётган сарф-харажат ҳам садақа сифатида савобга сабаб бўлади.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «...Молингдан садақа қилсанг ҳам садақа, хотининг таомингдан еса ҳам садақа. Сен аҳли аёлингни мол билан қолдириб кетишинг уларнинг бошқалардан тиланиб юришидан кўра яхшидир», дедилар».
Одамлар садақа ҳақидаги гапларни эшитиб олиб, бу тарафи эсидан чиқиб қоладида, бола-чақасидан қисиб, садақа қилишга ўтади. Бу каби ишлар чин кўнгилдан бўлиши мумкин, лекин кўпроқ одамларнинг гапиришига қизиқиш бор. Савоб - бола-чақани таъминлашда! Бола чақани таъминлаш, аҳли аёлни таъминлаш вожиб, қолганлари эса нафлдир.
Савбондан ривоят қилинади: «Кишининг нафақа қилган энг афзал динори ахди аёлига ёки Аллоҳнинг йўлидаги уловига, ёхуд Аллоҳнинг йўлидаги дўстларига нафақа қиладиган(нарсаси)дир».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Нозик хилқат" китобидан