1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Элчилар саййидининг (с.а.в.) никоҳ хусусидаги йўриқлари

 

 

 

Йўлбошчимиз Расулуллоҳ (с.а.в.) турмуш қурганлар ва умматларини ҳам турмуш қуришга чақирганлар Аллоҳ таоло айтганки: «Албатта, сизларга Аллоҳнинг элчисида (эргашишингиз учун) гўзал ўрнак бор».

Демак, турмуш қуриш Ислом динида айб ёки нуқсон эмас, балки юксаклик ва камолот ҳисобланади. У билан инсон шайтон васвасаларидан сақланиб, шаҳват келтириши мумкин бўлган офатларни даф қилади. Кўзини ҳаромдан тийиб, зино ва гуноҳлардан узоқ бўлади. Нафсини роҳатлантириб суҳбатлашиш, бирга ўтириш, аёлига қараш ва ҳазиллашишга ўхшаш хоҳиш­истакларни рўёбга чиқаради. Инсон нафси табатан зерикувчан ва ҳақдан қочувчи бўлганлиги сабаб, уни ҳалол билан қондириб турилмаса, ҳаромга  майл бўлиб қолади.

Қуйида никоҳ фазилатининг баёнида келган саййидимизнинг (с.а.в.) йўриқларидан баъзиларини ҳавола этамиз.

Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: «Дунё матодир, дунё матоларининг яхшироғи солиҳа – тақводор аёлдир» (Муслим, Ибн Можа ривояти). Яъни дунё доимий бўлмаган, вақтинчалик фойдаланиб турадиган нарсадир. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки, бу ҳаёти дунё охират олдида фақт бир арзимас матодир» (Раъд, 26). Ана шу, дунё матоларидан яхшиси тўғри йўлдаги, ақлли аёл бўлиб, эркак саодатининг бир бўлагидир.

Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: «Кимки Аллоҳ ҳузарига тоза­покланган ҳолда боришни хоҳласа, ҳур­озод аёлларга уйлансин» (Ибн Можа ривояти) Яъни, озод аёллардан бўлган пок, иймонлиларга уйлансин, токи ўзининг наслини қулликка рўбарў қилмасин. Чунки мулк бўлмиш қул аёлга, зарурат талаб қилгандан бошқа пайт уйланиш жоиз эмас, шунга ўхшаш гуноҳкор – фоҳиша аёлга ҳам мусулмоннинг уйланиши мумкин эмас. Ундай аёл вабо ва балодир. Бу ерда ёмонликлари вабога ўхшаб юқиши мумкин бўлган, балога мубтало қиладиган аёл назарда тутилмоқда).

Эрга тегиб чиққан жувонга уйланишдан кўра бокира қизга уйланиш яхшироқ ва афзалроқдир. Термизий ва Насоий, Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилади. У киши айтганлар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида бир аёлга уйландим ва Набий (с.а.в.) ҳузурларига борганимда айтдилар: «Уйландингми, эй Жобир?» «Ҳа, эй Расулуллоҳ», дедим. «Бокирагами, эрдан чиққангами?» деб сўрадилар. «Эрдан чиққанга», дедим. Айтдилар: «Сен ҳазиллашиб, ўйин­кулги қиладиган (ёш) қизга уйланмадингми?» Айтдимки: «Эй Расулуллоҳ отам Абдуллоҳ қазо қилдилар ва еттита (ёки тўққизта) қиз қолдирдилар, шуларга қарайдиган одам олиб келдим (яъни, уларнинг ишларини ўнглайди ва ўз қарамоғига олади». Бусўзларимни эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в.)) менинг ҳаққимга дуо қилдилар (Термизий, Ибн Можа, Насоий ривоятлари). Набий (с.а.в.) Жобир ибн Абдуллоҳнинг саҳобанинг бу ишларини маъқуллаганлар ва ҳақларига дуо қилганлар. Чунки саҳобий ўзининг фойдасидан аввал сингилларига яхшилик қилишни ўйлаганлар. Шу сабабдан Жобир ибн Абдуллоҳ, уй ишлари ва сингилларининг тарбияси билан шуғулланиш учун турмушдан ажраган аёлга уйланганлар.

Саид ибн Жубайрдан ривоят қилганлар, Ибн Аббос мендан сўрадилар: «Уйландингми?» «Йўқ», дедим. Айтдилар: «Уйлан, чунки, умматнинг яхшиси аёллари кўпидир» (Бухорий ривояти). Бу билан Набий (с.а.в.)ни назарда тутдилар, уларнинг тўққизта аёллари бор эди. Ибн Аббос (р.а.) Саид ибн Жубайрнинг Расулуллоҳ (с.а.в.)га уйланиш борасида эргашишларини ирода қилганлар, баъзилар ўйлагандек, аёлларнинг саноғи ва уларни кўпайтириш борасида эмас.

Бешинчидан, уммул­мўминин Оиша Набийнинг (с.а.в.) барча аёллари ичида ягона бокира ҳолда турмуш қурганлари билан фахрланар эдилар. Бир куни Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларида тутган ўринлари ва уларга бўлган муҳаббатларини зиёда қилган ҳолда суҳбатлашаётиб:: («Эй Расулуллоҳ, агар бир водийга тушсангиз ва у ерда меваси тугаган ва яна меваси ейилмаган дарахтни кўрсангиз, уларнинг қайси бирига туянгизни боғлаган бўлар эдингиз?» деб сўрадилар. У киши: «Меваси ейилмаганига», деб жавоб қилдилар. Бу билан Расулуллоҳ (с.а.в.) улардан бошқа бокирага уйланмаганларини назарда тутганлар. (Бухорий ривояти. Саййида Оишанинг бу сўзларидан мурод, бокираларга уйланишга тарғиб кўпроқлигидир, улар Расулуллоҳ (с.а.в.) наздларида бошқа аёлларидан кўра мартабалироқ бўлишга ҳарис бўлганлар. Чунки (юқорида айтилганидек) улардан бошқа бокира билан турмуш қурмаганлар. Бу ва бошқа бокираларга никоҳланиш фазилатига далолат қиладиган ҳадисларда келган маъно – эрга тегиб чиққан аёл аввалги турмуш ўртоғига қайсидир даражада қалби боғланган бўлади. Бокираларга никоҳланишда эр аёли билан ўйнашиб­ҳазиллашиши, бир­бирини кулдириши ва чиройли турмуш қуриши назарда тутиладики, уларнинг ўзаро ҳаёти бирлик ва ҳамжиҳатликнинг намунаси бўлсин.