1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

«Табаттул» роҳибликка ўхшайди

 

 

 

Насроний динида «роҳиблик» фикрати қандай зоҳир бўлса, баъзи мусулмонларда «табаттул» – таркидунёчилик фикрати шундай зоҳир бўлади. «Табаттул»нинг маъноси аёллардан узилиб, Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун никоҳни тарк қилишдир. Саҳобаларнинг баъзилари таббатул қилмоқчи бўлганларида Пайғамбар (с.а.в.) бу ишдан қайтариб, ундан ҳазар қилишга буюрганлар. Роҳиблик Аллоҳнинг шариатига, никоҳ билан инсон наслининг давомийлигини таъминлашдаги У зотнинг азалий ҳикматига қарши чиқишдир..

Бунга қуйидаги далиллар келган:

Биринчидан, Саъд ибн Абу Ваққосдан (р.а.) айтдилар: «Усмон ибн Мазъун  таркидунё қилишни хоҳладилар, аммо уларни бу ишдан Пайғамбар (с.а.в.) қайтарганлар» ва агар ижозат берганларида бичилиб олган бўлардик» (Муслим, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

Имом Нававий айтадилар: Агар бизга аёллар ва уларга ўхшаш бошқа дунё қувончларидан ажрланишга изн берилганида, аёллар шаҳватини даф қилиш учун уларнинг ижтиҳодидан бичиш жоизлигини гумон қилиб ўзимизни бичган бўлардик.

Иккинчидан, Оиша (р.а.) айтадилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) «табаттул»дан қайтарганлар» (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

Учинчидан, Саъд ибн Ҳишом мўминларнинг онаси Оиша (р.а.) ҳузурларига кириб дедилар: «Мен сиздан табаттул ҳақида сўрамоқчиман, бу ҳақда нималар биласиз?» Оиша (р.а.) айтдилар: «Бу ишни қилманг. Аллоҳ азза ва жалла Раъд сурасининг 38-оятида айтади.

 «Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганимиз ва уларга жуфтлар ва зурриётлар берганмиз» (Раъд, 38).

Табаттул (юқорида айтиб ўтилганидек): Аллоҳ розилиги талабида ибодат учун бўшаниш мақсадида никоҳни тарк қилишдир. Ундан қуйидаги ҳадис мисолида қайтарилган: «Албатта, Аллоҳ бизга роҳибликни ҳақ ва пок нарса (дин)га алмаштириб берди».

Қуртубий дейдилар: «Табаттул – дунё лаззатлари ва шаҳватларини тарк қилиб, Аллоҳ таоло ибодати учун никоҳни тарк қилиш» («Жамиъул  аҳкам»).      

Айний айтганлар: Ҳадисда қайтарилган табаттулдан мурод – аёллардан ажраш ва никоҳни тарк қилиш. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларининг маъноси эса

 «У аёлларга (яъни, эрлари ўлиб, идда сақлаб турган аёлларга) совчиликни ишора қилишингизда ёки ичларингизда (совчилик ҳақида) ўйлашингизда сизлар учун гуноҳ йўқ» (Бақара сураси, 235).

Аллоҳга ибодат учун ажралиб чиқиш, лекин никоҳни тарк қилиш эмас, чунки Набий (с.а.в.) ҳам бунга буюрмаганлар. (Айнийнинг «Саҳиҳул Бухорий»га шарҳлари.)

Тўртинчидан, пок шариатимиз табаттул ва роҳибликни ҳаром қилиб, ундан қайтарган. Бунга далил сифатида қуйидаги воқеани келтириш мумкин: «Пайғамбаримиз (с.а.в.) уйларига уч киши келиб, амалий суннатларга эргашиш учун қилинадиган ибодатлари ҳақида сўрашди. Набийнинг (с.а.в.) тоат­ибодатларидан хабар топишгач, у зотнинг мартабаларига эришолмаслигини билганлари ҳолда Аллоҳга яқинлаштирадиган амаллардан бир қанчаларини ўйлаб топишди. Бу нарсаларни ўзларига назр (вазифа) қилиб, бири айтди: «Мен умр бўйи рўза тутаман ва (кундузи) овқатланмайман». Иккинчиси айтдики: «Мен кечалари ухламай (ибодатда) қоим бўлиб чиқаман», учинчиси эса: «Мен роҳиблик қилиб, аёлларга ҳеч қачон уйланмайман», деди. Пайғамбар (с.а.в.) бу ишдан хабар топгач, жаҳллари чиқиб, уларни чақиртирдилар ва айтдилар: «Фалон­фалон нарсани айтганлар сизларми?», «Ҳа, эй Расулуллоҳ» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, мен албатта, сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқадиганроқ тақводорроқман. Лекин мен рўза ҳам тутиб, овқат ҳам ейман, намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёллар билан никоҳланаман ҳам. Бас, кимки суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас!»