Сайт бўлимлари
Бойлик эгалари
- Подробности
- Бўлим: Ривоят
- (Нашр қилинган санаси)
Бойлик эгаларининг Аллоҳ салтанатига кирмоғи бениҳоя даражада мушкул дейишади. Камбағал сабр ва шукронаси бўйича ҳисоб берса, бой тўплаган хазинасига ҳаром аралашганми ё йўқми, уни нимага сарф этган, закотни тўғри берганми... хуллас шунга ўхшаш кўп бурчлари бўйича ҳисоб берар экан қиёматда. Насронийларнинг илоҳий китоби «Инжил»да айтилишича, бойнинг Аллоҳ салтанатига, яъни жаннатга кирмоғидан кўра туянинг игна тешигидан ўтмоғи осонроқ эмиш.
Ровийлар дерларким, бир подшоҳ «ҳаётни ўрганиб кел», деб ўғлини дунё сафарига юборибди. Орадан ойлар ўтиб, шаҳзода саройга қайтиб, бир кафтида тупроқ, яна бирида тош билан отасига рўпара бўлибди.
— Дунё кезиб топганинг шу бўлдими? — деб ранжибди подшоҳ. — Хўш, буларингдан қандай маъно уқмоғим керак?
— Подшоҳ қанчалар улуғ, қанчалар қудратли бўлмасин, у тупроқдан яралган ва оқибат яна тупроққа айлангуси. Шундай экан, то аслига қайт-гунига қадар Аллоҳга мақбул ишларни қилиши, яъни раъиятга меҳр-муҳаббатда бўлмоғи шарт экан. Тошнинг маъноси эса: хазинадан яхшилик йўлида фойдаланилмас экан, ундаги олтину жавоҳирнинг қадри билан бу тошнинг қиймати бир хилдир, — деб, шаҳзода бир ривоят айтибди:
— Зиқна бой далага чиқиб, хуржун тўла олтинини кўмиб қўйибди-да, хазина кўмилган ерни ҳар куни зиёрат қилаверибди. Қўшниси битта жойга узоқ тикилиб турувчи бойнинг бу қилиғидан ажабланиб, ўша ерни кавлабди-да, олтинларни олиб, ўрнига тош тўлдириб қўйибди. Зиқна бой кунларнинг бирида олтинларининг юзини силаб, бағрига босиб роҳатланиш мақсадида ерни кавласаки, хазина йўқ! Аламдан дод солиб турганида қўшниси яқинлашиб, не ҳол юз берганини сўрабди.
— Олтинларимни сарф қилмай шу ерга кўмиб қўйган эдим, кимдир ўғирлаб, ўрнига тош ташлаб кетибди, — деб жавоб берибди бой.
— Бекорга йиғлаяпсан, — дебди қўшниси. — Сен куйинмагин-да, тошни жойига кўмиб, ҳар куни зиёратингни қилавер. Сарф қилмаганингдан кейин бу чуқурчага тош кўмилганми ё олтинми, сен учун нима фарқи бор?
Ўғлидан бу ривоятни эшитган подшоҳ аччиқланибди-да:
— Демак, сенингча бойлик тўплаб, сақлаш шарт эмас экан-да? — дебди.
— Бойликка эга бўлмаслик ёмон, бойликка эга бўла туриб, ундан оқиллик билан фойдалана олмаслик ундан-да ёмонроқ, — деб жавоб берган экан доно шаҳзода.
Тоҳир Малик
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар