1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ихлос

Қадим замонда қайсидир бир мамлакатда одамлар дарахтга сиғинадиган одат чиқаришибди. Мамлакатнинг бош шаҳрида қоқ марказда катта дарахт бўлиб, одамлар ҳар куни унинг атрофига йиғилишар, ундан ўз ҳожатларини сўраб илтижо қилишар экан. Шу шаҳардаги ёш навқирон бир йигит бир куни эрта саҳарлаб қўлига болта олиб, шу дарахтни кесиб ташлаш учун йўлга чиқибди. Бундан хабар топган шайтон ўша йигитнинг олдида одам қиёфасида пайдо бўлиб, сўрабди:
- Қаёққа кетаяпсан?
- Мен шаҳар марказидаги дарахтни кесиб ташламоқчиман, токи одамлар у дарахтга эмас, Аллоҳга илтижо қилишсин!
Шайтон унинг нияти холис экани ва чиндан ҳам Аллоҳ учун дарахтни кесиб ташлаш учун кетаётганини сезиб, уни бу ишдан чалғитибди.
- Аллоҳнинг ўз элчилари, пайғамбарлари бор ва агар Аллоҳ дарахтнинг кесиб ташланишини хоҳласа, элчи ёки пайғамбарини жўнатган бўларди.
Аммо йигит унинг гапларига эътибор бермабди ва болтани кўтарганча йўлида давом этибди.
- Мен сени бу ишдан қайтараман,- деб одам кўринишидаги шайтон унга ташланибди. Иккаласи олишиб кетишибди ва узоқ курашдан сўнг йигит шайтоннинг курагини ерга теккизибди.
- Тўхта, мени ўлдирма! – деб ялинишга тушибди шайтон. – Сен камбағал бир одамсан. Агар пулларинг кўпайса, яхши яшашинг, бошқа камбағалларга ҳам ёрдам беришинг мумкин. Бу эса қаёқдаги дарахтни кесиб ташлашга қараганда анча савоблироқ иш. Агар «дарахтни кесмайман», деб ваъда берсанг, ҳар куни эрталаб ёстиғингнинг тагида иккита олтин танга пайдо бўладиган қилиб қўяман.
Ёш йигит шайтоннинг таклифини ўйлаб қолибди.
- Агар рост гапираётган бўлсанг, мен олтин тангаларнинг биттасини садақа қиламан, иккинчисини ўз эҳтиёжларимга ишлатаман. Бу эса, чиндан ҳам, битта дарахтни кесиб ташлашга қараганда савоблироқ бўлади. Менга ахир ҳеч ким бу дарахтни кесиб ташла деб буюргани йўқ-ку. ҳамманинг ғазабига сабаб бўладиган ишни қилиб менга нима фойда?!
Ёш йигит шайтоннинг таклифини қабул қилибди. Эртасига эрталаб ёстиғининг тагини қараса, келишилганидек, иккита олтин танга ётганмиш. Йигит унинг биттасини садақа қилибди ва биттасини ўз эҳтиёжи учун ишлатибди. Индинига ҳам, учинчи кун ҳам бу келишув давом этибди. Аммо тўртинчи куни ёстиғининг тагида пайдо бўладиган тангалар тўхтабди. Йигит ўринни титиб ташлабди, аммо кўрпанинг тагида ҳам, бошқа жойда ҳам тиллоларни кўрмабди. Жаҳли чиқиб, қўлига болтани олибди-да, яна дарахтни кесиб ташлаш учун йўлга чиқибди.
Йўлда яна аввалги ҳолат такрорланибди. Одам суратида пайдо бўлган шайтон уни яна саволга тутибди:
- Қаёққа кетаяпсан?
- Ўша дарахтни кесиб ташламоқчиман, - жавоб берибди ёш йигит.
- Мен сени бу ишдан қайтараман,- дебди шайтон.
Яна кураш бошланибди. Аммо бу сафар шайтон осонлик билан ғолиб чиқибди. одам кўринишидаги шайтон унга ташланибди. Иккаласи олишиб кетишибди ва узоқ курашдан сўнг шайтон навқирон йигитнинг курагини ерга теккизибди.
- Тўхта, мени ўлдирма! – деб ялинибди йигит. – Сени танидим, ўша аввалги сафар мен билан олишган шайтонсан. Битта саволимга жавоб бер – нима учун аввалги сафар мен сени осонлик билан мағлуб етдим, аммо энди сенга кучим етмади? Бунинг сири нимада?
- Аввалги сафар олишганимизда, сен Аллоҳ учун дарахтни кесиб ташлашни ният қилган эдинг. Шу сабабли мен билан олишганингда Аллоҳ сенга ёрдам берди. Аммо бу сафар сен иккита олтин тангани деб дарахтни кесиб ташлашни ният қилдинг, шунинг учун мен билан олишишга кучинг етмади, мен сени қийинчиликсиз йиқитдим,- деб жавоб қайтарибди шайтон ва йигитнинг бошини узиб ташлабди.
Ҳикоядан кўриниб турибдики, ниятнинг қандай бўлиши бажарилаётган ишнинг қанақа якун топишига ўз таъсирини кўрсатади. Холис ният билан қилинган ишлар қанчалик мураккаб кўринмасин, ўз-ўзидан битиб кетгандек туюлса, асосида холис ният ётмаган ишларнинг амалга ошиши мураккаблашиб, қийинлашиб бораверади.
Бугунги ҳикоядан чиқариладиган хулоса – ҳар бир ишда аввал ниятингизни тўғирлаб олишга ҳаракат қилинг. Кейин эса уни иккиланишсиз, дадил бажараверинг! Холис ният билан бошланган ишларга Аллоҳнинг кўмакчи бўлиши шубҳасиз!