Сайт бўлимлари
Яна Валентин куни ҳақида
- Подробности
- Бўлим: Таҳлил
- Чиққан санаси: 13 Февраль 2018
- (Нашр қилинган санаси)
Абу Саъйид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят этган ҳадисда шундай дейилади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: "Сизлар аввал ўтган қавмларнинг йўлларига қаричма-қарич, газма-газ эргашиб кетурсизлар". Савол берилди: "Ё Расулаллоҳ, яҳуд ва насороларни айтяпсизми?" Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бўлмаса кимни?" (Бухорий ва Муслим ривояти)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимадан огоҳлантирган бўлсалар, ўша бугун содир бўлди ва кўпчилик мусулмонлар орасида оммавийлашди. Аксар мусулмонлар Аллоҳнинг душманларига кўп феълларда эргашдилар ва уларнинг урф-одатлари, анъана ва байрамларига тақлид қилдилар. Оммавий алоқа воситаларининг кўпайиши натижасида эса бу баттарроқ тус олди: ғайри динларнинг, ғайри миллатларнинг одатлари барча дабдабаю-асъаса билан ғайри ўчоқларидан мусулмонлар орасига фазовий телеканаллар, интернет тармоғи, газета ва журналлар орқали узатилди, содда мусулмонлар эса уларнинг зоҳирий зийнати таъсирига мубтало бўлдилар.
Бу одатларнинг бири –сўнгги йилларда мусулмон ёшлар орасида тарқатилган фаҳш, зино ва энг жирканч ахлоқсизликларга тўла бир анъанадир. Бу анъананинг номи "Авлиё Валентин куни" аталиб, мусулмонларнинг насороларга тақлид қилишлари оқибатида юзага келди. Ўзбек йигит-қизларининг тушуниб-тушунмай бир-бирларига юрак шаклидаги ёки қанотли Купидон (грек афсоналаридаги муҳаббат маъбуди) тасвири туширилган номалар (откриткалар), яна Валентин куни анъанасига кўра шоколад, гулдаста каби бошқа-бошқа совғалар тақдим этишлари тобора урф бўлиб бормоқда.
Ғайри дин, ғайри удумлар асосида шаклланиб кириб келган, ўзлигимизга соя солаётган Валентин кунига эҳтиёж борми? Бу қандай кун ўзи?
ВАЛЕНТИН КУНИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШ ТАРИХИ
Бундан 17 аср муқаддам, қадимги Римда буптарастлик расмий дин бўлган замонларда, "Севги байрами" деган байрам бўлган. Бу – бутпарастларнинг наздида ўз маъбудларига нисбатан "руҳий муҳаббат" изҳори саналган. Бу байрамнинг келиб чиқиши билан боғлиқ бир неча афсоналар мавжуд. Биз улардан иккитасини келтириб ўтамиз.
Севишганлар байрами Қадимги Римда бетартиб севги бути бўлмиш Жуно Фебруата (Juno Februata) ва пода бути Фавнага (Луперк — унинг исмларидан бири) бағишлаб нишонланадиган Луперкалиа (Lupercalia - http://ru.wikipedia.org/wiki/Луперкалии) фахш фестивалига бориб тақалади.
Қадим Римда болалар ўлими жуда кенг тарқалган ва миллоддан аввалги 276 йилда Рим аёллардаги хомилани тушиб қолиши ва ўлик туғилиш натижасида насл давом этиши таҳдид остида қолган. Шунда мунажжим фолбинлар бу муаммони ҳал қилиш учун янги қурбонлик қилинган хайвон териси билан аёлларни “савалаш” керак деган хабарни беради.
Ромул (Рим асосчиси) бир она бўрини эмиб қўйган жойи (шу туфайли она бўри унга куч-қувват ва ҳикмат ато этган деб эътиқод қилишган) римликлар наздида муқаддас жой ҳисобланган ва Луперкалиа фахш фестивали шу жойда ҳар йили февраль ўрталарида нишонлаганлар.
Уильям М. Купер томонидан ёзилган «Иллюстрированной истории Рода» келтирилишича Луперкалиа фестивалининг асосий қисмида бир қанча беҳаё кишилар бўлишган. Одат бўйича, ўша ер аҳолиси ўз бутларига атаб қурбонликка эчки ва ит сўйиб, қонини йигитлар баданига суртишар, сўнг эса уни сут билан ювишарди. Кейин иккиси бошчилигидаги парад Рим кўчалари бўйлаб кезарди. Уларнинг қўлларида қурбонликка сўйилган ит ва эчки териларидан кесиб олинган тасма бўлган. Бу икки йигит йўлда учраган кишини ана шу тасмалар билан савалаб борган. Римлик аёллар эса атайлаб бориб, ўзларини калтакка тутиб беришган, чунки бу тасмалар бепуштликни кетказади, деб ишонишган.
Бу байрамни нишонлаш насронийлик даврига келиб ҳам давом этди.
Бу байрамнинг Валентин кунига қандай алоқаси бор?
Валентин - насоролар тарихидаги роҳиблардан бирининг номи бўлиб, 296 милодий йили у Готларнинг саркардаси Клаудиус қувғинлари оқибатида ҳалок бўлган. 350 м. йили насоролар унинг хотирасини "абадийлаштириш" учун у ўлган жойда черков қуришган. Римликлар насронийликка ўтгач, улар мазкур "Севги байрами"ни нишонлашни тўхтатмадилар. Балки бутпарастча "руҳий муҳаббат" деб эмас, балки насороча талқин билан "муҳаббат шаҳидлари куни", "барча севишганлар байрами" деб аталди, Валентин ҳам ишсиз қолмади, унга "барча ошиқ-маъшуқлар авлиёси" мақоми берилиб, дунёда севги ва тинчликни сақлаб туриш вазифаси юклатилди.
Ушбу байрамга тааллуқли яна бир одат шу эдики, бўйи етган қизлар ўз исмларини бир парча қоғозга ёзишиб, ликопчага ташлардилар. Сўнг уйланмоқчи бўлган йигитлар чақириларди-да, ҳар бири ликопчадаги варақлардан бирини тортарди. Йигит бир йил мобайнида исми чиққан қизнинг хизматида бўларди. Келаси йил байрамида улар ё никоҳдан ўтиши керак эди, ёки яна қоғоз тортиларди.
Шуни ҳам айтиш керакки, насоро расмийлари (масалан, Италияда) бу байрамни таъқиқлаган. Чунки у ёшлар маънавиятига улкан хавф бўлиб, жамиятда фасод ва бузуқликни кўпайтирар эди. Аммо кўп ўтмасдан, 18-19 асрларга келиб Валентин куни насороларда барибир байрам қилинадиган бўлди. Бунга сабаб, бир тарафдан, ўзлари бу таъқиққа амал қилишмасди: тарки дунё қилиб, бор умрини фақат тоат-ибодатга назр қилган насроний уммати, айниқса дин пешволари шаҳват ботқоғига аллақачон ғарқ бўлиб улгурган эди: эркаклар баччавозлик, аёллар эса фоҳишалик билан шуғулланишар, ибодатхоналар эса фаҳш ва зино билан тўлган эди. Иккинчидан, черков, ўз тарафидан, бу байрамга қарши тақдим этишга яроқли ҳеч нарсага эга эмасди.
Натижада, бир қатор ғарб давлатларида бутун бир дўкончалар пайдо бўлиб, “Валентин куни”га тааллуқли совғалар билан савдо қилиш бошланди, улар орасида “Валентин китоби” номли китобчалар эди. Уларда ишқий шеърлар битилган бўлиб, севги изҳор этишни истаганлар бу шеърлардан бирини танлаб, ўз севгилисига тақдим этиши мумкин эди. Уларда ишқий мактуб ёзиш бўйича тавсиялар ҳам бериларди.
Бу байрамнинг келиб чиқиши ҳақидаги бошқа бир ривоятда шундай дейилади. Насронийлик кенг тарқалиб, Римликлар масиҳий қилингач, учинчи милодий асрга келиб Рим императори Клаудиус II ўз аскарларига уйланишни таъқиқлайди, чунки уйланган аскарлар армия сафидан озод этиларди. Бу таъқиққа қарши Валентин исмли роҳиб (кейинроқ насоролар унга авлиё мақомини беришган), уйланишга рухсат деган фатво чиқаради ва аскарларни махфий турда никоҳдан ўтказади. Бундан хабар топган император “қонунбузар роҳиб”ни қамоққа ташлайди ва ўлимга маҳкум этади. Қамоқда Валентин қамоқхона бошлиғининг қизини севиб қолади, аммо бу ҳам сир тутилиши керак эди, чунки насоро қонунлари бўйича, ҳеч бир роҳиб ё черков ходимининг уйланиш ё бирон аёлни севишга ҳаққи йўқ.
Шундай бўлса-да, насоролар уни авлиё санайдилар. Нега? Эмишки, гўё император унга агар насронийликдан қайтиб, Рим бутларига сажда қилса, унга юқори лавозим ва ўз қизини никоҳлаб беришини ваъда қилганида, Валентин рози бўлмай, насронийликни ихтиёр қилганмиш. Оқибатда 270 м.йил 14 февралда қатл этилган ва мазкур кун ҳалиги роҳиб номи билан боғлиқ бўлиб қолган эмиш.
Тарихчи Уилл Дюраннинг таъкидлашича, насоро черкови йилнинг ҳар кунини алоҳида авлиё номи билан атаб, тақвим тузиб чиқди. Англияда Валентин куни қишнинг сўнгига тўғри келиши керак эди. Бу кун уларнинг ақидасига кўра, ўрмондаги қушлар ўзгача фаоллик билан қўшилишар экан, шунинг учун йигитлар ҳам севган қизларининг деразаси остига гулдасталар қўйиши лозим эди (Story of Civilisation, Will Durant 15/23).
Папа 270 м.йилга келиб Валентин ўлган кунни “Севги байрами” деб нишонлашга расмий турда фатво чиқарди. Ниҳоят, Папа "ҳазрат"ларининг фатвоси билан бир бутпарастларнинг замонлар қолиб кетган нопок анъаналари самовий диннинг тўридан жой олди. Мана сизга папа! Папа дегани кимлигини биласизми? “Папа – бош епископ, коинот черковининг отаси, авлиё Пётрнинг ўринбосари”. Тарихга холис назар ташлаган одам папаларнинг бундан бошқа масалаларда ҳам динда йўқ нарсаларни дин қилиб беришларига гувоҳ бўлади!
Аллоҳ таоло ўз каломида шундай дейди: “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳборларини ва роҳибларини рабб қилиб олдилар”. (Тавба:31)
Адий ибн Хотим разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Мен (ҳали мусулмон бўлмаган пайтимда) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келдим. Бўйнимда олтин салб (крест) бор эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга дедилар: “Ташлаб юбор бу бутни, ё Адий!” Сўнгра “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳборларини ва роҳибларини рабб қилиб олдилар” оятини ўқидилар. Мен дедим: “Ахир уларга ибодат қилмаганлар-ку?” У зот дедилар: “Йўқ, ибодат қилганлар! Улар ҳаромни ҳалол қилиб берсалар, ҳалол санаб, ҳалолни ҳаром қилиб берсалар, ҳаром санаганмидилар?” Мен: “ҳа. Шундай қилгандилар”. У зот дедилар: “Бас, мана шу – ибодатларидир” (Термизий ривоят қилган ҳасан ҳадис)
БУ БАЙРАМНИНГ АСОСИЙ РАМЗЛАРИ
-Бу кунни (худди бошқа байрамлари қаторида) қувонч ва хурсандчилик билан ўтказиш.
-Бутпарастларнинг “руҳий муҳаббат” ёки насороларнинг “севги” тимсоли бўлмиш қизил атиргуллар алишиш.
-Битоқа (откритка)лар юбориш. Уларнинг баъзиларида Купидон сурати тасвирланади (Купидон – қадимги Римдаги севги илоҳи, яланғоч ва хатна қилинмаган қанотли гўдак бўлиб, қўлида камон ва ўқ ушлаган). Субҳоналлоҳ! Аллоҳ уларнинг бу бўҳтонларидан юксак ва покдир!
-Ишқий сўзлар ва истаклар ёзилган хатлар ёзиш. Уларда шеърий, насрий ёки бир неча жумлалар битилган бўлади. Баъзи хатларда кулгили сурат ва ажабтовур сўзлар ёзилган бўлиб, кўпинча “be my Valentine!” (Валентиним бўл!) деган ибора билан якунланади.
-Кўпчилик ғарб юртларида бу кун зиёфатлар ташкил қилинади, эркагу-аёл аралаш рақслар тушилади. Кўплар ўз аёли, дўсти ёки севган бошқа кишиларига атиргул, шоколад ё бошқа совға беради.
-Севги-муҳаббат (жумладан, узоқроқ ўпишиш) мусобақалари уюштирилиб, натижада оммавий зино ва беҳаё намойишлар авж олади.
Аллоҳ таоло бизларни ўз паноҳида сақласин!
Абу Муслим тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 292 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар