1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Бир таниш дугонам бир йилдан бери турмуш ўртоғи билан никохсиз яшайди

САВОЛ: Бир таниш дугонам бир йилдан бери турмуш ўртоғи билан никохсиз яшайди. Сабаби у иккинчи хотин. Домла шуни рўкач қилиб уларга никох ўқимаяпти. Яқинда фарзанд кўриши мумкин. Дугонам эса никохсиз фарзанд кўришни истамайди. Шу вазиятда нима қилиш керак?

ЖАВОБ: Бу ерда ҳозирги кунда иккинчи хотин олаётган эркаклар аёлларни ҳақ хуқуқларини бузаётганлиги, иккинчи хотинни ёшроғини топиб олиб у билан бирга бўлиб кетиб, аввалги оиладан бўлган болаларга мутлақо қарамай қуяётганлари ва яна бошқа кўпгина мулоҳазаларни эътиборга олиб имом, домлаларга менинг билишимча иккинчи никохни қилмай туриш маъносида иттифоқ бўлган. Шу гап борлигини камина ходимингиз ҳам эшитган. Кўпинча кишиларимиз шариат берган рухсатлардан фойдаланишга жудаям ишқивоз бўлишади-ю, лекин шариат кўрсатган мажбуриятларни адо этишдан мутлақо бош тортишади. Бу ҳозирги кундаги эътибордан баъзи бир кишиларни хотинни устига хотин олиш, маъносида ҳам содир бўлаётгани аниқ. Иккинчи хотинга рухсат экан деб рухсатдан фойдаланишни динга тақаб рукач қилишади, лекин иккинчи хотин олиш билан боғлиқ бўлган диний мажбуриятларни мутлақо ўйлашмайди. Иккинчи хотин олиш қоидаси деган гап йўқ, бу ўша вақтларда шариат қоидаларига мувофиқ эхтиёжи тушганда, хотинлар ўртасида адолат қилиш шарти билан Аллоҳ таоло рухсат берган. Иккинчи хотиндан туғилган бола валади зино бўладими?- деганлар, никохни шартларини тулиқ бажариб никох боғланган бўлса валади зино бўлмайди. Никохсиз алоқадан туғилган бола эса валади зино бўлади, чунки унинг дунёга келишига сабаб бўлган эркак ва аёл зино қилган бўлса бир-бирлари билан шундай деб аталади. Аллоҳ таоло шу нарсаларни яхши тушуниб амал қилишликни насиб қилсин.

«Иштон» билан чўмилиш ноқулай-ку...

САВОЛ: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи вабаракатуҳ.
Ҳурматли Шайх ҳазратлари, сиздан сўрамоқчи бўлган масалам қуйидагидан иборат:
Яқинда бир эшиттиришда ҳаммомга яланғоч ҳолда кириш Лут қавмига хос одат дейилди. Ҳаммом деганда бир неча одамлар чўмиладиган ҳаммом назарда тутилмоқ-дами ёки ҳозирги пайтда кундалик ҳаётимиздаги бир кишилик ҳаммомлар ҳам назарда тутилганми?
Агар бир кишилик ҳаммом назарда тутилган бўлса, ғусл қилганимизда игнанинг учичалик ҳам қуруқ ер қолмаслиги керак, агар қолса ғусл қилинмаган ҳисоб бўлади, деб эшитгандим. Ундан ташқари, узр, қўполроқ бўлса ҳам илм олиш йўлида бу сўзни ишлатаман, «иштон» билан чўмилиш ноқулай-ку. Саволимга тўлиқ жавоб оламан деб умид қиламан.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Саволингизга тўлиқ жавоб олишни истасангиз, китоб ўқинг! Илмли одамни учратсам, сўраб оларман қабилида иш қилиш дуруст эмас. Яна савол ортидан тўлиқ жавобни талаб қилиш ҳам одобдан эмас.
Сиз айтган эшиттиришда нима дейилган бўлса, уни айтган одамидан сўранг. Аммо диний адабиётда «ҳаммомга кириш» деганда жамоатчилик ҳаммоми кўзда тутилишини ҳамма яхши билади.
Баҳз ибн Ҳакийм отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади:
«Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил», дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?» дедим. У зот:
«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин», дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Бухорий баъзисини ривоят қилган.
Бу ҳадисда Муовия ибн Ҳайдата розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган бир неча масалалар ва уларга берилган жавоблар келтирилмоқда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?»
«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил».
Демак, эркак киши тиззаси билан киндиги орасидаги аъзоларини ўз хотини ва чўрисидан беркитмаса ҳам бўлар экан. Аммо бошқалардан тўсмоғи вожибдир.
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?», унда нима қилади? Баъзи вақтларда беихтиёр баъзи жойлар кўриниб қолиши мумкин-ку?
«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин».
Яъни, кўпчиликнинг ичида, ноқулай ҳолатда бўлсанг ҳам авратингни бировга зинҳор кўрсатмасликка ҳаракат қил.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?»
«Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир».
Яъни, авратни тўсиш масаласида одамлардан кўра кўпроқ Аллоҳдан ҳаё қилмоқ зарур.
Шунга биноан, холи одам ўзини тўсмай ғусл қилганидан кўра, авратини тўсиб, ғусл қилгани афзал, дейилган.
Имом Бухорий китобларида «Ўзи ёлғиз, холи жойда яланғоч ғусл қилган ва тўсиниб ғусл қилган одам. Тўсмоқлик афзаллиги ҳақида боб» номли боб очганлар.
Бошқа ҳадисларда, хусусан, Мусо ва Айюб алайҳиссаломларнинг яланғоч ҳолда ғусл қилганларини васф қилувчи ҳадисларни далил қилиб, барча фақиҳлар ғусл вақтида холи бўлган одам авратини тўсиши мустаҳабдир, деганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аврат ҳақида савол бериб, билиб олиш яхшилиги.
2. Эркак киши ўз хотини ва чўрисидан авратини тўсмаса жоизлиги.
3. Хотин ва чўридан бошқадан авратни тўсиш лозимлиги.
4. Одамлар ичида бўлганда ҳам зинҳор авратни ўзгага кўрсатмасликка ҳаракат қилиш зарурлиги.
5. Холи бўлган одам авратини тўсиб ғусл қилиши афзаллиги. Валлоҳу аълам.

Етимни боқиб олишда уни фамилия ва «номи»мизга ўтказмаслигимиз керак

Етимни боқиб олишда уни фамилия ва «номи»мизга ўтказмаслигимиз керак, бу маълум, аммо етимнинг ота-онаси маълум бўлмаса нима килиш керак. (ташландиқ бўлса)
Кейин конунан уни «боқиб олишда» ҳам фамилиянгизга ўтказмасангиз ҳар хил муаммолар бўлади, шу муаммолар етимхоналарнинг кўпайишига сабаб бўлиши мумкин. Жамиятимизда етимларнинг сонини камайтиришимиз учун нималар қилишимиз керак (яъни етимларни боқиб олиш ва уларни тарбия қилишда миллатнинг роли нимадан иборат)

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аллоҳ таоло:«Аммо етимга қаҳр қилмагин.Ва аммо «соил»га зажр қилма. Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла», деган.
Зуҳо сурасидаги ушбу оятларда етимларга Аллоҳ таоло яхшилик қилишга амр қилмоқда: «Аммо етимга қаҳр қилмагин».
Яъни, уни хорлама, камситма, ҳаққини ема ва ҳоказо.
Ҳадиси шарифда: «Мусулмон оилаларнинг энг яхшиси етимга яхшилик қилувчисидир, энг ёмони эса, етимга ёмонлик қилувчисидир», дейилган.
Аллоҳ таоло Моъун сурасида динсиз шахсни маззаммат қилиб: «У етимни қўполлик билан ҳайдайдир», деган.
Яъни, ўша охират жазосини ёлғонга чиқарувчи киши етимга қўполлик қилувчи, уни ўз олдидан ҳайдаб солувчи одамдир. Ҳа, фақат охират жазосини ёлғонга чиқарувчи шахсгина етимга шу муомалани қилиши мумкин.
Етим одатда ожиз, заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни диндор деб бўлмайди.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охиратни ёлғонга чиқарувчиларнинг аввалги сифатини бундай сифатлади.
Аллоҳ таоло Инсон сурасида Ўзининг аброр бандалари васфида: «Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам уни мискин, етим ва асирларга беришади. «Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташуккур хоҳлаймиз. Албатта, биз қўрқинчли, шиддатли, узун кунда ўз Роббимиздан қўрқамиз», дерлар», деган.
Бу ояти карималарда кишиларга, жумладан, етимларга яхшилик қиладиган аброр бандаларнинг васфлари батафсил шарҳ қилинмоқда:
«Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам уни мискин, етим ва асирларга беришади».
Ана, аброрларнинг хислати нима экан! Улар ҳаттоки ўзларига таом керак бўлиб, ҳожатлари тушиб турса ҳам, мискин, етим, асирларни ўзларидан устун қўйиб, таомни уларга берадилар. Таом яхши бўлса, албатта, уни кўпроқ тановул қилишга кишида мойиллик бўлади.
Ана шундай ҳолларда уни фақирга бериш бойнинг камбағални ҳурмат қилишидан келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида улар орасида тенглик бўлишига олиб келади.
Оятдаги «мискин» сўзининг алоҳида таъкидланиши ҳам айнан шунга қаратилган. Чунки мискинга, яъни ўзига ва оиласига етарли еб-ичиш таоми бўлмаган одамга ёрдам бериш ўзига тўқларнинг бурчидир.
Етимларга ёрдам бериш ҳам ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фа-қат зарар келтирувчи шахсга айланади. Бунга мисол келтириб ўтириш шарт эмас. Атрофимизга ақл кўзи билан бир назар солсак бас.
Ислом дини кишилик жамиятида қарор топа бошлаган дастлабки кунларданоқ душманлардан қўлга тушган асир ҳаётини сақлаб қолиш, унинг инсонлик ҳуқуқини ҳурмат қилишга даъват этди.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга оятлар ҳам нозил қилинади. У зот бундан 1400 йил аввал, бутун дунё инсон хуқуқи нима эканини билмай турган бир пайтда Аллоҳнинг ана шундай инсонпарвар ҳукмини эълон қилдилар.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундоқмиз", деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда етимни ўз кафолатига олган кишига жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиш ваъда қилинмоқда. Бу эса етимга кафиллик қилиш улуғ иш эканига далилдир.
Муслимнинг ривоятида: «Ўзига қарашли ёки ўзгага қарашли етимнинг кафили ва мен жаннатда мана булар каби бўламиз», деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларга ишора қилдилар», дейилган».
Бундан етим кафили қариндошлардан бўладими ёки тамоман бегоналардан бўладими барибир унга бериладиган мукофот олий даражада бўлаверишини билиб оламиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким икки мусулмондан бўлган етимни тутиб таом ва шароб берса, албатта, Аллоҳ уни жаннатга киритади», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Мусулмон ота-онадан қолган етимни риоясини қилиш қанчалик улуғ ишлигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз.
Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бева ва етим учун саъй-ҳаракат қилувчи Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳид кабидир. Ёки наҳорни рўза тутиб, тунни бедор бўлиб ўтказувчи кабидир", дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Ҳаммамиз Аллоҳнинг йўлидаги мужо-ҳиднинг қанчалар улуғ иш қилишини ва унга бериладиган савоблару мартабалардан яхши хабардормиз.
Шунингдек наҳорни рўза тутиб, тунни бедор бўлиб ўтказувчи киши қанчалар улуғ иш қилишини ва унга бериладиган савоблару мартабалардан яхши хабардормиз.
Энди эса бева ва етим учун саъй-ҳаракат қилувчи ҳам улар билан баробар эканлигини билиб олдик. Бас, бева ва етим учун саъй-ҳаракат қилувчилардан бўлишга уринайлик. Валлоҳу аълам.

Замонавий ҳомилани ман қилувчи воситалар

САВОЛ: Замонавий контрацептив воситалардан фойдаланиш ҳақида Ислом дини қандай кўрсатмалар беради?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Замонавий ҳомилани ман қилувчи воситалар, албатта, бизнинг замонамизда чиққан.
Қуръони карим нозил бўлиб турган пайтда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётда юрган пайтларида, саҳобаларнинг даврларида, тобеъинларнинг даврларида, табаъ тобеъинлар, кейинги мужтаҳид уламоларимизнинг даврларида бу каби воситалар бўлмаган.
Ҳомилани ман қилувчи воситалар яқин орада юзага чиқди, уни албатта Ғарбдаги халқларнинг вакиллари, мутахассислари чиқаришди.
Шунинг учун бу нарса аввал Ғарбда жорий бўлиб, татбиқ қилиниб, кейин шарққа, мусулмонлар яшайдиган юртларга ҳам кириб келди, шунинг учун ҳозирги саволга ўхшаш саволлар мусулмон уламоларига мусулмон кишилар томонидан бериладиган бўлди.
Буни уламоларимиз ўрганиб чиқдилар. «Қадимда шунга ўхшаш бирор ҳодисалар, амалиётлар бўлганмикан?» деган саволларга ўша пайтда арабларда «азл» деб аталган нарса бўлиши ўрганилди. Китобларда бу нарса борлиги, ривоятларда келгани маълум ва машҳур.
«Азл» деганда жинсий алоқа пайтида уруғликни эркак киши ташқарига тўкиши тушунилади. Ана шуни ҳомиланинг олдини олиш воситаси деб тушунилади. Бунга уламолар ўша пайтдаги сўралган зотлар қандай жавоб берганига қарашди.
Бу нарса кўпроқ чўрилари бор кишилар томонидан чўрилар билан муносабатда қилингани ҳам аниқланди.
Энди бу масала бизда йўқлиги учун унга мурожаат қилинмайди. Чўримас, ҳур аёлларга бўладиган муносабатда «Ана шу аёлнинг ўзини рухсати билан қилса бўлади, эмизикли бўлиб турган аёлнинг яна ҳомиладор бўлиб қолмаслиги чорасини кўриш учун қилган бўлишлари мумкин» деган гаплар айтилди.
Мана шунинг асосида бугунги кунда жорий бўлган ҳомилани ман қилиш воситаларини ишлатиш, у бир қўйиладиган асбоб бўладими ёки ичиладиган дори сифатидаги нарса бўладими, ёки бошқа ҳолатлар бўладими, уламоларимиз айтадики:
«Бу нарсалардан фойдаланишга фақат аёл кишининг соғлиги ҳомиладорликни кўтара олмайдиган пайтда, ана шу нарсадан бир оз четланиб туриб, аёл ўз соғлигини тиклаб олганидан кейин яна ҳомиладор бўлиш қобилияти ўз ўрнида турадиган ҳолатда қилиб, истисно тариқасида фойдаланса бўлади».
Лекин зинҳор ва зинҳор наслни чеклаш маъносида, бола кўрмасликдан бир чора сифатида, бола кўришдан қочиш маъносида буни қилишга рухсат берилмайди. Валлоҳу аълам.

Ўғлим келиним билан оралари бузилди

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх ҳазратлари.
Ўғлим келиним билан оралари бузилди. Иккаласига панд-насиҳат таъсир қилмади. Улар ажрашиб кетишди, ораларида фарзанд бор, 3 ёшда. Ўғлим фарзандини жуда соғинади, нафақасини ҳар ой ўз вақтида етказади. Келиним ва уйидагиларнинг шарти шуки, ўғлим уйига кириб кўриши керак экан. Бу ёқда мен ҳам, бувиси ҳам неварани жуда соғинамиз, уни уйга олиб келгимиз ва эркалаткимиз келади. Келиннинг уйидагилари ҳам мусулмонликни даъво қилгувчилардан.
Сиздан сўрайдиганимиз шуки, шариатда эру хотин ажрашгандан кейин болага отаси ҳам ҳақлими, уни кўришга ўз уйига олиб кетишга ҳаққи борми?
Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан ташаккур.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Болани қарамоғига олиш араб тилида «ҳизона» дейилиб луғатда қучоғига олиш маъносида. Шариат истилоҳида эса ота-она ажрашгандан кейин болани ўз қарамоғига олиши ва тарбия қилишига айтилади.
Онага мажбурламасдан берилади. Талоқ қилинганми ёки бошқача бўлганми, барибир.
Яъни, қай тарзда бўлсин ота-она ажрашганда кичик ёшдаги бола онаси истаб турса, унга берилади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят:
«Бир аёл: «Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, икки кўкрагим сув идиш бўлган эди, қучоғим муҳофазачи бўлган эди. Энди эса отаси мени талоқ қилиб, уни мендан тортиб олмоқчи», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Модомики никоҳланмасанг, сен унга ҳақлироқсан», дедилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Ибн Абу Шайба ўзининг «Мусаннаф» номли китобида Саъид ибн Мусаййабдан ривоят қилади:
«Умар Умму Осимни талоқ қилди. Ке-йин унинг олдига борди. Осим унинг қучоғида турган эди. Болани ундан тортиб олмоқчи бўлди. Икковлари уни тортишиб кетди. Бола йиғлаб юборди. Икковлари Абу Бакрнинг ҳузурига борди. Бас, Абу Бакр унга «Аёлнинг силаши, қучоғи ва ҳиди унинг учун сендан кўра яхшироқ. Бола улғайса, ўзи танлаб олади», деди».
Агар аёл болани олишни истамаса, бунга мажбурланмайди. Фақат ундан бошқа шахс бўлмаса ёки бола ундан ўзгага кўнмаса мажбурланади.
Ёш болани қарамоғига олиш–уни зарарли нарсалардан муҳофаза қилиш, уни тозалаб, едириб-ичириб, кийинтириб, роҳати учун керакли нарсалар ила таъминлаб, тарбиялашдан иборатдир.
Лекин болани ўз қарамоғига олувчи шахсда бир неча шартлар бўлиши лозим:
1. Оқил бўлиши керак.
2. Балоғатга етган бўлиши керак.
3. Диндан чиққан муртад бўлмаслиги керак.
4. Фосиқ, ишончсиз бўлмаслиги керак. Баъзи фисқу-фужур ишларни қиладиган, ўғри, бетайин раққоса кабилар ёш болаларни ўз қарамоғига олишга ҳақли эмаслар.
5. Болани қаровсиз қолдирмаслиги керак. Агар қаровсиз қолдирадиган бўлса қарамоғига олиш ҳақидан маҳрум қилинади.
6. Ота камбағал бўлиб, она ажрсиз тарбия қилишдан бош тортса, ажрсиз тарбия қилишни хоҳлаган яқин аёл қариндош болани ўз қарамоғига олади.
Ёш болага ихтиёр ҳақи берилмайди.
Яъни, кичик ёшдаги болага сен ким билан бўласан, ўзинг танлаб ол, дейилмайди.
То бола ўзи еб ичадиган ва истинжо қиладиган бўлгунча онаси ва момоси унга ҳақлидир. Қиз болага то ҳайз кўргунча. Имом Муҳаммад иштаҳа тортадиган бўлгунча деган. Замоннинг фасоди туфайли шу гап мўътабардир. Икковларидан бошқалар то иштаҳа тортадиган бўлгунча.
Кичик болани отаси ва онаси талашиб қолса, онасига берилади.
Ўзи еб-ичадиган ва истинжо қиладиган бўлган ўғил бола отасига берилади. Чунки у эркакларга хос нарсаларни отасидан ўрганиши зарур.
Қиз болалар эса ҳайз кўрадиган бўлгунча оналари билан қоладилар. Чунки улар аёлларга хос нарсаларни оналаридан ўрганишлари лозим. Қизлар балоғатга етганларидан кейин уларни асрашга ва турмушга чиқаришга оталар қодир бўлганлари учун вақти етганда улар оталари қарамоғига ўтадилар.
Боласининг нафақасини бериб турган отанинг уни кўришга ҳақи бор. Валлоҳу аълам.

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ