1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Зинодан туғилган болани асраб олиш мумкинми?

Дўстим бефарзандлиги учун бола асраб олмоқчи, лекин у мурожаат этган туғруҳхоналарда аксарият болалар ота-онасининг тайини йўқ, яъни зинодан бўлган экан. Дўстим зинодан туғилган болалардан яхшилик чиқмайди, деб айтяпти, шу тўғрими? Бу болаларни савоб умидида боқиб олса бўладими? Шариатда бунинг ҳукми қанақа?

ЖАВОБ: Зинодан туғилган бола айбдор бўлмайди. Уни боқиш ва тарбиялаш мумкин ва бу савобли иш саналади (Аллоҳ билувчидир).

Хотиннинг ажрашишга ҳуқуқи борми?

 Бир дўстим ўн йилдан бери фарзандсиз. Докторлар унга бепуштлик ташхисини қўйишган, ҳозир аёлининг уйидагилар қизларини ажратиб олишмоқчи, сабаби фарзандсизлик. Эр-хотин ўртасидаги муносабатлар ҳозирги кунгача яхши эди, лекин ҳозир аёл эридан жавоб, яъни ажрашишни талаб қилмоқда. Аёл «бошқа эрга тегиб, фарзандли бўламан, умрим ўтиб кетмоқда» деб даъво қилмоқда. Шундай вазиятда эр хотинига жавоб бермаса бўладими? Ислом нуқтаи назаридан аёл ўз навбатида эрининг жавобисиз ҳам ажрашишга ҳаққи борми?

ЖАВОБ: Аёлнинг эридан маълум сабабларга кўра ажрашиши “хулуъ” дейилади. «Хулуъ» сўзи луғатда кийим ечиш маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса хотин кишининг арз қилиб, бир нарса эвазига эридан ажрашишига хулуъ дейилади. Чунки эру хотин Қуръон таъбири ила бир-бирига кийим ўрнида бўлади. Аллоҳ таоло: «Агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмаслигидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидадир. Демак, уларга тажовуз қилманг», деган.
Ушбу ояти карима асосида Ислом шариатида «хулуъ» ҳукми жорий қилинган. Эр-хотинда бирга яшаш иложи қолмаса, агар бирга туришса, гуноҳ иш юзага келиши муқаррар бўлиб қолсаю, шунда хотин ажрашишни истаса, эрига фидя-тўлов бериб ва уни рози қилиб ажрашиб кетса бўлади.
 Бу масалада «Мухтасари Виқоя»да бундай дейилган: “Ҳожат тушганда маҳрга яроқли нарса эвазига хулуъ қилса бўлади”. Бунга ҳозиргина ўрганган оятимиз ва қуйидаги ҳадиси шариф далилдир: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Собит ибн Қайснинг хотини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен унга хулқда ҳам, динда ҳам бир айб қўя олмайман, лекин Исломда куфрон бўлишини ёқтирмайман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга боғини қайтариб берасанми?» дедилар. «Ҳа», деди аёл. Эрига: «Боғни қабул қилиб ол-да, уни бир талоқ қил», дедилар» (Имом Бухорий ва Насоий ривоят қилишган). Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қилди ва шу тариқа Исломда биринчи хулуъ собит бўлди.
Узоқ муддат фарзанд кўрмаганлик ҳам узр ҳисобланади. Аммо ажрашга шошилмай Аллоҳдан биргаликда нажот сўрашни ва даволанишни маслаҳат берамиз (Аллоҳ билувчидир).

Ёмон хаёллардан қутулиш учун нима қилай?

Ёшим йигирма иккида, уйланмаганман. Аллоҳга шукр, беш вақт намоз ўқийман. Кейинги пайтларда фаҳш ишлар ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим.  Баъзан бу хаёллар билан намозим ҳам бузилади. Булар охир-оқибат зинога олиб бормасмикин, деб қўрқяпман. Нима қилай? Маслаҳат беринг.

ЖАВОБ: Аллоҳ таоло «Нур» сурасида айтади: «Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покликдир. Албатта, Аллоҳ нима иш қилаётганларидан хабардордир».
Ушбу ояти каримада зинодан сақланишнинг энг бош омили – номаҳрам аёлларга эркакларнинг шаҳват назари билан қарашлари ман қилинмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмин эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан тийилишга ва фаржларини зинодан сақлашга буюрган.
Бу дегани, эркак киши ҳожатдан ташқари қарамасин, деганидир. Мисол учун, бир номаҳрам аёлга назари тушиши билан бошқа томонга кўзини бурсин, унга қараб туравермасин, қараши шаҳват назарига айланиб кетмасин, деганидир. Чунки аёл кишига бир муддат давомий қараш эркак одамда шаҳвоний туйғуни қўзғотади. Шаҳват билан қараш зинога олиб бориши ҳам мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса, уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради».
Мусулмон эркак номаҳрам аёлга қайта-қайта қарамаслиги лозим. Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма! Биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир», деганлар. Дарҳақиқат, биринчи назарда зарур мақсад ҳосил бўлади. Аммо кетма-кет қараш, аввал айтилганидек, шаҳват қўзғотади.
Шунингдек, бехосдан назар тушиши ҳам гуноҳ эмас. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ал-Бажарий розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бехосдан тушган назар ҳақида сўраган эдим, кўзимни бошқа томонга буришни амр қилдилар», дерлар.
Исломда эркаклар номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарилибгина қолмай, балки бу амрга риоя этганлари учун ажру савоб ва маънавий мукофотлар ҳам ваъда қилинади. Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.
Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир мусулмон бир аёлнинг гўзалликларига назари тушсаю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», деганлар.
Эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан қайтарувчи ушбу оятни нотўғри талқин қилиб, Аллоҳ таоло эркакларни аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарган, аёллар ўзларини авайлаб, шаръий кийимда юришга амр қилинмаган, дейиш мутлақо нотўғридир. Чунки аёлларнинг ҳижобда юришлари лозимлиги ҳақида бошқа оятларда ҳукм бор.
Номаҳрам аёлларга назар солмаслик ҳақидаги амрдан бир неча ҳолатлар истисно қилинган. Масалан, бир одам уйланмоқчи бўлса, у аёлга назар солиши нафақат мумкин, балки мустаҳабдир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: «Уни кўрдингми?» деб сўрадилар. Мен: «Йўқ», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен уни кўр, бу, албатта, ораларингизда яқинлик ҳосил қилади", дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи бўлган кишига: «Сен уни кўргин, ансорийларнинг кўзларида бир нарса бўлади», деганлар.
Имом Аҳмад Абу Ҳумайддан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтангиз бир аёлга уйланмоқчи бўлса, унга назар солмоғида гуноҳ йўқдир, чунки у уйланмоқ ниятида назар солади», деганлар.
Шунингдек, жиноятчини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказаётган шахслар ҳам шу мажбурият юзасидан аёл кишининг юзига қараса бўлади. Қозининг хусумат билан ёки гувоҳлик учун келган аёлга ҳукм чиқариш мақсадида вазифа юзасидан қараши мумкин. Табиб ҳам тиббий мақсадларда қараса жоиз. Албатта, бу ҳолатларда синчиклаб қараш ҳақида сўз кетмоқда.
Ояти каримадаги «ва фаржларини сақласинлар» ибораси фақат фаржни зинодан сақлашни эмас, бошқа ҳаром нарсалардан ҳам, жумладан, бошқаларнинг назари тушишидан ҳам сақлашни ўз ичига олади. Аввало, бировнинг авратига қарашдан кўзни тийиш керак. Фақат эркакларнинг хотинларнинг аврат жойларига қараши тақиқланаётгани йўқ, балки эркак эркак кишининг авратига, аёл аёл кишининг авратига қараши ҳам ман этилмоқда.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эр киши эр кишининг авратига назар солмайди, аёл киши аёл кишининг авратига назар солмайди», деганлар.
Имом Абу Довуд Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам сонига назар солма», деганлар.
Шу ўринда ўз-ўзидан, эркак кишининг қайси жойлари аврат ҳисобланади, деган савол келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг аврати киндигидан тиззасигача эканини айтганлар. Мусулмон эркак киши авратини бошқаларга кўрсатмаслиги лозим.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда саҳобалардан Журҳад ал-Асламий: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан ўтирган эдилар, сонимнинг очиқ турганини кўриб: «Сон аврат эканини билмайсанми?!» дедилар», деб айтганлар.
Шунингдек, киши ўзи ёлғиз қолганида ҳам яланғоч бўлиб юриши яхши эмас. Имом Термизий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар, чунки фақат қазои ҳожат ва аҳлига яқинлашиш пайтидагина ажраладиган зотлар сизлар билан доимо биргадирлар». Яъни, фаришталар доим сизлар билан бирга, улардан уялинг, деганлар.
Имом Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр этилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз хотининг ва чўрингдан бошқасидан авратингни беркит», дедилар. Бир сўровчи: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар бир киши ўзи холи бўлса-чи?» деб сўради. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таборака ва таоло ундан ҳаё қилмоққа ҳақлироқдир», дедилар.
Бўлмағур хаёллардан Аллоҳдан паноҳ тиланг ва бошқа фойдали иш билан банд бўлишга ҳаракат қилинг. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».
Ушбу ҳадисдаги «никоҳга қодир бўлса» деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади. Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон шахс уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатидан қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутмоқлари керак. Шу йўл билан улар шаҳват қўзғалишини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, худди бичилган кишига ўхшаб бошқа жинсга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатиш хавфи туғилмайдиган ҳолга келади.
Оддий ҳолатларда эса, бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги шахс ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондиргани учун кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади. Бу ҳадиси шариф мўмин-мусулмонларни ёшлик чоғларидан, никоҳга қодир бўлишлари билан оила қуришга чорловчи ҳадиси шарифдир. Ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга интилишимиз керак (Аллоҳ билувчидир).

Яширинча никоҳ қилиш мумкинми?

Бир бева аёл билан танишиб қолдим, ҳижоб ўраганига уч ой бўлибди. Турмуш ўртоғи вафот этган. У аёл тез-тез бир “маршрутка”га чиқаркан. Уни бир ҳайдовчи учинчи хотин қилиб никоҳига олишини айтибди. Мени ҳайрон қолдирган нарса никоҳ махфий бўларкан, яъни аёлнинг қариндошлари ва бўлажак кундошлари бу ҳақда билмасликлари керак экан. Аёл ўлган эри уйида қайнонаси ва икки боласи билан яшайверар экан. Улар яширинча учрашиб туришар экан. Ҳайдовчи одамнинг айтиши бўйича бева аёлни зинодан сақламоқчи экан. Шу иш мумкинми? Бу ҳолатда у ҳамма хотинларига тенг муолмала қила олмайди-ку! 

ЖАВОБ: Ўша аёлга мазкур ҳайдовчидан бошқа эр топилмас эканми? Бунақа ишларда шошилмай, маслаҳат билан иш кўриш керак. Аёл умр бўйи бировга билдирмай, учинчи хотин бўлиб эри билан яширинча учрашиб юриши шартми?!
Афсуски, баъзи аёллар диний гаплар айтган одамларнинг алдовига лслн учишади. Менга ҳам бунга ўхшаш хабарлар кўп келади. Биттаси бир аёлни алдаб, ҳажга олиб бораман, у қиламан, бу қиламан деб никоҳлаб бир кечадан кейин ғойиб бўлибди. Аёл бечора уни топа олмайди. Бошқа эр қилай деса, бировнинг никоҳида. Мазкур ноинсоф ҳеч бўлмаса хотиннинг бошини очиб қўймаган.
Бундай ҳолатларда маслаҳат-кенгаш билан, сўраб-суриштириб иш кўриш керак. Намозни, ҳажни, бошқа нарсаларни ўртага қўшиб алдаса, ишониб кетавериш тўғри келмайди (Аллоҳ билувчидир).

Эрли аёлнинг оиласини бузиш мумкинми?

Бир йигит ёш жувонни ёқтириб қолди. Йигит уни ҳозирги оиласидан ажратиб олиб, уйланмоқчи. Унинг тутаётган бу йўли тўғрими?

ЖАВОБ: Бировнинг тинч оиласини бузиш катта гуноҳ. Эри бор аёлга уйланишни ҳеч ким ҳатто хаёлига ҳам келтирмаслиги керак. Бу иш шариатда мутлақо мумкин эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аёлнинг эри билан ёки қулнинг хожаси билан орасини бузса, биздан эмас», дедилар» (Абу Довуд ва Насаий).
Аёл киши ишонувчан, меҳрга, ширин сўзга ташна бўлади. Унга эри ҳақида бўлмағур гапларни айтиб-уриштириб, оиласини бузишга сабаб бўладиган кимса мусулмон ҳисобланмайди. “Муфҳумул мухолафа” қоидасига биноан, эрга хотин ҳақида турли бўлмағур гапларни айтиб, уни хотинга қарши қайрайдиган кишилар ҳам мусулмонга хос бўлмаган ишни қилган бўлади. Аксинча, мусулмон инсон нима қилиб бўлса ҳам эру хотиннинг орасини яхшилашга, уларни муросага келтиришга ҳаракат қилиши лозим. Ҳатто бу маънода шариатимиз ёлғон гапиришга ҳам изн берган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир аёл ўз синглисининг товоғини бўш қолдириб, ўзи никоҳланиб олиш учун унинг талоғини сўрамасин. Албатта, унга ҳам тақдир қилингани бўлур», дедилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий).
 Аёл кишилар ҳам, ким бўлишидан қатъи назар, бой-бадавлат, мансабли, обрўли эркакни ўзиники қилиб олиш учун аввалги хотинини талоқ қилдиришга асло уринмаслиги лозим. Ризқу рўз, оилавий бахт масалалари тақдирга қараб бўлади. Бировнинг оиласини бузишга урингандан кўра, уларга бахт-саодат тилаб, ўзига ҳам худди ўшандай, балки ундан ҳам яхшироқ оила бўлишини тилаш ва бунга ҳалол-пок йўл билан ҳаракат қилиш керак.
Афсуски, баъзи аёллар бу ҳақиқатни тушуниб етишмайди, тўғрироғи, тушуниб етишга уринишмайди ҳам. Улар учун тайёр оилага осон йўл билан кириб олиш бахт-саодат манбаи бўлиб кўринади. Ҳадиси шарифга яхшилаб эътибор берадиган бўлсак, бировнинг хотинини талоқ қилдириб, демасдан, ўз синглисини, дейилмоқда. Ўша аёл ким бўлишидан қатъи назар, мазкура ёмон ниятли аёл учун Ислом бўйича сингил бўлади. Бу сингиллик эса, насаб йўли бўйичалик сингилдан кўра яқинроқ бўлади. Чунки, ўртада иймон ва Ислом ҳурмати бор. Ҳар бир мўмина-муслима аёл ушбу ҳақиқатни англаб етмоғи керак. Худди шунингдек, “Мафҳумул мухолафа” қоидасига биноан, хотинни эридан айнитиб, ўзиники қилиб олган эркак киши ҳам гуноҳкор бўлади (Аллоҳ билувчидир).

Ҳозир сайтимизда 28 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ