1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Онажон, нима қилай, айтинг

      Бу ҳодиса учига найзасимон учли темир ўрнатилган халачўпдек узун таёқчага қон рангли байроқ боғлаган шўролар даврида бўлиб ўтган. Тарихимизнинг энг кир, ўта қоронғи-зимистон кунларида бўлиб ўтган бу аянчли ҳодиса- ни бир хонадон эмас, балки минглаб хонадонлар ўз бошидан кечирган...
     1933-йиллар. Ёшгина муслима аёл тўртинчи фарзандини туғаётиб оламдан ўтади. Аёл ўлганининг эртасига эрини ҳибсга олишади. Уйда тўрт фарзанд ёлғиз қолади. Энг каттаси балоғатга етмаган 11 яшар, энг кичиги сутдан чиқмаган. Бу чиркин дунёга келганига атиги икки-уч кун бўлган холос. Она вафотининг ўттизинчи куни бола она қабри устида кўз ёш тўкиб дерди:
     "Онажон, Аллоҳ сизни раҳмат қилсин. Жойингиз жаннатда бўлсин. Биз ... биз яхшимиз...
     Сиздан кейин дадамни бир неча киши келиб, қўлини боғлаб олиб чиқиб кетишди. Шу пайтгача дараги йўқ. Уйда егулик нарса қолмаган экан, сигирни соғиб укаларимга ичказяпман. Қўшнилар бир-икки кун овқат бериб туришди, мазза қилдик. Кейин бермай қўйишди. Бир ойдан бери фақат сут ичамиз. Биздан ҳеч ким хабар олмайди. Қишлоқдагиларнинг айтишича дадамни олиб кетган одамлар тоғаларимни ҳам олиб кетишибди. Амакиларим эса йўқ эмиш.
      Ҳаво жуда совуқ. Яхшиямки уйимизда ўтин кўп экан, шуни ёқиб исинамиз. Қорнимиз жуда-жуда очиб кетди. Укаларим сутдан безиб қолди. Қариндошларнинг уйига укаларимни етаклаб бордим. Улар овқат еб ўтиришган экан. Киришимиз билан овқатни яшириб қўйишди. Сандал устидаги овқатни остига тиқиб қўйишди. Биз нима бўлаётганига тушинмай ўтиравердик. Овқатнинг ҳиди уйни тутиб кетган эди. Укаларим "нон, овқат" деб йиғлай бошлади. Қариндошларимиз овқат берармикин деб кутиб ўтирдим. Беришмади. Укаларимнинг йиғиси кўтарилди. Шунда қариндошимиз: "болалар уйга кетамиз, деб йиғлаяпти шекили. Уйларингга бора қолинглар", деди. Ноилож чиқиб кетдик. Уйга келсак дарвоза ланг очиқ. Суюниб кетдим. "Дадам келибди!" деб бақириб юборибман. Шунда қўшнимизнинг шум ўғли "даданг аянгни ёнига кетибди. Кеча дадам шундай деди", деб қолди. "Нафасинг қурсин", деб ичкарига кирдим. Не кўз билан кўрайки сигиримиз жойида йўқ. Уйдаги ўтинлар ҳам йўқ. Қўшниларникига кирмоқчи бўлиб эшик қоқдим, ҳеч ким эшикни очмади. Қайга боришни билмай укаларимни етаклаб сизнинг ёнингизга келдик. Онажон, нима қилай, айтинг... "

Абу  Абдулборий  Жалолиддин

Аяжон, бизни ташлаб қаёққа кетдингиз?!

     Аяжон, бизни ташлаб қаёққа кетдингиз?! Кўзимизни жиққа ёшга тўлдириб қаён кетдингиз?! Сиз кўмилдингизу, сиз билан бирга меҳрингиз ҳам кўмилди. Сиздан жудо бўлганимиздан кейин ширин сўз, ёқимли алла, тоза кийим, тотли таомдан ҳам жудо бўлдик. Кўйлагим озгина кир бўлса, дарров тозасини кийгизиб қўяр эдингиз, ҳозир кўйлагимнинг кирлигидан ўртоқларим устимдан куладиган бўлган.  Ноилож ўзим кир ювишни ўргандим.
     Сиздан кейин уйимизга бошқа бир хотин келди. Кичкина ўғли ҳам бор экан. Келганининг эртасига сиз суядиган тувакдаги гулларни олиб чиқиб охлатга ташлаб юборди.
     – Хола, бу гулга аям ҳар куни сув қуяр эдилар. Аяжоним бу гулни яхши кўрар эдилар. Охлатга ташламанг, - дедим.
      –Аяжониз яхши кўрсалар, мен ёмон кўраман, тушиндийзми? Бу уйда аянгиз эмас, мен хўжайинман, - деди.
     Дадамга қарадим. Дадам юзини олиб қочди. Эртаси куни қарасам, сиз суйиб киядиган кўйлагингизни олиб, пақирга солди. Аям кирни бу пақирда ювмасдилар, дегани қўрқдим. Нима қиларкин, деб кутдим. Пақирга сув тўлдириб синглимга берди.
      – Фотима! Мана бу латтани олиб ошхонани полини ювиб чиқ, - деб буюрди.
       – Бу латта эмас, аяжонимни кўйлаги. Фотима пол ювишни билмайди, у хали кичик, мен пол юваман, - дедим.
      – Ҳув тирранча, кўп валдирама! Сенга ҳали бошқа иш бор. Аянгни кўйлаги поллаттадан бошқа нарсага ярамайди,- деб кўйлагингизни сувга ботириб-ботириб Фотиманинг олдига отди.
     –Тезроқ бўл, бўлмаса кечандақанги калтакдан яна ейсан,- деди.
      Кейин билсам, кеча Фотимани роса урган экан. Фотима қўрқоқ бўлиб қолган. Ўлганингиздан кейин кулгани йўқ. Ўлганингиздан бери унинг сочини ҳеч ким тузукроқ ювганини билмайман.
     Фотима ошхонани полини арта бошлади. Мен ҳовли супуришга тушдим. Авваллари сизга кўмак бермаганимни ўйлаб, юрагим эзилиб кетди. Эшик очилиб дадам кириб келди. Қўлида сўмка бор эди. Ҳалиги хотин тиржайиб келиб дадам кўлидан сўмкасини олди. Ҳаммалари сиз ўтирадиган уйга кириб кетишди. Сиздан кейин у уйга биз кирганимиз йўқ. Фотиманинг каравотида ҳалиги хотиннинг боласи ётади. Фотима эса мен билан.
      Бир оз муддатдан кейин уй ичидан кулги овозлари эшитилди. Узоқ кулгидан кейин ҳалиги хотиннинг ўғли ичкаридан чиқди. Бир қўлида "марожна" иккинчи қўлида "печини". Фотимага қарадим. Энгашиб пол ювяпти.
      Сиз доим: "мана буни еб олсанг полвон бўласан" деб овқат едирар эдингиз. Фотимани ёнгинангизга ўтирғизиб овқатлантирардингиз. Ҳозир Фотима иккимиз алоҳида ўтирамиз. Дадам, янги хотин ва унинг ўғли алоҳида ўтиришади.
     Аяжон, қачон қайтасиз?! Аяжон қачон бизни олиб кетасиз?!

Абу  Абдулборий  Жалолиддин

Беҳаёлик

Ушбу мақолани ёзишимдан мақсад, халқимиз ичида кенг тарқалган энг хатарли ва мудҳиш бир ҳолатни баён қилиш. Бу ҳолат ҳақида кўп бора гапирилган, ислоҳ қилиш йўллари кўрсатилган бўлсада, ҳаракатлар наф бермаётгани ачинарли бир ҳолдир. Бундан зарар кўрмаган оилалар саноқлик. Айтаётганим ушбу ҳолат - беҳаёликдир.

Беҳаёлик мусулмон жамиятини вайрон қилувчи, қадриятларни унуттирувчи ва энг ёмони – ёш авлодни бузувчи иллатдир.

Келинг, яхшиси гапни чўзмай ўз оилам билан бўлган бир воқеани айтиб берай.

Ёшим 29 да. Тошкент шаҳрида, зиёли оилада туғилиб ўсдим.

Ҳар бир мусулмон йигит каби улғайиб, турмуш қуриш ёшига етганимда бўлажак умр йўлдошим қандай бўлиши ҳақида хаёллар сурардим.

Бир тарафдан ширин орзулар, иккинчи тарафдан эса қандайдир хавф сезардим.

Хавфда эканим сабаби, кўча кўйда аксар қизларнинг очиқ-сочиқ кийиниши, ўзини кўз-кўз қилиб юриши ва уларнинг кўплари ёлғончи экани ҳақида олган маълумотимдир.

Аммо Аллоҳ таолога тазарруъ ила дуо қилиб солиҳа жуфт насиб қилишини сўрар эдим.

Вақти келиб турмуш қурдим. Аёлим кутганимдан ҳам зиёда, орзуимдагидан ҳам мукаммалроқ эди.

Солиҳа, қория, олима бўлган аёлим чиндан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек динимнинг ярми эди.

Аллоҳ бахтимизни мукаммал қилиб бизга нимжон бўлсада ўғил фарзанд берди.

Нимжонлиги сабаб баъзи қийинчиликларга дуч келдик. Аммо Аллоҳ Ўз каломида таъкидлаганидек: "Бас, албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир" (Шарҳ сураси, 5-оят).

Биз осончиликни ундаги истеъдодда топдик. Ёш бўлишига қарамай Аллоҳнинг Каломини ёдлашга бўлган иштиёқи жуда баланд эди.

Вақт шиддат билан ўтар, ўғилчам кундан кунга Қуръонни тез ёдлаб борарди. Шундай қилиб беш ёшга тўлар тўлмас қори бўлиб етишган ўғлим, энди онасидан бошқа китоблар ўқиб беришини сўрар эди.

Бошқа болалардек кўча чангитмаган ўғилчамни ер-у кўкка ишонмасдим.

Шундай қилиб ўғилчам мактаб ёшига тўлди. Холаси мактабда ўқитувчи бўлганлиги сабаб, ўзи олиб кетиб синфга жойлаштиришлигини айтди.

Хуллас, биринчи ўқиш куни. Ўғлимни холаси билан мактабга жўнатдик. Мен эса ишга кетдим.

Биринчи кун бўлгани учун ишдан вақтлироқ қайтиб, аёлим билан бирга ўғлимни кутдик.

Эшик тақиллади ва аёлим эшикни очди. Очди-ю, "Ё, Аллоҳ!", – деб қичқириб юборди.

Сакраб ўтирган жойимдан турдим. Эшик олдига борсам, кўзимнинг нури ўғлим Муҳаммад ҳамма жойи тирналган ҳолда турарди.

– Нима бўлди? Ким сени бу аҳволга солди? – деб сўрадим.

– Яланғоч аёллар! – деди-ю, йиқилиб тушди.

Аёлим тезда зарурий муолажаларни қилди. Ўғлим бироз дам олгач, олдига кирдим ва:

– Нима бўлди ўғлим, тушунтириб бер!? – дедим.

– Дадажон, эсингиздами, ўзингиз менга кўчада беҳаё аёл-қизларни кўрсанг, кўзларингни юм, уларга назар солма, деган эдингиз? – деди.

Мен:

– Ҳа, айтгандим. Хўш!? – дедим.

У эса:

– Мен мактабдан тўғри уйга қайтаётган эдим. Йўлда бир аёлни оёқлари очиқ ҳолда кўриб қолдим ва қўлларим билан кўзларимни ёпдим. Бир маҳал, йўл четидаги чакалакзорга қараб йиқилиб тушдим. Бу ҳолат яна икки маротаба қайтарилди. Бор гап шу... – деди.

Ичимдан бир нима суғурилгандек бўлди. Чуқур ўйга толдим. Тарбиясида ҳар доим маҳкам турганим ўғлим, бугун мен сабаб шу аҳволга тушди. Ё Аллоҳ, буни чораси нима, дердим ўзимга. Шу пайт ялт этиб бир фикр келди ва ўғлимга юзланиб дедим:

– Муҳаммад!?

– Лаббай, дадажон!

– Мен сенга нотўғри тушунтирибман. Беҳаё аёл-қизларни кўрганингда кўзингни қўлинг билан ёпма. Балки уларни кўрганингда кўзингни у тарафдан бошқа тарафга қаратиб йўлингда давом этавер, – дедим.

Ўғлимга тушунтиришга тушунтирдим-у, аммо бир савол мени ҳануз қийнайди: Бу бир гўдак билан содир бўлган воқеа. Покиза қалб улардан юз ўгирди. Аммо юз ўгирмаган неча минг катталар бор? Мен ўғлимни бу муаммодан қутқариш билан, ин шаа Аллоҳ, жаҳаннам азобидан ҳам қутқардим. Аммо бу беҳаё аёл-қизларни ким қутқаради? Нега эркаклар жим? Ёки оилаларда эркаклар сўзи ўтмайдиган бўлиб қолдими? Билиб қўйинг, ҳой "эркак"лар, маҳшар кун Роббингиз ҳузурида шу саволларга тутиласиз.

Барчага Яратгандан офият сўраб қоламан. Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Муаллиф: Юсуф Шоший

Яширинча Филиппинлик аёлга уйланган киши воқеаси

Бир киши вафоти яқинлашаган пайт фарзандларини уларга васияти борлигини айтиб, ҳузурига чақиртирди. 

Сўнг тўнғич ўғлига: "Менинг чет элда ҳам уйланган аёлим бор. Ушбу унинг Филиппиндаги турар жойи, зиммамни поклаб, ўша аёлимга ҳам яхши қараб қўйгин", – деди.

Ота вафот этди. Фарзандлар мерос тақсимланиши учун қози ҳузурида жамландилар. Тўнғич ўғил отасининг васиятини эслаб, қозига васият ҳақида сўзлаб берди. Қози бор ҳақиқатдан хабар топгач то оталарининг четдаги аёли ҳам мерос тақсимотига қатнашмас экан, мерос тақсимланмаслигини билдирди.

Тўнғич ўғил отасининг аёлини қидириб Филиппинга йўл олди. Манзилни қийналиб зўрға топди. Қараса жуда оддий ва кўримсиз ҳовлида турар экан. Эшикни тақиллатган эди унга ҳижобли бир аёл чиқиб келди. Уни (ҳижобдалигидан отасининг аёли эканини билиб) таниди.

Аёл: Мен отангнинг аёлиман. Менга у ҳақида хабар келди. Аллоҳ Ўз раҳматига олсин", – деди. Тўнғич ўғил унга мерос тақсимланиши учун уни Риёзга қози чақиртираётганини айтди. 

Аёл эрининг ўғли билан Риёзга қайтди ва меросдан 800 минг риёл насибасини олди. Сўнг катта ўғилдан уни умрага оборишини илтимос қилди. Ўғил уни умра қилдириб Жиддадан ўзининг юртига кузатиб қўйди.

Орадан тўрт йил вақт ўтди. Тўнғич ўғил отасининг аёлини зиёрат қилгиси келди. Филиппинга учиб борди. Аёлнинг манзилига бориб не кўз билан кўрсинки, уйда ҳеч қандай ўзгариш йўқ экан. Ҳовлининг таши ҳам, ичи ҳам аввал қандай бўлган бўлса, шундайлигича турган эмиш. Ўғил ҳайратланиб:

— Отамдан қолган меросингиз қани? Мен ҳеч қандай ўзгаришни кўрмаяпман, – деди. 

Аёл:

— Мен билан юр, – деди ва уни шаҳар марказида жойлашган катта бир Исломий марказ олдига олиб борди. Марказда Қуръон таҳфизи ва диний билимлар таълим берилар ва яна унда етимлар учун бошпаналар ҳам бор эди.

Аёл эрининг ўғлига: "бошингни кўтар ва тепадаги ёзувни ўқи", – деди. Ўғил не кўз билан кўрсинки, марказ номи отасининг исмига қурилган экан. Аёл: "отанг номини мен қўйдим ва унинг номидан садақа қилиб юбордим", – деди. Ўғил кўз ёшларини ушлаб туролмади. Аёлнинг отасига бўлган вафодорлиги ва садоқатини кўриб ҳайратга тушди.

Риёзга қайтиб, уйига етар етмас укаларига кўрган нарсаларининг хабарини берди. Улар ҳам акаларининг уйидан чиқишларидан олдин оталари номидан хайрия очиш учун ўртага пул ташлашди. Жами беш миллион риёл пул йиғилди.

Бу аёл уларга вафодорликни, дунёдан кўра Охиратни яхши кўришни ўргатди. МУСЛИМА ВА СОЛИҲА АЁЛ ҚАНДАЙ ҲАМ ЯХШИ!

"ҚУРЪОН ТИЛИДАН ТАРЖИМАЛАР" саҳифасидан олинди

Эрим динимнинг ярмини барпо қилди

Мен икки дин аралаш бир оилада таваллуд топганман (отам яҳудий, онам эса, насроний эди). Мен насронийларнинг кўзларига яҳудий бўлиб, яҳудийларникига эса насроний бўлиб кўринардим... Шунинг учун ҳам ўзимни бирон бир динга мансуб қилиб кўрсатмасдим. Одамларга эса, мен Худога ишонаман ва буни бошқаларга ишонтириш учун динларга эҳтиёжим йўқ деб юрардим. Ўрта мактабга борганимда, "Исломда аёллар" мавзуси бўйича тадқиқот қилишим керак эди. Шу вақтгача менда мусулмон эркаклар аёлларини уради деган тушунча шаклланган эди. Бироқ қўшним тадқиқотимни тугатишимга ёрдам берди.
Шу воқеа сабаб Ислом ҳақида нотўғри тушунчада эканимни билдим. Бошқа динларга қараганда ҳам Ислом муслималарнинг ҳақ-ҳуқуқлари кўпроқ ҳимоя қилинишини тушуниб етдим. Ёмон одамлар эса ҳар қандай диндан топилар экан.
Орадан тўрт ой ўтиб, қизиқ, агар Исломни қабул қилиб, муслима бўлсам нима бўлар экан, деган ҳаёл билан уйғондим. Масжидга боришга қарор қилдим. У ерда ҳаётимда биринчи марта энг гўзал бир нарсани эшитдим. Имом аёлидан бу нима деб сўрасам, у эрим Қуръони каримни қироат қиляпти, дедилар. Шу кун уйимга муслима бўлиб қайтдим, алҳамдулиллаҳ. Мен Исломни қабул қилиш энг қийин нарса экан деб юрардим. Бироқ ундай эмас экан...
Исломга қаттиқ амал қилишга ҳаракат қилдим, бироқ ўрансам ҳам ёки қанчалик ўргансам ҳам барибир камга ўхшарди. Бир йил ўтиб, чарчадим ва ҳижобимни ечдим.
Динимдан ҳам узоқлаша бошладим. Ҳижобликларни кўрсам ҳозирги ҳолатимдан уялиб кетардим. Муслималар менга динимни эслатиб турарди. Орада ҳижобга қайта ўранмоқчи бўлганимда ота-онам қаршилик кўрсатди, мен эса ниятимни амалга ошира олмадим.
Ўтган йили эса диндор, сахий ва оқил бир ажойиб инсонни учратиб қолдим...
Мен яна қатъий бир ҳаракат қилишим кераклигини хис қила бошладим. Агар у уддалаётган бўлса мен ҳам уддалай оламан деб ўйладим. Намозларимни адо қилишни, динимни ўрганишни  қайта бошлаб юбордим. Қуръони каримни илк бор эшитганимда туйган хислар қайтиб кела бошлади, Субҳаналлоҳ...
Ҳозир ўша одам менинг эрим, мени қўллагани, менга қилган яхшиликлари эвазини ҳеч нарса билан адо қила олмасам керак.
Алҳамдулиллаҳ, эрим ва бошқа нарсалар учун Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин.
Ўқиб чиққанларингиз учун раҳмат, Аллоҳ рози бўлсин...

Абу Муслим таржимаси

Ҳозир сайтимизда 73 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ