1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

“Оила даврасида” – янги нашр

 

 

 

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари сони яна биттага кўпайди. “Оила даврасида” ижтимой-сиёсий, маънавий-маърифий газетасининг илк сони 100 минг нусхада чоп этилди.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан оилани мустаҳкамлаш, оила институтини ривожлантириш масаласига истиқлолнинг илк кунларидан устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самаралари аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом, ҳар томонлама етук авлодни тарбиялаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш каби эзгу ишларда ўз ифодасини топаётир. Мустаҳкам оила йилида мазкур йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Оила – жамиятнинг энг муҳим бўғини, миллат давомчилари тарбия топадиган маскан. Оилага эътибори баланд халқнинг эртаси обод, давлати қудратли бўлади, миллий ўзлиги завол билмайди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарор.

“Оила даврасида” газетаси жамиятимизда оила институтини, эзгу қадриятларни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни тарғиб этиш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида, азалий қадриятларимизга чуқур ҳурмат, соғлом ва маънавий баркамол инсонлар этиб тарбиялаш каби олийжаноб мақсадларга хизмат қилишни ният қилган. Газета давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 27 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида ташкил этилди.

Янги нашрда мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, азалий миллий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, оила аталмиш муқаддас қўрғонни мустаҳкамлаш масалалари кенг ёритиш, турли жанрдаги қизиқарли материалларни чоп этиб бориш кўзда тутилган. Халқимиз учун муқаддас бўлмиш оилага оид қадриятларнинг тарғиботи аҳиллик ва иноқлик, садоқат ва меҳр-мурувват каби эзгу инсоний фазилатларнинг жамиятимизда янада мустаҳкамроқ қарор топишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

Янги газета мамлакатимиздаги барча оилалар даврасида севиб ўқиладиган қадрдон нашрга айланади, деган умиддамиз.

Муаллиф: ЎзА.