1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Миллий меросимиз намойиши

 

 

 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази томонидан “Олтин мерос” хайрия жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Б.Аҳмедов Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маънавий меросимизни тиклаш, асраб-авайлаш ва ёшларга тўла етказиш доимий эътиборда эканини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010-йил 7 октабрда қабул қилинган “2010-2020-йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Лапар ва ўлан куй тузилиши жиҳатидан унчалик мураккаб бўлмаган, тор диапазонли, нақоратсиз ижро этилгани боис ҳам оммавий ва халқчилдир. Мазкур кўрик-фестивалдан кўзланган асосий мақсад ушбу ноёб санъат ижрочиларини қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг қизиқиши ва эътиборини кучайтириш, бу борада “Устоз-шогирд” анъаналарини йўлга қўйишдан иборатдир.

Кўрик-фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 60 нафардан ортиқ лапар ва ўлан ижрочиси ўз ижод намуналарини намойиш этди.

Хоразмлик лапар ижрочилари Муҳаббат Отабоева ҳамда Зулхумор Норбоева, Тошкент вилояти ўланчилари Турдиали Пардаев ҳамда Қулмихон Дуйсенов биринчи ўринга лойиқ топилди.


ЎзА, Назокат Усмонова