1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

“Мустаҳкам оила” йилига муносиб туҳфа

 

 

 

Янги 2012 йилнинг муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов томонидан “Мустаҳкам оила” йили  деб эълон қилингани ҳақидаги хабар мамлакатимиз бўйлаб жуда тез тарқалди ва халқимиз томонидан ғоятда  мамнуният билан қарши олинди. Бунинг боиси ва чуқур мантиқий сабаблари бор, албатта. Зотан, оила эзгулик ва яхшилик, тарихийлик ва ўзаро меҳр-оқибат каби юксак инсоний тушунчалар сарчашмасидир.
Ўзим тарихчи бўлганим сабабли шу нарсага эътибор қаратмоқчиманки, оила инсоний сарчашманинг бирламчи ўзаги, жамиятнинг негизини ташкил қилувчи бош ҳужайрадир. Аслида жуфт қилиб яратилган инсоннинг оила қуриб яшаш тарзини инсоният тараққиётининг тамал тоши дейишимиз мумкин. Зеро, янги авлодлар келажаги, муайян жамият ва Ватаннинг барқарор ривожланиши (тақдири)  фақат ва фақат жамиятнинг ўша бош ҳужайраси бўлмиш оиланинг фаровонлигига, унинг тинч ва осойишта ҳаёт тарзига чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам  оиланинг равнақини таъминлаш (покизалигини сақлаш) мақсадида исломда эр-хотин бўлиб жуфт яшаш никоҳ билан мустаҳкамлаб қўйилди, фақат никоҳ орқали оила қуриб яшаш ирода қилинди.
Бошланган янги йил бўсағасида “SHARQ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти томонидан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Бахтиёр оила” номли  янги китоби нашр этилди.
Буни қарангки, мазкур асарнинг номи билан эълон қилинган 2012 йилнинг номи ўртасида ўзаро уйғунлик, том маънодаги ҳамоҳанглик мавжуд. Бунинг боиси шундаки, ўзбек халқида фарзанд азал-азалдан оилада камол топади, унинг дунёга, жамиятга, ўзини ўраб турган  атроф-муҳитга муносабати ҳам оилада шаклланади, шу жиҳатдан оилани катта аҳамиятга эга бўлган дастлабки мактаб дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам  Юртбошимиз оила ва фарзандни бир бутун “бебаҳо неъмат” деб таъкидлайдилар: “Оила бор экан фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат ҳам бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу-орзу ва интилишлар билан яшайди”.
Асарда фарзанд тарбияси масаласига катта ўрин берилган. Унда  умуман инсоннинг жуфт қилиб яратилишидан бошлаб, бир-бирларига муносиб келин-куёвлар танлаш услубигача, никоҳнинг шаръий ҳукмидан тортиб никоҳ хутбасигача, келин сепи-ю маҳр ҳақидаги мулоҳазадан то тўй маросими-ю келин-куёвларнинг бир-бирлари билан қўшилиши  ва эр-хотинлик ҳуқуқларигача бўлган масалалар олимона синчковлик билан ёритилган. Асарнинг муҳим  тарбиявий жиҳати яна шундаки, умуман оила ва оилавий бўлиб яшаш тарзи ояти карима ва ҳадиси шарифлардаги аҳком ва талаблар асосида аниқ тушунтириб берилган. Масаланинг бу жиҳати бизлар учун, айниқса, ёшларимиз тарбияси учун ўта муҳимдир. Яшириб нима ҳам қилдик, мустабид шўролар тузуми барча динларнинг душмани бўлмиш даҳриёна тузум эди. Диний урф-одатлар-у тартиб-қоидалар ҳаётнинг, ёшлар тарбиясининг барча жабҳаларидан қувиб чиқарилди, ёки хуфя тарзда, шунчаки енгил-елпи қилинадиган бўлиб қолди. Натижада, оилаларнинг бузилиши, “қўйди-чиқди”ларнинг кўпайиб кетиши совет жамиятининг ички тузумини емираётган омилга айланиб ғолган эди.
Шу жиҳатдан қараганда, “Бахтиёр оила” китобида бошдан-оёқ оила ҳаётининг ислом дини тартиб-қоидалари асосида ёритилиши ниҳоятда катта аҳамиятга эгадир. Жумладан, асарнинг янги оиланинг шаклланиши ҳақидаги, деярли 250 саҳифадан иборат қисми, бир қарашда, гарчи эътиборга молик  эмасдек туюлса-да, лекин айни шу қисмда махсус мутолаа қилишга арзийдиган масалалар баён этилган. Биз эса, янги оилада туғилган фарзанд ва унинг тарбияси ҳақидаги бобларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Чунки фарзанд – оиланинг маҳсулидир.
Муаллифнинг таъкидлашича, “оила қуришдан соф табиатли инсон кўзлайдиган бош мақсадлардан бири ҳам фарзанд кўришдир”. Китобда эр-хотин қўшилгач, фарзандли бўлиш жараёни акс эттирилган. Дарҳақиқат, бу жараён Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлиб, эр-хотин эса, бу борада фақат сабабчилардир, холос.
Асарда фарзанд туғилгач, ота-онанинг ўз зурриёди олдидаги бурчларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Қуйида шу хусусда, ота-онанинг фарзанд туғилгандан кейинги бурчларига тўхталиб ўтиш ниятидамиз.
Муаллиф таъкидлаганларидек, никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабини сақлашдир. “Бусиз оила ҳам, ота-оналик ҳам, болалик ҳам, қариндош-уруғчилик ҳам, жамият ҳам бўлмайди” (275-бет). Аслини олганда, оила ўзида инсоният жамиятини акс эттиради, жамият эса, оилани. Мана  шу ўзаро уйғунлик муайян давлатнинг бугуни ва эртанги кунини белгилаб беради. Бинобарин, янги шаклланаётган оила масаласига аслида инсонни ўрганиш масаласи деб ҳам қараш мумкин. Ўзбек оиласи эса, бўлғуси фарзанд руҳиятининг, маънавиятининг бирламчи пойдеворини қўйгувчи гўшадир. Шунинг учун ҳам бизда оила алоҳида эъзозланади.
Шу жиҳатдан қараганда, асардаги оилада болалар тарбиясига доир азалдан қоида тусига кирган шартлар ва тартибларни билиш ҳар биримиз учун ўта муҳимдир. Янги туғилган гўдакка муносиб исм қўйишдан бошлаб, болага таълим-тарбия бериш, етти ёшга киргунича гўдакка ҳомийлик (яъни раҳбарлик) қилиш, болага меҳрибон бўлиш ва доимо меҳр кўрсатиш (айниқса қиз болага), ниҳоят бола балоғатга етганда оилали қилиш, яъни наслга доғ туширмай уни давом эттириш учун яхши жуфтга қовуштириш каби муҳим вазифаларни бажариш ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчидир. Бундан ташқари, чақалоқни эмизишдан бошлаб, боланинг қулоғига азон  ва такбир айтиш, гғдак танглайини кўтариш ва унга ақиқа қилиш каби шаръий маросимлар ҳам ота-онанинг вазифаси ва болаларнинг ҳақлари эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифлар асосида тушунтириб берилган.
Шулардан ота-онанинг болага чиройли исм қўйишга доир муҳим бир вазифасига алоҳида тўхталиб ўтсак. Зеро, бу масалага айримларимиз андак нописандлик билан қарайдиган бўлиб қолгандик ва бундай қараш, назаримда, айрим ватандошларимиз ҳаётида  ҳамон давом этиб келмоқда. Асарда қайд этилишича, ота-онанинг фарзанд олдидаги вазифаларидан бири – “оиланинг янги аъзосига маънодор, чиройли исм қўйишдир”.
Бола хоҳ  ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин, қўйилган исмда эзгу орзу умид, яхши ният, хайр-барака ўз ифодасини  топсин экан. Шундай бўлсинки, фарзанд вояга етганда ўз исмидан уялиб юрмасин. Бу фикр қуйидаги ҳадис билан асосланган: “Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни севадир”.  Бинобарин, ¬– деб таъкидлайди муаллиф, – мусулмон банда барча ишларида, жумладан, болага исм қўйишда ҳам гўзалликни кўзлаши керак” (278-бет). Асарда келтирилган мисоллар шундан далолат берадики, ҳатто Расули акрам (с.а.в.) ҳам маънисиз исмларни ўзгартирганлар.
Шу муносабат билан афсус-надомат ила қайд этиш жоизки, шўролар (даҳрийлик) даврида болаларга исм қўйишда лоқайдликлар, адашишлар бўлган. Бу даврда мусулмон фарзандларга “Мэлс” (Маркс, Энгельс, Ленин ва Сталин номларининг бош ҳарфлари) “Инқилоб” “Январ” (Январхон) каби бемаза номлар қўйиш одат тусига кириб қолган эди. Баъзилар эса унчаликка бормасалар-да, лекин фарзандларига “Болтавой”, “Тешавой”, “Остонақул”, “Тўхтасин” деган андак “силлиқроқ” ном қўярдилар. Ҳатто яхши ният ва умид билан қўйилган “Муҳаммад”, “Муҳаммаджон” каби номлар ҳам талаффузда бузилиб, “Мамажон”, “Мамат” деб атала бошланди (Хоразмда эса, “Матчон”), афсус. Бундай нописандликларга чек қўйиб,  Пайғамбар (с.а.в.)нинг исми шарифини бузмасдан, эҳтиёткорлик билан аташга, юқорида келтирилган номлар ўрнига чиройли, гўзал исмлар қўйишга одатланайлик. Зотан, шунда  муаллифнинг “Мўмин мусулмонлар ўзларига ёки болаларига турли хил бўлмағур исмларни қўявермасликлари керак”, деган таъкидларига муносиб иш қилган бўламиз.
Шу ўринда муаллиф ибратли бир хабарни келтиради: буни қарангки, исмнинг чиройли бўлиши қиёмат куни ҳам керак бўлар экан. Чунки, тумонат халойиқ йиғҒилган жойда бандалар исмлари билан чақирилар эканлар. Табиийки, агар бандага гўзал исми билан  мурожаат этилса, у хурсанд бўлади, аксинча эса, хижолат чекади, ҳамманинг олдида уялади. Юқорида келтирилганидек, исми ноқулайлигидан хижолат чекиб юрганлар ҳам бор. Боланинг, ҳар қандай инсоннинг мусулмон фарзанди эканини дунёю охиратда исми ҳам намоён қилиб тургани маъқул. Муаллифнинг ўз ўқувчиларига исм масаласида берган маслаҳати мана шундан иборат. Ушбу бобда ҳам кўп ҳадислар, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳаётларидан ибратли ҳикоялар, мисоллар келтирилган.
Асарнинг бир боби қиз боланинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган. Исломдан илгариги жоҳилият даврида бутун дунёда, жумладан арабларда ҳам хотин-қизларга паст назар билан қараш урф бўлган. Араб оиласида қиз туғилса, чақалоқлигидаёқ уни тириклайин кўмиб юборишдек ваҳшийлик одати ҳукмрон бўлган. Қуръони карим нозил бўлгач, У шу давргача ҳимоясиз қолиб, гўдаклигидаёқ ноҳақдан ўлдириб юбориладиган қизларни ҳимоя қилиб чиқди. Хотин-қизларнинг қадр-қиммати қиёматгача ибодат учун ўқиладиган муқаддас оятларга битиб қўйилди. Муаллифнинг хулосасига қараганда, “Ислом дунёда биринчи бўлиб аёл киши ҳам худди эркак кишидек тўлақонли инсон эканини эълон қилди. Бу маъно Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қайта-қайта баён этилди”. Ҳа, бу ҳақиқат ҳам исломнинг нақадар улуғ дин эканлигини исбот қилувчи далиллардандир.
Юртимиз мустақиликка эришгач, ижтимоий ислоҳотлар қатори аёлларга бўлган муомала муносабатларда ҳам сезиларли ўзгаришлар содир бўлди. Тўғри, совет ҳокимияти йилларида ҳам аёлларнинг “эркаклар билан тенг ҳуқуқи” эътироф этилганди. Аммо аёлга асосан “ишчи кучи” сифатида қаралар эди (машҳур “стахановчилик ҳаракатлари”да аёллар меҳнатининг эксплуатациясини, Катта Фарғона канали қурилишида хотин-қизларнинг қопларда тупроқ ташишга мажбур қилинганларини эсланг).
Ваҳоланки, аёл инсоният насл-насабининг давом эттирувчиси, оила бешигининг тебратувчисидир. Юртбошимиз ташаббуслари билан “Аёллар йили”, “Оналар ва болалар йили” деб эълон қилинган йилларда давлатимиз томонидан оналар саломатлигини таъминлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор қонуний қужжатларнинг қабул қилиниши ислом таълимотининг аёллар масаласидаги қарашларига ҳам ҳамоҳангдир. “Мустаҳкам оила йили”нинг эълон қилиниши эса, маржондай тизилиб келаётган ўша йилларнинг мантиқий давоми бўлиб, албатта, яхшилик ва эзгулик, олижаноблик ва меҳр-оқибат  каби тушунчалар сарчашмаси бўлмиш оилага, унинг асоси – аёлга эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги намойишидир. Бу масалада давлатимиз томонидан кенг қамровли янги дастурий вазифалар ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, асарда бола тарбиясига ҳам алоҳида боб ажратилган. Зотан, “Тарбия ҳам ота-оналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир”. Асардаги ишончли ҳадислар шундан далолат берадики, ҳатто Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни алоҳида  эканлигига катта эътибор берганлар.
Муаллифнинг ёзишича, “Бола тарбияси уч қисмдан иборатдир. Бир қисми болага одоб ўргатиш, иккинчи қисми таълим бериш ва учинчи қисми болага жисмоний тарбия беришдир”. Асарда, айниқса, ҳозирги даврда каттаю кичикнинг бадан тарбия билан шуғулланишига эътибор бермоғи лозимлиги алҳида таъкидлаб ўтилган. Давлатимиз томонидан  спорт ишларига алоҳида эътибор берилаётганининг боиси ҳам шундандир. Китобда кўпчилигимиз билмаган хабар – ПайҒамбаримиз  (с.а.в.)нинг  жуфти ҳалоллари Оиша онамиз (р.а.) билан югуриш мусобақаси ўтказгани ҳақида маълумот  келтирилган.  Бу эса, ҳозирги даврда оилавий равишда спорт билан шуғулланиш айнан ПайҒамбар (с.а.в.) замонидан қолган мерос эканини тасдиқловчи ишончли далилдир.
Асарда фарзанд вояга етгач, уни никоҳлаб, оилали қилиб қўйиш эса ота-онанинг энг муҳим вазифаси эканлигига ҳам катта ўрин берилган. “Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларида, – деб ёзади муаллиф,– никоҳга тарғиб жуда кучли тарзда келган”. Ва бунинг исботига қуйидаги ҳадис келтирилади: “Эй ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин”. Муаллиф ҳадисдаги “қодир бўлса” иборасини ўсмирнинг моддий-маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга тайёр-тайёрмас эканига урғу бериб талқин этар экан, Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатларидан бўлган уйланишга имкони бўла туриб оила қурмаслик мўмин-мусулмон учун мутлақо тўғри келмаслигини алоҳида таъкидлаган.
Асарнинг уйланишга доир қисмида умр йўлдошини танлаш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Ушбу фикр  ўзаро яқин қариндош-уруғларнинг никоҳини манъ этган  ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан бойитилган. Хусусан, никоҳи абадий ҳаром қилинган қариндош-уруғ тоифалари санаб ўтилган. Бунга қўшимча сифатида, бошқа ривоятларда авлоднинг соғлом, бақувват бўлиши учун бошқа қабилалардан қудачилик қилиш тавсия этилганлигини ҳам айтишимиз мумкин.
Шайх Муҳаммад Содиқ жаноблари ачиниш билан дейдиларки: “...маза-матрасиз телесериалларда тарғиб қилинаётган “эркин муҳаббат” ғояси, бировнинг жуфти ҳалолига шаҳват билан, ҳирс билан, ёки ўзларининг таъбири билан айтганда, “муҳаббат” билан қарашлар, дўстининг хотинига севги изҳор қилишлар Ислом ҳукмларига кўра, мутлақо жоиз эмас”. Биз ҳам бу фикрларга тўлиқ қўшилган ҳолда одамларни баъзи телесериаллар, айрим кинофильмлар ва театр постановкаларини кўришда бефарқ бўлмасликка чақирамиз.
“Бахтиёр оила” асарида оила қуришдек ҳаётий зарур ва ўта савоб ишнинг жуда кўп томонларига эътибор қаратилган. Никоҳли оила қуришда ишбошиларнинг бурчи-ю, бўлажак умр йўлдоши танлаш, муносиб келин-куёв-у, совчилик одоби, унаштириш-у маҳр бериш масалалари.... қўйингчи, янги оила қуришнинг ўқувчи эсига келмаган “икир-чикирлари”гача исломий қоида ва шариат ҳукмига биноан аниқ тушунчалар берилган. Ушбу китоб ёшларимизга ҳам, ота-оналаримизга ҳам бу муҳим масалада  қимматли дастуриламал бўлиб қолажак, иншоаллоҳ.
Мақола сўнгида никоҳ тўйи муносабати билан қудалар ўртасида жорий  этилаётган янги бемаза одатлар ва никоҳ тўйлари ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз. Ҳурматли ўқувчим! Келиннинг сепи-ю, янги уй анжомлари, никоҳ тўйи билан боғлиқ, аммо ношаръий одатлар сизни ҳам ўйлантираётган бўлса ажаб эмас. Чунки булар барчага доир удумлардир. Асарда таъкидланишича, “Бугунги кунда бу масаладаги ишлар шариат кўрсатмаларига тамоман тескари”. Қанчалик куйинчаклик билан айтилмоқда бу гаплар! Зотан, қудаларнинг, айниқса, қиз томоннинг ортиқча инжиқликлари, келин сепи масаласида қуюшқондан чиқиб кетган талаблар, келин тарафнинг тўйдан кейин ойлаб куёв тарафни овқат билан таъминлаши каби “фарзи вожибга айланиб қолган” бемазагарчиликлар муаллифнинг ҳам, умуман соғлом фикрли одамларнинг ҳам ғазабини келтирмоқда.
Ҳадислар шундан далолат берадики, тўйларда мусиқа чалиш ҳам,  қўшиқлар айтиш ҳам мумкин экан. Аммо бундай кўнгилхушликлар одоб билан, шариат кўрсатмалари доирасида бўлмоғи лозим. Лекин тан олиш керакки, тўйларимиз ортиқча дабдабаларга, шовқин-сурону, исрофгарчиликларга сабаб бўлмоқда: “Тўйларда бевақт ва ноўрин шовқин-сурон кўтариб.... озор берадиган даражага бормаслик керак,... Тўйларда қатнашаётган қарияларнинг қулоқларини қоматга келтирмаслик керак. Овоз кучайтиргичларни борича кўтариб, маҳалладаги беморлар, гўдаклар, кексалар ва бошқаларнинг тинчлигини бузиб, дуоибадига қолмаслик керак”. Ва яна: “Куй ва қўшиқлар ҳам гуноҳга қўзғайдиган, шаҳватни уйғотадиган бўлмаслиги, балки, ибратли, эзгуликка бошлайдиган тарзда бўлмоғи даркор”.
Ушбу фикрлар тўйларимизнинг рисоладагидек, шариат тартиблари асосида, одоб доирасидан чиқмасдан яхши удум бўлиб қолган  одатларимизга риоя қилган ҳолда ўтишига гўё бир чақириқдек туюлмоқда.
Ҳурматли ўқувчи! “Бахтиёр оила” номли 500 саҳифадан иборат катта бир китобнинг мазмун-моҳиятини битта мақола доирасида баён этиш амри маҳол. Биз фақат ушбу асарнинг бахтиёр оила қуриш истагида бўлганлар учун нақадар қимматли ва ишончли қўлланма эканлигига бақадри ҳол эътибор қаратдик, холос. Ҳозирча 8 минг нусхада чоп қилинган бу қимматли асар яқин орада қайта нашр этилиб, ҳар бир оилага кириб боради, деб умид билдирамиз. Зотан, комил ишонч билан айтиш мумкинки, ана шундай асарлар оилаларимизнинг, демак давлатимизнинг ҳам бундан-да мустаҳкам бўлиши учун назарий асос бўлиб хизмат қилади.

Сайфиддин Ҳожи ЖАЛИЛОВ,
Республика тарихчилар жамияти Андижон вилоят бўлими раиси, фахрий профессор
Имоми ал-Бухорий сабоқлари
маънавий-маърифий, илмий-адабий журнал