1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Менинг онам оналарнинг энг гўзали

Фарзандингизни эсон-омонгина қўлингизга олдингиз. Табиийки, энди бутун диққат-эътиборингиз янги меҳмонингизда. Бу яхши, албатта. Лекин баъзи-баъзида қўлингизда таглик билан бўлса ҳам кўзгу ёнига келиб, ўз қиёфангизга назар ташлаб қўйишни ҳам унутманг. Ёки кўзгудаги қиёфангиз ўзингизга ёқмаётганидан хунобмисиз? Буниси ҳам табиий ҳол. Бунга фақат уй кийими, пардозланмаган юз ёки турмакланмаган соч айбдор, деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз. Эътибор беринг, либосингиз остида нима гаплар?!

Қайдасан, чиройли қоматим

Туғруқдан кейин қоматингиз сезиларли даражада ўзгариб кетган бўлиши мумкин. Энди шундайлигим-ча қолиб кетарканман-да, дея ташвишга тушманг. Агар хоҳиш ва қунтингиз бўлса, албатта, туғруқдан олдин қандай бўлсангиз, худди ўша ҳолингизга қайтишга имконият бор.
Ҳаммасидан олдин келишиб олайлик, озиш учун кенг тарқалган рекламалардан фойдаланишга ҳаракат қилмайсиз. Баъзан улар ёрдамида вазнингиз бироз камайиши мумкин, аммо бу кўпинча танангиздаги сув миқдорини камайтириш эвазига амалга оширилади. Ҳақиқий озиш эса танада ёғ миқдорининг енгиллашишидир. Тез орада вазнингиз яна ўз ҳолига қайта бошлайди, чўнтагингиз озгани қолади, холос. Келинг, бир синаб кўрайлик-чи, болани қаровсиз қолдирмаган ҳолда ва оилавий бюджетга таъсир қилмай туриб бу борада ўзингиз ўзингизга бирор нима қила олармикинсиз?

Жисмоний тарбия

Киришишдан олдин сизга қандай жисмоний ҳаракатлар мумкину, қайсилари мумкин эмаслиги тўғрисида гинекологингиз билан маслаҳатлашиб олинг, айниқса, бола операция йўли билан олинган бўлса. Туғруқ ҳаммада ҳар хил кечади, шунинг учун машғулотларга қанчалик эрта киришишингиз умумий аҳволингизга боғлиқ.
Ҳали туққанига кўп бўлмаган аёллар учун нафас йўли машқлари ва тортилиш машқлари фойдалидир. Улар сизга туғруқдан кейинги дипрессияни енгиб ўтишингизда ёрдам беради. Жисмоний ҳаракат кам қувватлиликни йўқотиб, бўғин касалликларидан ҳимоя қилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жисмоний фаоллик каби фойдали ҳимоячингиздан воз кечманг. Кўп юриш тананинг пастки тараф мускулларини ва бутун гавдангиз мускулларини мустаҳкамлайди.
Шундай экан, онажонлар, болангизни аравачасига солиб қўйиб уйингизнинг ёнида қўшнилар билан гап сотиб ўтиргандан кўра, аравачани етаклаб уйингиз яқинидаги спорт майдони ва истироҳат боғини сайр қилиб келинг. Янада фаолроқ жисмоний ҳаракатларни эса шифокорингиз рухсат бергандан кейин бошланг. Яна айтиб қўяйлик, ойига 2-3 кг гача озиш мумкин, холос. Айниқса аёл организмига бирданига 10-15 кг озиш ҳақидаги гаплар тўғри келмайди. Бу юрак қон томирлари системаси учун хавфли ва терингиз ҳам салқиб, хунук бўлиб қолади.
Агар жуда яхши натижага эришишни истасангиз, камида уч-тўрт ой узлуксиз машғулотлар билан шуғулланишингизга тўғри келади. Ҳафтасига уч марта шуғулланинг, машғулотлар 45-60 дақиқа давом этиши керак. Аввал мускуллар қизиб олиши учун унчалик оғир бўлмаган машқлардан бошланг. Масалан, мусиқа остида шунчаки рақсга тушиш мумкин.
— Аёл туғруқдан кейин қоматини тиклаб олиши учун энг оддий ва энг самарали машқлар қуйидагилардан иборат:

Бўкса ва қорин мускуллари энг муаммоли жой бўлгани учун шулардан бошлаймиз.
1. Қўлларингизни икки тарафга ёзиб полга ўтиринг. Кейин қўлларингизни бошингизнинг орқа тарафига қўииб, олдинга, орқага, ўнгга, чапга кетма-кет энгашинг. Бир бажаришда ҳар бир тарафга 50-100 мартадан энгашинг.
2. Осмонга қараб ётинг, қўлларингизни бошингизнинг орқа тарафига олиб боринг. Узатилган оёқларингизни бир-бирига ёпиштириб, пол устида қимирламаган ҳолда гавдангизни кўтаринг. Бу машқни 25-50 марта қайтаринг.
3. Яна осмонга қараб ётинг, оёқларингизни бирлаш-тирган ҳолда тўғри қилиб тепага кўтаринг. Қўлларингиз оёқларингизга ёрдамга бормасин. Бу машқни ҳам 25-50 марта такрорланг.

Гўзал сийналар парвариши

Энди кўкрак мускулларини мустаҳкамлаймиз.
1.Тиззаларни букиш. Бунинг учун сиз белингиз ва елкангизни бир тарафга йўналтирасиз. Кафтларингизни бир-бирига ишқалайсиз. Кафтларингизнинг орқа тарафини бир-бирига теккизиб, ўзингиздан узоқлаштирасиз ўн марта тўрт хилдаги ана шундай машқларни бажарасиз.
2. Полга ётганча, қўлларингизни икки томонга узатасиз, сўнгра яна бирлаштирасиз. Машқни 10-15 марта бажарасиз.
Қорнингиз билан ётганча, қўл-оёқларингизни тепага кўтарасиз, шунда белингиз букилади. Кейин ўзингизни бўш қўйинг. Машқни 15-25 марта бажарасиз.
Ҳар бир машғулотни, албатта, чуқур нафас олиб чиқариш билан якунланг. Машғулотдан сўнг илиқ душ қабул қилишни унутманг, чўмилиб чиққач, сочиқ билан танангизни қаттиқ ишқалаб артинг, тортилган терининг қайта тикланишида ёрдам беради. Душ ва уқалашдан кейин энг нозик жойлар — бўкса ва қорнингизга терини озиқлантирувчи кремлардан суртинг.
Агар болани кўкрак сути билан озиқлантираётган бўлсангиз, жисмоний машқлар сутингизни камайтириши тўғрисида хавотирга тушишингизга асос йўқ. Лекин машқларнинг меъёридан ошиб кетиши натижасида сутингизда сут кислотаси кўпайиши ва у тахирроқ таъмга эга бўлиб қолиши мумкин. Айрим чақалоқларга бу ёқмайди. Бундай ҳолларда машғулотларни бироз камайтиришингизга тўғри келади.

Ойдиннисо Йўлдошева

 

 

 

Сочларни ҳинно ила бўяш

Реклама бизни соч бўёқлари хавфсиз ва хатто фойдали, деб ишонтиришга астойдил уринади. Лекин, химия – барибир химиядир. Унинг ёрдамида яратилган гўзаллик қисқа муддатлидир; бироқ, унинг таъсири натижасидаги сочнинг тўкилиши ва нозиклашиши билан анча узоқ курашишга тўғри келади. Ваҳоланки, косметологияда соч бўяш амалиёти минг йиллардан буён мавжуддир. Қадимги Миср ва Бобил, Ҳиндистон ва Араб Шарқи гўзаллари бунинг учун ҳиннодан фойдаланганлар.

Қайси ҳолларда ҳинно сизга тўғри келмайди:

1. Сизнинг сочингиз яқинда химиявий модда билан бўялган ёки рангсизлантирилган бўлса. Ўсимлик асосидаги бўёқлар химиявий бўёқлар билан мувофиқ келмайди. Бу ҳолда натижа умуман кутилмаган бўлиши мумкин. Сочингиз ҳар қандай рангга – апельсин рангидан тортиб яшил ранггача – кириб колиши мумкин.

2. Агар сочингиз химиявий жингалакланган (кокилланган, завивка) бўлса. Бунга ҳам юкоридаги омиллар сабаб бўлади. Ҳинно билан бўялгандан сўнг ҳам химиявий жингалаклаш мумкин эмас.

3. Агар сочингиз табиатан ёрқин рангли бўлса. Албатта, агар сиз сочингизни малла рангга киришини ҳохласангиз, бу бошқа гап.

4. Агар сиз сочингиз рангини тез-тез ўзгартиришга кўникиб қолган бўлсангиз. Ҳинно билан бўягандан кейин сиз узоқ муддат химиявий жингалаклай олмайсиз, химиявий бўёқлар қўллай олмайсиз, сочингизни рангсизлантира олмайсиз.

5. Агар сочингизни 40 % дан кўп қисми оқарган бўлса (бу ҳолда соч сабзи рангига кириб қолиши мумкин).

Сизга зарур бўладиган нарсалар: 1 тадан 3 тагача пакетчадаги ҳинно (сочингизнинг узунлигига боғлиқ), эски сочиқ, кичикроқ косача, кенг сартарошлик чўткаси (кисточка), резина қўлқоплар, пахта, крем, пластик пленка (оддий ўртача катталикдаги целлофан пакет ҳам бўлаверади), агар сочингиз узун бўлса, шпилькалар.

Соч бўяш босқичлари:

1. Ҳиннони қуюқ сметана холатига киргунча қайноқ сув қуйиб аралаштиринг. Ҳиннода бўлакчалар қолмаслиги керак (бунинг учун сув қўшишдан аввал ҳиннони элаб олинг, ёки тайёр қоришмани сузгичдан ўтказиб олинг). Яхшироқ суртилиши учун ва ниқоб хусусияти пайдо бўлиши учун коришмага тухум сариғи, календула мойи, жожоба, ёки ҳиннонинг мойидан қўшиш мумкин.

2. Елкангизга эски сочиқни ёпинг. Ҳинно доғларини кийимдан кетказиш амалда иложи йўқ. Пешонангизнинг соч ўсиш чизиғи бўйича крем суртиб олинг; бу терини бўялиб қолишини олдини олади.

3. Бўёқни қуруқ, тоза сочга суртиш керак. Бўяшни энса қисмидан бошлаган маъқул. Бошнинг энса қисми энг паст ҳароратга эга, шунинг учун энса қисмидаги соч толалари узоқроқ бўялади. Кейин бўёқни бошнинг тепа ва чакка қисмларига суртинг, охирида эса сочнинг бутун узунлиги бўйлаб суртиб чиқинг. Ҳиннонинг терига тушмаслигига эътибор беринг. Агар бу ҳолат юз берса, дарҳол нам пахта тампони ёрдамида артиб ташланг.

4. Сочнинг ҳамма қисмини бўягандан сўнг, сочингизни уқалаб чиқинг (массаж), шунда ҳинно бир текис ётади. Агар сочингиз узун бўлса, шпилька билан қадаб олинг. Бошингизни пластик пленка билан ёпинг, бунда пешонанинг соч ўсиш чизиғи бўйлаб пахтадан қилинган жгут боғлаб олинг, пленканинг устидан эса сочиқ билан ўраб олинг.

5. Ҳиннони қанча вақт қўйиб туриш керак? Бу сочнинг дастлабки рангига, унинг қалинлигига ва қандай жилога эришмоқчи эканлигингизга боғлиқдир. Энг яхшиси сочни бўяшдан аввал бир тутамида синаб кўриш керак. Бу амал тажриба ҳиннони қанча вақт қўйишни бехато аниқлашга ёрдам беради. Агар сизда бу амал учун вақт ва ҳоҳиш бўлмаса, ва сочингизнинг дастлабки ранги ёрқин ранг бўлса, малла рангга кириши учун 5-10 минут, тўқ рангли соч учун 30-40 минут, қора сочл учун 1,5-2 соат керак бўлади.

6. Бўяш вақти тугагандан кейин сочни яхшилаб ювиш керак бўлади. Бу жараён анча мураккаб ва қувват талаб қилади. Сочни ундан оқаётган сув мутлоқ тоза ва тиниқ холга келгунча ювиш керак. Сочдан ҳиннонинг қолдиқларини ювиш учун чайқовчи малҳамдан (бальзам-ополаскиватель) фойдаланиш мумкин, ёки кейинроқ, қуритиш давомида фен ёрдамида тозалаш мумкин.

Шуни ёдда тутиш керакки, ҳиннонинг хақиқий ранги одатда икки-уч кундан кейин, айниқса қуёш нурида юзага чиқади. Шунинг учун солярийга борилса ёки шунчаки қуёш нурида турилса, айни муддао бўлади; бу нарса сочни ажойиб тарзда товланишига имкон беради.

Агар фақатгина сизда мавжуд бўлган рангни пайдо қилмоқчи бўлсангиз, унда тажриба ўтказиб кўриш мумкин.

Масалан, агар қадимги ҳинд рецептига амал қилиб, 100 грамм ҳиннога 10 грамм оддий майдаланган гвоздика қўшиладиган бўлса, сочнинг ранги янада тўқлашиб, ёрқинлашади. Лавлаги суви ҳам ўзига хос жило пайдо қилиши мумкин. Қуюқ қилиб дамланган чой сочни ёрқин-сариқ ранга бўяйди. Агар 4 чой қошиқ кофе қўшиладиган бўлса, бу сочга оқ-малла ранг ёки каштан рангини беради. Турли жилога эга бўлиш учун ҳиннони 3-4 қошиқ какао билан аралаштириш кифоя қилади. Бунда соч кўпчиликка таниш бўлган қизил дарахт рангини олади. Мойчечак дамламаси эса (1 қошиқ мойчечак гулидан ½ стакан сувга қўшилади) сочни ёрқин олтин рангга киритади. Ҳинно қоришмасига бироз каркаде чойи қўшилса, соч қизғиш ранга киради. Агар ҳиннони пиёз пўчоғи билан қайнатиб қўлланилса, мисранг ёки олтинранг жилони пайдо қилиш мумкин.

 

 

 

Қовоқли ниқоб

Таркиби:

2 ош қошиқ (буғда пишган ва эзилган) қовоқ

1 чой қошиқ зайтун ёғи

1 чой қошиқ асал

1 дона тухум сариғи

 

 

Тайёрланиши:

Юқоридаги масаллиқларни, буғда пишган ва эзилган қовоқ, зайтун ёғи, асал ва тухум сариғи аралаштирилади.

 

 Тайёрланиши:

Маска юзга сурилади. 10-15 минутдан кейин ювилади. Юзни ёшартириб, ажинларни текислайди. Қуруқ тери учун. Шўралаган юзларга фойдали.

Шарқнинг гўзаллик сири

Шарқ аёлларининг гўзаллариклари тилларда достон бўлиб келган. Уларнинг гўзаллик сирлари асрдан асрга ўтиб кунимизгача сақланиб қолган. Уларнинг таркибида табиий мева-сабзавот, ўсимлик ёғлари, турли ўтлар ва илдизлари улар учун ҳозирги кунда ишлатилаётган замонавий крем ва сургиларни ўрнини босган. ҳозирги кунда химикатлардан кўра кўпроқ табиий мҳсулотларга эътибор берилаётган бир вақтда биз ҳам сизнинг ҳукмингизга улардан бир нечтасини ҳавола қиламиз.

 

***

 

Ёғли ва нормал юз териси учун ёшартирувчи маска:

1 ош.қ. хўл дрожа.

1 ош.қ. йогурт (ёки сметана)

1 ч.қ. озиқ содаси.

1 ош.қ. илиқ сув.

 

Ҳамма масаллиқларни аралаштириб, юзга ва бўйинга 15 минутга сурилади. Маска Қотишини кутиш шарт эмас (узоқ қотади). Илиқ сув билан ювилиб, ёғсиз крем сурилади.

Дрожа юз терисини яхши тозалайди, сода эса юз терисидаги шамоллашларга фойда беради.

 

***

 

Нормал ва нозик юз териси учун ёшартирувчи маска

3 ош.қ. асал

10 томчи лимон соки (ёғли тери учун) ёки 1 ош.қ. сабзи соки ёки майда қирғичдан ўтказилган сабзи (қуруқ тери учун)

1 совуқ бодрингни паррак паррак қилиб кесилади.

Таёрланган маскани юзга ва бўйинга суртилиб енгил массаж қилинади. Сўнг эса маскани ювмасдан кесилган бодрингларни қўйилади ва 15 дақиқадан сўнг илиқ сув билан ювилади.

 

***

 

Уй шароитида тоник тайёрлаш

1 ч.қ. асал

2-3 томчи лимон соки (ёғли тери учун)

Янги атиргул барглари

Бир қисм атиргул баргларига ярим стакан қайнаган су қўйилади. 20 дақиқа усти ёпилиб тиндирилади. Сўнг асал, юз терисига қараб лимон соки қушилади. Юз терисига пахта томпонлари билан суртилади. 10-15 дақиқа сўнг ювилади.

Атиргул баргларида эфир мойлари бўлиб, у юз терисини ёшартириш хусусиятига эга.

 

***

 

Оқартирувчи маска

1 тухумнинг оқи

1 ч.қ. туз

1 ошқ. лой (аптека глинаси)

2-3 томчи лимон соки

Ҳамма масаллиқлар аралаштирилиб, юзга 15-20 дақиқага суритиб қўйилади. Илиқ сув билан ювиб ташланади.

 

Қаҳва-зайтунли маска (юздаги эски териларни йўқотиб, юз терисини озиқлантиради)

1 ч.қ. шакар

ярим стакан (ёки қанча бўлса) кофе қуйқаси

1 ч.қ. зайтун ёғи

ҳамма масаллиқлар аралаштириб, скраб билан тозаланган юзга, баданга секин енгил массаж қилиш билан суртилади. Агар шакар ўрнига катта катта денгиз тузи солинса тери учун целлюлитни йўқотадиган яхши воситадир (лекин юзга суриш тавсия этилмайди). Бу крем бутун баданга суртилиши мумкин, қон айланишни яхшилайди ва тери тонусини кўтаради. Массаждан сўнг илиқ сув билан чайилади. Кофе таркибида ноёб эфир мойлари бор.

Гўзал бўлай десангиз

«Геркулес» ниқоби

Бир дона тухум оқини бир чой қошиқ асал билан аралаштириб олинг. Сўнгра бир чой қошикдан сут ва лимон шарбати қўшинг. Унга бир неча томчи бодом ёғи солиб яхшилаб аралаштиринг. 20 дақиқа давомида юзингизга суриб қўйинг. Юз териси тиниқлашиб, равшанлашади.

Помидорли ниқоб Юзингиз ниҳоятда ёғли бўлса ва бундан хижолатланаётган бўлсангиз, бунинг йўли бор!
Бир дона помидор олиб, уни қирғичдан ўтказиб олишингиз керак бўлади. Унга бир чой қошиқ лимон шарбати ва шунча сабзи шарбати аралаштириб юборасиз. Ниқобни юзда ўн дақиқа ушлаб тургач, илиқ сувда ювиб ташлайсиз.
Албатта озиқлантирувчи крем суртишни унутманг.

ҚУРУҚ ТЕРИЛАР УЧУН

Творогли ниқоб

Бир чой қошиқ творогни ярим чой қошиқ асал ва бир чой қошиқ кефир билан яхшилаб аралаштириб юборинг. Ниқоб аралашмаси нишолда ҳолига келгунча бўтқаланади. Бунинг учун бирозгина сабр ва меҳнат талаб этилади.
Ушбу ниқобни тозаланган юзга суртгач, 20 дақиқадан сўнг қайнатиб олинган илиқ сувда ювиб ташлайсиз.

Бананли ниқоб

Бу оддий ва ,тез тайёр бўладиган ниқоб ҳисобланади. Бунинг учун яримта бананни санчқи билан увалайсиз. Увалангач, яхшилаб эзасиз. Уни нафақат юз, балки бўйин терисига ҳам суриш мумкин. 15-20 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб олиш керак бўлади. Аслида бу ниқобни барча турдаги терилар учун қўллаш фойдали, аммо қуруқ терилар учун айни муддао ҳисобланади.

Дилдора тайёрлади.