1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Ҳаё пардаси нозик

Бугунги кунимизда ҳаёт тақозосига кўра, аёлларнинг кўча-кўйда, ишхонада, жамоат жойларида, хонадонларда бегона эркаклар билан тез-тез тўқнашишларига тўғри келади. Бундай ҳолларда улар ўзларини қандай тутишлари керак? Шарқона одобимизга кўра эркак-аёл муносабатлари қандай бўлиши лозим? Шу ҳақдаги фикрларини билмоқчи бўлиб бир неча кишига мурожаат қилдик:

Иқрорлик изтироби

Тўртинчи ўғлимни ҳам тупроққа топширдим. Ўғлимнинг ортидан кетгим, бу бевафо дунёда  ортиқ қолгим келмаяпти. Ўғилларимнинг ўлимида фақат ўзимни айбдор қиламан. Аслидаям оиламиз дуч келаётган бахтсизликларнинг  бош айбдори ўзимман. Масъулиятсизлигим, рафиқалик, оналикни эплолмаганим, охирини ўйламай иш тутишим бутун оила бошига, эримнинг бошига оғир мусибатларни ёғилишига сабаб бўлди.

“Юлдуз”лик бўсағасидаги тузоқлар

Машҳур кишиларнинг, айниқса санъаткорларнинг газета- журнал ўқишга  вақти йўқ, деб ўйлардим. Таҳририятга қўнғироқ қилиб айтадиган гаплари борлигини маълум қилганида, таниш овозни қайдадир эшитгандек бўлдим.
-    Илтимос, мени айтганларимни шундайлигича газетангизга ёзиб чиқаринг.  Фақат кимлигимни ошкор қилманг, гарчи ўзингиз яхши таниб турган бўлсангиз-да...- Муштарийимизга уларни танимаётганимни айтдим ва бизга қўнғироқ қилганларнинг шахси ўзи истамаса ошкор қилинмаслигини эслатдим.
-    Мен ҳозиргача ўзим англаб етган ҳақиқатларни айтишим керак. Кимларгадир асқотса, кимдир нимадир олса... Асли водий томонларданман. Тўрт нафар фарзандмиз. Ота-онам кичкиналигимизда ажрашиб кетишган экан. Мен учинчи фарзандман. Онам биз болаларини оёққа турғизиш учун жуда кўп қийналдилар. Биз фарзандлар онам чекаётган машаққатларни, изтиробларни ўз кўзимиз билан кўриб турардик. Шунинг учун ҳам дадамга нисбатан нафрат билан улғайдик. Дадам онам ва болаларини ўйламай, ўз кўнгилларини оиладан устун қўйиб бизни ташлаб кетганлар. Майли, пешонамизда шу кунлар бор экан, кўрдик. Лекин сизга айтмоқчи бўлганларим мутлақо бошқа нарса. Хуллас, болалигимдан куй-қўшиқ, рақсга иштиёқим баланд эди. Аввал боғчада, кейин мактабда ўтказиладиган бирор бир тадбир менсиз, менинг қўшиғим ё рақсимсиз ўтмасди. Бора –бора санъатга бўлган шунчаки ҳавас, кўнглимда ажрлмас истакка айланди. Қўшиқчи- санъаткор бўламан, деб ўзимча қатъий аҳд қилдим. Лекин онам, акаларим ва тоғаларим бу ниятимни умуман ёқламадилар. Икки гапнинг бирида “Қиз болага ҳам қўшиқчиликми? Қиз бола дегани ўқитувчи бўлсин, тикувчи бўлсин, борингки, дўхтир бўлсин. Энди бир ками қизи қўшиқчи бўлиб кетган, деган маломатни кўтаришимиз қолувди” деб мени кўз очирмай қўйишди.  Тўққизинчи синфни битириб вилоятимиздаги ўша пайтдаги  маданият техникумига ўқишга кирдим. Уйда акаларим ва онам жанжал бошлаганди, “кутубхона иши бўйича ўқишга топширдим, кутубхоначи бўламан қишлоғимизга” дедим. Ҳақиқатдан ҳам кутубхоначиликка ўқишга топширгандим. Мақсадим маданият техникумида ўқисам бўлди, секин-аста уйдагиларнинг розилигини олиб қўшиқчи бўламан, деб ўйлардим. Билим юртидаги тадбирларда ҳам қўшиқ айтардим.  Овозим кўпчиликка ёққани учун, билим юртида ўқитувчилар ва талабалар назарига тушдим.  Устозларим хонанда бўлсам, албатта санъатда ўз ўрнимни топишим мумкинлигимни тез-тез айтишарди. Бу мақтовларга ҳаддан ташқари ишонибманми, ёки тақдиримда қўшиқчи бўлиш бор эканми, хуллас, мен хонандалик йўлини танладим. Пойтахтга келишим, продюссер топиб, биринчи қўшиғимни ёзишим ва у мусиқий радиоканалларда  айланигунига қадар онам ва яқинларим бехабар эдилар.
-    Хўш, кейинчи? Улар хабар топиб, сизни койишдими?
-    Койиш ҳам гапми?.. Роса уруш-жанжал бўлди. Онам қаттиқ ранжидилар. Акаларимку  “бизни шарманда қилдинг. Онамни хафа қилдинг” деб роса калтаклашди. Шу бўйи қўшиқ айтиш, қўшиқчи бўлиш менга армон бўлиб қолди, деб ҳамма нарсадан ҳафсалам совуди. Йиғлай- йиғлай продюссеримга қўнғироқ  қилиб бор гапни айтдим. У  келиб онам ва акаларим билан гаплашадиган бўлди. Продюссерим – Азамат ака уйдагиларимни кўндириши осон бўлмади. Санъаткор қиз-аёлларнинг ҳаммаси ҳам енгил табиат бўлмаслигини, улар орасида ҳам оила ва санъатни бирга олиб бораётганлари борлигини айтиб, аранг онамни кўндирди. Шунда ҳам онам агар мени сўраб уйга совчилар келишса, эрга бериб юборишларини, ундан кейин турмуш ўртоғим рухсат берсагина қўшиқ куйлашим мумкинлигини айтдилар. Шундай қилиб мен Азамат ака билан Тошкентга қайтдим. Бундан буёғига қўшиқ ёзиш, студиялар, концерт, гастрол сафарлари, тўйлар... Онамга қўнғироқ  қилишга зўрға вақт топардим.  Ҳар куни онам бояқиш зорланиб қўнғироқ қиладилар, мен эса ҳамиша банд бўлардим. Хуллас, шундай қирлиб мен “юлдуз”га айландим...
-    Ҳа, сизни танидим чоғи... – Телефондаги суҳбатдошим айни пайтда анчайин машҳур хонанда аёл эканини билдим.
-    Ҳа шунақа. Синглиммисиз, опаммисиз, сизга шуни айтишим керакки, камдан- кам ҳолатда санъаткор аёллар оилавий ҳаётда ўз бахтини топади. Аксарияти амалдорларга, бойваччаларга иккинчи ё учинчи хотин, ё “маъшуқа” бўлиб юришади. Газета – журналларга, телевизор, радиоларга чиқволиб сузилганча “турмуш ўртоғим мени тушунади”, “мен оилавий ҳаётда бахтлиман”, “қайнона-қайнотам мени яхши кўришади” деган гапларнинг ҳаммаси ҳам рост эмас. Қўшиқ куйлаш, санъатда юлдуз бўлиш истагида қизлар пулдор продюссерлар қўлидаёқ увол бўлиб кетишади. Айнан ўзим шундай фожианинг қурбони бўлганим учун эмас, ўзим кўрган ва эшитган бошқа санъаткор қизларнинг ҳаётида кўрганим учун айтяпман. Онам айтганларидек мен мени сўраб келган совчиларга турмушга чиқмадим. Чиқа олмадим. Ўша пайтлар менинг бошқарув пультим Азамат аканинг қўлида эди. Вақт ўтиб, Азамат ака “юлдуз”ликка  даъвогар бошқа ёш, чиройли, қизларни топганидан кейин мен ўз аравамни ўзим тортишимга тўғри келди. Ижод қилишим, халқ назаридан қолмаслигим учун энди ўзим тер тўкиб, ўзим учун ўзим тиришардим. Энди анча машҳур қўшиқи бўлиб улгургандим. Эшигимизни совчилар тақиллатмай қўйганди. Тўғри, пулим, уй-жойим, мошинамга харидорлар кўп эдию, менга оилапарвар эр бўладигани деярли йўқ эди. Қолаверса, унақа яхши йигитга қайси юз билан ҳам тегардим?!..
-    Ҳамма санъаткор қизлар ҳам жуда сиз айтганчалик эмасдир? Гапларингиз муштарийларимизда санъаткор аёлларга нисбатан нохуш фикрларни уйғотиши мумкин. Ҳар қандай гапни гапиришдан аввал тафаккур тарозисида ўлчаш дуруст эмасми?
-    Гапингиз тўғри. Ҳамма санъаткор қизлар ҳам ахлоқсиз эмас. Аммо  пок юраман, ўзимга гард юқтирмайман, номимни қора қилмайман, деган  санъаткор қизлар, минг иқтидорли бўлмасин ҳеч бири юзага чиқолмайди. Айниқса, ҳозирги пайтда. Сиз менга айтинг-чи, ҳозир радио- телевизорда қўшиғи кунда беш-олти марта айланадиган қўшиқчи қизларнинг қайси бирининг овози ширали, қайси бирида истеъдод бор? Икки ё учтасида. Қолганлари гуручга пана бўлиб сув ичаётган курмаклар. Мен шундай қизни биламан, консерваторияда аъло баҳоларда ўқиди. Овози, таланти, санъатга бўлган меҳр-муҳаббатини Худо юқтирган. Лекин машҳур эмас. Қўшиқ ёзиш, тайёр қўшиқларини “айлантиришга” маблағи йўқ, “спонсор”и йўқ. Мен бир пайтлари ўша қиз билан ижарада бирга яшаганман. Тенгдошмиз. Мен бахтсизлик эвазига машҳур юлдузга айландим, ҳамма нарсам етарли, қўлимда пул ўйнайди, лекин у ҳалигача юрибди, истеъдодини кўрсатолмай. Шу гапларимнинг ўзи бояги фикримни сиботласа керак? Ўзингиз ҳам буни яхши тушуниб турибсиз...
-    Айрим газеталар сизни турмуш қурди, деб жар солганди... Ҳатто  никоҳ тўйингиздан лавҳалар суратини ҳам босишганди...
-    Аслида шу ҳақида айтиш учун қўнғироқ қилгандим. Онам турмуш қуришимни, чиройли оила бекаси бўлиб, фарзандларимни етаклаб қишлоққа боришимни айтиб йиғлайверардилар. Шуни учун турмуш қурдим. Тўғриси, келишилган никоҳ бўлди. У инсонни қишлоғида оиласи, аёли, фарзандлари бор. Мен билан номигагина турмуш қурди. Эл-юрт олдида юзимни ёруғ қилиш, оқ либос кийиб келин бўлиш учун бу “ўйин”ни уюштирдим. Ҳозир фарзандим бор. Ўғлим менга ҳар қандай карьера, юлдузлик ва ҳоказолардан азиз. У ҳаётим, бахтим. Умуман умримнинг маъно-мазмуни. Уни бергани учун Яратганга шукр қиламан...
-    Умри зиёда бўлсин.
-    Раҳмат. Менинг айтганларимни албатта газетангизда ёзиб чиқаринг. Қўшиқчи бўлшаман, деб осмону фалакларда учиб юрган ёш қизларга ибрат бўлсин. Ҳалиям мен дардларимнинг мингдан бирини айтдим. Бу кунга етгнимча қанча хўрлик, таъна, маломатларни кўрмадим. Менга “шайдо” бўлиб “спонсор”лик қилган эркакларнинг хотинидан калтак еганларим, товламачиларга алданиб мол-мулкимдан айрилганим... Хуллас, санъаткор қизнинг ҳаёти газетада ўқиганингиз ё телевизорларда кўрганингиздек сип-силлиқ, ҳою-ҳавас, қувончу шодликка тўла ўтмайди, қизларжон. Санъат нонини ейиш остонасида турган сингилжонлар, юлдузлик бўсағасидаги бундай тузоқлардан огоҳ бўлинг...  

Рухшона ФАРРУХ суҳбатлашди

Одамийлик чегарасида

Баъзан бировдан хафа бўлсак, одам қиладиган иш қилмади, шу нарса одамгарчиликданми деймиз. Одам дегани унақа бўлмайдида, бундай одамга ўхшаб юр деймиз танбеҳ берамиз берганда. Замондош, аслида одамдек яшашни эплай оляпмизми? Албаттда, Қойилмақом қилиб эплаяпмиз. Ишлаяпмиз, бола-чақа боқяпмиз, етмаганига яқинларимизга ҳам ёрдам беряпмиз. Ҳа-я, ора-орада вақтимиз бўлганда фарзандларимизга у-бу нарса ҳам ўргатяпмиз. Болаларимиз ақлли, фаол. Улар бемалол компьютердан фойдалана олади, иккита тилда гапришни билади, бунинг устига бизнес ҳақида ҳам биздан яхшироқ билади. Фақат... Фақат одамдек яшаш ҳақида нимадир билармикан?
“Ўзбекистон” телеканалида бир жиноят иши ҳақида кўрсатув берилди. Унда ҳикоя қилинишича ўсмир йигит холасиникига меҳмонга боради-ю, уй эгаларининг яқинда “Нексия” машина олиш нияти борлигидан хабар топади. Холасининг фарзанди йўқ, эр-хотиннниг ўзлари яшашарди. Орадан маълум фурсат ўтгач, холанинг эри яъни поччасииннг қўл телефонига шундай хабар жўнатади. Хабарда поччасини қишлоқ чеккасидаги дарахтзрорга чақирган жиян аслида шум ниятни режелаштирганди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ киши эса айтилган вақтга, айтилган жойга келади. Бу ерда уни қайнсинг укаси бошига болта билан уриб ўлдиради. Поччаси ўлганига ишонч ҳосил қилган “жиян” холасининг уйига боради ва ўз холасини ҳам ўлдиради. “Қаҳрамон” жиян энди нексияга йиғилган пулларни қидиришга тушади. Уйни ҳамма жойини титган йигит бор-йўғи 860 минг сўм пул топади холос. 860 минг сўм пул ва икки нафар инсон ҳаёти. Хўп, уйда масалан битта Нексиянинг пули бўлганда ҳам у инсон ҳаётидан, умридан қиммат эмасди-ку? Йигитчага пул зарур экан, у бошқачароқ йўл тутиб, мақсадига эришиши ҳам мумкин эди-ку. Нима учун фарзандларимиз орасида ана шундай тошбағир, бешафқат бўлиб улғайётганларига камроқ эътибор берамиз-а? Инсоннинг қадри, қиммати ҳақида болаларимиз бирор тушунчага эгамилар? Айрим ҳолларда инсон боласи қилаётган жиноятларни эшита туриб, шулар ҳам ўзини одам ҳисоблайди-а дегинг келади. Кези келганда одамдек улуғ, одамдек олийжаноби топилмайди. Бироқ, вақт келганда эса энг жирканч, энг тубан ҳам, афсуски, яна одам. Ака ҳолда яна бир воқеамиз қаҳрамони бу дунёни эрта тарк этмаган бўларди. Раънохон (исмлари ўзгартирилган) эри билан бир жойда ишларди. Уларнинг оиласи ишхонада ҳам кўпчиликка таниш, ҳавас қилгулик эди. Бироқ, Раъно сўнгги вақтда эрининг ўзига нисбатан бефарқ бўлиб қолганлигини сезди. У бунинг сабабини ҳам тезда топди. Тўғрироғи буни ишхонадаги аёллар айтишди. Эринг, дугонанг Сурайёни машинасида олиб кетаётганини кўрдик. Эҳтиёт бўлгин. Раъно ишонмади, тўғриси, ишонгиси келмади. У Сурайё билан очиқчасига гаплашиб олди. Дугонажон, биламан бу гаплар уйдирма, сен ҳеч қачон бундай пасткашликка бормайсан-а, - деди Раъно илтижоли оҳангда.
-Мен-ку, бундай қилмасдим, лекин эрингнинг кўнгли менда бўлгач, қўлимдан нима ҳам келарди.
Раъно бир зумда бу дунёдан йўқ бўлиб қолишни истади. Энг яқин дугонам деб юрган қўйнидаги илон бўлиб чиққанини у тан олгиси келмасди. Орадан бирмунча вақт ўтди. Бу орада Раъно учинчи фарзандига ҳомиладор бўлди. Вақти-соати етиб аёлни туғруқ тута бошлади. У эрига қўнғироқ қилиб туғруқхонага олиб боришини илтимос қилди. Ҳозир боролмайман, ишим кўп, ўзинг такси тутиб кетавер. Аёл эринниг қаерда эканини тахмин қилди ва у бу борада адашмаган эди. У ўз фикрини тасдиқлаш, эҳтимолки, ўзини-ўзи алдаш, таскин бериш учунми таксичига дугонасининг уйига олиб боришни илтимос қилди. Унинг дарди зўрайиб борсада у чидади ва амаллаб айтилган манзилга борди. Борди-ю, кўпқаватли уй йўлагида турган эринниг машинасига кўзи тушди. Э воҳ, у олдинлари одамни одам ейди дейшса ишонмасди-а. Мана энди, ўзини ҳам еяпти, энг яқин кишилари бирга ейишяпти.
У туғруқхонага қандай етиб келди билмайди. Унга маслаҳат беришди. Туғруқлар ораси катта, қолаверса, сизнинг аҳволингиз унча яхшимас, - деди шифокор вазиятни тушунтириб. Йўқ, ўзим туғаман. Бу аёлнинг қатъий қарори эди. Унга энди кўп нарса барбир эди. Ҳаттоки туғилажак фарзанди ҳам унинг ғамгин дунёсини ёрита олмади.
Аёл қийналиб бўлсада туғди, туққанда ҳам қўчқордек ўғил кўрди. Яқинлари аёлнинг эрига қўнғироқ қилишар, у эса телефонини кўтармасди. Эндигина қутилган аёл танаси бу каби хўрликка, алданишу хиёнатга ортиқ чидай олмаслигини исбот қилди. Аёл ҳолдаги ортиқ кўп қон йўқотган, ҳаёти хавф остида эди. Унинг яқнлари ҳам шифокорлар ҳам талвасага тушиб унинг жонини сақлаб қолиш учун курашишарди. Лекин, одамийлик сафидан деганларнинг қилишларидан чарчаган вужуд ортиқ курашишга куч топа олмади. Балки буни истамагандир ҳам. Аёлнинг жигарида ҳам муаммо юз берди-ю, унниг қони меъёрида ивимай қолди. Аёл эридан бошқа ҳаммани йиғлатиб бу дунёни тарк этди. Унинг яқин дугонаси эса одалар сафини тўлдириб юрибди.
Замондош, сиз болангизга пул топишни ўргатдингиз-а? Одамлар билан муомала қилишни ҳам ўргатиб бўлдингиз-а? Одам деган номга муносиб яшаш илмини уқтирдингизми? Ўзингиз-чи? Одамдек яшаяпман деб кериласизу, амалларингиз ҳазрати инсоннинг дейишага арзирмикан? Одамман деб ҳайқириб айтоласизми ёки пичирлаб? Ана шуниси муҳимроқ.

Зуҳра РЎЗИЕВА

Арава судраган болалар

Кунда-кунора кўравериб, кўникиб кетган айрим манзаралар бор.
Кўча-кўйда ўтиб бораркансиз, йўл ёқасида сигарет, қурут, писта живачка сотиб ўтирган болалар ва қизалоқларни учратасиз. Сершовқин бозорлар оралаб кетаркансиз, одамлар орасида «Пў-ўшт! Ара-ва!» деб бақириб-чақириб, арава судраб, ўзига уч-тўрт баравар катта юкларни ташиб юрган ўсмирларни кўрасиз. Лекин, кўпда эътибор бермайсиз, худди шундай бўлиши керакдай…
Савол туғилади. Хўш, ана шу, ҳали суяли қотмаган болалар кўчаларда, бозорларда нима қилиб юришибди? Уларнинг айни ўқийдиган, бирон касб-ҳунарни ўрганадиган, ўйнаб-куладиган пайтлари-ку? Ким уларни бунга мажбур қиляпти? Ёш болаларга тирикчиликни ким қўйибди? Ким айбдор бунга? Ота-оналарими? Мактабми, коллежми? Ўйлаб ўйингнинг тагига етолмайсан.
Яқинда, шунақа «тирикчилик» қилиб юрган ўсмир болалардан бири билан гаплашиб қолдим.
«Оилада тўрт кишимиз,—деди у.—Отам ҳар куни ичиб келадилар. Ҳеч қаерда ишламайдилар. Уйда ҳар куни жанжал бўлади. Ойим бозорда олибсотарлик қиладилар. Мендан катта опам бор. Уни узатишимиз керак. Шунга ўртоғларимга эргашиб борозга келдим. Арава олдим. Дарслардан кейин бозорга чиқиб тураман. Одамларнинг юкларини ташиб бераман. Ойимга ёрдам беришим керак-ку?..»
—«Ойинг бунақа ишларга ҳали ёшсан, бунақа қилма» демадиларми?—сўрадим ундан.
—Йўқ,—бош чайқади бола.—Ўртоқларимга ҳавасим келади. Ҳаммаси яхши кийиниб, яхши еб-ичиб юришади. Беш-ўнтасининг «сотка» телефонлари, плейерлари бор. Менда йўқ. Менга ҳеч ким олиб бермайди. Шунинг учун ўзим пул топишга ҳаракат қиляпман…
Хўп, бу боланинг оилавий шароитини тушуниш мумкиндир? Лекин бошқа бир кап-катта онахоннинг мана бу гапларига нима дейсиз?
«Энди, акўси, тирикчиликнинг айби йўқ деб қўйибдилар,—деди у эксаси қотганини яширмай.—Бола бошидан. Ёшлигида меҳнат қилса, тирикчиликни ўрганса, пул топса кўп нарсанинг қадрига етади. Қурут, писта, сигарет сотиш, бозорда арава билан юк ташишнинг нима ёмон томони бор? Болалар шу билан пишийди, ҳаётини ўрганади, пулнинг қадрига етади. Ота-онасига шундай қилиб ёрдам бераётган болаларни айблаб бўлмайди…»
Мана, фалсафа! Мана,тушунча! «Қуш уясида кўрганини қилади» дерсиз? Ана энди, ана шу аёлга «Ўша болалар ҳали гўдак, уларга бунақа ишлар оғирлик қилади. Улар ўқиши, илм олиши керак. Ота-оналар ўз фарзандларига шароит яратиб беришлари керак. Бунақа ишларнинг охири вой бўлади. Ҳали турмушнинг аччиқ-чучигини тотимаган болаларнинг қўли пул кўргандан кейин уёғи нима бўлади? Шундан кейин ҳар қадамини пул билан ўлчайдиган корчалонга айланиб қолмайдими?..
Бошқа бир тадбиркор оғайним буни шундай шарҳлайди:
«Менимча буни ёмон томони йўқ,—дейди у.—Болалар мактабдан қайтгач, кўчада шаталоқ отиб юрмай, шунақа ишлар қилишса айби йўқ. Бўлмаса, кўпчилигининг бўш вақтлари компьтерхоналару, интернетларда ўтиб кетаяпти. Мана ўзим шунақа ўсмирлардан беш-ўнтасини ўзимнинг кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цехимга олганман. Учта сменада ишлашади. Печени, булочка, холва, парварда чиқарамиз. Қоринлари тўқ, қўлларига беш-ўн сўм бериб тураман. Ўзлариям хурсанд, ота-оналариям. Менинг ҳам «бизнес»им юришади…»
Хўш, энди ўша болаларни кўз олдингизга келтиринг! Мактабда, дарс пайтида қулоғига дарс киради деб ўйласизми? Хаёли «кондитер цехи»да, қўлига тушадиган пулда бўлмайдими? Кечки сменадан кейин чала-чулпа ухлаб, эртасига мактабга борган болаларнинг аъло ўқишига, дарсларни яхши ўзлаштиришига ким кафолат бераолади?.. Нега бу жиддий масалага эътибор бермаяпмиз? Ненга ота-оналар, мактаб ва коллежлар, «бир болага етти қўни-қўшни ота-она» дейдиган маҳалла-фуқаролар йиғинлари қаёққа қараяптилар? Наҳотки, катталар эртамизнинг эгаси бўладиган болаларимиз тақдирига шунчалар лоқайд қарайдиган бўлиб бораяптилар?..
Таниш ўқитувчи дўстидан сўрайман.
«Тўғр, бу жиддий масала,—дейди у хўрсиниб.—Шахсан ўзим бу билан анча шуғулландим. Бозорларда елим пакет, сигарет сотиб, арава судраб юрган болаларнинг кўпчилигини бу йўлдан қайтардим. Лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп кўринади. Назаримда, аксарият педагоглар ҳам ўзлари билан ўзлари овора бўлиб кетгандеклар… Эсингизда бўлса, биз ўқиган пайтларда ҳар хил тўгараклар, спорт секциялари бўларди. Кўп нарсалар ўрганардик. Ҳозир ҳам йўқ эмас, лекин талаб даражасида деб бўлмайди. Қатор ота-оналар билан учрашдик, суҳбатлашдик. Энг алам қиладиган ери, кўпчилиги «Тирикчиликнинг айби йўқ» деб туриб олишади. «Ҳой мусулмон,—дейман шунақа пайтларда.—Болани пул топишга кўчага чиқаришга нима ҳаққингиз бор? Бола деганлари ўйнаб-кулишлари, ўқишлари, ўрганишлари, ҳар томонлама соғлом бўлиши керак-ку? Қаёққа қараяпсизлар ўзи? Наҳотки, ўзларингиз ўз фарзандларингизни таъминлай олмайсизлар? Суяги қотмаган ёш боланинг гумбаздек юк ортилган аравани зўрға судраб юришини кўришнинг ўзи уят эмасми?..»
Мана шунақа гаплар. Айтаман деса гап кўп. Менимча, бу манзараларнинг илдизини энг аввало ўша болалар улғаётган оиладан, ўқийдиган мактаби ва коллежидан, ўзи яшайдиган маҳалла-кўйдан излаш керак кўринади? Лоқайдлик ва бефарқликнинг оқибати ҳеч қачон яхшилик билан тугамаган.
Бир ҳикматни эслайман. Бир одам донишманддан «Ўғлимга қачондан бошлаб тарбия беришни бошласам бўлади?» деб сўрабди. « Ўғлингиз неча ёшда?» сўрабди донишманд. «Уч ёшда» дебди ота. «Э, эсиз, уч йилга кечикибсиз» деган экан донишманд. Шунда ота хижолат тортиб қолган экан.
Биз ҳам ана шу ношуд отанинг аҳволига тушиб қолмайлик азизлар! Бу хусусда сиз нима дейсиз?

Ҳозир сайтимизда 176 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ