1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Ҳомиладорликнинг 10 – ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Кичкинтойингиз ривожланишнинг янги босқичига ўтди. Унинг тирсак бўғимлари, қўл ва оёқ бармоқлари, қулоқ супраси, юқори лаби шаклланди. Ташқи жинсий аъзолар ривожлана бошлади.
Кичкинтой ҳаётининг аввалги йилларида ёриб чиқадиган сут тишлари ривожланади. Сув ичида бўлишига қарамай ўзини  қулай ҳис этади. У жуда тиник бўлиб 20 мл атрофидадир. Кичкинтойнинг кўзлари катта – катта очиқ ҳолатда бўлса ҳам бирор нарсани кўраётибтими ёки йўқми, бу ҳақида ҳеч нарса дея олмаймиз. 
Ҳомиланинг оғирлиги 4 гр атрофида бўлиб, узунлиги 27 – 35 мм чиқади.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Эрта токсикознинг сабаби нимада? Ҳомила тарафидан ишлаб чиқариладиган гормонлар рўйхатига яна бир гормон кирадики, у модда алмашинувига ўз таъсирини ўтказиб ёғ кислоталарини ишга солади. Натижада аёл организмидаги оқсил синтезини камайтиради. Бу эса ўз навбатида бола тўқималарини “қуришга” сарфланаётган  аминокислоталар заҳирасини ортиради. Шундай қилиб йўлдош ва ҳомила она организмидаги модда алмашинувини ўз эҳтиёжини қондириш мақсадида “бошқара” бошлайди. Бу кучайиб бораётган жараёнлар организмнинг “янги ҳолатига” мослашолмаслигига сабабчидир. Мана шу ҳомиладорликнинг 1 – ярмидаги токсикоз бўлади.
Онада кўнгил айниши, қайт қилишидан ташқари вазн камайиши, терининг қуриши, бўшашиши кузатилади. Камқувват, уйқучан бўлиб қолади. Ҳомиладорликнинг бундай белгилари кучайиб бораверса, албатта врач ёрдами керак бўлади. Бу  даврдаги токсиз нафақат сизни қийнайди, балки боланинг ҳам ривожига салбий таъсир этади.  Гап шундаки, давомли қайт қилишда организм сувсизланада ва натижада ҳомилага озуқа моддаларининг етиб бориш  тизими бузилади, ваҳоланки, айни шу даврда бош мия шаклланади.
Аҳволингиз яхшиланишини қўл қовуштириб кутиб ўтирманг. Кечикиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Биринчи белгилари пайдо бўлиши билан акушер – гинекологга мурожаат этинг. Одатда вақтида кўрилган даво чоралари кўнгилсизликларни олдини олади.

Бу даврда сайр қилиш жуда фойдали. Оз – оздан тез – тез бирор нарса истеъмол қилиб туринг. Таом иссиқ бўлмаслиги ва лаззатли бўлиб ҳузур бахш этиши лозим.
Биринчи уч ойликда ичакларингиз фаолиятига алоҳида эътибор беринг. Тўла бўлган тўғри ичак бачадонни эзади. Бу эса яхшиликка олиб келмайди. Шунинг учун ич келишини кунда назорат қилинг. Қабзиятнинг олдини олишда қора нон, янги узилган сабзавот ва мевалар, қайнатилган лавлаги, тузланган ва янги карам ёрдам беради.
Наҳорда оч қоринга ичилган бир пиёла сув ёки ётишдан олдин ичилган қатик ҳам ич келишига яхши наф беради.
Сурги дори ичиш ва ҳукна (клизма) қилиш тавсия этилмайди.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 9 – ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Бош мияда унинг бир бўлаги бўлган ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи кичик мия шаклланади. Лимфа тугунларига асос солинади. Буйрак усти безларининг ўрта қавати ривожланади. Машҳур адреналин айнан шу ерда ишлаб чиқарилади. Ўпкада бронхларнинг ибтидоси бўлиб калта найчалар пайдо бўлади. Аёл жинсининг тухумдонлари фаркланади. Кичкинтойингизнинг юзи маълум шаклга эга бўлди. Оёқ - қўллар жадал шаклланади: суяклар мустаҳкамланиб, бўғимлар ажралади, шунингдек, қўл ва оёқ бармоқлари билинади. Бу ҳафтада биринчи мустақил ҳаракат бўлиши мумкин, лекин сиз буни сезмайсиз.
Бола ҳали жуда ҳам кичкина: унинг узунлиги 13 – 15 мм бўлиб оғирлиги атиги 1 г. чиқади.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Ҳомиладорликнинг 9 - ҳафтаси она ва бола орасидаги алоқани синовчи муддатдир. Биринчи уч ойликдаги ҳомила тушишининг аксари айнан шу ҳафтага тўғри келади.
Нима учун шундай бўлади? 7 - ҳафтада сариқ танача етарлича “ишлаётган” бўлса, 9 - ҳафтага келиб у сўна бошлайди ва прогестерон, эстроген гормонларини камроқ ажратади. Бу гормонлар эса ҳозирда   ҳомила ривожида асосий рол ўйнайди. Эндиликда ҳомиланинг қанчалар “етуклиги” ва янги вазифаларни бажаришга тайёрлиги муҳимдир. Агар олдинги ҳафталарда унинг ривожи қониқарли даражада бўлса, гормон миқдорининг камайиши жуда оз бўлиб, организмингиз буни осон енгиб ўтади. Ҳомила шаклланишида камчиликлар рўй берган бўлса у ўз муддатида янги вазифаларни бажара олмайди. Ҳомила нормал ривожданмайди. Бу эса ҳомиланинг нобуд бўлишига олиб келади.
Агар қалқонсимон безнинг ишида муаммолар бўлса 8 – 9 ҳафталикда эндокринолог кўригидан ўтиш лозим. Қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши, табиийки ҳомиланинг ривожида салбий таъсир кўрсатади. Аёлдаги касаллик даражасига қараб болада қалқонсимон безнинг гипо- ёки гиперфункцияси кузатилиши мумкин. Бундай асоратларга йўл қўймаслик учун вақтида даволаниш керак.

Ишлайдиган бўлсангиз меҳнат таътили олиб,  уни ўзингиз ва бўлажак фарзандингиз учун сарфлашнинг айни вақти. Кўпроқ тоза ҳавода сайр этинг, ортиқча оғирлик ва зарарли таъсирлардан ўзингизни асранг.
Иложи борича компьютерда камроқ ўтиринг. Ундан чиқадиган зарарли нурлар ҳомиладорларга салбий таъсир этиши кузатилган.
Ҳомиладор аёлнинг яқинлари ва қариндошлари,  асосийси оила аъзолари  бўлажак онага ғамҳўрлик қилишлари, тинч ва осойишта шароит яратиб беришлари лозим. Қаттиқ ҳаяжонланиш ва асабийлашишлардан узоқроқ бўлгани маъқул.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 8 – ҳафтаси

 БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Юрак шаклланишида “сайқаллаш” ишлари   кетмоқда. Унинг катта қон томирлари билан алоқаси яхшиланмоқда. Ошқозон ўз ўрнига - қорин бўшлиғига жойлашди.
Сўлак безларига асос солинди. Суяк ва ҳаттоки бўғимлар ҳам ривожланишни бошлади. Юқори лабнинг шаклланиш жараёни кетмоқда. Агар бўлғуси фарзандингиз ўғил бўлса, айнан шу ҳафтада унинг мояги шаклланади. Кичкинтойнинг бўйи 8 – 11 мм га етиб қолди.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Врач – гинеколог ҳузурида сизга туғилажак болангизнинг наслий касалликлар билан туғилиш хавфини текшириш учун генетик консультациядан ўтишингизни маслаҳат беришлари мумкин. Шунингдек сизга барча керакли таҳлилларни топшириб  мутахассис – врач кўригидан ўтиш  лозимлиги айтилади.

Ҳомиладорликнинг бошланғич давридаги кўнгил айниши сақланиб қолиб, ҳаттоки кучайиши ҳам мумкин. Шунинг учун уни камайтириш йўлидаги тавсияларга қулоқ тутинг.

ТОКСИКОЗНИ КАМАЙТИРИШНИНГ ХАЛҚОНА УСУЛЛАРИ

Кўнгил айниши  -  ҳомиладорликнинг оғиздан оғизга ўтиб келаётган аломатларидан биридир. Токсикоз кўпчилик ҳомиладор аёллар дуч келадиган ҳолатдир. Лекин озчилик уни енгиб ўтади. Аёллар маслаҳатхонасидаги ҳар қандай врач ҳам дориларсиз токсикозга бас келиш йўлини  айтиб беролмайди. Шунга қарамай бундай усуллар мавжуд.

Ҳомиладорликнинг илк ойдаридаги кўнгил айниши шунчалар одат тусига кириб қолганлигидан ҳайз келмаслиги каби  бўлиши лозим бўлган белгилар қаторига кириб қолган.  Гоҳида шундай мулоҳазаларни ҳам эшитамиз: “ Мен 9 ҳафталик ҳомиладорман ва умуман кўнглим айнимаяпти, бундан жуда  безовтаман. Балки бирор камчилик борми деб қўрқаман. Эшитишимча, агар токсикоз бўлмаса, кичкинтойнинг ўсишида бирор нуқсон бор”.

Аввало шуни айтиб ўтиш лозимки, токсикозга нотўғри ҳаёт тарзимиз айбдор. Қизғин иш суръати, ёмон  экология ва нотўғри озқланиш шулар жумласидандир. Қишлоқда яшайдиган, доимо тоза ҳавода бўладиган аёллар биз шаҳарликларга нисбатан бу кўнгилсизликдан камроқ азият чекишади.
Агар ҳомиладор аёлнинг ишдан кетиб дала ҳовлида яшашга, табиий маҳсулотлардан истеъмол қилиб, тоза ҳавода сайр қилиш имкони бўлса албатта  бу жуда яхши. Лекин ҳаммамиз биламизки, бундай фаровонликни ҳамма ҳам ўзига муносиб кўролмайди.  Хўш, қолганлар нима қилиши мумкин?

Қуйида ўзингизга мос келадиганини танлаб олишингиз мумкин бўлган халқона усулларни бериб ўтамиз.

* Кунига ҳеч бўлмаганда ярим соат сайр қилинг.

*Эрталаб ўрнингиздан турмасингиздан олдин бир – икки дона ёнғоқ ёки печенье еб олинг.

* Нонушта ва тушликда ўзингизни мажбурлаб кўп еманг. Яхшиси ҳар икки соатда озгинадан бирор нарса (бир бўлак пишлоқ, олма, печенье) истеъмол қилинг. Ишга борадиган бўлсангиз, сумкачангизда енгил егулик бўлсин.

* Оқсилга бой маҳсулотлардан (ловия, донли, ёнғоқ, писта, балиқ, гўшт, сут) кўпроқ истеъмол қилинг.     Сут ва сут маҳсулотлари бундан ташқари яна кальцийга жуда бой. Улар болангизга ҳужайраларининг  қурилиши учун жуда зарур. Агар кўп нарса ея олмасангиз оз ва соз енг, фақатгина энг фойдалиларини истеъмол қилишга ҳаракат қилинг.

* Мандарин ё лимоннинг бир дона бўлакчасини сўриб кўринг. Баъзиларга нордон таъм ёрдам беради, баъзиларга эса аксинча таъсир этиб кўнгил айнишини кучайтиради. ўз организмингизга қулоқ солинг.

* Гоҳида шўртангина қаттиқ нон, нимтатир қилиб тузланган бодринг, тузланган карам ҳам ёрдам бериши мумкин.

* Овқатланиб бўлгач шошилманг, бир оз ўтиринг.

* Айримларга ҳомиладорларга мўлжалланган витаминларни қабул қилиш фойда беради.

* Эрталаб ўрнингиздан турмасдан бир чой қошиқ асални бир пиёла сув билан ичиб олинг.

* Баъзиларга минерал сув ёрдам беради. Агар у сизнинг кўнгил айнишингизни енгиллаштирса, доим ёнингизда олиб юринг.

* Ялпиз – кенг қўлланиладиган восита. Ялпизли чой, ялпизли сақич ёки ялпизли шимадиган конфетлардан фойдаланиш мумкин. Охирги иккитаси жамоат жойларида кўнгил айнишини тезда бартараф этиш учун жуда қулай.

* Ниҳоят, кўнгил айнишига қарши медицина усуллари билан курашиш (врач ёзиб берганда)  қуйидагилар:  церукал, спленин, витамин С билан глюкоза, Эссенциале фортэ, Полифепан. Ёдингизда бўлсин, ушбу воситаларни ўзбошимчалик билан қабул қилманг.

Токсикоз билан курашда сизда омад тилаймиз. Ишонинг – бу албатта тезда ўтиб кетади!

ҲОМИЛАДОР АЁЛЛАРДА ТОМИРЛАР КЕНГАЙИШИ

Ҳомиладор аёлларда қон томирлар кенгайишга мойил бўлади. Бунга бир нечта омиллар сабаб:

* бачадон қон томирлари босимининг сон томирлари тарафига ортиши;
* оёқ қон томирларига босимнинг кўпайиши;
* қон миқдори, айланмасининг ортиши.

Шу билан бирга томирлар ўзгаришининг қуйидагича белгилари кузатилади:
* кучли ёки енгил оғриқ;
* ловуллаб ачишиш;
* оғирликни ҳис қилиш;
* тиззадан тос томонга қараб кетган кўк томирчаларни кўриш мумкин;
* оғир ҳолатларда тери остидан томирлар аниқ кўриниб туради, шишган, қуруқ ва сезувчан бўлиб қолади.
Ҳомиладорлик давридаги томирлар кенгайишини олдини олса ёки зарарсиз даражага олиб келса  бўлади. Бунинг учун оёқларга тушадиган кераксиз  босимга йўл қўймаслик лозим. Вазнингизни ҳаддан зиёд оширманг. Узоқ вақт бир ерда турманг ва узоқ ўтириб қолманг. Ўтирганингизда, оёғингизни узатиб ўтиринг. Ётган чоғингизда эса оёғингиз остига ёстиқча қўйиб олинг. Зинҳор оғир нарсаларни кўтарманг. Эрталаб турган заҳотингиз чўзилувчан пайпоқ кийиб олинг. Уларни фақатгина кечқурун ётиш олдидан ечинг. Ҳаракатингизни чегараловчи кийимларни кийманг: кенг белбоғ, боғичли пайпоқ ва тор оёқ кийими. Тамаки чакманг. Тамаки ва қон томирларининг варикоз кенгайиши орасида боғлиқлик борлиги аниқланган. Томирларни эластиклигини таъминловчи витамин С ни ўз вақтида қабул қилинг.
Ҳомиладорлик даврида томирни жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш тавсия этилмайди. Уни туғруқдан сўнг бир неча ой ўтгач қилиш мумкин. Энг яхши ҳолатда эса бу муаммо  туғруқдан сўнг - ҳомиладорликкача бўлган аввалги вазнга қайтганданингизда ўз ўзидан ҳал бўлиб йўқолиб кетади.
Ҳомиладорлик сабаб овқат ҳазм қилиш тизимида ўзгаришлар бўлиши мумин. Организмингиз прогестерон ва эстроген гормонини кўп миқдорда ишлаб чиқарганлиги сабаб ҳазм қилиш тизимидаги мускуллар бўшашади. Натижада овқат секин ҳазм бўлади ва ҳазм қилиш тизимининг бузилишига олиб келади. Бу сиз учун ёқимсиз бўлса ҳам болангиз учун жуда фойдали. Ичаклар фойдали моддаларни тўлалигича олиб қонга, сўнгра эса ҳомилага етказади.

ҲОМИЛАДОРЛИК ДАВРИДА ТОПШИРИЛАДИГАН ТАҲЛИЛЛАР

Ҳомиладорликнинг энг биринчи  ва энг асосий белгиси - ҳайзнинг вақтида келмаслиги. Бунда аввало ҳомиладорлик тестини қўллаб кўриш лозим. Тест қоғозчасини бир неча дақиқага эрталабки пешобга ботириб олинади. Эрталабкига ботирилишининг сабаби, у  “ҳомиладорлик гормонига”  кўпроқ тўйинган бўлади. Озгина вақтдан сўнг кўринадиган чизиқчалар сонига қараб аёл ҳомиладорми, йўқми билиб олса бўлади. Иккита чизиқча ҳомиладорлигини, биттаси эса аксинча, ҳомиладор эмаслигини билдиради. Агар тест ҳомиладорликни инкор қилсаю, ҳайз келмаётган бўлса, томирдан қон топшириш йўли орқали ҳомиладорлик гормонини аниқласа бўлади. Бу усул энг ишонарли бўлиб, у  орқали ҳомиладорликни илк давридаёҚ   аниқлаш мумкин. Истаган диагностика марказида қон топшириб кўришингиз  имконияти мавжуд.

Кўпчилик аёллар ҳомиладорликни аниқлаш учун бачадонни ультротовуш текширувидан ўтказишади. Лекин аксари врачлар ҳомиладорликнинг эрта даврида бу текширувдан ўтмасликни тавсия этадилар. Чунки унинг бола организмига зарали таъсири бор йўқлиги охиригача ўрганилмаган. Агар ҳомиладорлик муаммосиз, яхши кечаётган бўлса биринчи биринчи УТТ (УЗИ) 12 – 14 ҳафтада ўтказиш мақсадга мувофиқ бЎлади. Бунда врач ҳомиланинг қаерга ёпишиб бирикканлигини, унинг ўлчамини, ҳомиладорлик муддатини ва бошҚа каракли маълумотларни аниқлайди.
Ҳомиладорлик аниқланганидан сўнг аёл яшаш жойидаги аёллар консультациясига ёки хусусий ҳомиладорларга ихтисолаштирилган медицина марказига    рўйхатга туради. Рўйхатга олиш вақтида врач топширилиши лозим бўлган бир қанча таҳлилларни ёзиб беради. Одатда улар: ОИТС, заҳм, гепатит, қон гуруҳини аниқлашга, умумий ва биохимик қон таҳлили учун қон топширилади, сийдик таҳлили ва қиндан суртма олинади. Агар аёлнинг қон резус фактори салбий бўлиб, эриники ижобий бўлса, у ҳолда ҳар икки ҳафтада антителага қон таҳлили топшириш зарур бўлади.

Булардан ташқари ҳомиладор аёл қуйидаги мутахассислар кўригидан ўтиши лозим: терапевт, окулист, отоларинголог, стоматолог ва электрокардиограмма (ЭКГ) қилдиради.
Гинеколог ҳузурига ҳомиладорлар ҳар ойда бир маротаба борадилар. Ҳар кўрик олдидан сийдик таҳлили топширилади. Унга кўра гинеколог буйраклар ишини назорат қилиб боради.
14 – 18 ҳафталик муддатда гинеколог сизга альфа- фетопротеин миқдорини аниқлаш учун қон топширишингизни айтади. Бу таҳлил Даун синдроми, орқа мия шаклланишидаги камчиликларни ва бошқа нуқсонлар бўлса, уларни аниқлаш учун ўтказилади.   Лекин бу мажбурий таҳлил эмас. У 35 ёшдан ошган ҳомиладорларга, оиласида шунга ўхшаш касалликлар бўлган аёлларга уни топшириш зарурдир. 
Ҳомиладорликнинг 24 – 26 ҳафтасида иккинчи бор режали УТТ (УЗИ) дан ўтилади. Унда врач кичкинтой танасининг тузилишини кўриб чиқади, ички аъзоларда туғма нуқсонлар бор йўқлигини текширади, бола жинсини аниқлайди, ҳомилани ўраб турадиган сувнинг миқдори ва сифатини аниқлайди. Шу муддатда яна қондаги гемоглобин миқдорини текшириш учун, шу билан бирга анемияни бор йўқлигини билиш мақсадида қон топширилади.
30 - ҳафтадан сўнг ҳомиладор гинеколог ҳузурига ҳар икки ҳафтада боради. Шу вақтда унга алмашув варақаси берилади. Бу варақага барча  таҳлиллар ва текширувлар натижаси ёзилади.
32 - ҳафтадан сўнг ҳомиладор аёл ишлайдиган бўлса декрет таътили берилади.
33 – 34 ҳафталик муддатда допплерография текшируви ўтказилади. У бачадон қон томирларидаги қон оқиш тезлигини, йўлдош ва асосий томирларни текширади. Бу худди УТТ каби ўтказилади, лекин ундан фарқли томони шундаки, бу текширув орқали боланинг кислород ва керакли моддаларни етарлича олаётибтими ёки йўқми аниқласа бўлади.
Ҳомиладорликнинг 35 – 36 ҳафталик муддатида такроран ОИТС, заҳм, биохимик таҳлил учун қон топширилади, қиндан суртма олинади. Охирги УТТ ўтказилади. Унинг ёрдамида врач ҳомиланинг ҳолатини, бўйи ва оғирлигини, бачадонда жойлашишини, ҳомилани ўраб турган сувнинг миқдори ва сифатини аниқлайди. Агар ҳаммаси меъёрида бўлса, ҳомиладор аёл хотиржам туғруқ кунини кутиши мумкин. 
Агар таҳлил ва текширув натижаларига кўра бола ёки ҳомиладорнинг аҳволида бирор  нохушлик аниқланса, унда аёл алоҳида махсус назоратга олинади. Қўшимча дорилар бериб йўлдош орқали қон айланишини яхшилайдилар, бир – икки ҳафта ўтгач  Қайта Ўтказиш УТТ (УЗИ) белгиланади.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 7 – ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Кичкинтой ўсиб катта бўлмоқда. Ҳозирда унинг узунлиги 6 – 9 мм. Жигар қон айланишининг марказига  айланди. Қизилўнгач, нафас олиш йўллари, қорин олд  деворчаси ривожланади. Ингичка ичак ва кўкрак қафаси шакллана бошлайди. Оғир вазиятларда инсонга ёрдам берадиган энг муҳим без – буйрак усти безларининг устки қатламига асос солинади.  Бош мия жадаллик билан ривожланади. Юз маълум бир шаклга эга бўлади, лекин кўзлар ҳали ён тарафда жойлашган  ва қаттиқ юмуқ ҳолатда бўлади. Оёқ ва қўллар аниқ кўринади. Юрак ҳомила танаси бўйлаб қон ҳайдай бошлайди. Умумий қилиб айтганда, марказий нарв системаси юзага келди. Суяк ҳужайралари ривожлана бошлади.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Кўпчилик аёллар ҳомиладорликнинг иккинчи ойида жисмоний ва руҳий ўзгаришларни кузатишади:

* кўнгил айниш, қайт қилиш, сўлак оқиши;
* қабзият;
* жиғилдон қайнаши, овқат ҳазм қилиш жараёнининг бузилиши, ошқозондаги оғирлик;
* кўкрак безларининг ўзгариши: улар катталашиб, оғирлашиб, таранглашиб қолган, сўрғич учининг ранги қорайган;
* доимий бош оғриғи;
* ҳушсизлик ва доимий бош айланиши;
* кайфиятнинг беқарор бўлиши, жаҳлдор, йиғлоқи бўлиб қолиш
* хавотир, қўрқув,  тез хурсанд бўлиш.

2 – ойдаги лаборатор текширувлар:

1. Қиндан суртма олинади.
2. ВИЧ ва захм касалликларини текшируви учун  қон таҳлили.  
3. Қон ва пешобнинг умумий таҳлили.
4. ХГ гормонини аниқлашга пешоб топширилади: бу гормон орқали ҳомиладорликнинг кечиши аниқланади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳомиладорликнинг илк ҳафталаридаги тавсияларга амал қилинг. Агар ҳали ҳам чекишни ташламаган бўлсангиз, тезда бундай зарарли одатдан воз кечинг.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 6 – ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Юрак шаклланиб ура бошлади. Бош мия ва орқа мияга асос солинди. Кўз косаси, қўл ва оёқ асоси пайдо бўла бошлайди. Ҳомила қулоқ супрасини эслатувчи шаклда эга бўлди.  Ички аъзолардан: ичак, жигар, буйрак, сийдик чиқариш йўли асосга эга бўлиб шакллана бошлайди. Жинсий безлар фарқланиб аёл ва эркакникига  ажралади. Мояк ривожланади. Юрак ва мия такомиллашади.  Ҳомиланинг нафас олиши, озиқланиши, ҳимояси ва гормонларни ишлаб чиқарувчи йўлдош жадал ривожлвнади. Ҳомиланинг узунлиги бор йўғи 4 – 6 мм  чиқади. 

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Агар сизни токсикоз қийнаётган бўлса халқона воситаларга мурожаат қилинг. Камроқ, лекин тез – тез енг (кунига 6 – 7 маротаба). Ёнғоқ, писта, донли бўтқа каби оқсилли маҳсулотлар  кўнгил айнишини камайтиради.
Ҳомиладорликнинг аввалги ҳафталарига тегишли бўлган тавсияларни ёдда тутинг.
Ҳомиладорлигингизни билган яқинларингиз тарафидан кўплаб маслаҳат ва огоҳлантиришлар эшитишингиз мумкин. Уларни хайрихоҳлик билан қабул қилинг. Лекин айримлари шунчаки хурофотлигини ҳам ёдингиздан чиқарманг.
Ҳомиладор аёл одатда тасодифлардан эмас, балки эҳтиётсизлиги оқибатида кўнгилсизликларга йўлиқади. Сиз бу хатарлардан  озгина эътибор ва мулоҳаза қилиш билан қочишингиз мумкин.

* Қорин катталашгани сари мувозанатни тутиб юриш қийинлашади. Унинг устига яна оёғингиз остини яхши кўролмайсиз. Буларни бариси сизни зарарланишингизга олиб келади.

* Автомашина ва самолётда доимо хавфсизлик камаридан фойдаланинг.

* Кресло, столга сакраб чиқманг, баланд зинапоялардан фойдаланманг.

* Баланд пошнада, мустаҳкам ёки умуман тақилмайдиган, ноқулай  оёқ кийимда юриш умуман мумкин эмас. Сирпанчиқ  полда юрманг.

* Ваннага кираётганингизда ва чиқишда жуда диққатли бўлинг. Оёғингиз сирпанмаслигига ва ушлаб турадиган тутқичларга  эътибор қилинг.

*   Уйингиздаги барча хавфларни ҳисобга олиб чиқинг: сирпанчиқ пол, тикка зина, оёқ остидаги кераксиз нарсалар, яхши ёритилмаган зинапоя, ерда чўзилиб ётган кабел симлар, музлаган ер. Бахтсиз ҳодисага чарчаш, толиқиш ҳам сабаб бўлади.

Маълумки, ҳомиладорлик даврида одатий бўлган таъмлар ўзгаради. Баъзилар фақатгина маълум бир озуқани истеъмол қиладилар, бошқалар эса  ҳамма нарсани еяверадилар, яна ортиғи билан, қолганларини умуман  овқатга кўнгли тортмайди.
Овқатга бўлган бундай ғалати инжиқликка “қашшоқликка” учраган гормон айбдор. У айниқса ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида авжига чиқади. Лекин овқатга бўлган бундай муносабат ва бошқа ўзгаришларнинг ягона сабабчиси фаҚатгина гормонлар эмас.

Агар ўзингиз ва болангиз учун фойдали бўлган бирор нарсани егингиз келса албатта уни енг. Агар ейишингиз мумкин бўлмаган нарсалардан егингиз келса унинг ўрнини босувчи, сизнинг истагингизни қондириб, болага зарар келтирмайдиганларини излаб кўринг.
Бундай ўрин босарлар сизни қониқтирмаса унда чалғитувчи нарсалар билан шуғулланинг. Агар кутилмаганда кофе, алкогол, шоколадли музқаймоқ, крем ва шунга ўхшаганлардан жиркансангиз – бу жуда яхши.
Балиқ, сут каби истеъмоли зарур бўлган озуқалардан воз кечсангиз, уларни ўрнини тўлдирувчи маҳсулотларга алмаштиринг.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 33 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ