1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Эр-хотин орасидаги муштарак ҳуқуқлар

 

Ушбу турдаги ҳақлар эрга ҳам, хотинга ҳам бир тарафдан ҳақ бўлса, иккинчи тарафдан мажбурият ҳисобланадиган нарсалардир. Икки тараф ҳам мазкур ҳақдан баҳраманд бўлиш билан бирга, худди ўша нарсани умр йўлдошининг ҳаққи сифатида адо этиши ҳам зарурдир.

1. Эр-хотиннинг ўзаро яхшилик билан яшамоқлари.
Оилада бирга яшар эканлар, эр-хотин бир-бириларига нисбатан фақат яхшиликни раво кўриб, қўлларидан келган барча мурувватларни қилиб яшашлари икковларининг орасидаги муштарак ҳақлардан биридир. Бундай бахтиёр ҳаёт тарзини Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга амр этган.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида бундай деб марҳамат қилади:
«...ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирма¬сангиз, ажаб эмаски, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса». (19-оят)
Ислом таълимотларига биноан, эр-хотин орасидаги алоқа муҳаббат, севги, раҳм-шафқат ва унсу улфат алоқаси бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам, орага тушган баъзи ноқулай ҳолат туфайли, дарҳол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолганлиги учун, уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: «Шўринг қурсин! Оилалар муҳаббат учун қурилмаганми, ахир?! Риоя қани?! Масъулият қани?!» – деганлар.
Оятдаги «ва улар ила яхшиликда яшанг» жумласининг тафсирида аллома Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ:
«Яъни, уларга ширинсуханлик қилинг, яхши муомалада бўлинг, иложи борича кўринишингизни гўзал қилинг», – деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз аҳлу аёлига яхши бўлганларингиздир. Мен аҳлига энг яхшингиздирман», – деганлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари аёлларига нисбатан гўзал муомалали бўлиб, доимо хурсандликда, уларни эркалаган, лутф кўрсатган, нафақаларини кўпайтирган ҳолда ҳаёт кечирганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, ўрни келганда, аёллари билан ҳазиллашар, кулишар ҳам эдилар. Ҳаттоки, Оиша онамизнинг кўнгиллари учун, у киши билан югуришда мусобақа ҳам қилганлар.
Муҳаддисларимиз бу ҳақда Оиша онамизнинг ўзларидан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Семирмасимдан аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан югуришда мусобақа қилиб, ўзиб кетдим. Семирганимдан кейин яна югуришган эдик, у киши ўзиб кетдилар-да:
«Буниси билан аввалгиси биру бир бўлди», – дедилар». Бунга ўхшаш ривоятлар кўп.
2. Эр-хотинлик ҳаёти ҳалол бўлиши, ҳар икки тараф бир-биридан лаззат ва ором топиши.
Эр ўз аёлидан қанчалик жинсий ва ҳиссий лаззатланиш ҳаққига эга бўлса, аёл ҳам худди шундай ҳаққа эга. Аёл эрининг бу борадаги ҳожатини қондиришга қанча мажбуриятли бўлса, эрнинг зиммасида ҳам шунча мажбурият бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон эр хотинини ўз тўшагига чақирса-ю, у келишдан бош тортса, уни фаришталар тонг отгунча лаънатлаб чиқурлар», – дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Зотан, оила қуриб, эр-хотин бўлиб яшашнинг асосий имтиёзларидан бири ҳам шу. Эрдир, аёлдир, хоҳлаган вақтида ўзининг жуфти ҳалоли билан, оила доирасида, шаръий никоҳда, ҳалол-пок йўл билан жинсий эҳтиёжларини қондириш имконига эгадир.
Муҳаддис имомлар Абу Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон розияллоҳу анҳу билан Абу Дардо розияллоҳу анҳуни биродар қилиб қўйдилар. Бас, Салмон Абу Дардони зиёрат қилгани борди ва Умму Дардони бир аҳволда кўриб:
«Сенга нима бўлди?» – деди.
«Биродаринг Абу Дардонинг дунёга ҳожати йўқ», – деди.
Абу Дардо келиб, унинг олдига таом қўйди ва:
«Егин, мен рўзаман», – деди.
«Сен емагунингча мен ҳам емайман!» – деди (Салмон розияллоҳу анҳу).
Шунда у ҳам еди. Кечаси бўлганда Абу Дардо розияллоҳу анҳу туриб, намоз ўқий бошлади. Бас, Салмон:
«Ухла», – деди. У ухлади. Сўнгра яна туриб, намоз ўқий бошлади. Салмон:
«Ухла», – деди. У ухлади. Кеча охирлаб қолганда Салмон:
«Энди тур», – деди. Икковлари намоз ўқидилар. Кейин Салмон унга:
«Албатта, Роббингнинг сенда ҳаққи бордир, нафсингнинг сенда ҳаққи бордир ва аҳлингнинг сенда ҳаққи бордир. Ҳар бир ҳақдорнинг ҳаққини бергин!» – деди.
У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ҳалиги гапни зикр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Салмон тўғри айтибди», – дедилар».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида, кечаси бировга билдирмасдан, шаҳарни айланиб, одамларнинг ҳолларидан хабар олиб юрар эдилар. Кунлардан бир кун бир ҳовлида аёл кишининг ҳижрон ҳақида байт айтаётганини эшитиб қоладилар. Суриштирсалар, у аёлнинг эри Ислом лашкарлари билан урушга кетган экан.
Ҳазрати Умар одам юбориб, Ҳафса онамиздан: «Аёл киши эрсиз қанча сабр қила олади?» деб сўратибдилар. У киши: «Тўрт ой», – деб жавоб берибдилар. Шундан кейин ҳазрати Умар аскарликда ҳеч кимни тўрт ойдан кўп ушлаб турмасликка фармон берган эканлар.
3. Қуда-андалик ҳурматлари жорий қилинади.
Қудачилик алоқалари ҳам худди насаб алоқалари каби бўлади. Насаб бўйича ҳурматлар бўлгани каби, қудачилик бўйича ҳам ҳурматлар бўлади.
Хотин эрининг баъзи қариндошларига, эр эса хотинининг айрим қариндошларига, никоҳ нуқтаи назаридан, ҳаром бўлади. Бошқача қилиб айтганда, қудачилик асосида эрга нисбатан ҳам, хотинга нисбатан ҳам никоҳи ҳаром бўлган шахслар вужудга келади.
Бу нарсанинг баёни Қуръони Каримда келган.
Қудачилик асосида никоҳи ҳаром қилинган аёллар ҳақида Аллоҳ азза ва жалла айтади:
«...хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хо¬тинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилин¬ди. Агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қизлари-га уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғил¬ларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмлидир».
Аллоҳ таоло бошқа ояти каримада шундай дейди:
«Оталарингиз ўз никоҳларига олган аёлларни сиз ўз никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли».
Ушбу ояти карима нозил бўлгандан кейин отанинг никоҳида бўлган аёлга ўғилнинг никоҳланиши тамоман ҳаром этилди.
4. Эр-хотин бир-бирларига меросхўр бўладилар.
Оила қуриб, эр-хотин бўлиб яшаш уларнинг ораларида бир-бирларидан мерос олиш ҳаққини ҳам собит қилади.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг – агар уларнинг боласи бўлмаса – ярми тегади. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади. Улар қилган васиятни ёки қарзларини адо этгандан сўнг. Уларга сиз қолдирган нарсанинг – агар болангиз бўлмаса – чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади. Сиз қилган васиятни ёки қарзингизни адо этгандан сўнг». (12-оят)
Ушбу ояти карима эр-хотинларнинг меросдаги ҳукмини ойдинлаштиради ва албатта, ҳар бир эр ёки аёл учун икки ҳолат мавжудлигини баён қилади.
Эрнинг мерос олишдаги ҳукми:
Агар хотин вафот топиб, ўзидан меросхўр қолдирмаса, эрнинг насибаси қолдирилган молнинг ярми бўлади.
Агар вафот топган хотин ўзидан меросхўр қолдирса, эрнинг насибаси молнинг тўртдан биридир.
Хотин ёки хотинларнинг мерос олишдаги ҳукми:
Агар эр вафот топиб, ўзидан меросхўр қолдирмаса, хотин ёки хотинларнинг насибаси қолдирилган молнинг тўртдан биридир.
Агар эр вафот топиб, ўзидан меросхўр қолдирган бўлса, хотин ёки хотинларнинг насибаси молнинг саккиздан биридир.
5. Улардан фарзанд туғилса, насаб собит бўлади.
Бошқача қилиб айтганда, эр-хотин ўз фарзандларига ҳақдор бўлишда баробардирлар. Улардан туғилган фарзандларнинг насаби икковларидан бўлади.
6. Эр-хотинлик сирларини фош қилмаслик.
Оилавий ҳаётнинг ўзига яраша муқаддаслиги, ҳурмати ва иззати бор. Албатта, эр-хотинлар, ўзларига яраша, биров билиши мумкин бўлмаган сирларга соҳиб бўладилар. Энди мазкур сирларни бошқаларга фош қилмаслик ҳам эрнинг, ҳам хотиннинг ўз жуфти ҳалолидаги ҳаққидир ҳамда эр-хотиннинг бир-бирларига нисбатан мажбуриятларидир.
7. Ота-оналарга яхшилик ва қариндошларга силаи раҳм қилиш.
Муқаддас ҳисобланган никоҳ робитаси шарофатидан эр-хотиннинг ҳар бирининг ота-онаси ва қариндошлари иккинчисига ҳам ота-она ва қариндошга айланади. Шу боис, қайнона ва қайнотага яхшилик қилиш эр учун ҳам, хотин учун ҳам худди ўз ота-онасига яхшилик қилишдек бурчга айланади. Хотиннинг қариндошларига силаи раҳм қилиш эрга қанчалик лозим бўлса, эрнинг қариндошларига силаи раҳм қилиш ҳам хотинга шунчалик лозим бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ