1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Аёлнинг Таравих намози учун уйидан чиқиши

Савол
Баъзи аёллар таравих намозларини доимий равишда масжидда ўқийдилар. Айрим аёллар эса ўз эрларининг рухсатисиз намоз ўқиш учун уйларидан чиқадилар. Масжидларда суҳбатлар ва турли овозлар эшитилади. Бу аёлларнинг намозлари ҳақидаги ҳукм нима? Таравих намози уларга фарзми?
Жавоб
Таравих намози на эркакларга ва на аёлларга фарздир. У суннатдир. Аллоҳ ҳузурида унинг катта савоби ва алоҳида мақоми бор. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абў Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилганлар: "Ким имон эътиқодида бўлиб, ажрини Аллоҳдан умид қилиб Рамазон кечаларини жонлантирса, ўтган гуноҳлари (Аллоҳ таоло томонидан) мағфират қилинади. Имон билан ва ажрини Аллоҳдан кутиб хушуъ ва хотиржамлик ила таравих намозини ўқиган киши саҳар намозини ўз вақтида адо этган бўлса, Рамазон кечаларини тўлиқ ижро этган ва муносиб равишда бажарган бўлади."
Бу барча эркак ва аёллар учун шундайдир. Бироқ, аёлнинг уйда намоз ўқиши, насиҳат эшитиш, илмий суҳбатларда қатнашиш ёки Қуръон ўқиш мақсадидан ташқари, фақатгина намоз ўқиш учун масжидга боришидан кўра афзал ҳисобланади.
Лекин юқоридаги сабаблар туфайли масжидга бориш ҳам мақбул ва афзал бўлади. Айниқса, ҳозирги кунда баъзи эркаклар аёлларга зарурий диний маълумотларни етказиб бера олмайди. Агар етказишга ҳаракат қилишса ҳам, улар насиҳат ва зарурий маданий маълумотларни етказишга еттирарли қувватга эга эмаслар. Бундай ҳолда ягона ечим масжиддаги таълим машғулотлари бўлади. Демак, бу маълумотларни аёллар ўзлаштириши учун имконият яратилиши ва уларни Аллоҳнинг уйидан маҳрум қилиб қўймаслик лозим. Хусусан, аёллар уйларида ёлғиз қолганда уларга таравих намозини ўқиш учун зарур куч ва хоҳиш етишмаслиги мумкин.
Шунингдек, аёлнинг уйдан чиқиши – масжидга бўлса ҳам – эрнинг рухсати билан бўлиши керак. Чунки эр уйнинг раҳбари ҳисобланади. Оиладан масъулдир. Эр аёлни фарзларни тарк қилишга буйрмаган тақдирда, аёл учун ўз эр-келишига итоат қилиш вожибдир.
Аёл масжидга боришни истагандан кейин, эътиборга олинадиган биронта тўсиқ бўлмаса, эр аёлни масжиддан қайтаришга ҳақли эмас. Имом Муслим Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай бир ҳадис ривоят қилган: “Аллоҳнинг қул аёлларини масжидга боришдан қайтармангиз.”
Шариъий тўсиқлар шулар бўлиши мумкин: эрнинг бемор бўлиши, бундай ҳолатда эри аёлига муҳтож бўлиб қолиши, ёрдамига зарурат туғилиши. Ёки уйда кичик болалар бўлиши ва уларни тарк этганда у ёки бу жойга зарар беришидан қўрқиш. Ана шу ва шу каби мантиқли сабаблар асосли тўсиқ ҳисобланиши мумкин.
Аёлнинг ўзи билан бирга олиб келган болалари шовқин солишса ва кўп йиғлашлари натижасида намоз ўқувчиларнинг диққатини чалғитса, уларни олиб келиш мақбул эмас. Болаларни ўзлари билан олиб келиш кундалик фарз намозларида вақт қисқа бўлгани учун жоиз бўлса-да, таравих намозларида вақт узоқ бўлганлиги сабабли, бу узоқ вақт давомида болаларнинг оналари билан бирга туришга сабр қила олмаслиги уларнинг масжидга олиб борилишига тўсқинлик қилади.
Аёлларнинг масжиддаги суҳбатларига келсак, уларнинг гаплари эркакларнинг гаплари каби. Кераксиз равишда овозларини баланд кўтаришлари жоиз эмас. Айниқса, дунё ишлари ҳақида гаплашаётган бўлишса. Масжидлар бундай мавзуларнинг жойи эмас. Уларни ибодат ва илм учун қурилган ва ташкил этилган.
Ибодатга аҳамият берган бир мусулмон аёл ҳам Аллоҳнинг уйида сукут сақлаши ва овозини баланд кўтармаслиги лозим. Чунки бу намоз ўқувчилар ва илмий ишлар билан шуғулланувчиларни чалғитади. Агар гапиришга мажбур бўлса, имкони борича овозини паст тутиб гапирсин. Суҳбатида, кийинишида, юриш-туришида ва хулқ-атворида илмийликни сақлаб қолишга ҳаракат қилсин.
Бу ерда мен адолатли бир фикрни баён қилмоқчиман; баъзи эркаклар аёлларга нисбатан қаттиқ босим ўтказишга интилишади. Улар аёлларнинг масжидларга боришлари мумкинлиги ҳақидаги фикрни ҳеч қандай қабул қилмайдилар. Бунга сабаб сифатида, масжидларда аёллар ва эркакларни ажратиб турувчи таққачалар мавжудлигини кўрсатадилар. Ҳолбуки, бу турдаги таққачалар Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёки саҳобалар даврида мавжуд бўлмаган. Бу таққачалар аёлнинг имом ҳаракатларини кўришига тўсқинлик қилади. Улар имомнинг ҳаракатларини фақат овоз ёрдамида билиб оладилар.
Баъзи эркакларнинг масжидда суҳбатлашиш ва диний мавзуларда мунозара қилиш ҳуқуқига эга бўлишида ажабланадиган ҳеч нарса йўқ. Лекин, аёлларнинг диний мавзулар бўйича бир-бирларига шивирлашларига ҳам тоқат қилишмайди. Бу эса, зўравонлик, адолатсизлик ва ҳадисларда ҳам айбланган ҳаддан ташқари рашк туфайли юзага келади. Аллоҳ ва Унинг Расулига номақбул бўлган рашк сабабсиз қилинадиган рашкдир.
Бугунги замонавий ҳаёт аёлга эшиклар очди. Уни уйидан олиб мактабларга, университетларга, бозорларга олиб чиқди. Лекин, энг хайрли макон бўлган масжидларга боришдан маҳрум қолди. Шунинг учун аёлларга ҳам масжидларда жой бериш лозимлигини айтиб ўтаман; улар яхши ишлардан хабардор бўлишлари, ваъз ва насиҳатлар эшитишлари, диний масалалар бўйича маълумот олишлари керак. Парда қоидаларига риоя қилган ҳолда, масжидга бориб келишлари, гуноҳга тушмасликлари ва шубҳа уйғотмасликлари учун сайр қилишлари ва ёки қулайликдан баҳраманд бўлишларида ҳеч қандай зарар йўқдир.

Юсуф Қарзовийнинг "Фатово муосира" китобидан
Абу Муслим тайёрлади