1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Компьютер қуллиги ва бахт дарслари

Ривожланиш, кашфиёт доимо инсонни ҳайратга солиб келган. Табиийлик қонунига кўра ҳайрат билан бошланган янгилик бироз вақт ўтгач, ҳаётнинг одатий таркибий қисмига айланиб қолади. Инсоният тарихида ҳайрат чўққисида энг узоқ турган кашфиётлардан бири бу компьютер ва интернет бўлса, ажаб эмас.

Компьютер технологиялари бугун ҳаётга шиддат билан кириб келаяпти. Янги нарса эса ёш авлод учун доим қизиқарли. Лекин ўша ёш авлод мазкур соҳани ипидан игнасигача мукаммал эгаллашга ҳаракат қилаяптими ёки унинг қулига айланиб бораяптими, буни ажратиб олиш мушкул.

Агар боланинг ўзига қўйиб берсангиз, у соатлаб ва ҳатто кунлаб ана шу машина олдида мук тушиб ўтириши мумкин. «Бу яхши эмас»лигини барчамиз биламиз. Лекин бунга барибир тўсқинлик қилолмаймиз. Бунинг сабаблари жуда кўп. Биринчидан, болани ҳар қадамда назорат қилишнинг имкони йўқ ёки бундай ишнинг оқибати болага нисбатан ишончсизлик ва уни бездириб қўйиш билан тугаши мумкин. Иккинчидан, катта авлоднинг компьютер технологиялари борасидаги билимлари етишмайди. Улар болага бу борада ўрнак бўлолмайдилар ёки йўл-йўриқ кўрсата олмайдилар. Учинчидан, ахборот табиий равишда кўпайиб бораверади. Бу жараённи эса фақат болани, қўпол тушунтирганда, қамаб қўйибгина тўхтатиб туриш мумкин.

Компьютер экрани қаршисида ўтирган болани кузатинг агар ўйин талаби шундай бўлса, у ўйиндаги одамларни хотиржам туриб отиб ташлайди. Банкни ўмаради, машинани олиб қочади, хуллас шу ўйин нимани буюрса ўшани қилади.

Хўш, болаларга бунинг нимаси ёқаркин?

Комптердан кўзини ололмай ниқталиб қолган болакайларнинг бирини безовта қилишга тўғри келди.

- Нима ўйнаяпсан?

- ГТА. (Бу ўйиннинг тўлиқ номи ГТА: сан Андреас).

- Қанақа ўйин ўзи бу?

- Зўр ўйин. (Кейинги саволни беришга эҳтиёж қолмади). Хоҳлаган нарсангизни қилсангиз бўлади. Машинага, вертолётга чиқасиз. Кийимларизни алмаштирсангиз бўлади. Овқат ейиш мумкин. Казинога кириб, покер ўйнайсиз. Баскетбол, бильярд. Машинага бампер, спайдер қўйса бўлади. Кўп одам ўлдирворсангиз, полиция орқангиздан тушади. Қизлар билан учрашувга чиқасиз. Милли (ўйин қаҳрамонларидан бири) билан банк-ка ўғриликка тушиш учун танишасиз. Карол Жонсон асосий каҳрамон. Тўрт йил олдин Лос Сантасдан кетган. Ўйин у қайтгандан кейин бошланади.

Даҳшат. Одам ўлдириш, учрашувлар, покер. Қаранг, бола бирорта ҳам «гул», «қуёш», «камалак» ёки шунга ўхшаш сўзни айтмади. У таъкидлаган ҳамма сўзлар нафс билан боғлиқ, гўзаллик ёки яхшилик билан эмас.

Компьютерда ўйнаш учун мўлжалланган ўйинлар (дисклар) турини ўрганган киши қуйи-даги хулосаларга келади: Айни пайтда бозорда диск кўринишида сотилаётган ўйинларнинг деярли 95 фоизи қотиллик, ўғрилик, зўравонлик ва шу каби хатти-ҳаракатлар асосига қурилган экан. Доимий компьютер ўйинларини ўйнаш болада шу ҳаракатга кўникиш пайдо қилади ва аста-секин энг даҳшатли жиноятларни ҳам у оддий ҳолдек қабул қила бошлайди. Бола дунёқарашига катта таъсир ўтказилади: бир уриб кўрсам, муштлашсам деган фикрлар пайдо бўлади унда. бу дунё шафқатсиз, унда фақат кучлиларгина ғолиб чиқади, деб ўйлай бошлайди у. Шунингдек, ўйинларда айрим давлатларнинг рамзлари қўлланади. Болага уларни танлаш таклиф этилади. Ва ана шу восита орқали бизнинг турмуш тарзимиз энг зўр, биздан ибрат олинг, деган ғоя сезиларсиз тарзда сингдириб борилади. Бу эса жуда жиддий ғоявий таъсирдир. Лекин болага ўйин ўйнашни тақиқлаш ҳам нотўғри. Негаки тафаккурни ривожлантиришга ёрдам берувчи, тил ўрганишга кўмаклашувчи ўйинлар мавжудлигини инкор қилолмаймиз. Фақат уларни меъёрида ўйнаш лозим. Дейлик, ўсмирлар учун кунига бир соат (ҳар бир нарсанинг меъёрида бўлгани яхши) ўйин етарли.

Болага ўйинда одам ўлдирганлиги учун, машина ўғирлагани учун пул беришади. Бу унга ёқади, у ғолиб бўлади. Бола мияси «нусха кўчириш»га жуда уста. Хўш, унинг ҳаётда ҳам ана шундай ғолиб бўлгиси келиб қолмаслигига ким кафолат беради. Компьютер, интернет айниқса кичик оилалардаги болаларни алоҳида оламда яшашга ўргатиб қўяди. У воқеаларни ўзи мушоҳада қилади ва ўзи қарор чиқаради. «Тўғри» ёки «нотўғри» деган тушунчалар унинг онгида исталган шаклда ривожланиши мумкин. Бу қуруқ ваҳима эмас. Бизда энди-энди ривожланаётган жараённинг тараққий этган давлатларда оқибатларини кўришимиз мумкин.

Канадалик 25 ёшли Кимвир Жилл 20 кишини жароҳатлаб, 18 ёшли қизни ўлдирган, кейин эса ўзини ҳам отиб ташлаган. Мутахассислар унинг Интернетдаги ёзишмаларини излаб топишгач, маълум бўлдики, у почта ходимлари томонидан содир этилувчи беъмани қотилликлар асосига қурилган «Постал» ўйинининг ашаддий ишқибози бўлган. Бу ўйинлар оқибатида Москва синагогида ҳам Александр Коптсев томонидан қирғин амалга оширилган. Йигитчаларнинг жиноят оламига умуман даҳли йўқлигини ҳам таъкидлаш керак. Умуман олганда, сўнгги вақтларда бу каби одам жонига қасд қилган ўқувчилар, ёшлар ҳақидаги хабарлар оқими кўпайиб қолган. Компьютер ўйинлари-ю интернет тармоғига ҳаддан ортиқ боғланиб қолишни мутахассислар касаллик, дея баҳолашмоқда.

Гарчи бунинг қай даражадаги руҳий хасталик эканлиги номаълум бўлса-да, лекин юқори технологияларсиз «яшолмаётганлар» сони ўсиб бормоқда. Америкада 2,5 минг киши ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, 70 фоиз одам интернетсиз умуман яшай олмаслигини билдирган. Уларнинг 14 фоизи бутунжаҳон тармоғисиз ҳаёт кечиришлари мушкул кечишини айтган. 12,3 фоиз одам ўзини бу тармоқда ишлашдан тийишга уринаётган экан. 8,7 фоиз киши эса Интернетга бўлган қизиқишини дўстлари, ҳамкасблари ва оила аъзоларидан сир тутишга уринади.

Кўпчилик ёшларнинг ахборотга нисбатан эҳтиёжи юқори. Ахборот олиш имкониятларининг юқорилиги боис интернет уларни ўзига кўпроқ жалб этмоқда. Бироқ улар маълумотлар аҳамиятини ажрата олишмаяпти. Шу боис тажовузкор ўйинлар, ахлоқсизликни тар-ғиб қилувчи сайтлар билан банд бўлиб қолишяпти. Бунинг оқибатида улар реал ҳаётдан ажралиб қолади, виртуал оламга ўтиб яшайди. Лекин буни уларнинг ўзлари ҳис қилмайди. Ёшларнинг эҳтиёжини қондирадиган ахборот кам бўлиши мумкин. Улар уйдан, аудиториядан, дўстлари орасидан ўз ҳис-туйғулари учун қониқиш ололмайди. Бунинг олдини олиш учун уларга реал ҳаётий шарт-шароитларни яратиш керак. Дейлик, кутубхона, дарс, яна бошқа воситалар орқали ўсмир ҳаётига янги мазмун олиб кириш мумкин.

Жаҳон тиббиёти тажрибасида компьютер олдида ўтириб вафот этганлар ҳам учраган. Бугун монитор олдида ўтирганларнинг аксарияти болалар ва ёшлар. Шу сабабли ҳам одамларни компьютердан «ажратиб олиш» муаммоси кўплаб мамлакатларда кун тартибидаги масалага айланган.

Масалан, Буюк Британия мактабларида жорий йилдан ўқув дастурига янги фан киритилди. Бу Бахт дарсидир. Ушбу фаннинг асосий вазифаси болаларни ўзига ишониш, таш-қи дунё мураккабликларига бардош беришга ва тушкунликка тушмасликка ўргатишдир.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, сўнгги пайтда инглиз мактаблари ўқувчилари орасида тушкунликка тушиш ҳоллари ҳақиқий эпидемияга айланган. Шунинг учун ҳам барча давлат мактабларида психологлар махсус ишлаб чиқилган дастур бўйича бахт дарсларини ўтишга қарор қилишди.

Ҳатто глобаллашув жараёни авж олиб, ХХI аср техник юксалишлар асри бўлса-да, болага самимий туйғулар, гўзал нарсалар, ахлоқ меъёрлари ҳақида гапириш керак. Уларга ўзингизнинг иқтисодий муаммоларингиз, ижтимоий мавқеингиз нуқтаи назаридан эмас, энди дунёни англаб, унга нисбатан муайян муносабати шаклланаётган шахс сифатида эътибор бериш керак бўлади. Шунда болаларнинг ҳам алоҳида оламларга ўтиб, ўз қобиғига ўралиб яшашларига ҳожат қолмайди.

Бундан ҳатто европа ҳам безовта!

Германиянинг етакчи қонун чиқарувчи маҳкамалари ваҳший, Зўравон ва Урушга тақлид қилинган компьютер ўйинларини таъқиқлаш борасида талаб билан чиқишди. Бу каби таъқиққа бундан бир йил муқаддам бўлиб ўтган мудҳиш воқеа сабаб бўлди. ўшанда собиқ ўқувчи мактабни турли хил қурол ва портловчи моддалар билан қамал қилган ва сал бўлмаса катта касофатни амалга оширар эди.

2006 ноябрь ойида 18 ёшли ниқобланган ўспирин Германиянинг Эмсдет шаҳрида ўрта мактабни қамал қилиб, 27 кишини ярадорлади ва кейин ўз жонига қасд қилди. Уни танийдиган маҳаллий аҳолининг айтишича, у компьютер ўйинларига кўп берилган болалардан бири эди.

Ушбу воқеадан кейин Германия Нас-роний Демократлар партияси вакили Волфганг Босбач мамлакат Парламентида сўзга чиқиб, бундай ваҳшийликка чорловчи, инсонларни ўлдирирадиган ва зўравонликка асосланган ўйинларни таъқиқлашнинг вақти келганлигини айтди.

"Бизга болаларимизни бу каби хатолардан ҳимоя қиладиган самарали йўриқнома керак, қотилликка чорловчи турли хил ваҳший ўйинлар керак эмас", деди Босбач. Шунингдек, у бундай ўйинларнинг болалар учун хавфли эканлигига илмий далиллар талайгина эканлигини таъкидлаб ўтди.

Германияда янги чиқарилиши кутилаётган қонунга кўра, зўравонликка чорловчи ўйинларни ўйновчилар ва тарқатувчилар 1 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилишлари мумкин. Ушбу қонун лойиҳалари зўравонлик, ваҳшийлик ва ўлдиришга тақлид қиладиган, даҳшат асосида қурилган, 16 ёшдан катта бўлганлар учун компьютер ва интернет тизимида ўйналадиган ўйинларни ҳам чеклашга қаратилган.

Бавария Ички ишлар вазири Гунтхер Бекстеиннинг айтишича, зўравонликка асосланган ўйинлар кишиларнинг руҳиятига жуда салбий таъсир қилиши ва бу таъсир остида киши турли хил жиноятларга ўзи билмаган ҳолда киришида шубҳа йўқ!

Айни пайтда немис компьютер ўйинлари бозори йилига 1 миллион еврони ташкил этади ва у дунёда энг катта учинчи бозор ҳисобланади. Ушбу қонун амалга киритилса, немис бозорининг даромадига сезиларли даражада зарар етиши аниқ. Аммо немис матбуоти бошқа оҳангда бонг урмоқда: "Биз учун кимнингдир даромади муҳимми ёки ёш авлоднинг соғлом руҳда тарбияланишими?"

Бундай воқеаларга бепарво бўлиб: "Четда бўлаяпти-ку, бизда тинч-ку" дейиш мантиқсизлик! Бизнинг диёрларимизда ҳам кундан кунга компьютерхоналарининг кўпайиши келажакда салбий оқибатларга олиб келмасмикан? Агар компьютерхоналарнинг 90 фоиз мижози мактаб ёшидаги болалар ташкил этишини ҳисобга олсак, албатта ташвиш қилишимизга асос бор!

Наргиза, «Ma'rifat» мухбири

Ҳозир сайтимизда 58 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ