1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Бойлик бузган қўрғон

 

 

 

— Моҳира, Моҳи... Уф, қаерда қолиб кетдинг?
— Шу ердаман, аяжон. Ҳозир боряпман.- Моҳира ошхонадан югуриб чиққанча, ичкарига- бемор онаси ётган хонага кирди. Топ-тоза ўрин-чойшабларда эту устихон бўлиб ётган Шарофат опа қуруқшаган лабларини ялаб қизига тикилди:
— Шомурод аканг келмадими?..- Моҳира секингина онасининг қаршисида чўккалади.
— Кеп қоларлар, аяжон. Айтгандим, ишхоналаридан бирор ёққа жўнатиб юборишгандир-да. Ишлари шунақаю...
Моҳира ичидан ўтаётган гапларни онасига айтолмади. Бемор ҳолида уни изтиробга қўйишни, кўнглини ўкситишни истамади. Акасига эмас, келинойисига қўнғироқ қилганди. Мулойимгина, доим ўзини хижолатланган куйи тутадиган келинойиси:
— Моҳи қиз, мен акангизга айтишга айтаману улар гапимга кирармикинлар? Ўтган куни дадам ҳам келганларида, аямдан хабар олишларини уқтиргандилар. Аммо, акангизнинг феълини биласизу... Ўзим ҳам билдирмайгина бориб келаман. Моҳирахон, ўзингиз айтиб кўрарсиз-а...- деди. Моҳира шундоқ ҳам акасининг феълини яхши билади. Лекин онасига, бетобу илҳақ ётган онасига буни қандай айтади?! Қандай қилиб, “ акам сизни кечиролмас экан, у ҳалиям ўша гинасидан  тушмабди, аяжон” десин?! “ Аяжон, шу кунларга тушиб қолишимизга, эл орасида яккаланиб, ўз ҳолимиз ўзимизга қолишида сиз айбдорсиз. Агар дадамни ҳурмат қилганингизда, хотинлик вазифангизни, бекалик ўрнингизни унутмаганингизда, биз ҳам ҳозир ҳаммага ўхшаб дадамлар, акам ва опам билан бирган яшардик, қариндош-уруғларимиз уйимизга келиб-кетиб юрарди. Ҳайҳотдай уйда иккимиз ёлғиз қолиб кетмасдик.” - дейиш учун ўзида ҳеч қачон куч тополмайди. Раҳматли бувиси уни шунга ўргатганди.
Фарзанд ҳеч қачон ота-онани айбдор қилишга ҳақли эмас. Аксинча, уларнинг хатоларини яшириб, ота-онаси билан  фахрланиши керак.- деб қайта-қайта такрорларди. Моҳира онасига термулиб қолди. Онаси қандай эдию, қай аҳволга тушиб қолди. Афсуски, шу куйга тушиб, зору афтода бўлиб қолишига ўзи сабабчи. Балки у ҳам ичида гуноҳларини тан олиб, айбига иқрор бўлгандир, бироқ бу билан энди нима ўзгарарди. Вақт ортга қайтармиди?..
*        *             *
Шомансур ўқишини тамомлаб, шаҳарда ишга қолиш нияти борлигини айтганида, катталарга бироз малол келди:
— Иш дегани ўзимиз томонларда ҳам бордир, ўғлим. Сен оиламизнинг каттасисан, ука-сингилларингга ёрдаминг тегиб, шу ерларда ишлашингни истардик...- Шоқосим ота ўғлининг раъйини қайтаришга кучи етмаслигини англаб қаршилигини шу сўзлар билан билдирганди.
— Шаҳарда ишласам, катта одам бўламан. Укаларимни ҳам, сингилларимни ҳам ўзим ўқитаман. Қайтанга шаҳарда уларга кўпроқ ёрдамими тегади, дада. Ўзимизнинг туманда ишласам, бир ташкилотда бош ҳисобчи бўлиб ишлашдан нарига ўтмайман.
Ота-она ноилож ўғилларини оқ фотиҳа билан уни кузатиб қўйишди. Чиндан ҳам Шомансур ҳали тажрибасиз, ғўр ходим бўлишига қарамай, ишлаётган ташкилотининг раҳбари назарига тез тушди. Бошлиқ тез-тез унга муҳим топшириқларни бериб, ўзига яқин олаётганини билдириб турар, йигит бундан руҳланиб ишга бор иштиёқи билан киришарди.
Орадан бирор йилча муддат ўтиб, Шоқосим ота ўғлини уйлантириш ҳаракатига тушди. Келин излашда ҳам ўғил ота-онасини ҳақиқатда лол қолдирди. У ўзи ишлаётган ташкилот раҳбарининг қизига совчиликка бооришларини сўради. Ўзларидан бир неча поғона баланд рутбадаги кишилар билан қуда-андачилик муносабатларининг келажагини тасаввурига ҳам сиғдиролмай қиз остонасига борган Шоқосим ота, кутилмаганда яхши хабар билан қайтди. Тез орада тўйга тараддуд бошланиб, бой қуда томон тантаналарнинг бор ташвишини ўз зиммасисига олгани маълум бўлгач, бу никоҳ аввалдан режаланганлиги ва йигит уйидан қизга номигагина совчи бориши мўлжалланганлигини билиб, Шоқосим отанинг ғурури оғриди.
— Мен ўғлингнинг тўйига бормайман. Аллақандай ресторанда тўй қилаётган экан қайнотаси. Менга кераги йўқ, ҳажиқиз узатишнинг! Мен уни ота ўғил бўлади, белида белбоғи бор эркак бўлади, деган умид билан ўқитгандим. У бир бойвачча қизнинг этагига осилиб кетди.
Ота алам билан аёлига зарда қилди. Мушфиқа ая ҳам ўғлига, ҳам эрига куйиб изиллади:
— Ундай қилманг, жон дадаси. Ахир Шомансуржон тўнғичимиз, не-не ниятлар билан тўйини орзу қилганмиз. Ким билан бўлса ҳам бахтли, саломат ва хотиржам бўлса бўлди-да, бизга шундан бошқа яна нима керак?!- Шоқосим ота ўжарлик билан тўнини тескари кийиб олди. Аммо хотинининг кўз ёшлари кўнглини юмшатдими ёки эл-юртдан хижолат тортдими, ҳарқалай тўйга борадиган бўлди. Каттакон ресторанда нишонланаётган никоҳ тўйида камтарона кийим-боши билан меҳмонлардан ажралиб турган куёвнинг қавм-қариндошига биров эътибор қилди, биров қилмади. Хотинининг дийдиёларидан безиб, аранг бир чеккада ўтирган Шоқосим ота, қудаси-ўғлининг қайнотаси келин-куёвни табриклаб, қизига уй калитини, Шомансурга эса машина калитини тутқазганига чидолмай тўйхонадан чиқиб кетди. Шундан кейин ота ҳеч қачон ўғлининг, тўғрироғи келинининг уйига қадам босмади. Бошида Шомансур отасининг бу ишидан ранжиб юрди. Бироқ кўп ўтмай аёлининг ғалати феъл- атворини билгач, ота-онаси олдида ўзини айбдор ҳис қила бошлади. Аммо энди кеч эди. Шарофатнинг эрка-тантиқлиги, кўпчиликнинг орасида очиқ-ошкора эрини камситиши  Шомансурнинг ғашини келтира бошлади. Бу орада йиллар ёшига ёш қўшиб ўтиб, бирин-кетин ўғил-қизи туғилди. Қайнотасининг ёрдами билан бир ташкилотда директорликка тайинланди. Ишлари юришгани сари Шарофатнинг миннати, икки гапнинг бирида отасининг ёрдамини таънаю маломат қилишию жигарларини уйга йўлатмай қўйгани Шомансурнинг сабр косасини тобора тўлдириб юборган бўлса-да, болаларини деб тишини тишига босиб юрганди. Лекин хотинининг тобора босар-тусарини билмай, эр қадрини, фарзандлар тарбиясини ўйламай қўйгани эркакнинг тоқатини тоширди.
— Бу туришда ҳаёт ҳаёт бўлмайди аяси. Сиз болаларнинг тарбиясига, бахтига қарши иш қиляпсиз. Бу феъл-атворингиздан бохабар киши ўғлимизга қизини бермайди, қизларимизга харидор бўлмайди. Қаранг, шундоқ ҳам эл орасида тозза беобрў бўлибмиз. Бунақада  ишхонада ҳам мавқеъимдан айрилиб қолишим аниқ.
Шомансур ҳар сафар шунга ўхшаш гаплар билан хотинини йўлга солишга уринар, эрка-тантиқ ўсган Шарофатга эса бу танбеҳлар зарра кор қилмас, забтга олгандай ҳали болаларига шанғиллаб берар, ҳали эрини камситиб ҳақорат қиларди. Уйда тинчинг, кўнглингда хотиржамлигинг бўлмаса, ишингдан барака ҳам кўтарилар экан. Шомансурнинг ишлари ҳам кутилмаганда орқага кета бошлади. Бундан хотинининг ғазаби баттароқ қайнаб, оиладан файз ариди. Охирги жанжалда Шарофат тилини хўп эркин қўйиб юборди:
— Агар дадам бўлмаганида, сен ҳам уруғ-аймоғингга ўхшаб итнинг орқа оёғи бўлиб юрардинг...
Бу ҳақорат, хотинининг сенсираши Шомансурнинг жон-жонидан ўтиб кетди. Болаларини бир-бир бағрига босдию, уйдан чиқиб кетди...
— Шоқосим ота ўғлини ҳеч нима билмагандай қаршилади. Шомансурнинг укалари ҳам, сингиллари ҳам шу оқшом ота уйларига йиғилишди. У  жигарларининг оқибатини кўриб ўзининг меҳрсизлигидан уялиб кетди. Хотинининг молу дунёси, қайнотасининг «раҳнамо«лиги ғурурини синдириб қўйган эркак, яқинларининг қаршисида ўзини ниҳоятда забун ҳис қилганидан, қўшни туманда яшаб ўша ерда ишлай бошлади. Шарофат эри кетгач бор зуғумини болаларига сочадиган бўлиб қолди. Ўғли отасининг ортидан бориб у билан яшашни маъқул кўрди, тўнғич қизи эса онасининг зулмидан ота томонидан бува бувисининг уйида паноҳ топди. Фақат  кичик қизи Шарофатнинг қаҳру ғазабини, ҳақорату маломатларини индамай енга олди. Моҳина қизи узатилганда Шарофат аччиқ устида тўйга боришдан бош тортди.
— Сиз онасиз ая, опам юзингизни ерга қаратадиган иш қилмади. Уйдан кетгани билан дадам, амакиларим, бувим билан бувам унга ёмон тарбия беришмади. Ўқиди, оқ-қорани таниди. Энди ўзига муносиб оилага келин бўляпти. Тўйга бормассангиз эл-юрт сизга нима дейди?!
Шарофат қизига сўзсизгина бўйсуниб биринчи фарзандининг тўйида қатнашадиган бўлди.  Ўша ерда Шарофат эрини кейинги хотини билан кўрдию алами қайталанди. Кундошининг мулойимлиги, ундан чиройли ва ёшлигини, эрининг қариндошларини унга муносабатини кўриб аёл ўзини камситилгандек ҳис қилди. Шундан кейин ўғли уйланганида тўйига бормади. Ҳатто қизининг кўзи ёриганда ҳам, ўғли ота бўлганида ҳам бормади. Энди боши ёстиққа тегиб, умр чироғи сўниб бораётган дамларида уларни қайта-қайта сўроқлаяпти, йўлига кўз тикяпти...
...- Аяжон, акам келдилар. Кўзингизни очинг, аяжон...- Моҳира дарддан толиқиб кўзларини юмиб олган онасининг тепасига келиб, секин гапирди.
- Қани?- Бемор хира кўзларини катта-катта очиб атрофга аланглади. Бир четда онасига лоқайд тикилиб турган ўғли, синглисининг қистови билан унга яқинроқ келди:
— Ассалому алайкум, ая... тузук бўлиб қолдингизми?..- Шомуроднинг тилига аранг шу сўз айланди. Онасинг кипригидан ёш думалаб ёноҚига томди:
ўзинг омонмисан болам? Тинчмисан?... Болаларинг яхшими?
— Шукр... – Шарофат опанинг тилида яна бир сўз келардию, негадир сўрашга ботинолмаётганди. Моҳира ҳам, акаси билан бирга келган Моҳина ҳам, Шомурод ҳам буни тушунгандек бир муддат жим қолишди.
— Шомуроджон... Шомуроджон ўғлим, даданг яхшимилар?..
— Ҳа. Сизни сўраб юбордилар...- Шомурод ноилож шундай дедию ёлғонимни биров сезмадимикин, дегандай опаси билан синглисига бир-бир қараб олди.
— Мен уларни кўп қийнадим... Сизлардан узр сўрайман, болаларим... Сендан илтимос, мендан кейин синглингни ташлаб қўйма... Менинг касримга уни ҳеч ким сўрамади, ёши ўтиб қолди ўғлим. Ноумид шайтон, дейдилар. Агар тенгги чиқса, бировдан кам қилмай узатинглар, болам...- Шарофат опанинг овози бўғилиб, кўзларидан ёш қуйилди. Болаларининг ҳам кўнгли бузилиб, бир сўз демай жим қолишди. Шу пайт кўча эшиги очилиб, Шомансур ака кўринди. Ўғил-қизлари бирданига ўрнидан қўзғалиб отасини қаршилади.
...- Дадаси, мендан рози бўлинг... Мени кечиринг... Болаларим сизга омонат, илтимос, улар болалигида оломаган, мен туфайли зориқиб қолган меҳрни қайтаринг... Мен гуноҳкорни кечиринглар...- Шомансур ака собиқ хотинининг қўлларини ушлаб унсиз йиғлаганча унга нималарнидир гапириб таскин бергиси, яхши кунлардан умидвор қилгиси келдию, негадир тили гапга келишмай қолди. Бироздан кейин қизларнинг, “Вой онам”лаган товуши ҳовлини тутди...

Рухшона Фаррух

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 37 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ