Сайт бўлимлари
Қўшнинг ёмон бўлса...
- Подробности
- Бўлим: Ҳаловат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Муножот:
-Ё Аллоҳ! Барчаларимизнинг қўшниларимизни Ўзинг паноҳингда асра! Яхшиларининг ажрини мўл-мўл қилиб бер, ёмонларига ҳидоят бер, инсофу тавфиқ бер.
Ёмонликларини ташлаб, Ўзингнинг розилигингга етишувчи солиҳлардан қил. Фарзандларини яхши тарбия этиб, уларнинг камолини кўриш саодатини бер.
Бизларда ҳам ёмон қўшнига хос иллатлар мавжуд бўлиши мумкин.
Бизларни бу иллатлардан ҳоли қил, яхши қўшни мартабасини бер.
Ё Аллоҳ! Ёмон қўшнидан паноҳ беришингни сўраймиз.
Омийн, йа Раб ал-оламийн.
Луқмони ҳаким айтганлар: “Оғир тош кўтардим, темир кўтардим, аммо ёмон қўшнидан оғирроқ нарса кўрмадим”.
Азизлар, биз ўз хонадонимиз аҳли билан қандай яхши муомала қилсак, қўшнилар билан ҳам шундай муроса қилишга буюрилганмиз. Чунки оиламизнинг фароғати қўшнилар билан бўладиган муомаламизга боғлиқ. Ота-она ва фарзанд бурчлари қандай бўлса, қўшнининг қўшни олдидаги бурчи ҳам ўшандай даражададир. “Қўшнинг ёмон бўлса кўчиб қутуласан”, деган мақолни эшитгансиз. Лекин қўшним ёмон экан, деб тинмай кўчиб юрилаверилмайди. Дардни ичга ютиб, жаҳаннам азобида яшайверишдан ўзга чора қолмайди. Қандайдир ҳолатларда эса муроса қилишга ҳам тўғри келади. Мазкур мақол кимдир томонидан шунчаки тўқилмаган, у шарафли ҳадис асосида айтилган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қилиб юрадиган дуоларидан бири бундай бўлган: “Э Аллоҳ! Мен яшайдиган ердаги ёмон қўшнининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Чунки фоний дунёдаги ёмон қўшнидан кўчибгина қутулиш мумкин”. Ёмон қўшнининг ёмонлиги ҳамиша бўлавермаса ҳам, ёмонлиги бўлиб қолишидан чўчиб яшашнинг ўзи ҳам катта азиятдир.
Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч”, деган мақол бор. Бу ҳикматнинг мазмуни ойдек равшан, мулоҳазага ўрин йўқдек кўринади. Лекин “Қўшнинг тинч бўлмоғи учун ўзинг нима қилишинг керак?” деган савол қўйилса, ҳар бир одам ўйланиб қолади. Қадим-қадимдан қўшничилик муаммоси донишмандлар диққат-эътиборида бўлган. Ҳозиргина эслаганим мақол бекорга вужудга келмаган: қўшнинг тинч - сен тинч! Бу демак, агар сен осойишталигингни истасанг, аввал қўшнингни осойишталик билан таъминла. Аввал ўзингни эмас, қўшнингни ўйла, дейилмоқчи. Бу мақол замирида одамларни биродарликка, меҳр-оқибатли бўлишга ундаш ётади. Оилада ота-онасига, акалари-укаларига меҳрли бўлиб улғайган одам, шубҳасиз, қўшнига ҳам меҳрли бўлади. Ота ва онасини беҳурмат қилувчи одам қўшнини ҳам сариқ чақага олмайди.
Ёмон қўшнидан қутилишнинг йўлларидан бири – ҳар бир одамнинг ўзи яхши қўшни бўлишга ҳаракат қилиши керак. Яъни, бировга қилинажак ёмонлик ҳам, яхшилик ҳам қўшнидан бошланади. Ҳатто Ватанни сотиш ҳам қўшнини сотишдан бошланади. Қўшнисини ёмонлаб имзосиз хатлар ёзадиган одам Ватанини сотмайди, деб ким кафолат беради? “Қўшнингга қасд этма, баст эт” (баст – қувонтириш маъносида) деган ҳикматга барча бирдай амал қилганда эди... Набий муҳтарамдан (с.а.в.) сўрадилар: “Э Расулаллоҳ! Фалончи хотин кечалари туриб ибодат қилади. Кундузлари рўза тутади ва одамларга хайр-эҳсон улашади ва бошқа яхши ишларни ҳам қилади. Лекин қўшниларига тили билан озор беради. Бунинг оқибати қандай бўлади?” Расулуллоҳ (с.а.в) жавоб бердилар: “Бу хотинда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир”. Яна сўрадилар: “Фалоний хотин фарз намозларини ўқийди ва борини, арзимас бўлса ҳам, садақа қилади. Шу билан бирга у ҳеч кимга озор бермайди”. Аллоҳнинг расули (с.а.в.) жавоб бердилар: “Бу хотин жаннат аҳлидандир”.
Мазкур шарафли ҳадисни ўқигач, ён-атрофдаги қўшнилар орасида озор берувчи хотинларни кўз олдингизга келтириб, уларнинг бўлажак қисматига ачингандирсиз? Ачинганингиз яхши, лекин Аллоҳ таолога ёлбориб бундайларни ислоҳ қилишини сўрасангиз, янада яхши. Дуоларимизни Аллоҳ таоло ижобат этиб, қўшниларига тили билан озор етказувчи нодонларга ҳидоят берсин!
Ўзига тилаган нарсасини ўзгаларга, хусусан, қўшнисига тилайдиган, ўзига муносиб кўрмаган нарсани бошқаларга ҳам муносиб кўрмайдиган одамни иймонли, эътиқодли дейиш мумкин. Ким қўшнисига бало-қазо ёғилишини истаса – нодондир. Тасаввур қилингки, “қўшнимнинг уйини куйдир!” деб ният қилган одамнинг ноласи қабул этилди – қўшнининг уйи ёнди. Оқибат нима бўлди? Қўшнига офат тилаган нодоннинг уйи ҳам қўшилиб ёнди!
Набий муҳтарам (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ номи билан қасамки, қўшнисини безовта қилувчи одам мусулмон бўла олмайди!” Яна дедилар: “Ким ўзи тўйиб овқат есаю, қўшниси оч ўтирса – иймонсиздир”. (Бошқа бир ривоятда: “Қўшнисининг очлигини била туриб, ўзи тўқ ётган одам тўлиқ иймон келтирган ҳисобланмайди”.) Яна дедилар: “Шўрва пиширганингизда сувини кўпроқ қилинг. Кейин қўшниларингиздан хабар олинг ва уларга мувофиқ равишда шўрвадан солиб беринг”.
Юртимизда бу одатнинг гўзал кўринишлари бор эди. Афсуски, булар унутиляпти. Ҳозир фақат ҳайит арафасида қўшнилар бир-бирларини бир коса ош билан йўқлайдилар. Болалигимизда ўн беш – йигирма қўшнига қувона-қувона ош тарқатиб чиқардик. Шунга яраша бизникига ҳам шунча ош қайтарди. Ҳозир кузатишимча, икки ён қўшни билан чекланиляпти. Овқат қизғанилмайди, Худога шукр, йигирма-ўттиз қўшнини йўқлашга ҳар бир хонадоннинг имконияти бор. Фақат... аёлларимиз салгина эътиборсизлар, салгина ялқовлар, салгина меҳрсизлар. Эрларнинг эса бу билан ишлари йўқ!
Тарихга назар ташласак, тақводор одамлар Расулуллоҳнинг (с.а.в.) йўл-йўриқларига ҳамиша амал қилиб келганлар. Тансиқ овқатларидан албатта қўшниларига чиқарганлар. Агар қўшнилари муҳтож эканини билсалар-у, унга ёрдам беришга қурбилар етмаса, таомнинг ҳиди чиқиб қўшнимга озор бермасин, деган хижолатда ўз уйларида овқат пиширтирмаган одамлар ҳозир ҳам бор. Қадимда муборак ҳаж ибодатига отланган одам қариндошлари ва бола-чақалари билан бир қаторда қўни-қўшниларни ҳам моддий томондан таъминлаб, ризолигини олар экан.
Бир одамнинг уйида сичқон кўпайиб кетибди. Шунда таниши “Мушук боқа қолмайсизми?” деса, у одам: “мушук олиб келсам, сичқонлар қўрқиб қўшнимникига қочса, уларни безовта қилади-да”, деган экан.
Шарқ ривоятларидан бирида бундай ҳикоя қилинади: Бир одам чоғроқ шолча устида ўтирган экан. Ёнига қўшнисини чорлабди. Қўшниси: “Э биродар, шолчангиз бир парчагина-ю, яна менга иззат кўрсатмоқчи бўласиз-а”, деб кулибди. Шунда лутф кўрсатган қўшни дебди:
-Бир-бирига душманлик қилувчи ноаҳил қўшнилар бутун дунёга ҳам сиғишмайди. Аҳил қўшнилар бир парча шолчага сиғиб, роҳат кўраверадилар. Гап шолчанинг торлигида эмас, кўнгилнинг кенглигида.
Яна бир ривоятда айтилишича, бир бургут човут солиб ҳовлидаги қуённи кўтариб кетибди. Ўша ҳовлида яшайдиган чумчуқ қуёнга ачиниш ўрнига мазах қилиб чириллабди:
-Эй чопағон қуён! Чопағонлигинг ёрдам бермадими?!
Чумчуқнинг чирқиллашини эшитган бошқа бургут учиб келибди-ю, уни човутига илибди. Шунда қуён унга қараб: “Жуда тез учардинг-ку, қанотларинг фойда бермадими?” деган экан.
Масалдан олинадиган маъно шуки, қўшни бошига келган фалокатдан кулиб, мазах қилиш ярамайди. Балки қўшни оғир аҳволга тушса, унга ёрдам бериб, бундан қутқариш керак. Қўшни бошига келган фалокатдан қувонган кишининг ўзи ҳам бирор фалокатга учраши тайин.
Қўни-қўшнилар орасидаги нохуш ҳолларга кўпинча манманлик сабаб бўлади. Нисбатан тўқроқ, бойроқ одам гердайса, керилса, менсимаса яхши оқибатга олиб келмайди. Айтадиларки, Қиёмат куни камбағал қўшни бой қўшнининг ёқасига ёпишади ва дейдики: “Э Раббим, Ўзинг сўра бундан! Нечун, шариатга кўра менга бериши лозим бўлган нарсани бермади, менга эшигини ёпди?”
Камбағалроқ қўшнида ҳасад, ичқоралик бўлса ундан яхши оқибат кутманг. Қўшнисини норози қилган бойроқ одам Аллоҳ таолонинг истаги билан эртага бойлигидан ажралиб қолиши, қўшнисига ҳасад қилиб иғво тарқатган эса эртага эл-юрт олдида обрўсизланиши, шарманда бўлиши мумкин. Суқрот ҳакимдан ҳикмат: “Икки нарсани ислоҳга келтириш жуда қийин: қариндош-уруғларнинг бир-бирларига бўлган адоватларини ва қўшниларнинг ҳасадини”.
Бир одам манмансираб, қўшни ҳовлига орқа қилиб баланд иморат қуради. Иморат шундай баланд-ки, қиш ойлари қўшни ҳовлига офтоб тушмайди. Бундан қўшни ранжийди ва экин суғорганида ариқни атайин шу уйга тақаб олади. Оқибатда уй захлайверади ва жанжал бошланади. Бир қарасангиз, иккови ҳам ҳаққа ўхшайди. Пул меники, ер меники, уни қандай қурсам қуравераман, дейди бири. “Ҳовли меники, экин меники, қандай суғорсам суғоравераман”, дейди иккинчиси. Бу жанжалнинг боши – манманлик. Бироқ, унга ҳасад аралашди-ю, яра фасод боғлади.
Икки қўшни бир парча ерни “Бу меники! Йўқ, меники!” деб талашаётганида ер тилга кириб, “талашмаларинг, икковинг ҳам меникисанлар, икковинг ҳам бағримга кирасанлар”, деган экан. Одам вафот топгач, бир хил либосда, бир хил лаҳадда, бир хил ҳолатда ётар экан, озгинагина умрини жанжал билан ўтказмай яшаса бўлмас эканми, деб ўйлайман.
Кишининг бошига кулфат тушса, биринчи навбатда қўшни ярайди. Шодлигингизни ҳам энг биринчи қўшнингиз баҳам кўради. Қишлоқларда, маҳаллаларда қўни-қўшничиликнинг гўзал анъаналари шаклланган. Доно қариялар бу анъаналарнинг асралишини кузатиб туришади. Бироқ, афсуски, кўп қаватли уйларда яшовчилар яхши анъаналарга амал қилишмайди. Бу даъво айниқса ёш оилаларга тегишли. Бир йўлакда тўрт-беш йил мобайнида қўшни бўлиб яшаган оилалар бир-бирларини яхши танишмайди. Эрталаб ишга кетиш чоғларида ёки ишдан қайтишларида икки-уч кунда тасодифан бир кўришиб қолишлари мумкин. Сўнг уйларига кириб кетишгач, ташқарига чиқмайдилар. Қўшниникида нима гап – ишлари йўқ. Бунақа одамлар бошига бир нохуш иш тушса қўшнининг қадрига етади. Аммо кечиккан бўлишади. Аттанг, дейишади-ю, фойда бермайди.
Қўшничилик – бир чинни идиш кабидир. Дарз кетса, изи қолади. Шу сабабли яхши қўшничилик муносабатини эъзозлаган маъқул. Албатта, бу гаплар сиз учун янгилик эмас. Ҳозир айтилгандан кўра кўпроқ мақоллар, ривоятлар, ҳаётий мисоллар биларсиз. Мен сиздан кўпроқ биламан, деб даъво қилмайман. Мақсадим оддий – билганларингизни яна бир ёдга солиш, билимни амалда тадбиқ этишга даъват қилиш.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўшни ҳақини аниқ ва равшан тарзда белгилаб берганлар: “Биласизми, қўшнининг ҳақи нима?- дедилар ва бу саволларига ўзлари бундай жавоб қилдилар:- Иона истаса – иона берасиз. Ёрдам сўраса – ёрдам берасиз. Қарз сўраса – қарз берасиз. Камбағаллашса - рўзғорига мадад бериб турасиз. Хасталанса – зиёратига борасиз. Вафот этса – жанозасига қўшиласиз. Омад кулиб боқса – уни қутланг. Бошига мусибат тушса – таъзиясида бирга бўлинг. Ундан рухсат бўлмаса, уйингизни унинг уйидан баланд қилиб қурманг. Чунки уйингизни баланд қилиб қурсангиз унинг нимасигадир тўсқинлик қилган бўласиз. Унга азоб берманг. Бирон мева олган пайтингизда унга ҳам беринг. Агар бермоқчи бўлмасангиз, уйга олиб келганингизни кўрмасин. Болангизнинг қўлига бирон мева бериб ташқарига чиқариб юбормангки, қўшнининг боласи шундай нарсага эга бўлмагунча бундан ўпкаланиб юрмасин. Қозонингизда қайнатган гўшт ҳиди билан уларни нотинч қилманг. Агар келтирган гўштингиздан бир парчасини унга кесиб берган бўлсангиз, гўшт ҳиди таралишининг айби йўқ. Биласизми, қўшнининг ҳаққи нима? Аллоҳга қасамки, қўшни ҳаққини фақат Аллоҳ марҳаматига ноил бўлган кимсаларгина ўтай олади”.
Бу ибратли сўзлардан аёнки, ҳар биримизнинг зиммамизда масъулият бор. Бу масъулиятни тўғри адо этсаккина яхши хулқ эгаси бўламиз ва Аллоҳ таолонинг раҳматига эришамиз.
Мазкур сатрлар ёзилаётган кунларда Русиядаги бир воқеани эшитиб, даҳшатга тушдим. Ёшга етмаган чақалоғи ва икки ёшли боласини уйда қолдириб, кўчага чиққан бир жувонни автомашина босиб ўлдиради. Ҳужжати бўлмагани учун марҳуманинг кимлигини аниқлаш қийин кечади. Бу орада уйда қолган икки гўдак йиғлай-йиғлай очдан ўлади. Қўшнилар эса уларнинг йиғиларига аҳамият бермайдилар. Болаларнинг ўликларидан ҳид чиқа бошлаганда “газнинг ҳиди чиқаётгандир”, деб яна эътибор бермаганлар...
Худога шукр, бизда бу даражадаги бемеҳрлик, беоқибатлик йўқ, бўлмасин ҳам! Лекин бунақаси йўқ, деб ҳотиржам бўлишимиз ҳам дуруст эмас.
Баъзи келинларимиз кўчага сув сепиб-супиришганда қўшни чегарасидан бир қарич ҳам ўтмайдилар. Дарвозалари ёнма-ён бўлса-да, қўшни дарвозаси олдини супуришдан ё эринадилар ё бу хизматнинг савоб эканини билмайдилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедиларки: “Ҳазрати Жаброил қўшни ҳаққига риоя этмоқ тўғрисида менга шу қадар кўп васият (топшириқ) қилдилар-ки, мен қўшнини ҳатто молимга ҳам меросхўр қилиб қўйсалар керак, деб ўйладим”. Мазкур шарафли ҳадиснинг таъкиди ўлароқ, Мужоҳид ҳикоя қилади:
“Бир куни ҳазрати Умарнинг ўғли Абдуллоҳнинг (р.а.) уйида эдим. Ўғли қўй сўйиб, терисини шилаётган эди. Абдуллоҳ “Қўйни сўйиб бўлганингдан кейин, қўшниларга беришни ёнимиздаги яҳудий қўшнидан бошла”, деб топшириғини бир неча марта такрорлади. Охири ўғли: “Неча марта айтасиз, ота?” деб ажабланди. Шунда Абдуллоҳ дедики:
-Расулуллоҳ қўшничилик ҳаққига шу қадар кўп ўгит берардиларки, биз қўшнини қўшнига ворис қиладилар шекилли, деб ўйлардик”.
Шарафли ҳадисларда марҳамат қилинган талабларни ҳар бир муслим ва муслима бажариши шарт. Бажариш учун эса бу талабларни билиши керак. Шу боис, талабларнинг асосийларини ёдимизга олиш вақти келди:
Бир куни Ойиша онамиз (р.а.) нон ёпдилару бир сабаб бўлиб, бу нонни қўшнининг қўйи ея бошлади. Ойиша онамиз (р.а.) қўй оғзидан нонни олмоқчи бўлганларида Расулуллоҳ (с.а.в.): “Майли, ундан қолгани ҳам бизга кифоя қилади, қўйнинг бу иши тўғрисида гапириб, қўшнига озор бермагин”, дедилар.
Қуръони каримнинг Нисо сурасида яхшилик қилиш ҳақидаги оятда “яқин қўшниларга” ва “ён қўшниларга” дейилган. Уламолар “яқин қўшни”ни “қариндош қўшни”, “ён қўшни”ни эса яқинлиги йўқ, яъни бегона қўшни, деб тафсир қиладилар. Набий муҳтарам (с.а.в.) бу борада марҳамат қилдиларки: “Қўшнилар уч хил бўлади: битта ҳаққи бор қўшни – ҳаққи энг кам қўшнидир; иккита ҳаққи бор қўшни ва учта ҳаққи бор қўшни – буниси энг кўп ҳаққи бор қўшнидир. Энди, битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидир. Унинг қўшнилик ҳаққи бор, холос. Иккита ҳаққи бор қўшни эса мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмонлик ҳаққи, ҳам қўшнилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса – мусулмон ва қариндош қўшнидир. Унинг қўшнилик, мусулмонлик ва қариндошлик ҳақлари бор”.
Ҳазрати Ойиша онамиз (р.а.) “Ҳадяни икки қўшнидан қай бирига берайин?” деб сўраганларида Аллоҳнинг расули(с.а.в.): “Қайси бирининг эшиги сенга яқинроқ бўлса, ўшанга бер”, деб марҳамат қилдилар.
Этибор қилган бўлсангиз, қўшнилар сифатларига, яъни бой ёки камбағалликларига, чиройларига, ширин сўзларига қараб ажратилмайди. Биз ҳаётимизда айнан шу нуқтада хатоликларга йўл қўямиз. Девор-дармиён қўшнимизнинг бир қилиғи ёқмагани учун ундан узоқроқ бўлишга интиламиз. Ўн дарвоза наридаги қўшни билан апоқ-чапоқ бўлгимиз келади. Дарвоқе, дарвозаларнинг яқин ёки узоқлигига қараб нечта хонадон қўшни саналади? Ҳасан Басрий ҳазратлари шарафли ҳадисга асосланиб, ҳовлингизнинг олд томонидан қирқ ҳовли, орқа томонидан яна қирқ, ўнг томонидан яна қирқ, чап томонидан яна қирқ ҳовлининг ҳаммаси қўшни ҳисобланишини таъкидлаганлар.
Демак, кичикроқ бир қишлоқ ёки маҳалла аҳли бир-бирига яқин қўшни ҳисобланар экан. Айрим ривоятларда қўшниларнинг адади ўн ҳовли миқдорида белгиланган. Яна айрим ривоятларда маҳалла чегараси, дейилган. Бу борада баҳслашмай, афзалини олавериш керак. Кимнинг қирқ хонадон билан яхши қўшничилик алоқасини ўрнатишга имконияти бўлса, қуввати етса, барака топсин! Кимнинг имконияти чегараланган экан, қўшни ҳаққига риоя қилиши шу доирада бўлаверади.
Ҳасан Басрий ҳазратларига бир аёл келиб аҳволидан шикоят қилди. “Уйинг қаерда?” деб сўрадилар. “Сизнинг уйингиздан етти эшик нарида”, деди аёл. Ҳасан Басрий ҳазратлари бор пулларини санаб кўрсалар етти танга экан. Ҳаммасини бердилар. “Ё Аллоҳ, ҳалокатга учрашимга оз қолибди-я!” дедилар. У зот етти хонадон наридаги қўшниларининг оғир аҳволда эканидан бехабарликларини ҳалокат деб билганлар.
Бир одам муҳтожликдан қийналаётган қўшнисининг уйини сотиб олди. Кечаси йиғи овозини эшитди. “Ким йиғлаяпти?” деб сўради. “Сотилган уйнинг эгалари”, деб жавоб беришди. “Уларни чақириб айтинглар, қалблари эзилмасин, сотган уйларини қайтардим, ўзларига буюрсин, мендан олган пуллари уларга ҳадя”.
Бундай саховат эгалари ҳозир ҳам борми ё ривоятларда қолиб кетганми? Балки турган жойи кўзига тор кўриниб, қўшнисининг ҳовлиси эвазига кенгайтирмоқчи бўлган юраги торлар бордир орамизда?
Кунлардан бир куни Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) деворлари қулади. Шогирдларидан бирининг қўшни томондан бир оз тупроқ олиб, лой қорганини кўриб қолдилар-да у шогирдни “менга ярамайсан”, деб ҳузурларидан нари қилдилар. Девор учун бошқа лой қордирдилар.
Қўшни ҳовлисидаги бир сиқим тупроқнинг ҳақи не эканини биладиганлар борми ҳозир сафимизда?
Баъзи бировлар яқин қўшни эканини пеш қилиб, индамай кириб келаверадилар. Улар балки номаҳрам назар нима эканини билмаслар? Беижозат кириб келишлари оқибатида қўшнини хижолат қилиб қўйишлари мумкинлигини ўйламаслар? Қаранг-да, агар қўшнининг индамай кириб келаверишига ижозат бўлса, эшик қуришга не ҳожат бор эди?
Набий муҳтарам (с.а.в.) дедилар: “Суҳбатдошларнинг энг яхшиси – хушфеъл ва кўнгилга маъқули ва қўшниларнинг энг яхшиси – қўшнисига муносабатда мумтозидир”. Яна дедилар: “Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси – қўшнисига яхшилик қилганидир”.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига бир одам келиб қўшнисидан шикоят қилди. Набий муҳтарам (с.а.в.) унга: “Сабр қил!” дедилар. Орадан кунлар ўтиб, иккинчи ва учинчи марта шикоят билан келганида ҳам сабр қилишга даъват этдилар. Тўртинчи марта келганида:
-Уйдаги ашёларингни кўчага чиқариб ташла!- дедилар.
У одам шундай қилди. Йўлдан ўтувчилар: “Сенга нима бўлди?” деб сўрашса, “Қўшним мени шу аҳволга солди, тинмай азоб беряпти”, деяверди. Шунда одамлар: “Бундай озорли қўшни Аллоҳнинг лаънатига учрагай”, дейдиган бўлишди. Бу кўргиликдан ноқулай аҳволга тушган қўшни узр билан чиқди ва деди:
-Ашёларингни йиғиб ол. Аллоҳга қасамки, энди сени сира нотинч қилмайман.
Набий муҳтарам баракот ва баракотсизлик хотинда, масканда ва отда бўлишини айтдилар. Масканнинг баракоти - турар жойининг кенглиги ва қўшниларининг яхши инсонлар бўлишидир. Бебаракалиги - тураржойининг торлиги ва қўшниларининг ёмон феъл-атворли инсонлар бўлиши билан боғлиқ.
Ўтдайин куймас эдим, куйдирди-да, ён қўшним,
Гулдайин сўлмас эдим, сўлдирди-да, ён қўшним,
Ўғлим, қизим бахтидан айирди-да, ён қўшним...
Қўшничилик бурчи фақат қўшнига азоб бермасликдангина иборат эмас. Қўшни учун қандайдир қийинчиликни зиммага олиш ҳам керак бўлади. Чунки қўшнига азоб бермасликнинг ўзи, ҳали бурч ўталди, деган гап эмас. Бунинг учун ҳатто маълум бир қийинчилик ё ноқулай аҳволга чидаш ҳам камлик қилади. Чунки, шу билан биргаликда қўшнига яхши (меҳр билан) ва мулойим муомала қилиш, унга хайр-садақа қўлини узатиш керакдир. Шу ўринда бир оз қайтариқдай туюлса ҳам қўшни бурчи ҳақида яна тўхталайлик. Ғаззолий ҳазратлари шарафли ҳадиснинг тафсири сифатида бундай баён қиладилар:
“Қўшни билан учрашганда салом билан сўз бошламоқ, гаплашганда гапни чўзмаслик, кўп савол бермаслик, касал бўлганда кўргани бориш, бошига мусибат тушганда таъзиясида унинг билан бирга сабрли бўлиш, севинчли онларида қутлаш – унинг севинчи билан севиниш, хатоларини кўрмасликка олиш, уйини жосусларча кузатмаслик, деворига бир нарсалар қўйиб ёки осиб ғашини келтирмаслик, унга тегишли жойдан сув олмаслик, уйининг олдига ахлат ва супиринди тўкмаслик, ўтиш йўлларини торайтирмаслик, бирон баҳона билан уйига қарамаслик, қулоққа чалинган оилавий сирларини ёймаслик, у йўқлигида уйини қўриқлаш, унга қарши айтилган сўзларга қулоқ солмаслик, маҳрамига оид хусусларда кўз юммоқ, хизматчисига қарамаслик, боласига ширин сўзлар айтиш, диний ва дунёвий масалаларда билмаганларини ўргатиш...”
Қўшни ҳаққи – қўлдан келганича унга яхшилик қилишда экан. Шу боис ҳам Набий муҳтарам (с.а.в.) “Қўшнига яхшилик қил, тинч-саломат бўласан... Кимнинг Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймони бўлса, қўшнисига нисбатан иззат-икромда бўлсин”, деб марҳамат қилганлар. Халқимизда бу шарафли ҳадисдаги маънони давом эттирувчи мақоллар ҳам бор: “Қўшнингни янима, киноя сўз доғ этар, қурбинг етса кўмаклаш, эшигингни боғ этар”. “Қўшнинг ёмон бўлса – ёмонлик келар, қўшнинг яхши бўлса – омонлик”.
Ҳозир турли кўринишда, услубда, ҳажмда янги уйлар қуриляпти. Айрим уйларнинг пастки қаватида дўкон, қаҳвахона ёки ҳунармандлик устахонаси мавжуд. Дўкон, қаҳвахона ҳам, устахона ҳам қўшнига озор бермайдиган бўлиши керак. Тасаввур қилинг, магнитофондан эрта-ю кеч ашула жаранглаб турса, темирчи босқонда уриб турса, тутун бурқсиб турса... Ёки устахонадан таралаётган бўёқнинг ўткир ҳиди қўшнининг димоғини ачитиб турса. Бир қўшни болохона қургани учун иккинчисидан ранжиди. “Болохонани ўзимнинг еримга қурдим, сенинг нима ишинг бор?” дейди у қўшни. Зимдан қаралса, гапида жон бор. Лекин ўша болохонадан туриб қўшнининг ҳовлисига номаҳрам назар тушиб туриши-чи? Бу томони ўйланмайдими? Донолар деганлар-ки: “Кўчага, қўшним томонга мағзава тўкканимдан кўра, бу мағзавани ўз устимга тўкканим афзал”. Бу ҳикматни тушуниш қийин эмасдир?
Маълум бўлдики, ўзини иймонли санаган ҳар бир мусулмон қўшничиликка доир бурчларини оғишмай адо этиши зарур экан. Бу борада эр ва аёлнинг масъулияти орасида фарқ кўрамиз. Эрлар майда-чуйда нарсаларга кўпда эътибор бермайдилар. Аксинча, қўшнилар орасининг бузилиши хотинларнинг ўзаро чиқишмаслиги, миш-мишлари, ғийбатлари туфайлидир. Қўшнининг келини аразлаб кетиб қолса ёки қизи қайтиб келса, қувонадиганлар озми ёки кўпми?
Шундай ҳикматли гап бор: “Фалончиникида қўш ноғора қизиб, тайёр туради. Қўшнисиникида нохушлик юз берса ноғора қоқиб, элга ошкор қилади”. Шундай одамлар ҳам ўзларини иймонли ҳисоблайдиларми? Бир хонақоҳда намоз ўқиб, ибодатдан сўнг тескари қараб кетадиган қўшнилар-чи? Агар улар “У қўшни бу қўшнининг бегуноҳлигига амин бўлмаса, бу қўшнининг иймони шубҳа остида бўлади... Қиёмат Куни биринчи бўлиб, ёвлашиб қолган қўшнилар муҳокамага қўйилади”, деган шарафли ҳадисни билганларида эҳтимол бундай қилмаган бўлардилар. Қўшнисининг уйига мўралашни яхши кўрадиганлар-чи? Агар улар “Изнсиз бировнинг уйига мўралаган одамнинг кўзини ўйиб олиш ҳалол бўлади”, деган ҳадиси шарифни билганларида эҳтимол ўзларини бу гуноҳ ишдан тўхтатган бўлардилар.
Ҳа, бу борада ҳаммамизнинг ўйлаб кўрадиган ишларимиз бор. Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: “Бизнинг ёшлигимизда кўрганимиз шундай эди-ки, у вақтда ҳеч бир киши ўз олтин-кумушини бошқа мусулмон биродаридан азизроқ ҳисобламас эди. Ҳозир эса, ҳар биримиз учун олтин-кумуш ҳар қандай мусулмон биродаримиздан яхшироқ бўлиб қолди. Мен Расулуллоҳдан: “Бир қанча қўшнилар Қиёмат куни ўз қўшниларининг этагидан ушлаб: “Э Раббим! Мана бу қўшним бошимга иш тушган вақтда ёрдам қилиш ўрнига эшигини қулфлаб олган эди” деб даъво қилади”, деган ҳадисларини эшитганман”.
Яна бир ҳолатда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким ўзининг қорни тўқ бўлиб, қўшниси эса оч ўтирган бўлса, у киши комил мўъмин эмасдир”, дедилар.
Бир куни Аллоҳнинг расули (с.а.в.) саҳобалари билан йўлда кетаётганларида: “Қўшниларига азият етказганлар биз билан бирга юрмасин”, дедилар. Саҳобалардан бири буни эшитиб: “Мен қўшнимнинг девори остига таҳорат ушатиб эдим”, деб афсусланди. Набий муҳтарам унга қараб: “Сен сафимиздан чиқ”, дедилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларидан сўрадилар: “Зино нима?” Саҳобалар жавоб бердилар: “Зино қилиш ҳаром, уни Аллоҳ таоло ва Унинг расули ҳаром деб атаганлар”. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Киши ўнта хотинни зино қилгани гуноҳи қўшнисининг хотинини зино қилгани гуноҳидан енгилроқдир”. Яна сўрадилар: “Ўғрилик тўғрисида нима биласизлар?” Саҳобалар жавоб бердилар: “Ўғрилик – ҳаром. Уни Аллоҳ таоло ва Унинг расули ҳаром деб атаганлар”. Набий муҳтарам дедилар: “Ўнта хонадондан ўғрилик қилиш битта қўшни уйидан ўғрилик қилишдан енгилроқдир”.
Нима учун қўшнилар билан яхши муносабатда бўлишга кўп аҳамият берилади? Сабаби: ён қўшнисига меҳрибон бўлолмаган одамдан узоқдаги нотаниш мусулмон биродарига меҳр-оқибат кутиш қийин. Қўшниларга яхшилик қилиш – жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли-қудратли қилишга хизмат этади. Донишманднинг “Қўшниси яхши қаримас”, деган ҳикмати айни ҳақиқатдир. Ёмонга қўшни бўлган одам денгиз сайёҳига ўхшайди. У ғарқ бўлишдан қутулса ҳам, қўрқувдан қутула олмайди. Ҳасан Басрий ҳазратлари айтдиларки: “Яхши қўшни сенга зиён ва ташвиш етказмайдиган қўшни эмас (аслида бундай қўшни ҳам яхши), балки сенинг ёмонлигингга чидаб яшайдиган қўшнидир”. Бу ҳикмат асосида ҳар биримиз ўзимизнинг хулқимизга четдан назар ташлаб кўрсак яхши бўларди. Қўшнимиздан яхшиликни талаб қилаверамиз ёки унинг ёмонлигидан нолийверамиз. Хўш, ўзимиз яхшимизми? Бизнинг ёмонлигимиздан қўшнимиз ўзгаларга ҳасрат қилмаётибдими? “Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ” мақоли айни бизга аталмаганмикин?
Бир одам қўшнисидан нарвон сўраганда бермаса, ё бирон баҳона қилса, у ҳам вақти келганда ўша қўшнисига кетмонини бериб турмайди. Бу ҳол қўшнилар орасидаги соғлом муносабатни бузади. Қуръони каримда: “Улар риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам кишилардан манъ этадиган кимсалардир” (Моъувн сураси. “Моъувн” – рўзғор буюмлари маъносини беради.) дейилади. Ибн Касир бу ояти каримани бундай тафсир қилганлар: “Яъни улар Раббиларига ибодатни яхши адо этишмайди, риёкорлик қилишади ва У зот яратганларга ҳам манфаат беришмайди”.
Нарвон ҳам, кетмон ҳам ейилиб қолмайди. Тўғри, синиб қолиш эҳтимоли бор. Аммо бу фожиа эмас. Тузатса бўлади ёки янгисини сотиб олиш мумкин. Синган буюм эгаси саховатли бўлса, қўшнисини хижолат қилмайди: “Ўзи синай-синай деб турувди, келган бало-қазо шунга урсин”, деб қўя қолади. Иймони заиф бўлса, қўшнисига маломат тошлари ёғдириб, буюмнинг янгисини сотиб олиб беришини талаб қилади. Агар синган нарвон эгаси камхаржроқ бўлса, тўлашни талаб қилмаса ҳам, синдирган қўшни инсоф юзасидан янгисини сотиб олиб бергани дуруст.
Қўшни бирон нарса сўраб чиққанида бериб турилса савоб. Қўшнидан бирон буюмни қизғаниш мўминларнинг хулқидан эмас. Балки Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китобни ёлғон дейдиган риёкор кишиларнинг ишидир. Лекин бу гўзал хулқни суиистеъмол қилиш ҳам яхши эмас. Шундай хонадонлар борки, тез-тез ишлатиб туриладиган рўзғорталаб буюмларни, имкониятлари бўлса-да, ўзлари сотиб олмайдилар. Қўшнилардан қайта-қайта сўрайверадилар. Дазмол куйиб қолганида то тузатилгунича ёки янгиси олингунича сўрашнинг айби йўқ. Лекин бу сўраш узлуксиз давом этмаслиги керак. Айрим хонадонларда това ёки гўшт майдалагич йўқ. Ҳолбуки, шу буюмларни сотиб олишга қурбилари етади. Бир латифа бор: ота ўғлига “Қўшнидан теша олиб чиқ”, деб буюради. Ўғил “қўшнимиз тешасини бермади”, деб қуруқ қайтганда ота аччиқланиб дейди: “Жуда бахил-да, булар! Бор, ертўладан ўзимизнинг янги тешани олиб чиқ!”
Хонадонга келин бўлиб тушувчи қизларимиз бу масалада айниқса зийрак бўлишлари шарт. Қайнона-қайноталари ёки хонадоннинг бошқа аъзоларига қандай ширин муомала қилсалар, қўшнилар билан ҳам ўшандай, балки ундан зиёда хушмуомалада бўлишлари талаб этилади. Уйдаги муомалаларида хатоликка йўл қўйсалар, бир-икки танбеҳ билан масала ҳал бўлади. Лекин қўшниларга нисбатан бирон бурчни бажармасалар, бир камчиликлари ёнига яна бештаси қўшилиб, атрофга достон қилинади. Шундан эҳтиёт бўлсалар – марра уларники!
Қўшнилар билан апоқ-чапоқ бўлиб олганимиз яхши. Хонадонимизга бир неча соатга ёки бир неча кунга келувчи меҳмонлар ҳам бор, а? Улар билан муомаламиз қандай бўляпти? Меҳмонлар ҳақимизга дуо қилиб, оиламизни мақтаб кетяптиларми ё кўнгиллари ғашланиб қайтяптиларми?
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 38 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар