1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳайитлик зулми

Рамазоннинг охирги ўн кунлиги, улуғ қадр кечаларида, дуолар қабул бўладиган, хайрли амаллар қилинадиган улуғ кунлар, ҳайит айёми арафасида турибмиз. Лекин баъзи аёллар, ғанимат кунларни қадрламай, келину қудаларига зулм қилмоқда эканлар. Афсуски, орамизда ҳамон ҳайит тоғорасини муаммо қилиб юрганлар бор экан. Аллоҳ қайноналарга иймон- инсоф берсин!
Бир бева муслима опамиз фейсбукдаги шахсий хабарлар бўлимимизга шу хақида мактуб ёзибдилар.

“Ассалому алайкум!
Рамазон ойи Аллоҳнинг бандаларига энг катта совғаси эканини қанийди ҳамма билса. Айни кунларда кўпчилик оилаларга ҳайитлик ва арафа тоғоралари муаммолари бошланган. Қарз кўтараётган одамлар ҳам йўқ эмас.
Қанийди, аёлларимиз охиратдан қўрқишса, бандалик масъулиятини ҳис қилишса. Йўқ, одамлар ҳойи ҳаввасга берилган аёллардан қўрқишади, Ҳақ йўлни кўрсатган Роббиларидан эмас, афсуски! Ҳавасимиз жаннату, амалимиз... Дўзахдан паноҳ сўраймизу, итоатда нуқсонлимиз.  Баъзан жуда қўрқиб кетаман, одамлар охирзамонда ҳам гуноҳдан тийилмаслар-а? Ахир бир лаҳзадан кейин бу ёлғон дунёда бор ё йўқлигимизга кафолат йўқку! Шу десам, беваман, жонажон дугонамга қиз узатгандим. Ҳозир улар менга дугона эмас, қуда бўлиб қолганлар. Менинг биргина гуноҳим — қиз туғиб тарбиялаганим. Роббим меҳрибон! Қизим куёвим билан яхши яшайди. Иккови ҳам ақлли, сабр билан ҳар ишда Аллоҳга таваккул қилишади. Аммо таассуфки, қудажоним бу ҳаловатдан бебаҳралар. Мен ҳайитлик қилмаяпман. Биринчидан бу дийним буюрган амал эмас. Иккинчидан бунга имконим ҳам йўқ. Яқинда қизимнинг кўзи ёрийди, иншааАллоҳ. Қудам “Онангиз беш кечани яхшилаб ўтказсин!” деб қизимдан айттириб юборибдилар. Қизим 15- йигирма кунда келади. Унгача орада бир хабар олиб келаман. Албатта қудамникига қуруқ бориб келмайман. Қизим қайнонасига “Аяжон, онамнинг бошларида эркаги йўқ, ўғиллари йўқ, қайдан қиладилар шоҳона бешкечани?” деган экан, “Ҳамма бева аёллар қилгандай қилади!” дебдилар қудамиз. Куёвим “Аям шунақалар-да, ойижон. Мен бир сўз дегани кўнгилларини оғритиб, гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқаман. Сиз кўп уринманг, топганим шу деб тураверинг” дейди. Қизимнинг хотиржамлигини ўйлаб беҳаловатман. Аллоҳ ислоҳ қилсин ҳолимизни, қачонгача бидъату хурофотларга берилиб ўзимизни ўзимиз ҳалок қилиб юрамиз? Қачонгача Роббимиз осон қилган ишларни ўзимиз қийинлаштириб жонимизга жабр қиламиз? Илтимос, хатимни таҳририятга олиб чиқинг. Зора, аёлларимиз ўқиб, кўзлари очилса. Келину қудаларга таъмагирлик қилишдан ҳаё қилишса. Ҳурмат билан мухлисангиз...”
Инсоннинг қадр-қийматини туширадиган, обрўсини тўкиб, атроф-жавонибда беҳурмат қиладиган хусусияти — таъмагирлик, очкўзлик. Келиннинг тоғорасию, қуданинг йўқлови билан йўқ обрўни йўндиришга уринадиган қайноналарга Аллоҳ иймону инсоф берсин! Қорин дардингиз уч-тўрт тоғора егулигу бировларга зулм қилиб ундирган нарса-буюмларингиз билан “малҳам” топар, аммо жароҳатланган иймонингизни нима билан даволайсиз? Бир куни ақлингиз етиб, кўзингиз очилганида амалларингизни ўйлаб маҳжублик туйсангиз, уятдан ловуллаган юзингизни виждонингиз нигоҳларидан қаерга яширасиз? Зотан, Инсонда ўз виждони қадар кучли ҲАКАМ, қалби қадар қўрқинчли маҳкама бўлмайди...

Умида АДИЗОВА

 

Ҳозир сайтимизда 872 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ