1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ғалати тўйлар

2006 йилнинг июнида Ҳиндистонда кобра билан никоҳни дабдабали нишонлашди. Никоҳ маросими Бхубанесвар яқинида бўлиб ўтди.

Силдан қутулиш учун кобрага тегишга қарор қилган ўттиз ёшли Бимбала Дас ипак кўйлак кийганди. Руҳоний уларнинг жуфтлигини мустаҳкамлаш учун мантраларни ўқиди, бироқ куёв келмади, аниқроғи, судралишни истамади.

Кобра ўзи яшайдиган чумоли инидан чиқишни истамади. Шунинг учун куёв ролини илоннинг мис ҳайкалчаси ўйнади.

«Илонлар гапиролмаса ҳам, ҳеч нимани тушунмаса ҳам, биз ўзига хос усулда мулоқот қиламиз, — дейди Дас. — Чумоли ини ёнига сут қўйганимда, у доим чиқиб сутни ичади».

Қишлоқ аҳолиси аёлнинг бутунлай тузалиб кетишига умид, қилиб тўйни дабдаба билан нишонлади. Бимбаланинг қарорини ота-онаси ҳам маъқуллади. «Мен бахтлиман, — деди онаси. — Илгари қизим кўп оғрир, даволатишга эса пул йўқ эди. Аммо Бирбала кобрани сут билан боғишга ўтгандан кейин у тез тузала бошлади».

Тўйдан сўнг келин чумоли ини яқинидаги кулбага кўчиб ўтди.

* * *

Ҳиндистонда ғалати никоҳ қайд этилди. Вилатхуликам қишлоғи (Тамил Наду штати)да яшовчи 34 ёшли бўйдоқ Селви лақабли тўрт ёшли кучукчага уйланди. Унинг нияти — «ит қарғиши»дан халос бўлиш. Чунки у шу туфайли ногирон бўлиб қолган.

Эркакнинг соғлиғидаги муаммолар ўн беш йилча аввал бошланган. Сельвакумар йўлида учраган иккита итни тош билан уриб, дарахтга осиб қўйган, чунки унга ҳайвонларнинг йўлда бир-бирига «суйкалиши» ёқмаганди. Бир неча кундан сўнг Сельвакумарнинг аҳволи ёмонлашди, эшитиш қобилияти ёмонлашиб, юролмай қолди. Врачлар унинг оёққа туришига ёрдам беришди. Сельвакумар ҳасса ёрдамида юра олади-ю, барибир бутунлай тузалиб кетмади.

Қайғуга берилган эркак маҳаллий фолбинга мурожаат қилди. У Сельвакумарга ўлган итларнинг арвоҳи қарғишига қолганини айтди. Фолбин унга қарғишдан қутулишнинг ягона йўли — итга уйланиш, деди.

Маҳаллий анъаналарга кўра, Сельвакумарга келинни қариндошлари танлашди. Улар итни чўмилтириб, тўйга тайёрлашди. Итнинг олд оёқларига хина чизиб, бўйнига маржон осишди.

Никоҳ маросими Тамилнад штати ҳиндлар ибодатхонасида руҳонийлар бошчилигида ўтказилди. Тўрт оёқли келин сарида, аёллар қуршовида ибодатхонага кириб келди. Куёв никоҳ пайтида ҳиндларнинг анъанавий оқ кийимини кийганди. У Сельвининг бўйнига никоҳ туморини тақиб, сўнгги нафасигача содиқ бўлишга ва асраб-авайлашга қасам ичди. Руҳонийлар куёв хоҳлагудек бўлса, истаган пайтида одам зотидан хотин олиши мумкинлигини таъкидлашди.

200 киши билан нишонланган тантанадан сўнг келин-куёв Сельвакумарнинг уйига кетишди. Шу ўринда ташкилотчилар келинга сут ва мева таклиф қилинадиган удумдан чекиниб, Сельвига сут билан булочка беришди. Кейин келин-куёвни табриклаш-қутлаш маросими бошланди.

Бироз вақт ўтиб келин бесаранжом бўла бошлади ва охир-оқибат кўчага қочиб кетди.

Натижада, бутун қишлоқ қочоқ келинни тутиш билан овора бўлиб қолди. Ниҳоят, Сельвини тутиб, куёвнинг ёнига келтиришди.

* * *

Ҳиндистоннинг қишлоқ жойларида ирим-сиримларга ишонган одамлар итлар ва бошқа ҳайвонлар билан кўп никоҳдан ўтишади. Улар шу билан қарҚишдан қутулишларига, ҳаётларини изга солиш ёки дарддан халос бўлишларига ишонишади.

2006 йилнинг баҳорида Ҳиндистон шарқидаги Дханбад шаҳрида яшовчи Шивам Мунда ўзи ва бутун оиласини назардан халос қилиш учун дайди итга турмушга чиқди. Шивам Мунданинг тепа тишлари пасткиларидан аввал чиққан. Шанталь этник гуруҳининг (қизча шу гуруҳга мансуб) эътиқодича, бу ўзигагина эмас, бутун оиласи бошига оғир савдолар солиши мумкин бўлган ёмон белги саналади.

Икки йил аввал эса Калькуттадан олтмиш километр шимолда жойлашган қишлоқда дайди ит иштирокидаги тўйда келин ролида тўрт ёшли қизча бўлди. Қишлоқ астрологи қизчанинг отасига фақат шундай тўйгина ёвуз руҳлардан халос қилиши мумкинлигини айтди.

Гап шундаки, тўрт ёшли Анью бир неча оғир касалликларга мубтало бўлган, тўйдан бир неча ҳафта олдин эса қудуққа ҳам тушиб кетган, қовурғаларини синдириб, ошхонада қўлини ҳам куйдириб олганди.

Ота — Шубал Кармакар астрологнинг маслаҳатига амал қилиб, қизи касалликлардан қутулишига ишонганди. Никоҳ маросими ҳиндларнинг қадимий анъаналарига мос равишда ўтказилди.

* * *

Орийлар аёл ва эркак дарахт билан рамзий «қовушиб», қўшимча куч-қудратга эга бўлиши, шунингдек, балолардан қутулиши мумкинлигига ишонишади.

Панжоб аҳолиси бева эркак учинчи марта уйлангудек бўлса, танлаган ёрини ёвуз руҳлардан асраш кераклигига ишонишади. Чунки ёвуз руҳлар унинг аввалги икки хотинини ўлдирган, деб ўйлашади. Ёвуз руҳни адаштириш учун бева куёв аввал аёл кўйлаги кийдирилган дарахт ёки қўй билан никоҳдан ўтади. Натижада ёвуз руҳлар ҳақиқий келин ўрнига сохтасини ўлдиришаркан.

Бастар (Марказий Ҳиндистон)да яшовчи халқ эркакни йўлбарс ўлдирган бўлса, хотини иккинчи марта турмушга чиқишга ҳақли эмас, деб ҳисоблашади. Чунки йўлбарсга жойлашиб олган марҳум эрнинг руҳи иккинчи эрни ўлдиришга уриниши мумкин.

* * *

Кўпчилик ҳиндларнинг сеҳр-жодуга ишончи шу даражадаки, улар ҳатто жонсиз буюмлар билан ҳам никоҳдан ўтаверишади. Масалан, кичкина Нурпур қишлоғидаги 24 ёшли Сулохне паровозга турмушга чиқди!

Ҳиндистонда ҳалигача бирор нарса яхши ишлаши учун унга энг чиройли қизни хотин қилиб бериш керак, деган ақида мавжуд. Гўё шунда аёл унинг учун Худога ибодат қиларкан. Паровоз — керакли ва фойдали нарса. Шу сабабли унга келинни анча узоқ қидиришди.

Тўй анча дабдабали ўтди: Сулохне кун бўйи куёв учун рақс тушди, тунда эса бўш вагонда ётиб мантралар куйлади.

Бундай тўйлар Ҳиндистонга қўшни Бангладеш республикасида ҳам оддий ҳол саналади. Бу ерда кўпчилик эркаклар қурбақалар билан турмуш қуради. Бангладеш аҳолиси сувдаги жониворларга уйланиш қурғоқчиликда ҳосилни асрашга ёрдам беришига ишонади. Эркак қурбақага уйланса, тез кунда сел ёғади, деган ақида мавжуд.

Бир қари деҳқон бу ҳақда шундай дейди: «Бир неча марта қурбақага уйландим, бу ҳар доим иш берган».

Қурғоқчилик кунлари руҳонийларга иш кўпаяди: қурбақа билан турмуш қуриш жараёни барча диний анъаналарга хос равишда ўтказилади.

Тўйда қурбақа-келинларга алоҳида эҳтиром кўрсатишади, уларни ҳатто алоҳида раковинага солиб қўйишади. Селдан сўнг эса раковинани синдириб, қурбақаларни қўйиб юборишади...

Комила НОСИРОВА

Фаришталар кирадиган хонадон

Бугун эрта уйғондим. Ҳар кунгидан-да вақтлироқ. Соат миллари 5 га қараб силжимоқда эди. Қуёш ҳам энди мўралаб, заррин нурларини таратишга тараддудланиб турган экан.
Ўрнимдан туриб, дераза дарчасини очдим. Хонага тонгги майин, ёқимли шабада елиб кирди. Танам роҳатланди. Ҳовлига чиқдим. Мушаклар чигилини ёзиш, ҳали ҳам мудраётган танани «уйғотиш» учун пича машқ қилдим, кейин водопровод қулоғини бураб, совуқ сувда ювиндим.
Эрта уйғонишда гап кўп дейишади ота-боболаримиз. Барака, ризқ ортаркан. Шунданми, бизнинг халқимиз саҳармардонлаб туриб, иш бошлашга одатланган. Деҳқон кетмонини елкасига олиб, далага, чўпон қўй-қўзиларини ўтлатиш учун қир-адирга отланади. Хуллас, йигиту эркак, хотин-халаж ризқи униши, уйига файз-барокат кириб келиши учун енг шимариб, ишга киришади.
Келинчаги бор хонадоннинг файзи мўл бўлади дейишади. Чин. Ҳеч кузатганмисиз, ўзга хонадонга келган келинчак илк кунлариёқ қўли тўрт, оёғи олти бўлиб, бетин хизматда бўлади. Орасталик, тозалик, саранжом-саришталикни ўрнига қўйиб, ҳамма ёқни ёғ тушса ялагудек қилади. У энг дастлабки юмушини дарвоза олдини супириб, сув сепишдан бошлайди. Бу ҳам фаросатнинг гўзал намунаси. Дарвоза тагидан ўтиб кетаётган йўловчилар орасталикдан, озодаликдан дили яшнаб кетади. Бу покдомон хонадон соҳибу соҳибаларига ҳавас қилишади.
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Раҳматли бувим ҳаммамизни эрта уйғонишга чорлар, ўзлари эса биринчилардан бўлиб туриб, қўл-бетларини ювиб, сўнг дарвозанинг бир табақасини ланг очиб қўярдилар:
-Уйга фаришталар келади, ризқ улашиб кетади.
Ўшанда фикри-зикри ҳалоллик, покдомонлик бўлган, тилидан «худо», «фаришта», «нариги дунё» каби илоҳий каломлар тушмайдиган нурсиймо, художўй бувимнинг гапларини унча тушунмасдик (бола эдик-да). Биз ўз шўхлигимиздан, ўзимизникини маъқуллашдан қолмасдик. Бувим эса дилидагини тилига чиқаришдан, кўнглидаги гапларни бизга тушунтиришдан чарчамасди.
-Саҳар туринглар, худо эрта турганнинг ризқини кўпайтиради.
Бугун улғайдик. Тасаввуримда болафеъл, соддалигича қолган, ҳалол, виждони пок бувимнинг сўзлари нақадар ҳақиқат эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб боряпти.
Яқин кунларгача тунга қадар телевизор томоша қилиб, кун ёйилганда кўзларим қизариб, қовоқларим шишиб уйғонардим. Ишга кеч қолмаслик учун апил-тапил нонушта қилиб, шошиб чиқиб кетардим. Ишхонада ҳам тинчим йўқ эди:ланжлик, кайфиятсизлик... Дам олиш куни аҳвол баттар танг оларди: пешингача уйқу.
Зеҳн солсам, ҳаёт бир хилда кечяпти: эрталаб ишга бораман, кечқурун келаман. Овқатланаман, сўнг яна уйқу.
Ҳаётимда ранг йўқ, жозиба йўқдек туюларди. На унумдорлик бор, на файз-барака. Бир куни кенжа амакимнинг видеога туширилган никоҳ тўйини оиламиз билан томоша қилиб тургандик. Лавҳаларнинг бирида раҳматли бувим кўриниб қолди. Ёши саксондан ошган бўлса-да (саксон саккиз ёшида вафот этган) ҳамон тетик, бардам, жилмайиб турибдилар. Кўзлари эса ўша бетакрор, оҳори кетмас ўгитларни айтиб турибди:
«Эрта туришда гап кўп»
Мен калаванинг учини топгандек бўлдим. Ахир болалигимда йўқотганим-ўшандан буён уйимизга келмай қўйган фаришталарни соғингандим. Кўнглимга тугдим: «Эртадан бошлаб барвақт тураман...»
Орадан йигирма йил ўтиб, раҳматли бувим ўргатган ишни бажардим: қуёшни уйғотдим. Нонушта маҳалигача бир дунё ишларни дўндириб қўйдим: томорқадаги тешаси чала қолган уч эгат картошканинг тагини юмшатдим; сигирга ем ташлаб, тезагини чиқариб ташладим, бўшаган челакларни сувга тўлдирдим, газга чойнакда чой қўйдим.
Ишга уйдан ҳар кунгидан чорак соат олдин чиқиб, бироз яёв юрдим. Ҳаво очиқ эди. Кўкда нур таратиб турган офтоб ҳам наздимда менга жилмайиб қараётгандек туюлди. Шу куни ўзимни ҳар кунгидан-да тетик ҳис қилдим. Яйрадим.
Англадим: демак, эрта туришда гап кўп.
Кўп ўтмади. Уйимизга фаришталар ташриф буюрди: тўнғич қизим дунёга келди, укам уйланди. Ишхонада ҳам ишларим юришиб кетди.
Мен ҳозир бувимдан мерос қолган бир юмушни давом эттиряпман. Ҳар тонгда уйғониб, дарвозани очаман. Қуёшнинг мўралаб чиқишини завқ билан томоша қиламан. У уйимизга энди том оша эмас, эшикдан, бўсағадан кириб келади. Инчунун, фаришталар ҳам.
Сизлардан ҳам истагим шу, эрта саҳардан эшигингиз очиқ турсин, ишларингиз бароридан келади.

Умид АЛИ

Ғалати сценарийли тўй

Тўй - миллат кўрки, таъбир жоиз бўлса, унинг юзи. Унда миллатнинг  ўтмиши бугунги аҳволи, моддийликдан то маънавий қиёфасигача акс этади. Бу кўзгудан энг аввало тўй «айбдорлари» - келин ва куёв жой оладилар. Келиннинг қариндошлари куёвни кузатса, куёв томон келинга қизиқади. Кўзгу - барибир кўзгуда. Унда ҳамма нарса бор ҳолича кўринади. Мен ҳам яқинда кўзгудаги жуда ажабланарли ҳолатга гувоҳ бўлдим.

Бир обрўли хонадоннинг тўйи учун ҳашаматли ресторанлардан бири танланган экан. Тўй бошланди, келин-куёв бир-бирига узукка кўз қўйгандек мос. Ўзларига ажратилган жойда ўтиришаркан, уларга ҳамма ҳавас билан қарарди. Айниқса, келинга... Сабаби, баъзи кўриниши шарт бўлмаган жойлари очиқ ҳолда ки­йинган келиннинг юзида ҳам парда кўринмасди. У биз билган келинлар каби уялиб, ерга қараб ўтирмасди. Балки, бугунги ҳолатидан хурсанд эканлигини ошкора намойиш қилиб, куёв билан «ўтган-кет­ган»дан суҳбатлашиб ўтирарди.

Меҳмонлар чой ичиб, дастурхонга қўл узатган бир пайтда саҳнада арабча рақс бошланди. Қайсидир рақс гуруҳи ярим яланғоч ҳолда нақ ўн беш дақиқа «томоша кўрсатди». Даврадаги эркаклар-ку у-бу нарса тотинган киши бўлиб вақт ўтказишди. Аммо аёллар бир-бирларига қараб, елка қисиб қўяр, саҳнага қарашолмасди. Энди рақс тугаб енгилроқ нафас олган ҳам эдикки, кетидан испанчами, тсиганчами рақс уланиб кетди. Ва ниҳоят, улардан кейин аллақайси рақс дастаси ўзбекча қўшиққа рақсга тушишди. Бироқ бу пайт­да давранинг мазаси қолмаганди.

«Ҳозир ҳамма тўйлар стсенарий асосида бўлаётган экан дейишганди, ростдан ҳам шунақа экан-да», - аёллар шундай деб ўзларини овутишди. Мен эса стсенарийли тўйнинг давоми қандай бўлишини кутдим. Биринчи овқатдан кейин келин-куёвни даврага таклиф қилишди. Улар ҳам бир-бирларидан табассумларини аямай чиқишаркан, тўйхонадаги қизлар ширин энтикиб қўйишди. Кутилмаганда даврада валс эълон қилинди ва шунга монанд куй янграй бошлади. Келин-куёв эса ҳамманинг гувоҳлигида валс­га тушишди. Айтишларича, улар бунинг учун тўйдан бир ой олдин тайёргарлик кўришган экан. Шунданми, ҳар иккови ўзларини анча эркин тутишар, келинчак ҳам куёвнинг бағрида қушдек учарди. Кўпчиликнинг кўзини қувнатган валс тўхтовсиз олқишларга сабаб бўлди. Кейин келин-куёв тўй тортини кесиб, бир-бирларига едириб қўйишди ва озгинадан шампан виносидан ҳам ичишди.

Мен эса кўраётганим чет эл киносими ёки ўзбегимнинг тўйими, деб ҳайратдан ёқа ушладим. Ўша даврадаги аёлларнинг айтишларича, энди ҳамма тўйлар шундай ўтаркан. Билмадим, балки мен замондан орқада қолгандирман, балки бу янгиликни ҳазм қила олмаётгандирман. Бироқ, оппоқ либосдаги фариштадек қизни келинлик оламига валс эмас, балки «Ёр-ёрлар» қуршовида кузатсак, тўйда қандайдир бетайин ўйинчилар эмас, карнай-сурнайчилар бўлса, чиройлироқ бўлмасмикан?

Энг ачинарлиси, ушбу тўйда қатнашган эл суйган санъаткорларнинг чиқишларию, ноз неъматга тўла дастурхон ҳам кимларгадир татимади. Ва бу жараёнда тўйбошилар ҳам тўйни бошқаролмай қолишди. Тўй стсенарий асосида бўлса нур устига нур. Лекин стсенарий тўйнинг файзли, тинч ўтишини таъминлаши керак эмасми? Демак, бундай тўйдаги «стсенарийлар» кимларнингдир чала-ярим дастурлари асосида тузиляпти. Аммо у тўй эгасига ёки меҳмонларга нима беради? Эссиз, шунча сарф-харажат деб катталар ачинар. Зўр бўлди, дер томошабин меҳмонлар. Аммо ёшлар-чи? Эртага бўйи етган қизлар, дугонам валсга тушди, демак мен ҳам шундай қиламан, деб ёппасига валс тушишни ўрганмайди ёки ўзини шунга тайёрламайди деб ким кафолат беради? Куёв бўлмиш йигит ҳам мен ўзимнинг стсенари­йимга қараб иш тутаман дея олмай, ҳарир либосдаги навниҳол қизни ҳаммага кўз-кўз қилгандай ўйинга тортиб турса, йигитнинг номуси-шаъни, қизнинг шарм-ҳаёси қаерда қолади?

Зуҳра Бобохўжаева
“Маърифат” газетасидан олинди.

Нега дўппи киймай қўйдик?

Ҳар бир халқнинг ўзига хос ўлмас анъаналари, қадриятлари бор. Дейлик, тўй маросими ҳар бир халқда ҳар хил, удумлари мутлақо бир-бирига ўхшамайди. Қачонлардир яратилган ноёб санъат асари ҳам гўзаллиги, нотакрорлиги билан маълум бир миллий маданият белгиси сифатида намоён бўлиб, қадрият сифатида қадрланади.
Асрлар давомида аждодларимиздан авлодларга мерос сифатида етиб келган урф-одатларимиз, қадриятларимиз, анъаналаримиз ҳам миллийлигимиз рамзи бўлиб, катта қадр, умрбоқийликка эга. Бироқ бугунги кундаги одамлар онгида мавжуд замон билан ҳамнафас яшаш, замондан ортда қолмаслик тушунчаси баъзи бир миллий урф-одатларимизнинг, маданиятларимизнинг унутилишига, йўқолишига сабабчи бўлаётгандек. Ҳатто, қадриятларимизга нисбатан «эскилик сарқити», «эски турмуш тарзи» дея нописандлик билан муносабатда бўладиганлар ҳам єўқ эмас. Истиқлол шарофати билан миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримиз қайта тикланди, миллий ўзликни англашга эътибор кучайди. Шу нуқтаи назардан мен ҳозирги глобаллашув жараёнида урфдан чиқаётган баъзи бир миллийлигимиз рамзи бўлмиш нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман. Шу кунларга қадар умрбод ота-боболаримиз бошини асраган, уларга «қалқон» бўлган миллий бош кийимимиз - дўппини назарда тутяпман. Бугунги кунда негадир ана шу «қалқон» йигитларга эриш туюлмоқда. Аксарият ёшларимизда бу бош кийимни кўрмай ўрганиб ҳам қолдик. Албатта, биз демократик, озод ва эркин жамиятда яшаяпмиз. Шундай экан, ҳар кимнинг танлови ўз ихтиёрида, аммо ғарбона шляпа, кепка, буретка, вандамка кийган ёшларимиз нега дўппини унутаёзди? Ваҳоланки, ўзбек йигитларининг кўрки, ҳуснини оширадиган, ўзига ярашиқли дўпписи уларни бошқа халқ вакилларидан ажратиб туради. Айниқса, тўй ёки бошқа маросимларда зарурат юзасидан дўппи кийган ёшларни кўриб, ҳавасим келади. Хайриятки, шу маросимлар бор экану, ёшларимизга зеб берган дўппини кўрарканмиз...
Бир пайтлар марҳум шоир Муҳаммад Юсуф ҳам куюнчаклик билан «Дўппи киймай қўйди йигитлар» номли шеърини ёзганда айни шу бош кийимни «ёмон кўриб қолган» йигитларни мўлжалига олганди. Юқорида айтганимиздек, ҳеч кимга дўппини кийиш мажбурияти юкланмаган. Ҳар ким ўзи хоҳлаган, дидига мос кийимни кийиши мумкин. Бироқ инсон қалбида миллатпарварлик, ғурур, фахр туйғулари сабаб, ғарбона кийиниш ҳар доим ҳам қабул қилинмайди. Қолаверса, дўппи бутун дунёда ўзбек халқини танитадиган миллий кийимлар сирасига киради. Бундан уч йил олдин бир дўстим Россияда бўлиб қайтди. Суҳбатлардан бирида у сафар таассуротлари ҳақида гапира туриб, шундай деганди:
-Кремлни томоша қилиб юргандим. Бир пайт иккита қирғиз эркакни ўртага олиб расмга тушаётган хорижлик сайёҳларга кўзим тушди. Бирам ҳавасим келди. Қирғизларнинг бошида ўз миллий қалпоқлари бор экан. Мен ҳам дўппимни кийиб борсам бўлар экан, деган хаёлга бордим.
Шундан кейин дўстим «хатосини тузатиб», қаерга борса, ўзи билан бирга дўпписини олиб юришни канда қилмади.
Ҳа, замон ўзгарди, замон янгиланди деб ўзимизни оқлашга уринамиз. Ваҳоланки, замонни ўзгартирадиган, янгилайдиган ҳам инсон.
Бугун юртимиз мустақилликка эришганига йигирма йилдан ошди. Бу давр ичида кўп ютуқларни қўлга киритдик. Қадриятларимиз, миллий урф-одатларимиз қайта тикланди, маданий меросларимизни ўрганишга ва уни тарғиб қилишга шароит туғилди. Шундай экан, маданиятимиз, узоқ йиллик тарихга эга маданий меросимиз, миллий кийимимиз-дўппини қадрлайлик, уни бошдан қўймайлик. Зеро қайга борсам, бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб дея куйлаган машҳур шоиримиз ҳам ўзлигимиз, ўзбеклигимизнинг аломати сифатида айни шу миллий кийимни таъкидлаган, уни улуғлаган.

Умид АЛИ

Минг йиллар садоси

Бешик кўп асрлар аввал ҳунармандларнинг ақл-заковати билан ихтиро этилган бўлиб, у ҳақидаги маълумотлар ўрта аср манбаларида, хусусан, Маҳмуд Кошғарийнинг "Девони луғатит-турк" асарида, шунингдек, Алишер Навоийнинг "Лайли ва Мажнун" достонида ҳам таърифланган. Унинг келиб чиқиши ҳақида турли фаразлар мавжуд. Кўчманчи халқларга тегишли бу кашфиёт, кўчиб юрган пайтда оналарга анча-мунча қулайлиги билан афзал саналган.

Замонавийлашган воситалар яратилган ҳозирги пайтда бешикка талаб қандай? Болани бешикка ётқизиш чиндан ҳам зарарлими?

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси ва Республика Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ЮНЕСКО ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда бу борада қуйидаги маълумотлар келтирилган: болани бешикка беламай қанчалик эркин қўйилса, шунчалик яхши ривожланади. Говрапеч (бешик ёпқичи)нинг доимий равишда ёпиқ туриши натижасида қуёш нурларидан баҳра олмаган гўдакда А, Д витамини етишмовчилиги кузатилади. Бу витаминлар боланинг суяк тўқималари ривожланиши учун зарур ҳисобланиб, усиз мушаклари юмшоқлашади. Юмшаган аъзоларни боғлаш натижасида аъзолар қийшайиши кузатилади. Оёқларнинг «икссимон», «о»симон бўлиб қолиши ана шулар оқибатида юзага келади.

ЮНЕСКОнинг тадқиқотларига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда ҳар йилги туғилиш даражаси деярли 600 мингга етган. Шундай экан, дунёга келган болаларнинг кўпчилиги бешикда ётишини ҳисобга олсак, ушбу мавзу яна бир бор таҳлилга тортишга арзийди.

Фойдали кашфиёт

Бешик болани улғайтириш учун фойдали бўлиб, кичик ва ихчамлиги учун уни исталган жойга кўчириб олиш мумкин. Қолаверса, чақалоқни парваришлаш учун ҳам қулай. Бешик гўдакни ташқи салбий таъсирлардан, яъни шовқин, иссиқ ва совуқ, офтобдан сақлайди. Бундан ташқари, гўдак бешикка махсус қўл-оёқ боғлағичлари билан боғлаб қўйилиши, уни уйқуда бехосдан қилинадиган ҳаракатлардан чўчимай, осойишта ва тинч ухлашига имкон беради. Шунингдек, беланган боланинг бути орасига сумак, тагига тувак қўйилиши унинг таги ҳўлланишидан, шамоллаш ва танасининг яллиғланишидан сақлайди, зах ўтмаслигини таъминлайди.

Бешик тут, тол ёғочларидан ясалиб, бу восита боланинг организмига фойдалидир. Нақшларнинг ёрқин
ранглар билан безатилиши боланинг рангларни таниш, илғаб олиш функциясини ривожлантиради, бешикка осиб қўйилган буюмлар эса, унинг қўл ҳаракатларини ривожлантиришга ёрдам беради. Бешик ясаладиган тол дарахти ҳиди йўқлиги билан ҳам афзалдир. Қадимда табиблар беморларга тол дарахтининг тагида ўтиришни бежиз тавсия қилмаганлар. Бешикнинг фаслларга мосланган ёпинчиқлари эса болани қишда совуқдан, ёзда иссиқдан сақлаб, мўътадилликни таъминлайди. Унинг тагига тариқ солинган қовус (тўшакча) ёзилишининг ҳам катта аҳамияти бор.  Бола терлаганида ёки қовус ювилганда тез қурийди. Ундан қилинган ёстиқда бола юмшоққина ётади. Боши ва орқаси тўшакка ботмайди, аксинча, массаж вазифасини бажаради.

- Гўдакни бешикка белаганда тўғри боғланиши қаддини расо қилиб ривожлантиради, - дейди бешикчилар сулоласини давом эттириб келаётган уста Абдурасул Расулов.

Яхши нарсага ҳам меъёр керак

Лекин, тажрибасиз ёш оналарнинг болани нотўғри парвариш қилишидан бола организмида турли хил нуқсонлар пайдо бўлаётгани бешикка бўлган қарашларни ўзгартирмоқда. Айрим оналарнинг, айниқса, ўзбек оилаларида гўдакни бешикка белаб қўйиб, ўзи оила юмушлари билан банд бўлиши, боланинг соатлаб унда ётиши бешикнинг вазифасидан яхши фойдалана олмасликларини билдиради. Бешикда кўп вақт ётиши натижасида гўдакнинг орқа елкалари  қотиб кетади.

Одам ҳаракатда бўлсагина овқатга талаби кучаяди. Боланинг доимий равишда бешикда ётиши эса, мушакларни кўпам ҳаракатга келтирмайди. Организм ҳам озиқ моддаларни талаб этмай қолади. Болалар шифокори Моҳидил Алимардонованинг таъкидлашича, болани фақатгина ухлайдиган пайтда бешикка белаган маъқул, уйқудан уйғонганда эса уни ечиб олиб, танасининг орқа қисмини уқалаш даркор. Айрим оналар болаларини фақатгина тунда белайдилар. Кундузи эса, беланчак каби воситаларда ухлатадилар. Бу ҳам яхши танлов.

Бола йиғлаётган вақтида бешикни ҳадеб тебратавериш, унинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин экан. Айниқса, бу бош миянинг қон босими ошган болаларда ёмон ҳолатларни юзага келтиради. Бу борада Ҳамза туманидаги 4-шаҳар болалар клиника шифохонасининг олий тоифали шифокори Набира Зокирхўжаева
қуйидагиларни маълум қилади:

- Бош миясида қон босими бор болаларни бешикка белаш тавсия этилмайди. Тебратиш натижасида бола овунмайди, балки ундан ҳам қаттиқроқ куч билан йиғлайди. Бу эса қон босимининг кўтарилиб кетишига, она ва боланинг ҳам қийналишига олиб келади.

Гўдакнинг боши бешикдан пачоқ бўлади, деган фикрга шифокор Н.Зокирхўжаева қуйидаги фикрлари билан қарши чиқади:

- Бош миянинг пачоқ бўлиши ва оёқлардаги нуқсонлар бешикнинг таъсирида эмас, балки она ва бола организмида витаминларнинг етишмаслиги ва гўдакни нотўғри парваришлаш оқибатида юзага келади.

Уларнинг ҳаваси келади

Миллатимизнинг урф-одатларига қизиқиб қолган япониялик танишимни қариндошимизнинг бешик тўйига олиб бордим. Тўйхонага кириб борар эканмиз, айвонда қуда томондан келтирилган чақалоқ учун сарпо-суруғдан тортиб, шар ва юмшоқ ўйинчоқлар билан безатилган болалар арғимчоғигача бўлган буюмларга кўзимиз тушди. Уларнинг орасида бежиримгина безатилган бешик ҳам бор эди. Очиғини айтсак, буларни кўрган одам яйраб кетади. Бизни илиқ кутиб олиб, дастурхонга таклиф қилишди. Ҳамма мезбонлар чет эллик меҳмон билан овораю, у бўлса бешигимизнинг атрофидан ҳеч кетолмайди. Тебранишига ишқивоз бўлиб қолди. Унинг бетакрор
нақшлар билан тикилган говрапечлари, кўз тегмасин деб осилган туморлари меҳмонни ўзига буткул жалб этиб қўйди...

- Бешикка бўлган талаб ҳалигача сўнгани йўқ. Ҳатто, турғунлик даврида бешиклар эскилик сарқити, деб қаралган бўлса ҳам, одамлар қопларга солиб уйларига бешик ташиганлар, - дейди бешикчи уста А.Расулов.  - Ҳозирги кунда бошқа миллат вакиллари, хусусан, рус, корейс халқи вакиллари орасида ҳам ўз фарзандларини бешикда катта қилишга ҳаваси келадиганлар бор. Уларда бу қизиқиш ўзбек қўшниларини кўриб уйғонган.

Ҳатто, бешикчи усталарнинг айтишича, Қозоғистон, америкалик ўзбеклардан ҳам юртимизга келган меҳмонларга бешик олиб келиш буюртмаси тушар экан.

- Агар бу буюм ёмон бўлганида бешик анъаналари шу вақтга қадар етиб келмаган бўларди, оналар эса ўз болаларини бешикка беламасдилар, - дейди бешикчилар сулоласини давом эттириб келаётган Суръат Акбаров.

Шу ўринда...

Бешикни эскилик сарқити деб ҳисобловчи айрим ёш оилаларга замонавий воситаларнинг салбий жиҳатлари борасида маълумот бериб ўтсак. Шуни таъкидлаш керакки, оналар учун қулай саналиб келган тагликлар рекламаларда намойиш этиладиган даражада бола терисини қуруқ ҳолда сақлай олмайди. Суюқлик ўтказиши, доимий намлик болада турли касалликларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, гўдакда бўшаниш рефлексини туғдиради. Бешик эса боланинг таги доимий равишда қуруқ туришини таъминлайди.

Болаларнинг доимий ҳамроҳи сўрғич ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Сўрғич резинадан тайёрланадиган нарса, унинг хомашёси сунъий бўлганлиги учун резина парчаларининг ошқозонга жойлашиши инфекцион касалликларни келтириб чиқаради. Боланинг оғзи ҳар доим  резина сўрғич билан банд бўлиши сўриш рефлексини қондириб, унда кўкрак сути ва овқат ейишга бўлган талабни сусайтириб юборади.

Хуллас, гўдак овқатни тез-тез талаб қилмаганидан кейин унда озиқланиш жараёни бузилиши, кам овқатланиш, ориқлаш, вазн етишмаслиги ҳолатлари учраши мумкин. Сўрғичдан кўп фойдаланган болаларнинг тили ҳам кеч чиқади. Мутахассиснинг таъкидлашича, катта бўлганида ҳам бундай болаларнинг муҳим жараёнларни ўзлаштириши қийин кечар экан.

Минг йиллардан бери халқимизни ўз бағрида тебратган, буюк бобою момоларни катта қилган бешигимиз бундан
кейин ҳам хизмат қилаверади. Энди унда келажак авлод улғаяди, аждодларимиздай бақувват, тетик, алпқомат зурриётларни катта қилади.

Мухлиса Мўминова