1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қариндошлик ришталари узилмасин!

بسم الله الرحمن الرحيم


Маълумки, ҳеч бир инсон кишилар жамиятидан айрилиб, ўзи якка яшай олмайди.  Инсон зоти борки, бошқа одамлар билан ўзаро муносабат ўрнатишга, бошқалар билан аҳил, тотув яшашига тўғри келади. Бу эса, кишилик жамиятининг ажралмас қонунидир. Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир. Буларнинг ичида энг муҳими, энг кучлиси қон ва насаб қариндошлигидир. Яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги алоқа ҳам мана шу ришталардан ҳисобланади. Инсон бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда унга таянади ва шу нарса орқали инсон ҳаёти тинч ва осойишта кечади. Аллоҳ таоло бу борада бундай марҳамат этади:


يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبًا *
(سورة النّساء/1)


яъни: “Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” .

Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади:


إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُون *َ (سورة النحل/ 90).

яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”.
Аллоҳ таборака ва таоло қариндошчилик ришталарини маҳкам боғлашга чақирар экан, бунда қариндошларга ва қариндош қўшниларга алоҳида эътибор қаратишга буюради, ҳатто буни ибодат даражасига кўтаради ва ота-онага яхшилик қилиш билан тенглайди:


وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالجَنبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ مَن كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً * (سورة النساء / 36).


яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”).

Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш Исломда “силаи раҳм” дейилади ва динимиз мусулмонларни доимий равишда силаи раҳмга буюрган. Аллоҳ таоло қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолайди:


الَّذِينَ يُوفُونَ بِعَهْدِ اللّهِ وَلاَ يِنقُضُونَ الْمِيثَاقَ * وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الحِسَابِ * (سورة الرعد /20-21).


яъни: “Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва “ал-Мийсоқ”ни (ваъдани) бузмайдиганлардир. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар”.

Силаи раҳм (қариндошлар билан алоқа қилиш) хусусида вооид бўлган ҳадиси шарифлар

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللَّهَ خَلَقَ الْخَلْقَ حَتَّى إِذَا فَرَغَ مِنْهُمْ قَامَتِ الرَّحِمُ فَقَالَتْ هَذَا مَقَامُ الْعَائِذِ مِنْ الْقَطِيعَةِ قَالَ نَعَمْ أَمَا تَرْضَيْنَ أَنْ أَصِلَ مَنْ وَصَلَكِ وَأَقْطَعَ مَنْ قَطَعَكِ قَالَتْ بَلَى قَالَ فَذَاكِ لَكِ» ثُمَّ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اقْرَءُوا إِنْ شِئْتُمْ { فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمْ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ أَفَلا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا}» (متفق عليه).


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло бутун мавжудотни яратиб, фориғ бўлгач, қариндошлик алоқаси ўрнидан туриб:  «Мен алоқани узишдан Сендан паноҳ тиловчи мақомида турдим», деди. «Жуда яхши, сени боғлаган одамни (Ўзимга) боғлашимга ва сени узган одамни (Ўзимдан) узишимга рози бўласанми?!», деди. «Ҳа, эй Роббим!», деди. «Унда шу нарсани сенга ато этдим», деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Истасангиз ушбу оятни ўқинглар: «Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқин-ки, сизлар Ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (Тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир. Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларида қулфлари бордир, (шунинг учун у дилларга Қуръон нури етмаётгандир)?!» (Муҳаммад: 22-24) (Муттафақун алайҳ).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ وَأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَه»ُ  (رواه البخاري)


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин!» (Имом Бухорий ривояти).

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ وَلَكِنْ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قَطَعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا» (رواه البخاري)


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир» (Имом Бухорий ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلاً قَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ لِي قَرَابَةً أَصِلُهُمْ وَيَقْطَعُونِي وَأُحْسِنُ إِلَيْهِمْ وَيُسِيئُونَ إِلَيَّ وَأَحْلُمُ عَنْهُمْ وَيَجْهَلُونَ عَلَيَّ فَقَالَ: «لَئِنْ كُنْتَ كَمَا قُلْتَ فَكَأَنَّمَا تُسِفُّهُمْ الْمَلَّ وَلا يَزَالُ مَعَكَ مِنْ اللَّهِ ظَهِيرٌ عَلَيْهِمْ مَا دُمْتَ عَلَى ذَلِكَ»  (رواه مسلم).


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, менинг қариндошларим бор, мен уларга алоқа қиламан, улар мендан алоқани узишади. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қилишади. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар менга қўполлик қилишади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар ўзинг айтаётганингдек бўлсанг, гўёки сен уларга қайноқ кул едиряпсан экан (яъни, улар оғзига чўғ солинган одам каби алам-оғриққа дучор бўлишади) ва модомики шу ҳолда давом этар экансан, улар қаршисига Аллоҳ тарафидан бир ёрдамчи сен билан бирга бўлаверади» (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ:
Ислом қариндошларни бир-бирлари билан алоқа қилиш ва меҳр-мурувватли бўлишга ундайди, мусулмонлар ўртасида бир-биридан узилиш ва юз ўгириш каби салбий ҳолатлар бўлишини қоралайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло силаи раҳмга буюрган ва уни узган кишиларга азоб бўлиши билан огоҳлантирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам силаи раҳмга тарғиб қилганлар ва у умрнинг узун, ризқнинг кенг-мўл бўлишига сабаб эканини хабар берганлар.

Мазкур ҳадислардан олинадиган фойдалар:
1- Силаи раҳм қилиш вожиб, уни узиш оқибати ёмон;
2- Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда силаи раҳм қилган одамдир;
3- Силаи раҳм ризқнинг зиёда ва умрнинг узун бўлишига сабаб;
4- Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариш дуруст эмас.

Исломда қариндошлик алоқаларини боғлаб туриш ҳар бир мусулмон учун вожиб қилинган. Бу алоқани узиш эса ҳаромдир.
Аллоҳ таоло бундай деб буюради:
«Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва йўл ўғлига ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма» («Исро» сураси, 26-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло қариндошларнинг бир-бирларида ҳаққи борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларининг ҳаққи бор. Бу ҳаққ уларга Аллоҳ таоло томонидан берилган. Бой-бадавлат киши ўз қариндошларига ёрдам берганида, миннат ёки фазлини кўрсатиш учун эмас, балки Аллоҳ таоло амрини адо этиш, Аллоҳ таоло белгилаган ҳақни бериш учун иш қилган бўлади.
Шунингдек, ночор қариндош ўзининг бой-бадавлат қариндошидан бирор нарса олганда, унинг олдида хору зор бўлиб эмас, Аллоҳ таоло унга белгилаган ҳақни олаётганини тушуниб, ўзини эркин тутиб олади.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида яхшилик ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, қуйидаги васфни ҳам айтган:
«Яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўл ўғлига, тиланчиларга, қул озод қилишга берса» (177-оят).
Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга; боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни, боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни, еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; йўл ўғлига, яъни, ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни, ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бош-қалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни, хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш яхшиликдир.
Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу, юксак инсоний фазийлатдир. Фақат юксак инсоний фазийлатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақийқий яхшиликни қилган бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни ризқи кенгайтирилиши ва ажали ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин», – дедилар».
(Учовлари ривоят қилишган)
Силаи раҳм қанчалик аҳамиятга эга амал эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади.
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоятида:
«Силаи раҳм қилувчи берганга яраша қайтарган эмас. Лекин силаи раҳм қилувчи ўзининг силаи раҳми кесилганда уни боғловчидир», – дедилар».
Фалончи менга яхшилик қилган эди, мен ҳам унга яхшилигини қайтариб қўйишим керак, деган маънода иш қилган одам силаи раҳм қилувчи ҳисобланмас экан. Ҳақийқий силаи раҳм қилувчи қариндошлик алоқасини узиб қўйганга яхшилик қилувчи шахс экан.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Раҳм Роҳмандан олингандир. Бас, Аллоҳ: «Сени ким узса, Мен ҳам уни узаман. Ким сени боғласа, Мен ҳам боғлайман», деди», – дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Силаи раҳмдаги «раҳм» Аллоҳ таолонинг исм-ларидан бири бўлмиш «Роҳман» исмидан олинган. Шунинг учун, Аллоҳ таоло силаи раҳм қилган шахс ила алоқа қилади ва силаи раҳмни кесган шахсдан алоқани кесади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Раҳм Аршга осилиб олиб:
«Ким менинг силамни қилса, Аллоҳ ҳам унга сила қилади. Ким менинг силамни узса, Аллоҳ ҳам ундан силасини узади», дейди», – дедилар».
Иккисини Муслим ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан силаи раҳм ҳаққи қанчалар улуғ эканини англаб оламиз. Ким қариндошларига силаи раҳм қилса, Аллоҳ таоло ҳам унга раҳим қилар экан. Ким қариндошларини ўз ҳолига ташлаб қўйса, Аллоҳ таоло ҳам уни ўз ҳолига ташлаб қўяр экан.
Жубайр ибн Мутъам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “لا يدخل الجنة قاطع رحم”
Яъни: «Қариндошлик алоқасини узувчи жаннатга кирмайди» (Бухорий ривояти).
Қариндошлик алоқасини узишни ҳалол санаган киши жаннатга кирмас экан. Ёки бу ишни қилган одам жаннатга кечикиб кирар экан. Бу ҳадиси шарифда қариндошлик алоқасини узишга нисбатан зажр бордир. Бас, шундай экан, қариндошлик алоқаларини мустаҳкам ва бардавом қилишга ҳаракат қилмоқ лозим.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Гуноҳи кабийраларнинг энг катталаридан бири киши ўз ота-онасини лаънатламоғидир», – дедилар.
«Ё Расулуллоҳ, қандай қилиб киши ота-онасини лаънатлайди?» – дейилди.
«Киши бошқа бир кишининг отасини сўкади. Бас, у ҳам бунинг отасини ва онасини сўкади», – дедилар».
Иккисини Тўртовлари ривоят қилишган.

Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло: «Мен Аллоҳман! Мен Роҳманман! Раҳм Менинг исмимдан олингандир. Ким унинг силасини қилса, Мен ҳам унинг силасини қиламан. Ким унинг силасини узса, Мен ҳам унинг силасини узаман», дейди», – дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Насабларингиздан силаи раҳм қиладиган нарсангизни таълим олинг. Чунки, силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатидир, молу мулкнинг кўплигидир ва умрнинг зиёдалигидир», – дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.
Силаи раҳм – қариндошлик алоқаларини яхшилаш кишига бу дунёнинг ўзида ҳам бир қанча фойдаларни берар экан. Улардан бу ҳадиси шарифда саналгани қуйидагилардир:
1. Аҳлнинг муҳаббати.
Ким аҳлининг муҳаббатига сазовор бўлмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.
2. Мол-мулкнинг кўплиги.
Ким кўп мол-мулкка эришмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.
3. Умрнинг зиёдалиги.
Ким умрининг зиёда бўлишини истаса, силаи раҳм қилсин.

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, одам ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади. Чунки бунинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир. Аллоҳ таоло айтади:


فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِن تَوَلَّيْتُمْ أَن تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ * أُوْلَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ * (سورة محمد / 22-23)

яъни: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир”.
Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашни Ўзи буюргани, аммо шунга қарамай айримлар бу алоқаларни кесиб, ер юзида бузғунчилик қилишларини қоралаб, бундай дейди:
الَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِن بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الأَرْضِ أُولَـئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ * (سورة البقرة /27).
яъни: “Бундайлар Аллоҳ аҳдини маҳкам қилганидан кейин бузишади, Аллоҳ уланишга буюрган қариндошлик ришталарини кесишади ва ер юзида бузғунчилик қилишади, ана шулар зиёнкорлардир”.
Азиз жамоат! Қавм-қариндошлар билан алоқани боғлаш имондандир, бу алоқаларни узиш эса кофир-фосиқларга хос хислатдир. Уламолар айтишадики: «Киши қариндошлари орасида бўлса, ўзаро ҳадя ва зиёрат ила боғланиб туриши вожиб бўлади. Мол билан марҳамат кўрсатишга қодир бўлмаса, зиёрат қилиш, ишларига ёрдам бериш билан боғлансин. Агар бунинг ҳам иложи йўқ бўлса, улар билан хат орқали боғланиб турсин. Боришга имкони бўлса, боргани афзал».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлар билан боғланиш савобидек тез келадиган яхшилик йўқ. Дунёда тезгина азоб бериб, охиратда ҳам азоб бўладиган гуноҳ қариндошлардан алоқани узишдир»; «Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар жаннатга кирмайди»; «Ким ризқи мўл бўлишини, ажали орқага сурилишини истаса, қариндошлик алоқаларини узмасин»; «Қариндошга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳм ҳисобланади. Уларга икки ажр берилади: бири – қариндошлик ажри, иккинчиси – садақа ажри», дедилар.
Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат этиб бундай деди: «Эй Аллоҳнинг элчиси! Менга мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирадиган бир амалнинг хабарини беринг». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга бирор нарсани шерик қилмайсан, намозни адо этасан, закотни тақводорларга берасан ҳамда силаи раҳм қиласан», деб жавоб қилдилар. Уламолар нақл қилишларича, бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, «Мен қариндошларга боғландим, улар мендан узилдилар, уларни кечирдим, менга зулм қилдилар, уларга яхшилик қилдим, менга ёмонлик қилдилар – уларга ўзларидек муомала қилайинми?» деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўқ, унда гуноҳга шерик бўлиб қоласан. Сен уларга яхшилик қил ва янада боғлан. Агар сен шу ишингда давом этсанг, ҳамиша Аллоҳдан қувват сенга давомли бўлади».

Қариндошлик алоқаларини боғлаш вожиб бўлган қариндошлар ака-укалар, амаки, тоғалар, холалар, аммалар ва уларнинг фарзандларидир. Қариндошлар билан алоқани узиш тез орада жазоланишнинг, уқубатга учрашнинг асосий сабабларидан биридир. Силаи раҳмда ўнта мақталган хислат бор: 1. Аллоҳ таолонинг розилиги бор, чунки Аллоҳ таоло шунга буюради. 2. Мўминларга хурсандчилик етказиш бор – бу ҳақда хабар келган. 3. Силаи раҳм билан фаришталар хурсанд бўладилар. 4. Силаи раҳмда мусулмонларга яхши мақтов бор. 5. Иблисга ғам етказиш бор. 6. Силаи раҳмда умр узаяди. 7. Ризқда барака бўлади. 8. Марҳумлар хурсандлиги бор, чунки ота-она ва боболар ортларида қолганларнинг силаи раҳмидан мамнун бўладилар. 9. Дўстлик кучаяди, чунки бир сабаб билан қавм-қариндошлар тўпланишиб, қувонч ёки ғамда бир-бирларига шерик бўладилар ва бу ҳол уларда дўстликнинг кучайишига сабаб бўлади; 10. Ўлгандан кейин ҳам ажрининг кўпайиши бор. Чунки қариндошлар ортидан дуо қиладилар, ҳамма вақт яхшиликларини эслаб юрадилар.

Одобимизда яқинлар ва қариндошлар билан алоқа-муносабатларни (силаи раҳмни) узиш энг оғир жиноятлардан саналади. Агар улар арзимас сабаблар туфайли сиздан ўпкалаб, гина қилиб юришса ҳам, сиз аввалгидай муомалангизни рисоладагидай қилаверинг, уларга яхшилик ва эҳсонларингизни кўпайтираверинг.  Қариндош-уруғлардан кимдир сиздан ўпкалаб ёки ноўрин ранжиб юрган бўлса ҳам, сиз уникига боришни канда қилманг, ҳолидан хабар олинг, қўлингиздан келган ёрдамингизни кўрсатаверинг. Айбдорларни изламанг, шайтон васвасаларига учманг, ғурур ва кибр домига тушманг. Яқинларингизнинг сиздан норози бўлишларига йўл қўйманг. Ғурур ва кибр инсонни ҳалокатга олиб борувчи, икки дунёсини харобага айлантирувчи энг ёмон иллатлардандир.

Ривоятларда келтирилганидай, ака синглиси ҳолидан хабар олиш учун кетаётганида қаршисидан буғдойзор дала чиқиб қолса, йўлни қисқартириш учун уни пайхонлаб ўтишига ижозат берилганининг ўзи ҳам акаларнинг ўз сингилларига қандай муносабатда бўлишлари кераклигини кўрсатиб турибди. Бизлар эса баъзида вақтимиз етишмаслигини, қўлимиз қисқалигини, синглимиз бизга яхши муомалада бўлмаганини,  у хотинимизга ёқмаслигини ва бошқа ўнлаб турли сабабларни баҳона қилиб, улар ҳолидан хабар олиш, мушкулотида ёрдам бериш, кўнглини кўтаришдан ўзимизни олиб қочамиз. Бу қилиғимиз билан буғдойзор дала у ёқда қолиб, кўнгил далаларини пайхон қилиб юрамиз.

Имом Бухорийнинг биргина “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадис китобларида силаи раҳм ҳақидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ўнлаб ҳадиси шарифлар келтирилган. Қуйида шулардан айримларини келтирамиз:

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узишдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ», деганлар».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг отаси яхши кўрган одамларга силаи раҳм қилиши яхшиликларнинг яхшисидир», деганлар. Изоҳ: ота вафотидан кейин у яхши кўрган кишилар билан алоқани узиб юбормаслик (силаи раҳм) яхшиликнинг энг аълоси, дейилмоқчи.
Анас ибн Моликдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ризқи кенг бўлишини ва ортидан асари қолишини истаса, силаи раҳм қилсин», деганлар». Изоҳ: «асар» деганда банда вафотидан кейин ундан яхши ном ва хотира қолиши кўзда тутилган.
Абдуллоҳ ибн Абу Авфдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ораларида қариндошлик алоқасини узувчиси бор қавмга раҳмат тушмайди», деганлар».
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», деганлар».

Ким ўзи бой бўлсаю такаббурлик ортидан камбағал қариндошларидан алоқасини узса, уларга хайр-эҳсон қилмаса, Яратганнинг ғазабига учраб, мукофотидан маҳрум бўлади. Фақат тавба қилиб, эҳсонини кўпайтирса ва уларнинг кўнглини олсагина гуноҳи кечирилади. Қариндошлар билан алоқани боғлаш ризқнинг зиёда, умрнинг узун ва ёмон ўлимдан сақланиш сабабларидандир.

Юртимизда 2012 йил – “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинган экан, оила аъзоларимиз, узоқ ва яқин қариндошларимиз билан алоқаларимизни мустаҳкамламоғимиз, ушбу муносабатларни меҳр-мурувват, саҳоват ва дўстлик сингари эзгу умуминсоний ғоялар асосига бино қилмоғимиз, жамиятимиз мустаҳкамлиги, аҳиллигига сабаб бўлишини ёдда тутиш даркор.
Ҳар вақт қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қавму қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали Парвардигор раҳматига сазовор ва Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак шафоатларига лойиқ бўлишимиз борасидаги саъй-ҳаракатларимизда Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлсин! Аллоҳ таоло барчаларимизни рушди ҳидоятидан адаштирмасин. Қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкам бўлишини насибу рўзи қилсин. Ўзини розилигига олиб борадиган амалларда барчаларимизни бардавом айласин! Омин.

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани
бош имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов

Етим қолган оқибат

Инсон ёлғизликда бахт ва ҳаловат топмайди. У ҳамиша жамият,  ундаги мавжудот ва предметлар билан бирга узвий алоқада бўлади ҳамда ана шу  муомала-муносабат самараси ўлароқ кишилик жамиятида ўз ўрнига эга бўлади. Инсонни атроф билан яқинроқ боғлаб турадиган риштанинг асосини қариндош-уруғчилик, ака-ука, опа-сингил, умуман ўзаро яқинлик муносабатлари ташкил этади. Ҳақли бир мулоҳаза уйғонади: бугунги кун жигарларининг ўзаро муомала –муносабати, оға-инилик алоқалари, умуман қондошлик ришталар қандай ва у шарқона одоб мезонлари, диний тарбия ҳамда жамиятимиздаги маълум ёзилган ва ёзилмаган қонунларига нечоғли мос келади? Бугунги мулоҳазалар шу хусусда.
Одамлар тилида “оқибат йўқолиб бормоқда”, “ака-ука, опа- сингил бир-бирининг андишасини қилмайди”, “кунлар ойга, ойлар йилларга уланади ҳамки, жигарларим мендан хабар олмайди” ёки  “фалончилар отасининг қазосидан кейин бутун қозихонаю миршабхоналарни додга келтириб, мерос талашиб юришибди” деган гаплар борган сари кўп айланадиган бўлди. Баъзан шундай гап-сўзларга  ўзимиз ҳам лаб қўйиб, аралашган бўламиз. Аммо ҳеч биримиз бундоқ мулоҳаза қилмаймизки, ўша одамлар орасида ўзимиз ҳам бормиз. Хўш, одамлар орасидан меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат-иззатнинг йўқолаётганига нима сабаб бўлмоқда?  Шунчаки назар ташлаганда ҳаммаси жойида, жигарларнинг оқибати ўз ўрнида тургандек кўринади. Бироқ  қон-қариндошчилик муносабатларига яқиндан разм солганда

Узилаётган ришталар хўрсиниғи кўнгилга оғриқ солади.
—    Бундан қирқ беш йилча аввал дадамнинг катта акаси  бутунлай Ўзбекистондан чиқиб кетган эди,- дейди кўзларида ёш билан андижонлик мухлисамиз, таҳририятга кириб келаркан.- Ҳатто онаси – бувим вафот этганида ҳам бегоналардек  “Уч оши” маъракасига етиб келди ва бир тиловатдан кейин орқасига қайтиб кетганди.  Бу  ўн беш-ўн олти йил аввалги гап. Ундан кейин дадам қазо қилдилар, уларнинг таъзияларига келмади. Мен бир воқеани аччиқ изтироб билан хотирлайман. Ўшанда чамаси 6-7 яшар қизча эдим, йўқ бўлиб кетган амаким пайдо бўлиб келиб, касал ётган дадамни уриб, болаларинг билан уйдан чиқиб кет, деб дағ-даға қилганди. Мен қаттиқ қўрққанимдан, йиғлаганча кўчага отилиб, қўшниларимизни чақириб келгандим. Хуллас, амаким меҳр- оқибат деган нарсаларни тамоман ҳушидан олиб ташлаган киши эди. Яқинда  бошқа амакиларим ва келинойиларим оғзидаги шов-шувдан ҳалиги юртбезор амакимнинг қайтаётгани ҳақида эшитиб қолдик. Катта амакимнинг аёли атайлаб бизга эшиттириб, “қайнимиз қайтсалар, дадамиздан қолган уйда яшайдилар-да. Бошқа қаерга борардилар. Энди қаридим, ўзга юртларда сарсон-саргардон юрмайман, ўз тупроғимда кўмилай, деётувдилар. Менимча, ота ҳовлини сотиб, уларга шаҳардан бошпана олиб беришимиз керак” дейди гўёки ўзини оила бошлиғи ҳисоблаб. Ичимдан зил кетдим. Бу қанақаси ахир, дадам кенжа ўғил бўлганликлари учун бобомнинг ҳовли-жойларида ўз ўзидан биз яшаётгандик, қолаверса онам тул  аёл, укам ҳали лицей талабаси бўлса, аллапайтлар юртини, қари онасини ташлаб кетган, уларнинг  қабрига бир кетмон тупроқ ташламаган одам келиб, бева келини билан унинг болаларини уйдан чиқраса?! Боз устига хориждаги амакимнинг ҳам аёли ўтиб қолган, у ҳам тул экан.  Майли, келинойимку аёллигига борган, нима қилиб бўлса ҳам овсини-онамга зарба беришни ўйлаган бўлиши мумкин, аммо амаким-чи, у қаерга қараяпти? Наҳотки, амаким  хотинининг биз етим жигарлари ва укасининг бева аёли устидан ўқиётган ҳукмига эътироз билдира олмади? Ўйлаганим сари юрагимга изтиороб тўлади. Ҳар кеча дадам раҳматли тушимга кирадилар, мен амакиларимиздан кўраётган озорларимизни уларга айтиб йиғлармишман. Хуллас, жигарчилик, қариндош-уруғчилик ришталарининг бу қадар мўртлашиб кетгани сабабини нимадан излашга ҳайронман...
Биродар, бу қизнинг аҳволотини сизга кўрсатиб беришга каминанинг қалами ожизлик қилади. Тўғриси, мухлисамизнинг изтиробларидан бохабар бўлган жамоадошларимизнинг ҳам кўзига ёш келди. Аллоҳ таоло одамзодни барча мавжудотлар ичра азизу мукаррам қилиб яратган. Лекин нима учундир инсон феълидаги нуқсонлар билан ўзини ана шу азизликдан мосуво этади.
Ҳар бир ташаббус тагида  инсонинг ўзига хос манфаати ётади. Хўш, мухлисамизнинг қариндошлари бундан бир неча йил аввал юртини ташлаб кетган укаларининг келиши муносабати билан  қазо қилган жигарларининг аҳли оиласини чирқиратишдан нима топиш илинжида эканлар? Улар иниларининг орқасида қолганларни қақшатиш билан арвоҳни норизо қилаётганларни мулоҳаза қилармиканлар? Ҳар қандай ишнинг — хоҳ у яхши бўлсин, хоҳи ёмон ёлғон дунёда ҳам, чин дунёда ҳам жавоби муқаррар. Аслида бир-биримизга қанча яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалик яқин бўлади. Зеро, У марҳамат қилиб айтади:
“...Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир”. Биз тоат- ибодат қиламиз,  эҳсону худойилар қиламиз, Аллоҳнинг марҳаматидан, унинг фазлу карамидан  умидвор бўламизу, унга хуш ёқадиган, хайрли амалларни бажармаймиз.

Дадамнинг руҳи безовта бўлди

-    дейди яна бир ҳамкасб синглимиз амакиларидан оғриниб.- Дадам биз ёшлигимизда вафот этганлар. Онам турмушнинг минг бир чиғириғида бизни қийналмай, эсон-омон ўтишимизни истаб меҳнат қилдилар, машаққат чекдилар. Ўқишимиз, илм олишимиз учун қўлларидан келганча имкон яратиб бердилар. Айрим ота-онали тўкислардан кўра тарбиямиз, маълумотимиз ҳавас қиларли. Аммо баъзида моддий эҳтиёжмандлик кўп қатори бизни ҳам ташвишга қўйиб туради. Айниқса мен тўлов-шартнома асосида ўқиганим учун оиламиз моддий танқисликда қоларди. Хуллас, учинчи курсда контракт пулини тўлашга қурбимиз етмай, банкдан  таълим кредити олдим. Амакимнинг ўғли ўша банкда ишлайди. Ундан менга теккан ёрдам, ҳужжатларни қандай расмийлаштиришу  кредитнинг бир йили учун кафиллик ваколати бўлди. Мен қонунда белгиланган тартибда таълим кредитини олдим. Таҳсил тугади, ишга жойлашдим, ишлаяпман. Давлатдан олган қарзимни узишга ҳаракат қиляпман. Яқинда қарзимнинг фоизини тўлаш керак экану, менинг пластик карточкамда етарлича пул йўқ эди. Шунда ҳалиги амакимнинг ўғлига, “ўзи арзимаган эллик минг сўм пул экан, ҳозир карточкамда пул йўқ эди. Сиз бериб туринг,  ойлигимни олган заҳотим сизга бераман” дегандим. Бу  гап амаким билан келинойимнинг қулоғига қайдан етган, билмайману, бир пайт амакимнинг аёли важоҳат билан менга қўнғироқ  қиляпти: “Менинг ўғлим қачонгача сизларни боқади?! Сизларнинг дастингиздан бизга тинчлик борми? Топганига шерик чиқаверасизлар, контракт пулингни тўлагани етмагандай, энди унинг фоизини ҳам ўғлимга тўлаттиряпсанми?! Сенларда инсоф борми ўзи?!..” Ўзимни йиғидан тийиб туролмадим. Ахир мен банкдан таълим кредети олиб ўқиганман, амакимнинг ўғли банкда ишламаган тақдирда ҳам,  амалдаги қонунларга асосан хоҳлаган банкдан қарз олиб, шартнома пулини тўлаш ҳуқуқига эга эдимку. Наҳотки, бир йилга кафолат берганини шунчалик катта ёрдам деб ўйласа? Қолаверса, мен таълим кредити олган бўлсам, улардан бир сўм пул чиқмаган, фақат фоизини тўлаш учун маошгача қарз сўрагандим, холос.  Шунча гап-сўзлари етмагандек, келинойим маҳаллада учраган-кўрганларига, мени айтиб, “биздан беш миллион қарзи бор, унинг ўқишига биз пул тўладик” деб аюҳаннос солибдилар...  Эҳ, дадажоним тирик бўлганларида биз шундай қийналмасдик, келинойим кўнглимни оғритмасди, деб тонггача йиғлаб чиқдим. Саҳарга яқин дадам тушимга кирибдилар. Жуда ҳам ғамгин эканлар. Амакимларнинг уйини кўрсатиб, мен уёққа энди ҳеч қачон бормайман, дермишлар. Уйғониб тушимнинг таъбирини  мулоҳаза қилдим. Менимча, келинойим арвоҳни ранжитибдилар...
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма!” (Исро сураси, 26- оят). Биз яхшиликдан, ризқу насибамизнинг кенг бўлишлигидан умидвор бўла туриб, юқоридаги сўзларга амал қиляпмизми? Қон-қариндошимизнинг, жигарларимизнинг мол-мулкимизда ҳаққи борлигини англаб, эҳсонимизнинг, хайру саховатимизнинг аввалини жигарларимизга илиняпмизми? Ёинки бевақт вафот этган биродаримизнинг фарзанди эҳтиёжманд бўлиб қолганида энг биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзяпмизми? Афсуски теграмизда шу саволлар айлганида, аксариятимиз ё лабимизни буриб четга юз ўгирамиз ё оғир тин оламиз, ёки (сал виждонли бўлсак!) хижолатдан бошимизни эгиб оламиз.

Яхши инсонмисиз?

Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга, боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни, боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни, еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга, тиланчиларга, яъни, ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга ҳеч оғринмай бериб юборган киши ҳақида яхшилик қилувчи яхши инсон, дейилиши далолат қилинган муқаддас битикларда. Мулоҳаза қилинг, юртдош, биз ҳақимизда ҳам яхши инсон, солиҳ яхшилик қилгувчи дейишлари учун арзирли нимадир қилганмизми?..
—    Дадамнинг вафотларига ўн беш йилча бўлиб қолди, -дейди таниш қиз ғамга ботиб.- Раҳматли ҳаёт бўлганларида бу йили олтмиш бирга тўлардилар. Эссиз, дадам ўтиб қолганларидан кейин биз озмунча қийналмадик. Амакимларим хотинига қўшилиб бизни оғринтирганида, “дадам ўлмасалар эди, биз бунча қийналмаслик” дейман. Ҳаёт машаққатлари онамни ҳам толиқтириб юборди. Ҳозир уларнинг юраклари касал. Ҳеч қачон қийналмасинлар, ўксинмасинлар деб опаларим билан икки кўзимиз онамда. Тўғриси, бирозгина эҳтиёжмандмиз. Мен талабаман, укам талаба. Опаларим узатилган, ўз тирикчилиги билан машғул. Камхаржроқ бўлсакда, шу пайтгача амакиларимнинг эшигига бориб пулга зориқиб қолганимизни айтмаганмиз. Айтишнинг ҳам фойдаси йўқ.  Яқинда онам бетоб бўлиб касалхонага тушдилар. Ҳеч кимни касалхонага тушгулик қилмасин экан, дори-дармон, касалхона харажатларига бор- будимизни сарфладик. Шукр, онам тузалиб, соғайиб бошимизга қайтдилар. Ҳеч қандай давлатнинг, мол- дунёнинг бизга кераги йўқ. Онам ҳеч қачон оғримасалар, бетоб бўлмасалар бўлди. Хуллас, онам касалхонадан чиққан кунлари катта амаким билан келинойим иккинчи маротаба ҳаж зиёратидан қайтгани муносабати билан эҳсон зиёфати уюштиришди. Эҳсонга ҳам мискин, муҳтож кишилар эмас, шаҳарнинг казо-казо ўзига тўқ, бадавлат кишилари таклиф этилди. Иккиталаб қўчқорлар сўйилди, меҳмонларга ноз-неъматлар тортилди. Онам касалхонадан энди чиққанлари учун  шовқин- суронда ўзимни уринтирмай деб бормай, мени юборгандилар. Дастурхондаги отига тилим келишмайдиган ноз-неъматларни кўриб юрагим энтикди. Онам касал, уларга қувват бўладиган таомлар едириш керак. Аммо афсуски иқтисодий шароитимиз бундай харажатларни кўтаролмайди. Эҳсоннинг аввалидан охиригача шундай хаёлларга  ғарқ бўлиб ўтирдим. Қайтаётганимизда амакимнинг келини қўлимга онамга аталган тугунчани бераётиб, “акангиз дадамларга, шунча пул сарфлаб эҳсон қилишнинг нима кераги бор? Ахир эҳсон оёғимизнинг остида – келинойим бир ойдан ошиқ касалхонада даволаниб чиқдилар. Касалхона харажатлари, дори-уколлар ҳозир анча-мунча одамнинг суягини  синдиради. Эҳсоннинг пулини уларга берайлик, деса гапи шамолда учиб кетди. Ҳеч кимнинг қулоғига илинмабди” дегандай гап қилди. Хўрлигим келди, майли, эҳсон қилишни ният қилишибди экан,  даргоҳида қабул бўлсин, аммо биз касалхона харажатлари учун анча-мунча қарзга ботгандик. Агар ёрдам қилишса, биз ўша ўзига тўқ одамлардан кўра кам дуо қилмасдикку... 
Жигарлари, қон-қариндошлари, айниқса бевақт дунёдан ўтган биродарининг  аҳли оиласига саховат қилиш — юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Аммо, таассуфки бундайлар орамизда бармоқ билан санарли ва улар тобора камайиб кетмоқда.
Ўтганларнинг ортида қолганлар қайсидир маънода уларнинг омонатларидир. Омонатни асраб- авайлаш, унга хиёнат қилмаслик эса омонатдорнинг ҳам Аллоҳ ва ҳам бандаси олдидаги  масъулиятли бурчи. Шундай тақдирли замондошим, сиз омонатни асраб билаяпсизмикан?  Бир куни виждонингиз сўроғи қаршисида забун қолмасликка ишончингиз комилми? Фикримизча, бундай мулоҳазаларни мушоҳада қилишингиз фурсати аллақачон келган...

Умида АЗИЗ

Онасиз етим шум етим...

“... Отамдан етим қолганимизда мен беш яшар яшар қизча эдим,- деб таҳририятга йўллаган мактубини бошлайди бухоролик муштарийимиз Лайлохон Пўлатова.- Орадан ўн йил ўтиб онамдан ҳам етим қолдик. Биз тўрт фарзанд- каттаси мен, учта укам бор. Аллоҳ ризқимизни берар экан. Қўлдан келганча ишладик, меҳнат қилдик, бировдан кам бўлмадик. Лекин дунёда моддият билан ўлчанмайдиган, ҳаракат воситалари билан ифодаланмайдиган нарсалар ҳам бор экан. Мен қиз бола билиши зарур бўлган барча юмушларни, рўзғор ишларни аъло даражада уддалардим.Турмушга узатилганимда мен эплолмайдиган иш, қўлимдан келмайдиган юмуш йўқ эди ҳисоб. Лекин кўнглим ўксик, оилам учун, эрим ва қайнона қайнотам, қайнбўйинларим билан муомала-муносабатимда нимагадир уқувим йўқдек туюлаверарди. Айниқса, овсинли хонадонда бу нарса жуда сезилади. Хуллас, овсинларим ўзлари ечим топмаган муаммоларга онасидан ёрдам сўрарди, маслаҳатлашишарди. Қайнонам ҳам овсинларимга эҳтиётини қилиб муомала қилар, мени эса сенсираб, “келин” ҳам демай исмим билан чақирарди. Асли бизнинг Бухоро томонларда қайнона-қайноталар келинни сенламайди, исми билан чақирмайди. Эримнинг яқинлари томонидан менга кўрсатилаётган бу тахлит ҳурматсизликлар жон-жонимдан ўтиб кетса-да, индаёлмасдим. Мени ортимдан ёнимни олиб, қайнонамни инсофга чақирадиган яқиним йўқ. Ҳайдаб юборса нима қиламан, деган қўрқувда хўрликларга чидардим. Арзимаган хатоимга қайнонам аччиқ гаплар билан узиб олар, ҳаттоки ўзимга эшиттириб ёнидагиларга: “Ота тарбиясини ҳам кўрмаган, она тарбиясини ҳам кўрмаганда, бундан ўпкалаб ўлибманми”, деб камситарди. Мен аёлман шунинг учун етимлигим панд беряпти, ҳаётимга дахл қиляпти, деб ўксинсам, укаларим ҳақида ҳам шундай гапларни эшитадиган бўлдим. Мен ота-онамизнинг руҳи ҳурмати ўз билганимча укаларимга нима яхши нима ёмонлигини ўргатишга уриндим. Аммо барибир ота-онанинг ўрни бўлак экан. Ота тарбиясини, она меҳрини кўрмаган бола ҳаётда яхши инсон бўлиб етишиши гумон экан. Укаларим қандайдир кўзи оч, бировнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган бўлди. Уларнинг ўғрилигидан шикоят қилиб одамлар мени олдимга, баъзан шум етимларнинг бошини  силаб тарбияли, одобли гулдай қизини берган қайнона-қайнотасининг олдига боришади. Бизнинг қўлимиздан нима ҳам келарди?.. Укаларим оддий инсоний муносабатларни ҳам билмайди. Қай бурчакда бирор ёмон гап чиқса, ўша ишкалнинг бошида менинг укаларим турган бўлади... Ўйлаб ўйимга етолмайман, ота-онамнинг авлодидан ўғри, мутаҳҳам, бировларнинг молига кўз олайтирадиган диёнатсизлар чиқмаган. Демак, укаларимдаги бу нуқсон ота-она тарбиясини кўрмаганлик ва уларнинг меҳрига тўймаганликда, деб биламан ...”
Таъсирли мактуб а? Хатдаги изтироб қоришиқ мулоҳазалар мушоҳада қилинса, чиндан ҳам ён-атрофимизда Лайлохонни ларзага солаётган ҳолатлар сероб эканлигига амин бўлинади.
Ҳаётда отасиз фарзандларини бировдан кам қилмай  тарбиялаб элга қўшган оналар анчагина. Онасиз қолган фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб, кўнглини ўкситмай улғайтирган оталар ҳақида ҳам эшитганмизу, бироқ ундайлар бармоқ билан санарли. Она ёки ота ҳар қанча фарзандига яхши тарбия беришга, уни ота-онали тўкислардан кам қилмасликка уринмасин, барибир боланинг қай бир хислатида отасизлиги ёки она тарбиясини кўрмагани сезилиб туради, деган фикрни илгари суради айримлар.
Эътибор берганмисиз халқ орасида бирор қалтисроқ хатога йўл қўйган ё ахлоқида қусур кўринган киши ҳақида гап кетса, “Отаси ким?” ё “Онасига тортибди-да” деб қўйишади. Маълум сабабларга кўра отасиз ё онасиз ўсган болалар томонидан бирор қалтисликка йўл қўйилса, уларга ҳам истеҳзо билан: “Ота тарбиясини кўрмаган-да”, “Онанинг панд-насиҳатини олмаган-да” деб нисбат берилганини кўп эшитганмиз. Аслида ҳам кишининг оилада кўрган тарбияси, ўз ота-онасида тимсолида шаклланган феъл-атвори келажагига муҳим таъсир кўрсатади. Хўш, отасиз ё онасиз ўсган боланинг қисматида тўкис оиланинг тарбиясини кўрмагани таъсир кўрсатадими? Ота ёки она тарбиясидан мосуво ўсган боланинг феъл-атворида кемтиклик кўзга ташланадими? Бу галги мулоҳазалар айни мавзу атрофида бўлади.

“Бағри бутун”лардан ҳеч камим йўқ

-    дейди,- самарқандлик ҳамкасб синглимиз Моҳина Рустамова.- Тақдир тақозоси билан дадам вафот этиб, онамнинг қўлларда қолганман. “Ўғлимиз ўлди, энди бу бошқа турмушга чиқади, боласи ҳам қиз бўлса”деб ўйлашганми, дадамнинг қирқларидан кейин ота томондан бобом билан бувим  онамга жавоб бериб юборишган. Шу бўйи онам менга, мен онамга суяниб қолганмиз. Онам мени деб, мени ўгай ота эшигида ўкситмаслик учун бошқа турмуш қилмадилар. Ўқитдилар, бировдан кам қилмадилар. Кийинишим, еб-ичишим ҳеч кимдан кам эмас. Менимча, ота-онали тўкис, “бағри бутун”лардан ҳеч кам жойим йўқ...
-    Моҳина ҳамиша ота-она, оила ҳақида гап кетса шу фикрларини айтади,- дейди қаҳрамонимизнинг яқин дугоналаридан бири.- Аммо дугонамнинг феъли-атворида, юриш-туриши, кийинишида ота тарбиясини кўрмаганлиги шундоқ сезилиб туради. Масалан, мен ҳам замонавий кийимлар кийиб, сочларимни сўнгги урфда турмаклаб-бўяб, тирноқ ўстириб юришни истайман. Лекин дадамдан хижолат тортаман, дадамнинг кўзларига унақанги аҳволда кўринишдан уяламан. Қолаверса, Моҳина эркакларни камситишни, уларга ҳукмронлик қилишни истайди. Бу феъли сабаб ҳанузгача тенгини тополганича йўқ. Мен дугонамнинг феълидаги бу нуқсонга ҳам отасиз ўсгани сабаб деб биламан...
Ҳар қандай вазият ва шароитда шахснинг камолотга эришуви ва ҳаётда ўз ўрнини топишида оила муҳим аҳамият касб этиши ҳақида кўп гапирамиз. Оиланинг асосини эса ота-она ташкил этади. Бола ота-онасида кўрганини, уларнинг феъл-атворини ўзлаштириб бораверади. Шунингдек ҳаё, ибо, андиша туйғулари ҳам энг аввало кишида ота-онаси тимсолида уйғонади. Қиз бола очиқ кийингани, бепарда гап-сўзларни гапиргани ўз отасидан истиҳола қилмаса, кўчадаги бегона эркакдан қандай уялсин? Ўғилда аёлга муносабат, аёлни қадрлаш, иззат қилиш ва керак жойда аёлдан ҳаёланиш, тортиниш ҳислари она орқали шаклланади.  Ҳаётда фикримизни далиллайдиган мисолларни кўп келтириш мумкин. Лекин аксарият пайтларда отасиз ё онасиз ўсган  болалар ҳақида гап кетса, “кемтиклиги билинмай ўсган, ҳеч кимдан кам бўлмаган” ва ҳоказо моддиюн билан боғлиқ тарифлар келтирилади. Мулоҳаза қилинса, ризқни ота ёки она эмас, Буюк Раззоқнинг ўзи тақдир қилади. Гап — феъл-атвор ва инсоний туйғулар устида кетяпти.
— Турмуш ўртоғим онасизликда ўсган,-дейди бир муштарийимиз.- Аёллар билан муомала муносабат қилишни билмайди. Аёл зотига нисбатан юрагида фақат салбий ҳислар бор. Онаси вафот этгач, отаси бошқага уйланган, ўгай она эрим ва жигарларига кўп зулм қилган. Мен эримнинг аёлларга нисбатан  нафратини шунга йўяман. Балки, она меҳрига тўймаслик ҳам меҳрсизликка сабаб бўлар...
—    Менинг хўжайиним эса аксинча, онасизликда ўсганигами, негадир аёлларга ҳурмати баланд,- дейди бошқа бир мухлисамиз. - Менга ҳам озор бермайди. Она меҳрига тўймай ўсгани сабабми, бор меҳр-муҳаббатини мен ва қизларимиздан аямайди. Ўз ўрнида мен ҳам турмуш ўртоғимни қадрлайман, болаликда кемтикланиб қолган кўнглини тўлдиришга, меҳр-муҳаббатим билан қадрлашга ҳаракат қиламан. Онамни ҳам қайнона ўрнида эмас, ўз онасидек кўради. Ҳар байрамда совға-саломлар билан йўқлаб, қадр- қийматларни юқори қўяди. Умуман олганда, бу каби хислатлар инсоннинг ўзида бўлса керак.
Балким шундайдир. Аммо яна бир ҳақиқат мавжудки, кемтик оилада тарбияланган болалар

Меҳрини ифодалашга нўноқ

бўлади. Бола меҳр туйғуси, меҳрибонлик, ўзгаларни ҳурмат қилиш ҳисларини катталардан ўрганади. Бу ҳаётда аллақачон ўз исботини топган ҳақиқат. Мустасно ҳолатларда инсон ҳаётдан ўзи учун асқотадиган заруратларни ўзлаштириши мумкин. Бу аксар ҳолларда фавқуллода илмли, дунёқараши кенг, туғма салоҳиятли кишиларда кўзга ташланади. Бундай хусусиятлар эса ҳаммада ҳам мужассам эмас. — Боланинг шахс сифатида камол топишида ота-онанинг ўрни, тугал- тўкис оиланинг аҳамияти катта,- деган фикрни илгари суради Бухоро вилоятидан таҳририятга қўнғироқ қилган она тили ва адабиёт фани  ўқитувчиси Гулнора Ҳайдарова.- Ота ёки онаси вафот этиши Аллоҳнинг иши, лекин тирик етим ҳолда кемтик ўсаётган болаларнинг қисматини ўйласанг юрак увишади. Авваллари бундай болалар саноқли эди, ҳозирда ҳар бир синфда отаси ёки онаси ташлаб кетган болаларни учратасиз. Энг ачинарлиси, бундай болаларга ўқитувчининг танбеҳи кор қилмаса, бор “отангни чақир, онангга айт, мактабга бир келиб кетсин” деёлмайсиз. Аввало кўнгли ўксимасин, деб     мулоҳаза қиласиз, қолаверса, отаси ташлаб кетган, ота-онаси ажрашиб онаси билан қолган боланинг онаси тирикчилик ташвишида юрган бўлади. Онасиз боланинг отаси эса ҳа деганда мактабга келиб боласининг ўқитувчиси билан фарзандининг тарбияси, юриш-туришию ўқишининг муҳокамасини қилмайди. Умуман олганда, кемтик оиланинг фарзандлари тарбиясида кўп нуқсонларни кузатиш мумкин. Фикримча, нуқсонларни санаб, муҳокама қилгандан кўра, болаларни шунақанги вазиятларга тушишдан сақлашимиз, тақдир тақозоси билан отаси ё онасидан айрилган  болалар атрофимизда бўлса, уларга инсонийлик илмини, меҳр-муҳаббатни кўплашиб беришга ҳаракат қилишимиз керак. Боланинг бегонаси бўлмайди, деймизу лекин бунга ҳар доим ҳам амал қилавермаймиз...

Онанинг хатоси –боланинг балоси!

Шундай азизлар, давримизга кеиб бир болага етти маҳалла ота – она деган нақл анча ўз оҳорини йўқотишга улгурди. Етти маҳаллани қўяверинг, яқинлардаги қариндош-уруғ, опа-укалар жигарларининг боласи учун қайғурмай қўйди. Шундай аянчли ҳолатлардан бирига гувоҳ бўлдик яқинда. Ўн беш яшар қиз она бўлди. Боланинг отаси ким эканини ҳеч ким билмайди. Қизнинг отаси бир неча йилдан бери пул топиш учун хорижга кетган. Она эрининг йўқлигида оёқ олиши ўзгариб,  бегона эркаклар билан гап-сўз бўлгани учун, қайнона-қайнотаси уйдан ҳайдаворган. Қисқаси, она ҳам Россияда. Балоғат остонасидаги қиз назоратсиз қолиб охири шундай шармандаликкача боради. Невара қиз кўзи ёриб, она бўлгачгина бобо-буви, аммалар бу шармандаликдан хабар топибдилар. Ўйлаганинг сари жаҳли чиқади кишининг, наҳотки кўпни кўрган, олти-еттита болага оналик қилган буви оғзидан она сути ҳиди келадиган невара қизидаги ўзгаришларни пайқамади?! Онаси-ку Худо уриб қўйиб, қаерлардадир санғиб юрган экан, буви бўлмиш, ёшгина қизалоқ билан нозик масалаларда, қарама қарши жинс вакиллари билан муносабатларда ўзини тутиш, ибо, ҳаё каби фазилатларнинг инсон ҳаётидаги ўрни, қиз болага ёпишган шармандалик умр бўйи тамғадек ундан айрилмаслигини тушунтирмабдиларми? Одамларга тобора нима бўляпти ўзи?...
Фарзанд – ота-онасининг кўзгуси. Унинг феъл-атворида, фитратида ота-онасидан ўрганганлари, уларнинг сурату сийратида кўрганлари акс этаверади. Аллоҳнинг хоҳиши билан отаси ё онаси вафот этган болаларнику майли, аммо фарзанди тақдирини ўйламай, унинг ҳаёти, келажаги билан ҳисоблашмай оиласини парокандаликка учратаётганлар ҳам ўзлари, ҳам болалари ва ҳам жамият учун ниҳоятда зарарли одам эканликларини ҳеч ўйлаб кўришармикан?..

Умида АЗИЗ

Эрининг яқинларига эшик ёпган аёл

Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир. Буларнинг ичида энг кучлиси — қон ва насаб қариндошлиги. Яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги алоқа ҳам мана шу ришталардан бири ҳисобланади. Инсон бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаёт йўлидаги муаммоларини ечишда унга таянади. Қариндош уруғчилик ришталари мустаҳкам, кишилар қон-қариндошларининг ҳурмат-иззатини ўрнига қўйиб, жигарчилик ришталарини узмасалар, ҳаётлари тинч ва осойишта кечади.
Таассуфки бугунга келиб оқибат, андиша туйғуларининг бироз униқиб қолгани  ҳисобига қариндош -уруғчилик ришталари ҳам дарз кетяпти.  Ака-ука, опа-сингилнинг уйига фақат тўй-маъракалар баҳонасида бегоналар сингари борилмаса, бошқа пайт бориб хабар олиш йўқ. Бу борада қиз қариндошлар-ку меҳр – оқибатни ўрнига қўйишга астойдил уринишади. Аммо ўғил жигарларнинг оқибатсизлиги кўнгилга оғриқ солади. Бугунги мулоҳазаларимиз шу хусусда.

Келининг айниса, ўғлингдан кўр,

деган гап бор халқда.  Тафаккур қилинса бу истеҳзоли иборанинг тагзамирида анчайин ҳақиқат мавжуд. Ўғил жигарларнинг оға-инисига бемеҳрлиги уйлангач яна-да аниқроқ кўрина бошлайди. Кўпчилик бу ҳолга келинни айбдор қилади. Аммо аслида ким айбдорлиги эса ҳолатга теранроқ нигоҳ билан қараганларга аён бўлади. Ҳеч эътибор берганмисиз, ўғил уйланса, дарров ўзгариб қолади. Қариндош-уруғ тугул, ҳатто ўз ота-онаси, жигарларига ҳам аввалги муносабатидан кескин фарқлайдиган муомалага ўтади. Хўш нега? Ҳозирча бу саволни қўя туриб, таҳририятимизга келган мана бу мактубга эътиборингизни жалб этсак.
“... Оилада тўрт қиз, бир ўғил ўсдик,- деб салом-аликдан кейин мактубини давом эттиради қўқонлик муштарийимиз Насима Абдувоҳидова.- Оиламизнинг кенжатой фарзанди ўғил бўлганига ота-онам роса суюниб, нима топсалар унга илинардилар. Укам эсини таний бошлагач сандиқ олиб, келинга атаб сарпо йиға бошладилвр. Биз тўрт опа-сингил укамни еру кўкка ишонмай, катта қилдик, шу укам ўқисин,  касбу кор эгалласа, эрта бир кун ҳаммамизга яхши бўлади, деб ўзимиз ўқимай, далада қуёш қизиғида ишлаб укамни ўқитдик. Вақти соати келиб уйлантирдик. Кун чиқса ҳам укамга, ой чиқса ҳам укамга дердик. Кун келиб ота-онамнинг вақти қазоси етиб, аввал онам, сўнгра отам омонатларини топширдилар. Отамнинг “уч ош”лари  ўтиб, укам билан келиннинг бизга муносабати кескин ўзгариб қолганидан опа-сингиллар ҳайрон қолдик. Келин қовоқ ўядиган, укам эса бизни хушламайдиган бўлди. Бундай ўзгаришнинг сабабини чамаласам, улар, опаларимиз энди меросдан ҳақ талаб қилишади, деган хаёлга боришган чоғи. Бизнинг эса бундай тубанликка бориш, етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаганди. Хуллас аввал укам, кейин келин қовоқ ўйди бизга. Шунда ҳам биз қиз жигарлар биттагина укамизнинг эркалиги-да, деб аввалги муносабатимизни ҳеч ҳам ўзгартирмадик. Отамнинг маъракаларини ўтказиб, улардан тез-тез хабар олиб турдик. Отамнинг биринчи ҳайитларини мен ўтказадиган бўлиб укамникига, тўғрироғи ўзим катта бўлган, болалигим ўтган уйга бордим. Келинимиз хушламайгина қарши олди. Бироз мулзам бўлиб мақсадимни айтгандим:
—    Опа,  ўша куни биз бир ёққа кетмоқчи бўлиб тургандикда, хафа бўлмасангиз бошқа сафар худойи қиларсиз. Ёки уйингизда ўтказаверинг, ахир сиз ҳам фарзандсизку, бу ерда ўтди нимаю, сизникида ўтди нима,- деб тап тортмай кўзимга қараб  тураверди.  Ҳеч нима деёлмадим. Кўнглим ўксиб, уйга кела-келгунимча йиғлай йиғлай келдим. Ахир ўша уй бизнинг ҳам маконимиз, болалигимиз, ота-онамиз билан боғлиқ хотираларимиз муҳрланган гўша-ку. Нега энди  туғилиб ўсган уйимизда ҳатто отамизнинг маъракасини ўтказишга ҳам ҳақсиз бўлиб қолдик?.. Шундан бери укамнинг уйига боргим келмайди. Ота-онамни, болалигимиз ўтган  уйни қўмсасам, маҳалламиз бошига бориб узоқдан уйимизга қараб юм-юм ёш тўкаман.  Ҳаёт шу экан-да. Начора, бизни деб укамнинг тинчи бузилмаса бўлгани... ”
Мактуб муаллифининг изтироблари айни кундаги ҳаётий ҳақиқатни далолат этади. Чиндан ҳам ота-она қазосидан кейин, уйнинг норасмий “эга”лари — келинлар томонидан эрнинг яқинларига эшик ёпилади.

Эркак жигарларини қадрласа...

Орифжон Жумаев, 32 ёш, иқтисодчи, Бухоро вилояти:
—    Қаердадир шундай гап ўқигандим: "Аввал ўзингни бир нарсага ўргатасан. Бу сенга одатга айланиб қолади. Кейин эса характер бўлиб қолади ва наслинга ўтади".  Бу яхши иш бўлса ҳам, ёмон иш бўлса ҳам. Аёллар ҳам шундай. Янги келинлик пайти сипо бўлади, куёвнинг қариндош-уруғларига ҳурмат билан қарайди. Кейин вақт ўтгани сари ўзгара бошлайди.
Лекин нима бўлганда ҳам  бу борада ҳамма масъулият эркакка тушяпти.  Ўзбек аёлларига бу нарса туғма феълга айланиб қолган. Ҳеч кайси эркак хотинига айтмайдику,  яқинларим  келса рўйхуш берма деб, тўғрими? Хотинининг қариндош-уруғи, яқинларини ҳурмат қилишини истаган эркак, аввало ўзи қондошларини қадрлаши шарт!
Қолаверса,  қиз болани туғилганидан тарбиялаш керак. Қиз болага бўлажак оила бекаси, аёл, она деб қараш керак. Ўғилни эса эркак, ота тарбиялаши керак. Шундагина ҳақиқий эркак бўлиб улғаяди. Хотинининг гапига кириб ўз оға- иниларидан ажралмайди. Уйининг эшиги ҳам ҳамма вақт жигарлари учун очиқ туради...
Манзура Раҳимова, Шайхонтоҳур туманидаги 39- умумий ўрта таълим мактаби она тили ва адабиёти ўқитувчиси:
—    Афсуски, сиз назарда тутган аёллар орамизда анчани ташкил қилади. Улар ўзлари тутган йўл билан ўз келажакларини барбод этаётганларини англаб етармикинлар?.. Ундайларга қарата, бу дунё қайтар дунё. Бугун кимгадир қилганингиз албатта эртага ўзингизга қайтади. Ёки болаларингизга қайтиши мумкин. Ҳозир сиз қилаётган ишингизни болаларингиз ҳам кўриб турибди. Бу ишингизни билан сиз нафақат эрингизни яқинларидан ажратаяпсиз, балки болаларингизга ҳам ўргатаяпсиз. Эртага сиз ҳам ўтиб кетганингиздан кейин болаларингиз бир-бири билан юз кўрмас, тескари бўлиб кетишини хоҳламасангиз бу ишингизни қилманг. Сизни бу оилага не умидлар билан наслимнинг давомчиси деб қабул қилишган, жигарларни бир-биридан ажратишга эмас. Зеро, эт билан тирноқни ажратиб бўлмайди. Бу мол-мулк кимлардан қолиб кетмаган, сиздан ҳам, биздан ҳам қолади. Ўтганларнинг руҳини безовта қилманг, ўзингизнинг ҳам хотиржамлигингизни бузманг, дегим келади. Майли-да, дунё деворига ким нима отса, кун келиб ўша нарса ўзига қайтади...
Акром МАЛИК, Ўзму талабаси: —  Аёл кишига бахтини эрининг оиласидан топиши тақдир қилинган, унга бошқа ҳеч қанақасига бахт бўлмайди. Ўзини эрига, оиласига бағишламаган аёл асло шодлик таъмини тотмайди. Қиз бола ўз уйидан чиқдими, тили билан, қўли билан ўзга оилани забт этсин, агар хоҳласа аёл тушган жойининг маликаси бўла олади, фақат айтганимдек, хоҳласа... Афсус, буни ҳамма аёллар хоҳламайдилар-да, шунинг учун эрининг уруғларига эшик ёпади... Аёл - жаннатнинг ифори, агар унда нафосат бўлмаса, бу фазилатдан бебаҳра қолади. Демак, аёл нафосат билан, ақл билан, нафақат эрини, балки, қайнота, қайнона, қайни эгачи, қайнисингиллари, қайнука-ю қайниоғаларнинг ҳам меҳрибонига айланиши мумкин. Минг вовайлоки, эр ва эрининг қариндошлари ўртасини бузмаса касал бўладиган аёллар бор! Улар иблиснинг лашкаридир! Аллоҳ сақласин! Эр киши зардали бўлса, хотин пардали бўлади, агар хотин унинг уруғларига эшик ёпса, биринчи тарсаки эрга аталади, атала бўлгани учун! Шул боис, аввало эр ўзи қаттиққўл ва бир сўзли, мард бўлсин, кейин аёлларимизга Аллоҳ инсоф берсин! Файласуфлардан бири шундай деган эди: "Комила аёллар юздан, мингдан бир чиқади, лекин ўша бир нафари минг комил эрдан устун!"  Бу бежиз эмас, чунки аёл киши... эркакдан кўра минг карра кўпроқ ўзи билан курашади, шу сабабдан Худо инсоф берсин, покиза ва нафис қалбларини нурлантирсин деб астойдил истаймиз... 
Хуршида Эшонова, журналист, Андижон шаҳри:
—    Турмуш мушти ҳар турли сабабларга кўра бошимизга гурзидай тушади. Шу важлардан бири қариндош- уруғ муносабатлардаги салбиятлардир. Борди- келдилар ҳар доим ҳам бизга хотиржамлик ваъда қилмайди. Тўй-марака,  меҳмондорчиликлардан сўнг қулоққа чалинадиган "Топганингиз қариндошларингиздан ортмайди" ёки "Қариндошлар олдида тилимни қисдинг" ёхуд "Уруғларингиз дастидан дод" каби иддаолар кўпчиликка нотаниш эмас. Айрим аёлларнинг бунақанги дийдиёлари эрни қариндошлардан, қариндошларни эса эркакдан узоқлаштиради. Лекин чуқурроқ мулоҳаза қилинса, эркак кишининг қариндош- уруғларига аёлининг эшик ёпиши, ота-онасининг қазосидан кейин жигарларнинг туғилиб ўсган уйига келишга безиллаб қолишига асосий айбдор —эркак киши! Агар эркак ўз қадрини биладиган, заковатли бўлса, бугун эрининг қариндошларини беҳурмат қилган, жигарларига рўйхушлик бермаган, яқинларига эшик ёпган аёл эртага унинг ўзини ҳам беқадру беҳурмат қилишини англаса ҳеч қачон хотинига ҳаддан ортиқ эрк бериб юбормайди...
Дилфуза Каримбекова, шифокор, Тошкент шаҳри:
—    Дадамлар ота ҳовлиларини кичик амакимга ташлаб, алоҳида ҳовли –жой қилиб чиққанлар. Болалигимдан бери эсласам, бобомларникига борадиган бўлсак, албатта  кўча эшикдан қайтиб келамиз-да. Келинойим —амакимнинг  аёли ҳар гаплашганда, ё бирор жойда кўришиб қолганимизда, “вой бир келсаларингиз-чи, ҳеч келмайсизлар” деб ўзини ранжиган қилиб кўрсатади. Борганимизда албатта уйда бўлмайдилар! Ёки гапни айлантириб, дарвозанинг ёнида олиб ўтирадилар... Худди, “нега келдинг? Сендан бошқа ташвишим йўқми!?” дегандек. Нега одамлар бунчаликка боришади, ҳеч тушунмайман. Ота уйига эга чиққан ўғил ота-онасининг яқинлари, ака-ука, опа-синглиси эшикдан кириб келганда, жилмайиб чиқиши, бир пиёла чой тутиб, уларнинг иззатини қилиши ҳам фарз, ҳам қарз-ку!..   
Гувоҳи бўлганингиздек, суҳбатдошларимиз эрининг қариндош-уруғлари билан муносабати яхши бўлмаган аёлнинг феълидаги нуқсонга эркакни айбдор деб ҳисоблашяпти. Ҳатто эркакларнинг ўзи ҳам. Жигарларига меҳри бўлмаган кишида одамийлик ҳисси ҳам бўлмайди.

Ундайлардан яхшилик кутилмайди.
Қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағрлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Бемеҳрлик, қалб қатиқлиги эса кишини хору зор қилади. Ахир инсоннинг бошида яхши –ёмон, оғир-енгил кунлар, қувончли-қайғули дамлар бўлади. Бундай пайтда, албатта жигарларнинг ўрни билинади. Ҳеч кимга меҳр кўрсатмайдиган, қариндош-уруғи, дўсту биродари  билан борди-келдини йиғиштириб қўйган ўз қобиғидан нарига чиқолмайдиган кимсалар, кун келиб бир дилдошга муҳтож бўлиши муқаррар. Инсон ҳеч қачон жамиятдан айро ҳолда яшай олмайди. Буни ҳеч биримиз унутмаслигимиз даркор.
Эрининг яқинларига эшик ёпган аёл... Жуда хунук эшитилади а?.. Қулоғингизга кирган заҳоти, юрагингиз музлаб қолади гўё. Эрининг жигарларига, ҳозир у эгалик қилаётган хонадонда туғилиб- ўсган, болалигининг беғубор хотиралари қолганларга эшик ёпган аёл, кун келиб ўзига бахт, хотиржамлик ва жаннат саодатининг эшиги бериклишини ўйламаса керак. Агар қилмишларининг оқибати ўзига оғир бўлишини англаб етадиган даражада оқила бўлганида бошқача йўл тутармиди?..
Агар сизда ҳам мавзуга оид мулоҳазалар бўлса, алабатта бизга ёзиб юборинг.

Умида АЗИЗ

Оилада қайнилар муаммоси

30 ёшлардаги аёл касалхонага келтирилганида оғир аҳволда эди. Тез-тез ҳушидан кетар экан. Беморни текширувдан ўтказаётганимизда яна ҳушини йўқотди. Бунинг фойдали жихати ҳам бор аслида. Чунки ҳар қанча тушунтирилганда ҳам шифокорларнинг шахсан кузатувидагидек натижа бермайди.
Беморни титроқ босди-ю шилқ этиб йиқилди. Табиийки, оила аъзолари жон ҳолатда ёнига югуришди. Уларга беморнинг ёнидан узоқлашмасликларини тайинладим. Хафагарчилик ва сиқилишдан келиб чиқадиган ҳушдан кетиш ҳолати эди бу. Яқинларининг айтишларига қараганда бир хафтадан буён уй ишларини ҳам қила олмабди. Тез-тез ҳушидан кетганлиги учун ёнида доимо одам бўлиши зарур эди.
Беморга қайта-қайта мурожаат этишимга карамай мулоқот қилиш имкони бўлмади. “Касалхонага ётқизамиз. Айтишингизга қараганда бир ҳафтадан буён овқат ҳам емаган. Бу аёлнинг дарди оғир” дедим. Эрининг айбдорларча бош эгиши ва кўзларини олиб қочиши диққатимни тортди.
Беморни даволашга киришдим. Кечга яқин аёл тилга кирди. Кўз ёшларини тиёлмас эди:
-Доктор, турмуш қурганимизга 6 йил бўлди. 2 та фарзандимиз бор. Эримга эътирозим йўқ. Кунимиз ўтиб турибди. Аммо эримнинг укаси, яъни қайнимнинг биз билан яшашига тоқат қила олмайман. Мени нотўғри тушунманг, унинг кир-чири, ош-овқати малол келмайди. Алоҳида яшаса дейман. Кийимларини ювиш, овқатини тайёрлашдан қочмайман. Яқинроқ жойда ижарада турса олиб бораман. Менга ноқулай томони уйда эркин бўла олмаслигимдир. Кўриб турибсиз ҳижобдаман, исломий ҳаёт тарзига амал қиламан. Таҳорат олишим бор, хавотирланиб тураман. Эрим билан бемалол гаплашолмайман, ҳазиллашолмайман. Чунки қайним менга номаҳрам, ҳаётимнинг кўп қисми уйда ўтади, доимо сергак бўлишга мажбурман. Чарчасам ётиб дам ололмайман. Шунга ҳам чидаб тургандим. Энди яна бир укаси бизникида яшагани келаётган эмиш. Буниси ортикчалик қилади. Шуни эшитиб тобим кочди, асабларим жойида эмас. Узимни идора кила олмаяпман”.
Аёлнинг эътирозлари ўринли эди. Ўранган аёл кўп вақтини ўтказадиган уйда бемалол бўла олмаса ҳаёт машаққатга айланиши турган гап.
Эрига шуларни айтганимда “Доктор, унинг ҳақпигини мен ҳам биламан. Аммо бизнинг вилоятда одат шундай. Уйи бор эркак укасига бошпана беради. Мен хам шундай килмасам тугишганларимдан воз кечган бўламан. Қариндошлар мендан юз ўгирадилар. Шундай бўлса-да, бир иложини қилишга ҳаракат қиламан”, - деди.
Иккинчи воқеа унданда ачинарлидир. 20 ёшлардаги йигит қабулимга келди. Муаммоси нималигини сўраганимда бошини эгди, юзига қон тепди. Бир муддат жим тургач “Сиз сўраманг, мен айтмай” деди. Йиғламокдан бери эди. Азият ичида қолганлиги равшан эди. Бироздан сўнг гапни бошлади:
—    “Доктор, биз Анадолунинг чекка қишлоғиданмиз. Акам милиционер. Истамбулга хизмат сафари билан жўнатилди. Мен ҳам университет талабаси бўлгач улар билан бирга яшай бошладим. Мен дан 4 ёш катта акам 19 ёшли янгам билан турмуш қурганига 2 йил бўлган. Битта жияним бор. Янгам билан бир-биримизга кўнгил қўя бошладик. Чунки доим биргамиз, ёлғизмиз. Акам хизмати туфайли доимо уйдан узокда. Менинг дарсларим эрта тугайди, уйга қайтаман. Нонуштада, кечки овқатда акам бўлмайди. Овқатлангандан сўнг гаплашиб ўтирамиз. Бир пайт қарасам унга бефарқ эмасман. Янгамда ҳам шундай ҳисларни сездим. Бир томонда севгим, бир томонда акамнинг рафиқаси эканлиги. Нима килишни билмай ҳайронман. Мен пасткаш, ярамас одамман...”
Шундай дер экан кўзларидан оққан ёшни тўхтата олмас эди.
Унга шундай маслаҳат бердим:
-    “Аслида сиз динимиз қонунларига итоат этмасликнинг курбони бўлибсиз. Сизни кечириб бўлмайди. Тезда у уйни тарк этишингиз, зарурат юзасидангина янгангиз билан кўри-шишингиз шарт. Учрашганда ҳам расмий тарзда гаплаши-шингиз лозим. Вақт ўтсагина бу дардни унутасиз. Бўлмаса бу ишнинг сўнги фалокатдир”.
Қайни ҳам номаҳрам саналади. Улар билан бир уйда яшаш тўғри эмас. Бундай ҳол бахтсизликларга, фожиаларга сабаб бўлиши мумкин.
Уйимиз ташки дунёнинг зўриқиш ва таҳликаларидан ҳимоя килувчи паноҳимиздир. Аёллар уйимизда бемалол яшашлари, бахтли бўлишлари лозим.
Баъзи аёллар қайнилари билан бир уйда яшамасалар-да, шу масалада қийналиб қолмокдалар. Амина хоним шундай аёллардан биридир. Узлари яшаган хонадоннинг настки қаватида 2 та бўйдоқ қайниси, тепа қаватида эса уйланган қайниси яшар экан. Ака-укалар бир жойда ишлар, ишдан сўнг ҳаммалари бирга уйга қайтишар, бирга овқатланишар экан. Идиш-товоқпарни йиғиштириш, ювиш Амина хонимга қолар эди. “Эрим билан ёлғиз қолишнинг имкони йўқ. Қайниларим ҳар куни бизникида. Ўз уйларига ухлагани чиқадилар, холос. Олдин овқатланишади, кейин чой ичишади, суҳбатлашиб ўтиришади. Қарабсизки, ухлайдиган вақг бўлади. Эрим, болаларим билан бирга бўладиган, дардлашадиган вақтим йўқ. Эримга шикоят қилсам укалари уйлангунига қадар шундай бўлишини такрорлашдан чарчамайди. Уйимда бемалол бўла олмаслигим огир ботади”.
Аминахоним қайниларидан алоҳида яшаса-да, эри билан етарлича мулоқотда бўла олмаслигидан қийналар экан.
Баъзи ҳолларда вазият янада чигаллашади. Айсел хоним шундай аҳволда эди. “Битта хонадонда қайнонам, қайнотам, қайним, овсиним, 3 та боласи яшайди. Менинг ҳам 2 та болам борлигини ҳисобга олсак, аҳволимизни тасаввур қилиш қийин эмас. Бирор кун овқат қилмаслик ёки ўз хоҳишига кўра иш тутишга ҳаққим йўқ. Чунки ҳамма ишни катталар ҳал қиладилар. Баъзида нима қилишни билмай қоламан. Ҳожатхона ва ҳаммомдаги навбат кутишлар малол келади”.
Аёлларнинг шикоятлари ўринли. Истаклари асосли. Оила саодати учун уларнинг истакларига қулоқ тутайлик.

Cабоҳат Бозорова тайёрлаган