1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

ШАЙХ ОИЗ АЛ-ҚОРНИЙ

Араб тилидан Зияева Сурайё Мурод қизи таржимаси


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муқаддима

Алҳамдулиллаҳ, вассолату васссаламу ъала росулиллаҳ ва алиҳи ва соҳбиҳи ва баъд…
Бу мухтасар рисоланинг муаллифи, камина, бахт-саодат бобидаги ўнлаб китобларни ўқиб чиққанимдан сўнг, улардан олинган хулосаларини ваҳийнинг ватани бўлмиш Байтуллоҳул Ҳарамда – икки кун ичида ёзиб тугатдим. Ўқиш осон бўлиши учун ундан ҳар қандай ортиқча рақам, манбаа  ва  номлар  тушириб қолдирилган. Аллоҳ бу китобчани дунё ва охиратда ўқувчига ҳам, ёзувчига ҳам манфаатли қилсин.
Қандай қилиб бу китобчадан имкон борича кўп фойда олиш мумкин? Авваламбор, китобни бир неча бор такрор ўқиб, жумлаларига қайта-қайта тўхталгин. Баъзи муҳим сўз ва жумлаларнинг тагига чизиб қўй. Ўзингни бу китобдаги тавсияларни тадбиқ қилишга ва ундаги кўрсатмаларига амал қилишга унда. Бу китобни уйда оилангга, масжидда эса бошқаларга дарс сифатида ўқиб беришинг мумкин. Ушбу рисолани гўёки дастурхон устига ёки ёстиқ ёнига қўйиладиган енгил, хушбўй райҳон каби қабул қил. Ва ниҳоят, уни ўқиётганингда ўзингни саволга тут: Тушунчаларингда ўзгариш сезяпсанми? Руҳиятинг таъсирланяптими? Каминанинг умид қилган нарса мана шу. Ёлғиз мақсадим – Аллоҳнинг  розилиги. Мувафаққият фақат Аллоҳдандир. Унинг ўзигагина таваккал қиламан ва Унгагина қайтаман.

Муаллиф

Бирни кўриб фикр қил…

Бунинг маъноси Аллоҳнинг сенга берган неъматларини эслашингдир. Улар сени тепангдан ва оёқларинг остидан қуршаб олгандир.

وَآتَاكُم مِّن كُلِّ مَا سَأَلْتُمُوهُ وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَتَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا إِنَّ الإِنسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ (34) سورة إبراهيم

Шунингдек, сизларга барча сўраган нарасларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар”. (Иброҳим 34)

Баданда сиҳҳат, ватанда омонлик, ейиш-ичиш, кийим-кечак, сув ва ҳаво, дунё сенинг оёқларинг остида лекин сезмайсан, ҳаётга моликсан лекин билмайсан.

أَلَمْ تَرَوْا أَنَّ اللَّهَ سَخَّرَ لَكُم مَّا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَأَسْبَغَ عَلَيْكُمْ نِعَمَهُ ظَاهِرَةً وَبَاطِنَةً (20) سورة لقمان

“Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини, сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?” (Луқмон 20)

Сенинг икки кўзинг, икки қулоғинг, икки лабинг, икки қўлинг ва икки оёғинг бор.

فَبِأَيِّ آلاء رَبِّكُمَا تُكَذِّبَانِ (13) سورة الرحمن

“Бас (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея (яъни инкор қила) олурсизлар” (Раҳмон 13)

Икки оёғингда юра олишинг енгил масалами? Ахир қанча-қанча оёқлар кесиб ташланган-ку? Болдирларингга таянишинг-чи? Ахир неча-неча болдирлар баданлардан ажраб кетган. Кўзларинг тўйиб ухлашинг арзимас нарсами? Оғриқ кўп инсонларнинг уйқусини қочирган-ку? Қорнингни мазали таомлар билан тўйғазишинг, муздек сувдан хўплаб-хўплаб ичишинг-чи? Дунёда таомлари ифлосланган, касалликлари сабабли сув ичиш орзуга айланганлар озми?Қулоқларинг ҳақида тафаккур қилиб кўр, улар ахир карликдан саломат. Кўзларинг ҳақида ўйла,улар сўқирликдан  омонда. Терингга назар сол, сен песлик ва моховликдан холисан. Миянгдаги ақлинг ҳақида ўйлаб кўр, ахир жиннилик ва эсипастликка йўлиқмагансан.

Биргина кўзингнинг ўрнига Уҳуд тоғидек олтин олармидинг? Қулоғингни  Саҳлан тоғича кумушга сотишни хоҳлайсанми? Тилинг эвазига ҳашаматли қасрларни сотиб олиб, соқов бўлиб қолишни истайсанми? Қўлингни дур, ёқут шодаларига алиштириб ўзинг қўлсиз бўлишни-чи? Сен буюк неъматлар ва улкан фазллар ичидадирсан, лекин буни билмайсан. Маҳзун, ғамгин, тушкун, хафа ҳолатда яшайсан. Сенда  нон ҳам тандир ҳам, муздек сув ҳам, хотиржам уйқу ҳам, мустаҳкам соғлик ҳам бор. Сен йўқ нарсалар ҳақида фикр қиласан-у, бор нарсаларга шукр қилмайсан. Молиявий зарарлардан тинчлигингни йўқотасан. Ваҳоланки сенда бахтнинг калитлари, беҳисоб яхшиликлар, иқтидорлар, турли неъматлар  мавжуд. Фикр қил ва шукр қил.

وَفِي أَنفُسِكُمْ أَفَلا تبْصِرُونَ (21) سورة الذاريات

“Ва ўзларингизда ишонгувчи зотлар учун оят аломатлар бордир. Ахир кўрмайсизларми?”  (Ваз-зориёт 21)

Ўзинг, аҳлинг, уйинг, амалинг, соғлиғинг, дўстларинг ва атрофингдаги дунё ҳақида тафаккур қил.

يَعْرِفُونَ نِعْمَتَ اللّهِ ثُمَّ يُنكِرُونَهَا (83) سورة النحل

Улар Аллоҳнинг неъматларини танирлар ва кейин уни инкор қилурлар”. (Наҳл 83)

Юқоридаги оятдаги кишилар каби бўлма.

Ўтган ўтиб кетди

Ўтмишни эслаш, воқеаларидан изтиробга тушиш тентаклик,  мақсадларни ўлдириш ва ҳаётни исроф қилишдир. Ақлли инсонлар хотираларини яширин тутадилар, бировларга айтмайдилар. Аксинча ўтмишни унутиш зиндонига ташлаб, устидан шундай зичлаб, маҳкам беркитадилар-ки, у энди ҳеч қачон бугунги кунга таъсир ўтказа олмайди. Чунки у ўтиб кетди ва ниҳоясига етди. Хафалик уни ўзгартиролмайди, маҳзунлик уни яхшилолмайди, ғам уни тўғирлолмайди, алам-изтироб уни тирилтиролмайди. Чунки у йўқликдир.

Ўтмиш соябони остида, унинг даҳшатлари ичида ва яшама. Ўзингни мозийнинг шарпаларидан қутқар. Ёки дарёни - ирмоғига, қуёшни - чиқиш жойига, болани - онасининг қорнига, сутни - кўкракка, кўзёшини - кўзларга  қайтармоқчимисан? Ўтмишдан таъсирланишинг, ундан изтиробга тушишинг ва унинг остонасига йиқилишинг туфайли сен бугун алам ва ваҳима остида яшайсан.

Ўтмиш дафтарларини ўқиш бугунги кунни зое қилиш, шижоатни парчалаш, хозирги имкониятларни йўқ қилишдир. Аллоҳ таоло аввалги умматларни ва уларнинг қилган ишларини эслатгач

تِلْكَ أُمَّةٌ قَدْ خَلَتْ لَهَا مَا كَسَبَتْ وَلَكُم مَّا كَسَبْتُمْ وَلاَ تُسْأَلُونَ عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ (134) سورة البقرة

“Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалларингиз ўзингиз учундир” (Бақара 134)

дейди.

Иш тугаб барҳам топди, замоннинг жасадини ёриб кўришдан, тарих ғилдирагини ортга қайтаришга уринишдан ҳеч қандай фойда йўқ.

Ўтмишга қайтувчи – гўёки аллақачон майдаланган унни тегирмонда қайта майдаламоқчи бўлган ёки ёғоч қипиғини қайтадан арралашга чоғланган кишига ўхшайди.

Қадимдан ўтмиш учун йиғловчи кишига: “ўликлар қабрларидан чиқиб келмайди” деб айтишар экан. Ҳайвонлар тилидан шундай ҳикоя келтирилади: эшакдан “нима учун кавш қайтармайсан” деб сўрашибди. Шунда у “мен ёлғонни ёмон кўраман” деб жавоб берган экан.

Бизнинг мусибатимиз – бугунимиздан бехабар қолиб, ўтмишимиз билан овора бўлишимизда. Гўзал қасрларимизни эътиборсиз ташлаб қўйиб, босиб тушаётган кулбаларга ачинишимизда. Гарчи инсу-жинларнинг барчалари мозийни қайтариш учун йиғилсалар ҳам, бунга барибир қодир бўлмайдилар. Чунки бу мутлақо иложсиз ишдир.

Албатта инсонлар ортга боқмайдилар, орқаларига қараб юрмайдилар. Чунки шамол олдинга  эсади, сув олдинга оқади, карвон ҳам олдинга сари интилади, ҳаётнинг қонунига хилоф қилмайди.

Сенинг кунинг – шу кундир

Агар тонг оттирсанг, кечаги кунга боқма. Сен фақатгина бугунги кунни яшайсан, яхши-ёмонликлари билан ўтиб кетган кечаги кунни эмас. Ҳали келмаган эртани ҳам эмас. Сенга бугунннинг қуёшигина нур сочди. Сен унинг тонггига етишдинг. Фақат шу кунгина сенинг умринг, у эса бир кундир. Ақлингда фақат шу кун яшашни уйла. Худди сен шу бугун туғилиб, шу кунда ўладигандек. Токи сенинг ҳаётинг ўтмишнинг ташвишлари, ғам-андуҳлари орасида, келажакнинг даҳшатли  ноаниқликлари, бостириб келаётган қўрқувлари орасида беркилиб, йўқ бўлиб кетмасин. Сен бор диққат-эътиборингни, ижодкорлигингни, ҳаракат-интилишларингни шу бугун учун сарфла. Айнан шу бугун учун хушуъ билан намозни, тадаббур билан тиловатни, тааммул билан билимни, ҳозирлик билан зикрни адо этгин. Ишлардаги мувозанатни, хулқдаги гўзалликни, тақсим қилинганига розиликни, кўринишингга диққат-эътиборни, ўз жисмингга ғамхўрлик ва бошқаларга фойда келтиришни шу бугун учун тақдим этгин.

Мана шу кун соатларини тақсимлаб, дақиқаларини йилларга, сонияларини ойларга айлантиргин. Унда яхшилик уруғларини сепиб, гўзал ишларни амалга ошир. Унда гуноҳларга истиғфор айт. Унда роббингни зикр қил, кетиш учун тайёргарлик кўр. Бу кунни хурсанд, масрур, тинч хотиржам ҳолда яша. Бу кунда ризқингга, жуфти ҳалолингга, болаларингга, вазифангга, уйингга, амалингга ва ўз даражангга рози бўл. Ана шундагина бу кунда хафагарчиликсиз, изтиробларсиз, ҳиқду-ҳасадсиз яшайсан.

قَالَ فَخُذْ مَا آتَيْتُكَ وَكُن مِّنَ الشَّاكِرِينَ (144) سورة الأعراف

“Сенга ато қилган нарсамни олгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин” (Аъроф 144)

Сен қалбинг лавҳасига бир иборани ёзиб қўй, уни столинг устига ҳам жойлаштир ва уни талаффуз қил: “Сенинг кунинг – шу  кундир”.

Агар бугун сен иссиққина, мазали нон есанг, кечаги қотган, бемаза нон ёки ҳали келмаган, кутилаётган эртанинг номаълум нони сенга зарар бермайди.

Агар бугун ширин, зилол сув ичаётган бўлсанг, нима учун кечаги шўр, аччиқ сувдан ёки эртага ичишинг мумкин  бўлган, илиб қолган, эскириб қолган сувдан қайғуга тушасан?

Агар сен пўлатдай мустаҳкам ирода билан қуроллансанг, ўз-ўзингни “мен фақатгина бугунги кунда яшайман” деган ишончга албатта бўйсундиришинг мумкин. Ана ўшанда сен бугуннинг барча лаҳзаларини ишларингни ривожлантиришга, иқтидорингни ўстиришга ва бино қилишга сарфлай оласан ва айтасан-ки: “шу бугун учунгина  сўзларимни яхшилайман, беҳаё, фаҳш, сўкиш, ғийбат сўзларни гапирмайман. Шу кун учун уйимни, кутубхонамни, столим устини тартибга келтираман. Вайрон қилиш, бузиш бўлмайди. Фақатгина тартиб ва интизом бўлади.

Айнан бугун жисмимнинг тозалигига, кўринишимни гўзаллаштиришга, уст-бошимга эътиборли бўлишга, юришим, сўзларим ва ҳаракатларимни мувозанатлашга ҳаракат қиламан.

Айнан бугун роббимнинг тоатига, намозимни энг гўзал кўринишда адо этишга, нафлларни заҳиралашга, қуръоним билан ўзаро аҳдлашишга, китобларимга назар ташлашга, қоидаларни ёд олишга, манфаатли китоб мутоала қилишга жиду-жаҳд қиламан.

Айнан бугун қалбимга фазилат уруғини экаман, ундан ёмонлик дарахтини, кибр, манманлик, риё, ҳасад, нафрат, ғиллу-ғаш ва ёмон гумондан бўлган тиканли шоҳларини таг-томири билан қўпориб  ташлайман.

Айнан бугун бошқаларга фойда келтираман, ўзгаларга яхшилик қиламан, касални зиёрат қиламан, жанозага қатнашаман, адашганга йўл кўрсатаман, қайғули одамга тасалли бераман, мазлумнинг ёнини оламан, заифни ҳимоя қиламан, жабрлангандан кўнгил сўрайман, олимни икром қиламан, кичикка раҳм қиламан ва каттани ҳурмат қиламан.

Мен фақат бугун яшайман. Бас, эй ўтиб кетган ва йўқ бўлган ўтмиш: қуёшинг каби ботгин. Сен учун ҳеч қачон йиғламайман, сени бир лаҳза бўлса ҳам эслашга тўхтаганимни кўрмайсан. Чунки сен мени тарк этдинг ва менинг ҳузуримизга абадул-абад қайтмайсан.

Эй келажак, сен ғайб оламидасан ва мен ҳеч қачон хаёлпарастлик билан иш олиб бормайман, ўзимни гумонларга сотмайман ва йўқ нарсанинг туғилишига шошилмайман. “Эрта” мавжуд эмас, чунки у ҳали яратилгани йўқ. У тилга олинишга ҳам арзимайди.”

Эй инсон, ҳаётнинг энг гўзал кўринишини истаганлар учун бахт қомусида мавжуд аъло даражадаги сўз бу: “Сенинг кунинг – шу кундир”.

Етиб келгунича келажакни қўйиб тур

أَتَى أَمْرُ اللّهِ فَلاَ تَسْتَعْجِلُوهُ (1) سورة النحل

“Аллоҳнинг фармони  келиб қолди. Бас сизлар уни шоширтирмай қўя қолинглар.” (Наҳл 1)

Воқеа –ҳодисалардан илгарилаб кетма, ёки ҳомилани муддатидан илгари олдириб ташламоқчимисан? Ёки мевани пишмасидан олдин узмоқчимисан? “Эрта” мавжуд эмас, у ростдан ҳам йўқ. Унинг на вужуди, на таъми, на ранги йўқ. Хўш шундай экан, нега ўзимизни у билан банд қиламиз, мусибатларидан хавсираймиз, ҳодисаларидан ташвишга тушамиз, бало-офатлар келишидан қўрқамиз? Ахир билмаймиз-ку, балки бизни бирон нарса келажакдан тўсиб қолар? Ёки ўша қўрққан кунимиз қувонч ва шодлик куни бўлар? Муҳими, келажак ҳали етиб келгани йўқ, у ғайб оламидадир. Бизга лозим бўлган нарса, кўприкка етиб келмасдан туриб ундан ўтмасликдир. Балки биз унга етмасдан йўлда ҳалок бўлармиз? Ёки биз етиб боргунимизча кўприк бузилиб кетар? Эҳтимол кўприкка етиб, ундан эсон-омон ўтиб олармиз.

Келажак ҳақида кўп фикрлаш учун миядан жой ажратиш, ғайб китобини очиш, сўнгра кутилаётган нохуш нарсалардан азобланиб юриш шаръан қайтарилган ишдир. Чунки бу ҳаёлпарастликка киради ва у эса ақлан қоралангандир. Бу иш соя билан жанг қилишга ўхшайди. Бу оламда яшайдиганларнинг кўпчилиги келажакда очлик, яланғочлик, касаллик ва бошқа мусибатлар бўлишидан ваҳимада яшайди. Буларнинг барчаси шайтон мактабларининг алоҳида дарсларидандир. 

الشَّيْطَانُ يَعِدُكُمُ الْفَقْرَ وَيَأْمُرُكُم بِالْفَحْشَاء وَاللّهُ يَعِدُكُم مَّغْفِرَةً مِّنْهُ وَفَضْلاً وَاللّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ (268) سورة البقرة

“Шайтон сизларни (агар инфоқ, эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади  ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга Ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам ваъда қилади.” (Бақара 268)

Дунёда кўпчилик инсонларни йиғлатадиган нарсалар – уларнинг эртага оч қолишлари, бир-неча йилдан кейин касал бўлиб қолишлари ва оламнинг юз йилдан кейин тугашини кутиб яшашларидир. Аслида умри бошқанинг қўлида бўлган одамга ҳали вужудга келмаган нарса ҳақида гаров ўйнаши нақадар қизиқ? Қачон ўлишини билмаган одам, мавжуд бўлмаган нарсалар билан машғул бўлмаслиги лозим.

Етиб келмагунича “эрта”ни қўйиб тур, унинг хабарлари ҳақида сўрама, унинг бостириб келаётган нарсаларини кутма. Чунки сен шу бугун билан машғулсан. Ҳали қуёши чиқмаган эртанги куннинг ғам-андуҳни бугун қарзга оладиган киши нақадар ажабланарли?  Шундай экан, узундан-узун ҳаёллардан сақлан.

Гуноҳкорларнинг танқидига қандай юзланасан.

Ақлсизлар ва тентаклар - уларни яратган, ризқ берган Аллоҳ азза ва жаллани ҳақорат қиладилар. Улар Ваҳид-у Аҳад, ундан ўзга илоҳ бўлмаган ягона зотни сўкадилар-у, Энди мен ва сен, хато ва адолатсизликлар қилиб қўядиган инсонлар, улардан нимани кутишимиз мумкин? Модомики одамларга яхшилик қилар экансан, уларни тузатар, уларга таъсир ўтказар, ўзингдан нур таратаб, ярақлаб турар экансан, албатта сен тез кунларда ҳаёт йўлингда учрайдиган гуноҳкорнинг танқидидан, қасд қилинган бузғунчиликдан, атайин қилинган хорлашлардан иборат  шафқатсиз, даҳшатли урушларга дуч келасан. Ер остини кавлаб кириб, ёки осмонга нарвон қўйиб чиқиб, улардан қочиб кетмагунингча сени тинч қўмайдилар.  Агар сен уларнинг орасида экансан, улардан сени хафа қиладиган, кўзларингни ёшга тўлдириб, йиғлатадиган ва кечалари уйқингни қочирадиган ишларни кутавер.

Йигит отда ошса довон,

Кўплар миндилар ғазабга.

Тошлар отиб унга томон,

Қул бўлдилар  хусуматга.

Ерга ўтириб олган одам йиқилиб тушмайди. Инсонлар ўлган итни тепиб ўтмайдилар, унга тегмайдилар. Лекин улар сенга ғазаб қиладилар. Чунки сен ўз салоҳиятинг, илминг, одобинг ва молинг билан уларнинг жаҳлларини чиқардинг. Аллоҳ сенга берган иқтидори ва неъматларини тарк қилмагунингча, барча мақтовли сифатларингдан воз кечмагунингча, айрилмагунингча, барча улуғлик маъноси мужассам бўлган ишларингдан маҳрум бўлмагунингча ва улар хоҳлаганларидек тентак, аҳмоқ, ичи бўм-бўш, ҳолдан тойган бир аҳволга тушиб  қолмагунингча сен уларнинг наздида тавбаси қабул қилинмайдиган гуноҳкор киши саналасан.

Шундай экан уларнинг сўзларига, танқидларига, ёмонлашларига, таҳқирлашларига сабр-бардошли бўл.

Устингга танқидлар ер юзининг жами дон-дунлари мисол тўкилса ҳам, қудрати ва ҳайбатини сақлаш учун жим турувчи тош каби бўлгин.

 

Ўзининг қудрати ва вужудини боқий собит қолдириши учун унинг устига ер юзининг дон-дунлари тўкиладиган ҳайбатли, жим турувчи тош каби бўлгин.

Агар сен уларнинг сўзларига қулоқ солсанг ва таъсирлансанг, сен уларнинг тиниқ ҳаётингни лойқалаш, хиралатишга қаратилган кучли иродаларини рўёбга чиқариб қўйган бўласан. Огоҳ бўл, уларни чиройли авф этиш билан авф эт. Огоҳ бўл, улардан юз ўгир. Уларнинг макру-ҳийлаларидан сиқилма. Албатта  уларнинг разилона қилган танқидлари сен учун бир хушомаддир. Туҳматчи, гуноҳкорнинг танқиди сенинг даражангга қараб бўлади.

Сен ҳеч қачон уларнинг оғизларига элак тута олмайсан ва тилларига занжир сололмайсан. Лекин сен уларнинг танқидларини, бўҳтонларини уларга нисбатан совуққонлигинг, уларнинг ишларига беэътиборлигинг, уларнинг сўзларига жавобан ичингда “шу адоватларинг билан ўлиб кетинглар” деб айтишинг билан уларнинг танқидларини ерга кўмишга қодир бўласан. Ёки ўзингнинг фазилатларингни, тарбиянгни, гўзал хулқларингни ва хатоларингни тузатишни зиёда қилиб уларнинг оғзиларига хантал уруғини сочишинг мумкин.

Менинг гўзал ахлоқим,

Айбим этиб саналса,

Қандай узр сўрайин,

Айтинг, мендан сўралса?

Агар сен барчанинг наздида мақбул, ҳамма учун маҳбуб, оламда айблардан саломат бўлишни хоҳласанг батаҳқиқ маҳол бўлган нарсани талабқилибсан ва жуда узун орзуларга берилибсан.