1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Осиё: аёл бўлиш – ҳалокатли нуқсонми?

Исломдан аввалги Арабистонда ҳам аёллар ҳолати жуда аянчли эди. Қиз бола туғилишини истамаган ота-оналар янги туғилган қиз чақалоқларини ўлдирар эди. Фақат Ислом келгандан сўнг аёллар ҳолати яхши томонга ўзгарди ва уларнинг реал ҳақ-ҳуқуқлари пайдо бўлди. Қуръони Карим мусулмонларни фарзандларга нисбатан меҳрибон ва ғамхўр бўлиш вазифасини юклайди. Расулуллоҳ с.а.в. айтадилар: “Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар”.
Бугун Осиё мамлакатларида аянчли тенденция кузатилмоқда: иқтисодий ривожланиш орқасидан жамиятда ота-оналар тарафидан ўз қизларини ўлдириш ҳоллари кўпайиб кетди. Мутахассислар аминки, бу кўринишлар модернизация оқибатидир. Яъни, фақат истеъмолга мослашган жамиятда ахлоқнинг тубанлашуви ва шафқатсизликнинг ошиб кетганидадир. 
БМТ маълумотига кўра, Хитой ва Ҳиндистон ҳудудида сўнгги йилларда 85 миллион аборт қилинган. Мутахассисларга кўра, бундай суръат билан силжиётган дунё бу асрнинг ўзидаёқ ижтимоий зўравонлик ва урушларга дуч келиши мумкин.
“Қачондир, балки Мита Хуранага тинчлик учун Нобел мукофоти берилар. У Ҳиндистонда ҳали туғилмаган қизларини ўлдирмоқчи дея айблаб, ўз эрини маҳкамага берган биринчи аёлдир. У жинсга кўра қотилликлар иқтисодий ҳисоб-китоб билан Осиё иқтисодий ўсиши ортидаги муаммога эътибор қаратилишини истайди, деб ёзади Георг Блуме Die Zeitда нашр қилинган мақоласида.
Журналистнинг айтишича, Мита Хурана Деҳлида яшайди ва шифокор бўлиб ишлайди. Эрининг оиласи ҳам шифокорлар ва у меросхўр ўғли бўлишини истаган.
Хурана ҳомиласининг жинсини олдиндан билишни истамайди. Бунинг устига, ҳинд қонунларига кўра ҳомила вақтида ҳомиланинг жинсини билиш тақиқланади. Эрининг оиласи уни геникологга кўринишга мажбур қилишди. Ҳомила эгиз қизлар экани маълум бўлгач, эри ва қайнонаси уни аборт қилишга мажбурламоқчи бўлишди. Уни бир хонага қамаб қўйишди, таом беришмади ва ҳатто эри ҳомилани тушириш учун ўз аёлини бир икки марта зинапоядан итариб юборди. “Хурана ўз ота-онасиникига қочиб, улардан қутилди ва эгиз қизларни туғиб олди. Икки йил ўтгач ҳукуматнинг қаршилигига қарамасдан у судга арз қилди”, дейди муаллиф.
Полицияда эри билан муаммоси бор аёллар кўпинча жинсий зўрланишга учрайди, деб унинг онасини огоҳлантириб қўйишди. Аризасини қайтариб олиши учун суд унга пул ҳам таклиф қилди, бошқа суд эса эрига болалари билан учрашиб туришга рухсат берди.
Бироқ Хурана: “Агар ўқимишли аёл, унинг устига шифокор бўлиб босимларга бардош бера олмаса, унда ким бардош бера олади”, деб ўйлади ва таслим бўлмади.
“Туғруқдан кейин Хуранани ота-онаси ва ноҳукумат ташкилот қўллаб-қувватлаб турди. Аммо жуда кўп қариндошлари, ҳамкасблари ва дўстлари ундан юз ўгирди. У тўрт йилдан бери маҳкама бошланишини кутмоқда”, дейди мақола муаллифи.
Болалар ҳуқуқлари бўйича Ҳиндистон миллий қўмитаси бошлиғи Шанта Синханинг сўзларига кўра, “Туғилажак қизчани ўлдириш сабаблари ўта замонавий сабабларга боғлиқ, десак ҳам бўлади. Масалан, одамлар катта тўй-томоша қилишни ва қимматбаҳо совға-саломлар олишга сабаб бўладиган мағрур ўғиллари бўлишини исташади. Иқтисодий жиҳатдан фақат чиқимга сабаб бўладиган қизлар эса бу истакнинг айнан тескари кўринишидир”. “Инсон ҳаётига бўлган муносабат салбий томонга кескин ўзгарди, бу эса фақат модернизациянинг таъсири бўлиши мумкин.”
Унинг сўзларига кўра, қизларни ўлдириш (бу кўриниш “гендерцид” ёки “фемицид” деб ҳам аталади) патриархал замонлардан қолган мерос эмас, балки истеъмолчи жамиятда ахлоқнинг бузилишининг оқибатидир”, дейди муаллиф.
“2010 йилги БМТ баёноти Хитой ва Ҳиндистонга 85 миллион ёш қизларнинг хазон қилинган ҳаётлари учун жавобгар эканини айтади. Хитой ва Ҳиндистон узоқ вақт сукутда  сақлаган тадқиқотчилари ҳам бу тенденцияни тан ола бошлашди”, деди Блуме. 
“Баъзи мутахассисларнинг фикрига кўра, бу ҳолат жорий аср ичида инсоният тарихидаги жинслар аро мувозанатнинг жиддий бузилишига олиб келади”, дейди у.
Жамиятшуносларнинг фикрига кўра, аёлларнинг етишмаслиги келажакда ижтимоий зўровонлик ва урушларга сабаб бўлиши мумкин. “Авваллари иқтисодий ривожланиш ва таълим даражасининг юқори бўлиши жамиятни зўравонликдан халос қилади, деб ҳисобланган.
Аёл ва қизларга зулм қилинишга Жанубий Хитой ёки Шимолий Ҳиндистонга ўхшаш эски патриархал ҳамжамиятлар мисол бўлиши мумкин эди. Бироқ зўравонликлар Осиё жамиятининг ўртасида содир бўлмоқда. Ва бу ҳолат модернизация билан ёнма-ён қадам босиб бормоқда. 
Хитойда бутун мамлакат бўйлаб ва биринчи навбатда риожланаётган қирғоқ бўйи ҳудудларида аёллар сони кескин тарзда тушиб кетган. Бунга асосий сабаб – “бир фарзанд сиёсати”нинг расман давом этишидир. Ҳиндистонда ҳам аҳвол шу сценарий асосида кетмоқда. Янги асрнинг бошидан бой жанубда, катта шаҳарларда ва ҳатто либерал саналган Карала штатида аёлларнинг камайиб кетиши кўзга ташланмоқда”, деб хабар қилади муаллиф.
“Жинсига кўра қотилликка қарши кўплар ҳам курашавермайди”, деб ёзади Блуме.
У Харян штатининг соғлиқни сақлаш бўлимининг собиқ раҳбари Дипака Дахияни мисол қилиб келтиради. 1996 йили эмбрион жинсини аниқлашни тақиқловчи қонун эълон қилинганидан сўнг, Дахияга УЗИ қиладиган шифокорларни топиб маҳкамага тортиш мажбурияти юклатилди.
“2001-2005 йиллар орасида Харянда 30 шифокор маҳкамага тортилди, 20 таси эса бир неча йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди”, деб хабар қилади муаллиф. Бироқ, унинг сўзига кўра, Дахия нафақага чиққанидан сўнг Ҳиндистонда битта бўлса ҳам шифокор жинсни олдиндан айтиб бергани учун ҳибсга олинмаган. “Хитой ва Ҳиндистон шифокорлари учун аввало аборт ҳар йили миллион доллар даромад келтирувчи бизнес”, деб ёзади муаллиф. 
“Сўнгги йилларда General Electric ва Siemens Хитой ва Ҳиндистонда Ғарбда ишлаб чиқилган ускуналардан анча арзон УЗИ жиҳозининг янги турларини ишлаб чиқишди.
“Ғарб сиёсатчилари доим Хитой ёки Ҳиндистонга бориб туришади, айниқса Пекинга бориб бармоқлари таҳдид қилиб, инсон ҳуқуқларини эслатиб туришади. Бироқ, шу кунгача ҳеч ким жинсига кўра ўлдирилган миллион қотилликларни танқид қилишга журъат қилиб кўрмади, дейилади мақолада. “Бунинг сабабларидан бири – Деҳли ва Пекин ўзларини бунга қарши чоралар кўраётганидек кўрсатишидир.
Иккала ҳукумат ҳам ўтган ўн йил ичида маърифий дастурларни қабул қилган. Жинсига кўра ўлдирилишга ва эмбрион жинсини аниқлаш учун катта жарима ва қонунлар чиқаришди. Аммо булардан фойда йўқ. Биринчи навбатда сиёсий ирода йўқлигидан”, деб ёзади Блуме. “Бироқ Пекин политбюроси бошқача йўл тутса ҳам бўлади. СПИД билан курашиш ахборот кампаниясини бош вазир Вэнь Цзябао бир пайтлар ўз қўлига олган эди. У касал ва беморларни олдига ҳол-аҳвол сўраб бориб турган. Бу оммага яхши таъсир кўрсатган эди. Бироқ Политбюро босслари ҳали туғилмаган қизлар учун бунга ўхшаш нарсани ҳали қилишмади”, деб ёзилади мақолада.

Интернет маълумотлари асосида 
Абу Муслим тайёрлади

Мустаҳкам оила – давлатнинг таянчи

Бизнинг бош мақсадимиз - асоси меҳнатсевар ва фаровон, аҳлоқан мустаҳкам  ва маданиятли оила бўлган демократия ва ижтимоий адолат жамиятини қадамба-қадам яратишдир. И. Каримов


Оила-жамият қўрғони. Юртбошимизнинг бу борадаги қуйидаги фикрларини таъкидлаш ўринли: “Оила ҳақида гапирар эканмиз, авваламбор, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканини тан олишимиз даркор. Шарқда қадим-қадимдан оила муқаддас Ватан саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Бинобарин, маҳалла-юрт мустаҳкам бўлсагина, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради”.

2012 йилнинг 27 феврал куни Президентимизнинг “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-1717-сон қарори қабул қилинди
ва ушбу қарор билан Давлат дастури тасдиқланди.

Давлат дастурида «Оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарор» деган инсонпарвар тамойилдан келиб чиққан ҳолда, қуйидагилар «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурини амалга оширишнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгиланди.

Давлат дастурининг I бўлими “Бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган қонунчилик норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, бу масалага жамиятимиз эътиборини янада кучайтириш” деб номланиб, унда бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Мазкур лойиҳалар оила институтини янада мустаҳкамлаш
ва ривожлантиришга бевосита даҳлдор бўлиб, улар бир қатор долзарб муаммоларни ҳал қилишни кўзда тутади.

Жумладан, Давлат дастурида Оила кодексига ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси тайёрлаш назарда тутилган бўлиб, никоҳланувчиларнинг ёшини 18 ёш этиб белгилаш лозимлигини, болаларни асраб олиш механизмини такомиллаштириш,‎ болалар тарбия муассасасига жойлаштирилган боланинг ота-онасидан суд томонидан ундириладиган алиментларни банкда шу бола номига очилган ҳисоб-рақамда жамғариш ва унга вояга етганидан сўнг тўлашни кўзда тутувчи тартибни жорий қилиш масалаларини тартибга солишни назарда тутади.

Шунингдек, Давлат дастурида “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунни ишлаб чиқиш ҳам белгиланган. Унда васийлик ва ҳомийликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, васийлик ва ҳомийлик органларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгилаш,‎ васийлик
ва ҳомийликни белгилаш, васийлик ва ҳомийликка олинган шахсларнинг мулкини сақлаш ҳамда бошқариш механизмини такомиллаштириш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш масалалари тартибга солинади.

Шу билан бирга, “Болалар уйлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги лойиҳа ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Лойиҳада Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида болалар уйларини барпо қилиш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, шунингдек уларнинг асосий вазифа ва функциялари,‎ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг давлат кафолатлари, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлашда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вазифалари белгилаб берилади.

Давлат дастурида қабул қилиниши белгиланган, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни жорий йилнинг 2012 йил 26 апрель куни қабул қилинди. Ушбу Қонунда Оилавий корхонани ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда унинг иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва ушбу корхоналарнинг  фаолияти, корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг ижтимоий муҳофазаси масалалари тартибга солинган. Шу билан бирга, ушбу қонунда оилавий корхона фаолияти эркинлигининг кафолатлари,  давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва  оилавий корхона фаолиятини текширишларнинг чекланиши масалалари ҳам тартибга солинган.

Албатта, Давлат дастурини ижросини таъминлашда барча манфаатдор вазирлик ва идоралар, ташкилотлар масъулият билан ёндашишлари, керак бўлса “бир ёқадан бош чиқариб” ишлашлари лозим бўлади.

Бу борада тегишли давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари яқиндан ҳамкорликда иш олиб борилиши зарур. Президентимиз айтганларидек, “Шу масалаларни ечиш учун хотин-қизлар қўмиталарининг маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари билан доимий алоқасини йўлга қўйиш, бир ёқадан бош чиқариб ишни ташкил қилиш лозим. Оилада соғлом маънавий-ахлоқий муҳит барпо этишда маҳалла ва хотин-қизлар ташкилотларининг ролини ошириш даркор”.

Адлия вазирлиги ўз навбатида Давлат дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этишга, уларга қонунчилик нуқтаи назаридан ўз хулосаларини беради.

Бунда, албатта муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда масъул бўлган вазирлик ва идоралар фаол ҳаракат қилишлари, қабул қилиниши лозим деб ҳисобланадиган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини пухта, сифатли тайёрлашлари, асослантиришлари ва белгиланган тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этишлари керак бўлади.

Муаллиф: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги маъсул ходими Музаффар Махмадаминов

Оилангиз тўкис бўлсин!

Ота-оналар фарзандлари учун дунёдаги энг яхши нарсаларни тилайди-ўссин, улғайсин, ўқисин, ишласин, оилали, бола-чақали бўлсин, деб. Бу орзуларнинг амалга ошиши учун ҳаракат қилишади. Ахир фарзандлари-да, уларнинг бахти–ота-оналарининг бахти. Шу ўринда қизларини тагли-тугли хонадонга келин бўлиб тушишини истаганлар, қизининг келажагини ўйлаб, совчиларга розилик бериб юборишади. Аммо қизи турмуш қуришга, рўзғор юмушларига, она бўлишга тайёрми-йўқлиги ҳақида бафуржа ўйлаб ҳам кўришмайди. «Куёв ўқиган, оиласининг таъминоти яхши бўлади, битта рўзғорни қизим бир амаллаб эплаб кетади», дейишади. Аммо, бунинг хомҳаёллиги ёшлар турмуш қуришгандан кейин билинса, энди онанинг изтиробини кўраверинг…


Оила мустаҳкамлиги, ёш оилаларнинг бахтли ва фаровон яшаши, рўзғорлари барқарор бўлиши учун нима қилмоқ керак? У нафақат ота-оналар, балки биз каби ҳуқуқ органлари ходимларининг ҳам ўйловига айланиб қолган.

Муаммоли хонадонлардаги мавжуд вазиятларни, шароитларни чуқур таҳлил қилар экансиз, хотин-қизларнинг онгини, маънавиятини ўстирмай туриб, ижобий натижаларга эришиш қийин эканлигини англаб етасиз. Бу борада турли масалаларга илмий-амалий ечим топиш мақсадида маҳаллаларда ҳуқуқ, тиббиёт ва соғломлаштириш йўлида учрашувлар, давра суҳбатлари, мактаб ва коллежлардаги «Ораста қизлар» тўгараклари иштирокчилари билан суҳбатлар олиб борамиз. Туман хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Оила мактаби»да айни балоғат ёшига етган, турмуш қуриш ниятида юрган, ФҲДЁ бўлимига ариза билан келган йигит-қизлар билан дилдан суҳбатлашамиз, йўл-йўриқ кўрсатамиз. Айниқса, маҳаллалардаги ибратли оилаларнинг қайнона, келинлари иштирокидаги, қайноналик, келинлик, куёвлик илмига оид китобларда кўтарилган мавзулар суҳбатимизнинг самарали бўлишида асқотаяпти.

Маънавияти юксак инсон ҳеч қачон енгилмайди. Бу ибора оила мактабида ҳам алоҳида ўрин тутади. Оила ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлиб, унинг ўз маърифий иқлими, ўзига хос яшаш қонуниятлари мавжуд. Азиз онажонлар, қизингизга ёшлигидан бошлаб бу қонуниятларнинг ипидан игнасигача эринмай ўргатинг. Уни ҳаётга тайёр бўлгандагина узатишга ҳаракат қилинг, шундагина қизингиз бахтига пухта замин яратасиз. Қизингиз борган жойида хушҳулқи, одоби ва ажойиб бекалиги учун раҳмат эшитса, бу сиз учун бебаҳо мукофот бўлади, албатта. Зеро, она учун энг юксак бахт-фарзандининг оиласидан хотиржамлиги, унинг бахти-камолидан қувониб яшаш ва у туфайли раҳмат эшитишдир.

Муаллиф: Матлуба УММАТҚУЛОВА, Гулистон туман ФҲДЁ бўлими мудираси

Оила институтини янада такомиллаштириш

Тарихига назар ташласак, халкимиз азал-азалдан оилани ва никоҳни муқаддас билиб, бутун орзу умидларини айнан шу маскан билан боғлаганликларини кўришимиз мумкин.


2012 йилнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши мамлакатимизда жамиятнинг асосий бўғини – оилани янада мустаҳкамлаш ва унинг жамиятдаги нуфузини оширишга қаратилган юксак эътибор намунасидир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия органлари томонидан ҳам бу борада бир қатор вазифлар белгилаб олинган бўлиб, унинг ижросини таъминлашга давлат ва нодавлат ташкилотлар билан изчил ҳамкорлик ўрнатилган.

Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси томонидан “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида, “Никоҳ ҳамда никоҳларни қонуний қайд этиш афзалликлари” мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Унда ФҲДЁ органлари, соғлиқни сақлаш бўлимлари, бош имом хатиблар, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамғармаси бўлинмалари ҳамда қатор нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Тадбирда ёшларни қонуний никоҳ афзалликлари билан янада яқинроқ таништириш, шаърий никоҳ унинг салбий оқибатлари, қариндошлар ўртасидаги никоҳларни олдини олиш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, Давлат дастури доирасида оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар мазуман-моҳияти юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар муҳокама этилди.

Тадбир нафақат маърузалар шаклида, балки, мавзулар бўйича тайёрланган саҳна кўринишлар билан янада қизиқарли ўтди. Мазмунли ҳамда жонли мулоқот иштирокчиларни оиланинг муқаддас қадриятларимиз асосида такомилаштиришга бўлган эътиборини намоён этди.

Оилада тиббий маданиятни ошириш, аёлларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уларни тарбиялаш оиланинг асосий вазифасидир. Яъни дунёга фарзанд келганидан бошлаб уни соғлиғига эътибор бериш ҳар биримизнинг бурчимиздир, бу эътибор келажакда соғлом зурриёт қолиши учун муҳим асосдир.

Тадбирда ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан таъкидланганидек, миллат маънавияти ва руҳиятини ёш авлодга сингдириш ишини оиладан бошлаш муҳим саналади. Оилада фарзанд тарбиясининг педагогик-психологик хусусиятлари таҳлил қилинганда, ахлоқий тарбияни изчил ва тартибли амалга оширишда оила муҳим рол ўйнаши намоён бўлади. Шу жиҳатдан, инсон аҳлоқий, маънавий ва руҳий қиёфасининг пойдевори, никоҳланувчи шахслар маданиятини такомиллаштириш аввало оилада акс этади. Оилавий тарбия ижтимоий тарбиянинг бир бўлаги ҳисобланади.

Шунингдек, анжуманда репродуктив саломатлик ва унга таъсир этувчи омиллар, эрта никоҳдан ўтиш ва унинг салбий асоратлари, соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг асослари, оилада катталарнинг ўрни, никоҳ шартномаси ва унинг афзалликлари, никоҳ ёши, никоҳдан аввалги тиббий кўрикдан ўтиш зарурияти, ўзаро қариндошларнинг турмуш қуришидаги салбий ҳолатлар, қонуний никоҳнинг аҳамияти тўғрисида мутахассислар иштирокчилар билан ўзаро фикр алмашишди.

Анжуман якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар бўйича оила институтини янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Муаллиф: Адлия вазирлиги Ахборот хизмати

"Мустахкам оила йили" давлат дастури тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

27.02.2012 й.
№ ПҚ-1717

Жамиятимизнинг асоси бўлмиш оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оилаларни, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасида олиб борилаётган барча ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини ошириш, мустаҳкам, соғлом оилани шакллантиришда маҳалланинг мавқеини мустаҳкамлаш ва ролини кучайтиришга доир аниқ мақсадга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида, шунингдек 2012 йил Ўзбекистон Республикасида “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 13 декабрдаги Ф-3760-сон фармойиши билан тузилган Республика комиссияси томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат ҳамда ноҳукумат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ишлаб чиқилган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
“Оила соғлом экан - жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан - мамлакат барқарор” деган инсонпарвар тамойилдан келиб чиққан ҳолда, қуйидагилар “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурини амалга оширишнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгилансин:
бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, амалдаги қонун ҳужжатларига оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, янги қонунлар, қоида ва нормаларни ишлаб чиқиш, бу масалага жамиятимиз эътиборини янада кучайтириш;
ёш оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан кенг қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, қулай ва шинам уй-жой билан таъминлаш, зарур имтиёз ва афзалликлар бериш;
жамиятимиз ва кундалик ҳаётимизда маҳалла институтининг ролини янада кучайтириш ва мақомини ошириш, Мустаҳкам оила йили мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда маҳалла ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари аҳамиятини, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда шакллантиришда уларнинг таъсирини кучайтириш, ёш оилаларга зарур кўмак ва ёрдам бериш;
оила, биринчи навбатда, эҳтиёжманд оилаларнинг муаммоларини ҳал этишда давлат ва жамият томонидан ғамхўрликни янада кучайтириш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш ва фарзандларни тарбиялашда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, бунда оилани мустаҳкамлашда асосий юкни ўз елкасига олган аёлларга алоҳида эътибор қаратиш;
“Соғлом она - соғлом фарзанд” тамойилига мувофиқ оила саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш;
жамиятимизнинг маънавий негизларини янада ривожлантириш, азалий миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятимизда юксак маънавий муҳитни кенг қарор топтириш, миллий менталитетимизга мутлақо ёт бўлган ва кучайиб бораётган турли хил зарарли таъсирларга қарши туришда оиланинг ўрни ва аҳамиятини ошириш;
жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини кучайтириш ва шу мақсадда оила институтининг таълим ҳамда тарбия муассасалари билан ўзаро амалий ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг яқин ва самарали ҳамкорлигини таъминлаш.
2. Республика комиссияси (Ш.М. Мирзиёев) зиммасига “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг амалга оширилишини ташкиллаштириш ва мониторинг қилиш вазифалари юклатилсин.
Республика комиссияси:
икки ҳафта муддатда, “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг устувор йўналишлари ва тадбирларидан келиб чиққан ҳолда, республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари томонидан ҳар бир идора, вилоят, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича “Мустаҳкам оила йили”нинг ҳудудий ва тармоқ дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини таъминласин;
“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурига киритилган тадбирларни тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажариш бўйича республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари даражасида ишлар аниқ-пухта мувофиқлаштирилишини ташкил этсин, Дастур амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин;
Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисидаги материалларни йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқсин;
ҳар чорак якунлари бўйича “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига ахборот бериб борсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М. Мирзиёев) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туманларда (шаҳарларда) “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар, туманлар ҳокимлари бошчилигида ҳудудий комиссиялар тузилишини таъминласин, уларнинг зиммасига Дастурда назарда тутилган чора-тадбирлар тегишли ҳудудларда оғишмай ва тўлиқ ҳажмларда амалга оширилиши юзасидан шахсий жавобгарликни юкласин.
4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари:
аҳоли, айниқса, ёш оилалар ўртасида “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари, давлат томонидан оилаларни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича унда белгиланган чора-тадбирларнинг мунтазам ва кенг кўламда тушунтириб борилишини;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга оширишга қўшган аниқ ҳиссасини акс эттирган ҳолда “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида кенг жамоатчилик доимо хабардор қилиб турилишини таъминласинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       
И. Каримов